Абдураҳим Пўлат -
Ўн етти йил аввалги шу кунларни хотирлаб, ўзлигимизни англашимиз лозим
1. Миллатнинг ҳайқириқлари: Озодлик, Ҳуррият…
Аввалги хотираларимда эслатганимдек, “Бирлик”нинг 1989 йил 10 сентябрга режалаштирилган 100 минг кишилик митинги ҳукуматнинг ўйинлари натижасида қолдирилган эди. Ҳукумат митингни қолдиртириш учун берган ваъдаларини бажармагач, биз 24 сентябрда яна митинг чақиришга қарор қилдик. Аввалги митинг қолдирилгани учун, энди одамларни ишонтиришимиз қийин бўлишини билардик. Аммо, на чора, хатоларни тузатиш лозим эди.
Митингнинг бошланиш вақти ўлароқ соат 12 кўрсатилган, жойи эса, табиий, Тошкентнинг Ленин майдони эди. Соат 12 ларда мен бу ерга келганимда метронинг Ленин майдонига чиқиш тарафи бекитилган, майдон милиция билан ўралган, Ленинг проспектида милиция тўла автобуслар турарди. Одамлар Ленин проспектининг қарши тарафида, Ватан жамияти билан Навоий кутубхонасининг ўртасидаги майдонда тўпланабошладилар. Менинг бу ерда биринчи кўрган одамим, буни худди ҳозирдагидек эслайман, ёзувчи Мамадали Маҳмудов эди. Бирпасда бу ер ва атроф минглаб митингчилар билан тўлди. Метронинг чиқиш жойидаги мармар деворчалардан минбар сифатида фойдаланиб, митингни бошлаб ҳам юбордик.
Мен ва бошқа нотиқлар ўзбек тилининг аҳволи, пахта теришга чиқмаслик, армияда ўзбек ёшларининг аҳволи каби масалаларни гапирабошладик. Шаҳар ижроия комитетининг раиси Шоиноят Шоабдураҳимов ва милиция раҳбарлари ҳам шу ерда эдилар. Мен ўзим турган баландликдан кўриб турардимки, ҳам Новоий кўчаси ҳам ҳозирги Амир Темир ҳиёбони томондан тинимсиз одамлар оқими келарди. Бироздан кейин бу ер бизга торлик қилиб қолишини тахмин қилиш қийин эмасди. Шундай бўлгандан кейин, Ленин майдонини очиб беришни талаб қилмоқчи эдик.
Шаҳар раҳбарлари биз билан мулоқатга кириб, митингни Талабалар шаҳарчасида ўтказишга рухсат беришларини айтишди ва бунга рози бўлсак, одамларимизни у ерга етказиш учун керагича автобус берилишини билдиришди. Биз маслахатлашиб бунга рози бўлдик. Мақсадимиз ҳукумат билан керак бўлган ҳолларда келишиб ишлашга тайёр эканлигимизни кўрсатиш эди. Бундан ташқари, аввалги митинг қолдирилгани сабабли, бу сафар жуда кўп одам келмаса керак деб ҳам ўйлаганмиз.
Кейин мен одамларга мурожаат қилиб, ҳаммани Навоий кўчасининг майдон тарафида турган автобусларга ўтиришга чақирдим ва ҳазил аралаш шундай қўшимча қилдим: “Бу ҳукуматга тўла ишониб бўлмайди, автобуслар Талабалар шаҳарчасига эмас, район милиция бўлимларига йўл олиши мумкин. Шу сабабли аввал бироз яёв юрайлик, кейин автобусларга ўтирамиз”.
Митингчилар менинг чақириғимни ўзларича тушунишди. Ҳеч ким автобусларга ўтирмади ва минглаб кишилар кўчани тўлдириб яёв йўлга тушдилар. Сайтимиздаги “Можара” фильмини кўрганлар эътибор берсинлар, Навоий кўчасидан бошлаб кейин Беруний проспекти орқали давом этган муҳташам намойиш айнан шу – 1989 йил 24 сентябрдаги митингнинг шаҳар марказидан Талабалар шаҳарчасига кўчишидир.
Ўзбек халқининг тарихида бундай намойиш бўлмаган, яқин орада бўлмаса ҳам керак. “Озодлик”, “Ҳуррият”, “Ўзбек тили – давлат тили” шиорлари остида ўн минлаб кишиларнинг юриши – бизнинг халқ, миллат эканлигимизни кўрсатувчи энг гўзал мисоллардан биридир. Ўша ва у каби митинг ва намойишларнинг кучи билан тилимиз давлат тили мақомини олган.
Беруний проспектининг Талабалар шаҳарчасига яқин қисмининг бироз ичкарисидаги маҳаллада истиқомат қулувчи келинимиз ўша куни қуйидагиларни айтиб берганди: “Рўзғор ишлари билан овора эдим. Ҳовлимиз остидан сал нарида метро йўли ўтгани сабабли, баъзида, айниқса кечалари, ҳамма ёқ жим-жит бўлган вақтда ер остида метри поезди ўтса, титраши бироз сезиларди. Аммо куппа-кундуз куни ер остидан қандайдир тушуниб бўлмайдиган товуш келаётганини эшитиб хавотирга тушдим. Товуш кучайгандан кейин кўчамизга, кейин Беруний проспектига югурдим ва кўзларимга ишонмадим. Ерни титратиб, охири кўринмайдиган намойишчилар колоннаси келарди. Бақирилаётган шиорлардан дарҳол тушундим, бу “Бирлик”нинг митинги эди. Кўчанинг икки бети ҳам тамошога чиққан одамлар билан тўлиб кетди. Ўша дақиқаларда ҳамма ўзбеклигидан фахрланарди”.
Раппа-расо 17 йил аввал шу дақиқаларда мен ҳам ўзбеклигимдан фахрланиб, ўша намойишчилар қаторида борардим. Ҳаммамиз ҳайқирардик: Озодлик, Ҳуррият, Озодлик, Ҳуррият…
Бу шиорлар ҳали ҳам актуал. Бугун тиз чўкиб турган ўзбек ҳалқи ҳали оёққа қалқади ва яна ҳайқиради: Озодлик, Ҳуррият…
24 сентябрь 2006 йил
Вашингтон
2. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши арафасида
Роппа-роса 17 йил аввал ҳам 19 октябрь пайшанба эди. Эрталаб ишга келишим билан институтимизнинг вахтери телефон қилиб, мени бир одам сўраб келганини айтди. Тушсам, бир эмас, мени фуқаро кийимидаги икки одам кутарди. Уларнинг қаердан эканлигини дарҳол тушундим. Қўлларида Тошкент шаҳар прокуратурасининг чақириқ қоғози бор эди. Бу ерга яна қайтариб олиб келишга ваъда бериб мени олиб кетишди. Табиий, ўз ихтиёрим билан кетдим, аммо кўриб турардимки, истамасам ҳам олиб кетишарди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб 15 октябрда ўтказган Ленин майдонидаги митингимизни “оммавий тартибсизликлар” деб баҳолаган шаҳар прокуратураси менга қарши шу тартибсизликларнинг бошқарувчиси сифатида жиноий иш очган экан.
Шу ерда лирик чекиниш қилиб, бироз аввалги воқеаларни эслатиш яхши бўларди. Ўша йили 10 сентябрга режалаштирилган 100 минг кишилик митингимиз бўлғуси эркчилар тарафидан тўхтатилгани, лекин ҳукумат ўз ваъдаларини бажармагач, митингларни давом эттиришга қарор қилиб, 24 сентябрь куни Ленин майдонида катта митинг, сўнгра, Навоий кўчаси ва Беруний проспекти бўйлаб муҳташам намойиш ўтказганимизни хотираларимнинг юқоридаги қисмида ёзгандим.
Кейин 1 октябрь куни митинг ўтказдик. Ҳукумат ўша куни эрталабдан телевидение орқали хинд киноларини намойиш қилишига, талабалар учун Халқлар Дўстлиги саройида ўша вақтда ўта машҳур бўлган, аммо табиати билан мунофиқ Шерали Жўраевнинг текин концертини уюштиришига қарамасдан, митингга минглаб одам келди. Ўша куни кейинги митинглар 8 ва 15 октябрга тайинланди.
Кейинги митинларга минглаб эмас, энди ўн минглаб одам келишини фарқига борган ҳукумт талваса ичида чора қидиришга бошлади. Кўп ҳолларда бўладигандек, болтанинг сопини ўзидан чиқардилар. “Бирлик” раҳбарияти ичида кўпчиликни ташкил қилувчи ёзувчилар 8 октябрга ташкилотнинг Марказий Кенгаши мажлисини чақириш хусусида қарор қилдилар. Ваҳоланки, Марказий Кенгашнинг сўнги мажлиси 15 сентябрда, бор йўғи 3 ҳафта олдин ўтказилганди.
Табиий митинг бўлмади, Марказий Кенгаш йиғилишда эса, ҳукуматнинг истагани бўлди, “Бирлик” бўлинди. Шундай бўлса ҳам, “Бирлик”нинг мен раҳбарлик қилган асосий қисми 15 октябрь митингини тўхтатмасликка қарор қилди. Бу митингнинг ўтказилиши иккинчи қисмни қандай обрўсизлантиришини англаб етиш қийин эмасди, кўринишидан, буни у тарафдагилар ҳам яхши тушунишган.
15 октябрда Лекин майдонига оқиб келаётган одамлар ажойиб воқеанинг гувоҳи бўлдилар. Лениннинг ҳайкали ва унинг олд қисми бир бирларини қўлтиқлаб олган милиционерлар билан ўраб олинганди. Аммо сал нарироқда, Министрлар советининг 16 қаватли биносига яқин жойда бир юк машинаси кўндаланг қилиб қўйилган. Унинг четлари очиқ кузовига гилам ёзилган бўлиб, гилам устида бўлинган “Бирлик”нинг иккинчи қисми лидерларидан ёзувчи Аҳмад Аъзам митингни бошқаришга тайёрланарди. Унинг қўлида мегафон ҳам бор.
Мен орқамдан оқиб келаётган минглаб кишиларга қараб, “Ўртоқлар, миллатнинг митинги майдоннинг марказида ўтказилиши керак” дедим ва милиционерлар сафига қараб юрдим. Одамлар оқимига милиция, табиий, дош беролмади, майдон очилди, митинг бошланди.
Атрофимизда парвона бўлиб юрган шахар ижроия қўмитаси раиси Шоиноят Шоабдураҳимовга мурожаат қилдим: ”Биз митинг ўтказиш учун билдириш аризасини ўз вақтида сизларга топширганмиз. Қонунга кўра, бизга шароит яратиб беришингиз керак. Митинг тартибли ўтиши учун бизга мегафон керак” дедим. У одам милиционерларга буйруқ берди, улар бизга ўз мегафонларини беришди.
Шу пайтгача ҳеч бир митингга келмаган, “Бирлик”нинг 8 октябрдаги бўлиниш мажлисида “митинг ўтказиш - кўча чангитишдир” деган Салой Мадаминов ҳам келиб қолди бу ерга. У митинг Аҳмад Аъзам тарафидан эмас, бошқа қисм тарафидан бошқарилаётганини кўриб, бироз саросимага тушса ҳам, кейин ўзини тутиб олди ва бир нутқ ҳам сўзлаган бўлди.
Митинг 20 октябрда очиладиган Олий совет сессиясида ўзбек тилига давлат тили мақоми берувчи қонун чиқаришни талаб қилди, 19 ва 20 октябрь кунлари кечқурун, 21 октябрь шанба куни эрталаб яна шу марказий майдонда митинг ўтказишга, 21 октябрь куни эса, қонун чиқарилмагунча тарқамасликка келишилди.
* * *
“Бирлик”нинг бўлиниши ҳам бизни етарлича кучсизлантиролмаганини тушунган ҳукумат, бизга қарши иккинчи ва фронт очди (биринчиси - "Бирлик"ни парчалаган бўлғуси эркчиларнинг ҳаракатаи эди). 16 октябрь куни эрталаб мени ўзим аъзоси бўлган Коммунистик партиянинг Куйбишев район (ҳозирги - Мирзо Улуғбек тумани) комитетига чақиртиришди ва райкомнинг Бюросида шахсий ишимни кўришга бошлашди. Уларни қанчалик мазах қилганимни кўрсангиз эди, буни сўз билан тушунтириб бўлмайди. Мен билан Бюрога чақиртирилган институтимиз паркомининг секретаридан қўрқдим халос. Ўтакаси ёрилган бу одам юраги ёмон бўлиб йиқилиш арафасида турарди. У менга эмас, мен унга далда бериб туришимдан Бюро аъзолари ҳам ҳайратда эдилар. Ҳозирги ёшлар билмасликлари мумкин, аммо у пайтларда райком Бюросига бу каби масалада чақирилганлар ҳар доим инфаркт кечирмасалар ҳам бу ердан юракларида катта муаммо билан чиқиб кетардилар.
Табиий, бу совет замонинг энг даҳшатли суди эди. Бюронинг мақсади равшан. Агар мен “Бирлик”дан кетишимни айтсам ёки митингларни тўхтатишга ваъда қилсам, менга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган бўларди. Мен нафақат ваъда бермадим, том аксича, биз бу курашимизни ҳеч қачон тўтатмаслигимизни, бу кураш партиянинг ўзи бошлаб берган қайта қуриш сиёсатига мос шаклда бораётганини айтдим.
Улар мақсадларини амалга ошириб, мени партиядан ўчириш ҳақида қарор чиқардилар. Икки киши бетараф қолди. Улардан бири Фанлар Академияси Электроника институтининг директори, узоқ йиллар Ленинградда ишлаб келган профессор, яқинда Ўзбекистон фанлар Академиясининг мухбир аъзоси бўлиб сайланган олим эканлиги эсимда. Аммо, минг афсуски, исмини хотирламайман. Ўша замон учун унинг қилган иши ҳам катта мардлик эди.
Райкомнинг иккинчи котиби Шуҳрат Нусратов мени бироз танигани учун ўзини ноқулай сезиб тургандек бўлди, лекин охирида ўзини оқлаб олди. “Мен Сизни партиядан ўчиришга қарши эдим, - деди у. - Фақат бу ерда ўзингизни бунчалик кибор билан тутишингиз, партияга нисбатан ҳурматсизлигингиз туфайли фикримни ўзгартирдим. Мен ҳам Сизни партиядан ўчириш қарорига қўшиламан”.
Ташқарига чиқишим билан учинчи фронт очилганини ҳам ўргандим. Олдимга нотаниш бир одам келиб, ўзини Қўқон прокуратурасининг вакили сифатида таништирди ва бир муддат илгари Қўқонда ўтказилган митинг мунсабати билан устимдан жиноий иш қўзғатилганини айтиб, қўлимга Қўқон прокуратурасига чақириқ қоғози тутқазди ва буни тасдиқловчи имзоимни ҳам олди.
Юқорида айтилганидек, 2 кундан кейин учинчи фронтни яна кенгайтиршди ва Тошкентда ҳам менга қарши жиноий иш очишгани маълум бўлди.
Шу ерда бир нарсани баъзи одамларга эслатиш, билмаганларга тушунтириш керак бўлади. Совет замонида яхши маънода карьера қилмоқчи бўлган одамга энг катта жазо, жиноий жавобгарликка тортилишдан ҳам кўпроқ, партиядан ўчириш ҳисобланарди. Партиядан ўчирилган кишиларнинг кўпчилиги қалб кризиси кечиришарди. Балки, бундан ҳам муҳими, бу ҳолат Коммунистик партия, демак, бутун ҳокимият бу инсонга қарши ҳужумга ўтганининг сигнали ҳисобланарди.
Тўғри, хўжалик ишлари ёки шахсий ҳаётларидаги нуқсонлар учун партиядан ўчирилганлар учун бу унчалик катта фожеа бўлмаса ҳам, идеолигик масала бўйича партиядан отилиш энг катта калтак бўлган. Шу сабабли, бирон шахснинг партиядан ўчирилиши оддий одамлар, бунинг устига тузумдан қўрқиш руҳида тарбияланган одамлар, тарафидан қандай қабул қилинишини тахмин қилиш қийин бўлмаса керак.
“Бирлик” атрофида йиғила бошлаган одамлар, унинг митингларига келаётганлар бошқаларга нисбатан анча мард ва шижоатли бўлсалар ҳам, ҳамма одам тузум қаршисидаги қўрқувдан тўла халос бўлган дейиш муболаға бўларди. Менинг партиядан ўчирилишим “Бирлик”ни қўллаб қувватловчиларга қандай салбий таъсир кўрсатганини тезда кўра бошладик ҳам.
Айтилганлардан келиб чиқиб, шак-шубҳасиз айтиш мумкин эдики, “Бирлик”нинг бўлиниши бизга қарши очилган биринчи фронтнинг маҳсули бўлса, мухолифатни кучсизлантиришни давом эттириш учун менинг шахсим мисолида бизга қарши иккинчи ва учинчи фронтларни очишганди. Улар бир марказдан координация қилинаётганини тушунмаслик учун одам анча содда бўлиши керак.
* * *
Хуллас, 19 октябрь куни мени прокуратурага келдирдилар. Мен ҳеч ким билан хабарлашолмаганим сабабли, бу ҳақда ҳеч кимда маълумот ҳам йўқ эди. Мен бу хусусда ортиқча бош қотириб ўтирганим ҳам йўқ, бу ердан бир икки соат ичида қўйиб юборишса керак, деб ўйладим.
Аммо, реаллик бошқача бўлиб чиқди. Мени бир хонага феълан қамаб қўйдилар дейиш мумкин. Ҳеч қаерга чиқармасдан бўлар бўлмас саволлар бериб кечқурунгача ушлаб турдилар. Овқатни шу ерга олиб келдилар. Бир жойга чиқсам ҳам милиция назорати остида олиб боришди.
Ташқарида эса, ҳеч ким менинг қаердалигимни билмайди. Соат кечқурун 7 га митинг эълон қилганмиз. Шу ерда яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳар қандай ишхонада, ҳар қандай ташкилотда, у демократик бўлса ҳам, ва ҳар қандай давлатда биринчи шахснинг роли жуда катта бўлади. Ҳатто, минг афсуски, жуда катта бўлади дейишим мумкин. Бу объективлик. Шахснинг ролини камайтириш учун раисдошлик каби структуралар яратилса, инсониятнинг тажрибаси кўрсатганидек, маъсулиятсизлик кучаяди. Бу ҳам объективлик. Айган шу сабабдан, демократик давлатларда, АҚШда буни мисолини ҳам кўрганмиз, давлат президенти тўсатдан ўлса, ҳалок бўлса, ўта тезликда, ҳатто дафн маросимнинг битиши ҳам кутилмасдан, вице-президент президент лавозимига расман чиқарилади. Акс ҳолда, жуда кўп ишлар нормал изидан чиқиб кетиши мумкин экан. Бу ҳам объективлик.
Биз ҳам бу масалада истисно эмасдик. Атрофимизда жуда яхши йигитлар кўп бўлишига, етук ўринбосарларим бўлишига қарамасдан, 19 октябрь куни митинг бошланишига етиб боролмаганим ва ҳеч ким менга нима бўлганини ҳам билмагани сабали митинг бошқарувсиз қолган. Ҳукумат шаҳар марказига милиционерларни ҳам кўпроқ ташлаган. Биринчи фронт ҳужумчилари ҳам бекор ўтиришмаган экан. Ёзувчиларга яқин талабалар, яъни кечагина митингларимизнинг мотори бўлган талабалар, Талабалар шаҳарчасидаги ёшлар орасида митингга чиқмаслик ташвиқотини ҳам бошлаб юборишибди.
Хуллас, одамлар шу куни кечқурун уюшолмаганлар, ўраб олинган Ленин майдонига киролмаганлар, ҳаммани бир жойга тўплайдиган раҳбар бўлмаган.
Ғира-шира пайтда, прокуратура ичидаги қўриқчиларимнинг эътибори сусайди шекилли, бир нарсани баҳона қилиб у ердан чиқиб кетишга эришдим ва дарҳол Ленин майдонига югурдим. Ўша пайтда шаҳар прокуратураси Олой бозоринг орқасида жойлашагди. У ердан Энгельс кўчасига, у орқали Офицерлар уйи олдидан ўтиб, Карл Маркс кўчасидаги Горький номли рус театри олидига келгач, бир гуруҳ сафдошларимизга дуч келдим. Улар митинг бошқарувсиз қолгани, Ленинг майдони атрофи милиция қаторлари билан ўралганини айтишди. Кимдир ҳаммани Ўзбекистон меҳмонхонаси олдига йиғилишга чақирибди. У ерга қараб кетдик.
Меҳмонхона олдида каска кийиб, тўқмоқлар ва қалқонлар билан қуролланган милиционерлар, яна ўнлаб милиционерлар тўла автобуслар қуршовида, аввалгилари билан солиштирганда, нисбатан кичикроқ бир гуруҳнинг митинги бўлаётганди. Аммо, олдимиздаги саҳна муҳташамлигини тан олиш лозим. Вақт анча қоронғи бқўлиб қолган. Меҳмонхонанинг деразаларидан асосан чет эллик меҳмонлар қараб туришарди. Уларнинг бир қисми ташқарига чиқиб ва митинчиларнинг ёнига келиб, воқаени кузатишар, нима бўлаётганини тушунишга ҳаракат қилишарди.
Янглишмасам, митингда фақат аёллар гапришди. Аввал Мўътабар Аҳмедова, кейин шоира Гулчеҳра Нуриллаевалар чиқишди. Гулчеҳра опа менинг партиядан ўчирилганим “Бирлик”ка ҳам қарши ҳужум эканлигини таъкидлаб, ҳаммани мени ҳимоя қилишга чақирдилар. Баъзи шахсий душманларим, шу кичик бир лавҳани назарда тутиб, “Абдураҳим Пўлат ўз ҳимояси учун митинглар уюштирди” деб ҳалигача сасиб юришади. Аслида митинг ўзбек тилига бағишланганди.
Сўнгра ёш бир жувон гапирабошлади, тўғрироғи, шеър ўқий бошлади. Шеър тилимиз ҳақида эди. Унинг : “Она тилим олган куним тўй қиламан” деган сўзлари миямга мих каби қоқилган, улар ҳеч қачон миямдан чиқмайди. Чунки, шунчалик оддий сўзлар билан, тилимизни улуғлаш мумкин деб ҳеч қачон ўйламаган эдим. Ўйлаб кўринг-да, “тилни олиш” нима дегани? Аммо, ўша вазиятда бу ҳаммага тушунарли бўлиб, ҳаммамизнинг миямизга мих қоқилаётгандек эди. Мих қоқаётган жувон Васила Иноятова эканлигини кейин ўргандим. У бугун “Бирлик”нинг Бош котиби. Қаҳрамон аёл.
Эртага ҳам митингга тўпланишга қарор қилиб тарқалдик. Уйга келар келмас, хабар олдим. Қоронғидан фойдаланган милиционерлар бир гуруҳ митингчиларимизни ушлаб кетишибди. Қоронғуда митинг ўтказиш тажрибамиз йўқ эканлиги, митинг қатнашчиларининг сони камаётганини ҳисобга олиб, эртаси кун митинг ўтказмасликка, аммо 21 октябрь митингини тўхтатмасликка қарор қилдик. Бу хабар тезда ҳаммага тарқатилди ҳам.
Кейин маълум бўлдики, 12 киши ушлаб кетилган экан. Уларни Чилонзор туман судига олиб боришибди ва маъмурий жазо бериб, ҳаммаларини 10 кунга қамашибди. Шундай қилиб, кечагина бизга қўл тегизгани қўрқадиган ҳокимият биринчи марта бизга қарши чоралар кўришга бошлади. Уларнинг уч фронт бўйлаб олиб бораётган ҳужумлари биринчи натижаларини берди десак бўлади.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак. У босқичда, ҳали ҳамма структуралар ҳукуматнинг айтганини сўзсиз бажара бермасдилар. Масалан, ўша куни Чилонзор туман судининг судьяси, у бир аёл эди дейишади, “журналист ҳамма ерда бўлиб, хабар тўплаш ҳаққига эгадир” дея журналист Анвар Усмоновни озод қилиб юборган. Шундан кейин Анвар орқали сафдошларимизнинг қамлганини билиб қолдик.
Ўзбек тили давлат тили бўлиши ҳақидаги талаб билан митингга чиқиб, 10 кунга қамалганлар ичида, у пайтларда ашаддий бирликчи, кейинчалик ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, ундан ҳам кейин “Бирлик”ка сал кам душманга айланиб кетган, миллати осетин Михаил Ардзинов ҳам борлиги диққатга сазовордир.
3. “Бирлик”нинг мағлубиятга айлантирилган ғалабаси
Баъзи ўқувчиларда савол туғилиши мумкин. 20 октябрда очиладиган мамлакат Олий советининг кун тартибига ўзбек тили ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриш масаласи киритилган, аввалдан эълон қилинган қонун лойиҳасида эса, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши айтилган бўлса, митинг ўтказишнинг нима кераги бор эди?
Тўғри, Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларнинг асл моҳиятини билмаган одамнинг кўзи билан қаралса, ҳеч қандай митинг ўтказишнинг кераги йўқ эди. Чунки, 1989 йилнинг март ойи охири ёки апрель ойи бошларида расмий матбуотда ўзбек тилининг мақоми ҳақидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Янглишмаётган бўлсам, 10 октябрда эса, яъни эслаётган кунларимиздан бир ҳафта - ўн кун аввал, янгиланган лойиҳа газеталарда чиқди. Аммо, ҳамма гап шундаки, 1989 йил 18 мартда “Бирлик” ўзбек тилига давлат тили бериш талаби билан биринчи митингини ўтказгандан кейингина биринчи лойиҳа чиққанди. Фақат бу шундай лойиҳа эдики, агар у ўшандайлигича қабул қилинса, ўзбек тили қоғоздагина давлат тили бўларди, амалда эса, рус тилининг ҳокимлиги давом этарди.
Биз кейинги митингларимизда, ўз газеталаримиздаги мақолаларимизда, давлат расмийлари билан учрашувларимизда, хусусан, СССР Министрлар советининг раиси Николай Рижков билан учрашганимизда, бизни у эълон қилинган лойиҳа қониқтирмаслигини, ўзбек тили ҳақиқий давлат тили бўлиши шартлигини гапирдик. Бир гуруҳ бирликчи ёзувчилар муқобил лойиҳамизни ҳам тайёрлашди. Аммо ҳукумат жавоб бермас эди. 24 сентябрь ва 1 октябрдаги митинларимиз ҳамда 8 октябрдаги бўлиниш мажлисида митинг тарафдорларининг қўли баландлигини кўрган ҳукумат, янглишмасам, 10 октябрда янгиланган лойиҳасини эълон қилишга мажбур бўлди. У эскисидан бироз тузук бўлса ҳам, лекин барибир бизни тўла қониқтирмасди.
Яна бир нарсани тушуниш керакки, ҳукумат биздан қўрққани учунгина бу мажбурий қадамларни қиларади. Ҳеч шубҳа йўқки, агар ҳукумат бизнинг кучимиз етарсизлигини кўрса эди, ўша заҳоти бу масалани Олий советнинг кун тартибидан ҳам олиб ташларди. Ёки, ўша сессия куни Ислом Каримов минбарга чиқиб, бу лойиҳани ҳозирча кўрмасликка чақирса, ҳамма депутатлар қўлларинигина эмас, оёқларини ҳам кўтариб, унинг таклифини маъқуллаган бўлишарди.
Биз яна бир нарсани билардик. 15 ва 20 октябрь кунлари ўртасида Зарафшонга келиб, бу ердаги асосан руслар ишлайдиган Тоғ-метталлургия комбинати ишчилари билан учрашган Ислом Каримов, уларга тил масаласида ҳеч нарса ўзгармаслиги, қонун қабул қилинса ҳам, у шундай бўладики, эски статус-кво сақланиб қолиши ҳақида ваъда берган, биз бу ҳақда ўша мажлисда қатнашган бир “Бирлик”чининг баёнотини ҳам тарқатгандик.
Бошқа томондан, агар Каримов ўша сессияда ўзбек тилини ҳақиқий давлат тили қилувчи қарор чиқартириш ниятида бўлса, митингчилар билан бу қадар олишиб нима қиларди. Митингчилар олдига давлат расмийларидан бир одам чиқиб, ўз тилимиз тақдири билан қизиқаётганингиз учун раҳмат, биз ҳам шуни ўйламоқдамиз, сиз истаётган қонун албатта қабул қилинади деса, биз тинчгина тарқаб кетган бўлардик-ку.
Айтилган мулоҳазалар кўрсатдики, биз жуда тўғри қилганмиз, 15 ва 19 октябрда ҳам митинглар ўтказганмиз. 21 октябрда ҳам митинг ўтказиш режамиз борлигини юқорида айтган эдим.
Ўша куни эрталаб, фаолимиз Исмоил Одилов ўз Запорожец автомобилида мени Високовольтний массивидаги уйимдан олди ва биргаликда шаҳар марказига кетдик. Пушкин кўчаси орқали келиб, Ўрда томон кетдик. Ҳаммаёқ милиционерлар билан тўла. Ленин майдонига кириш жойлари автобус ва юк машиналари билан тўсиб қўйилган. 2-3 одам бир жойга тўпланса, дарҳол уларни ҳайдамоқдалар, қаршилик кўрсатганларни милиция бўлимларига олиб кетмоқдалар.
Биз машинадан чиқадиган бўлсак, дарҳол ушлашларига шубҳамиз йўқди. Шу кетишда Чорсуга, Москва меҳмонхонасигача бордик. Кўкалдош мадрасаси олдидан бозорга кирабериш йўлида 10-15 нафар сафдошимизни кўриб, уларнинг олдига келдик. Нима қилиш, одамларни қандай қилиб бирон ерга тўплаш ҳақида маслаҳатлашаётган эдик, яқиндаги милиция пунктидан бир гуруҳ милиционерлар югуриб келиб, мени ушлашди ва ўз пунктларига судрашди.
“Бирлик”чилар билан милиция ўртасида жанжал чиқди. Биз ўша дақиқаларда кўпчилик эканлигимиздан фойдаландик, мени уларнинг қўлидан тўғридан-тўғри суғуриб олишди. Аммо уларга ёрдам келиши муқаррарди. Ҳамма менга бу ердан кетишим кераклигини айтгач, биз Исмоил билан қайтиб унинг машинасига ўтирдик. Милиционерлардан бири югуриб келиб, ҳайдовчи тарафдаги дераздан боши ва ярим гавдасини машинага тиқиб, маҳкам рулга ёпишиб олди, аксига олиб, машинанинг стартёри ҳам дарров ишлай қолмади. Шунда йигитларимиз ёрдамга келишди, милиционерни оёғидан ториб олгач, тахминан 10 киши машинани орқасида итаиб юргизиб юборишди. Ҳаёлимда машинамиз қушдек учиб кетгандек бўлди.
Кейин билсак, биздан кейин яна бир қатор бирликчиларни, уларнинг ичида яна журналист Анвар Усмонов бор экан, Киров милициясига тутиб кетишган ва уларга 10 кунлик маъмурий қамоқ жазоси беришган. Бу сафар Анварни журналистлиги ҳам қутқаролмаган. Шаҳар тўла милиционерларни бир дўстининг автомобили ичидан кинога олиб юрган машҳур кинорежиссер Абдулазиз Маҳмудовни ҳам ушлаб олиб кетиб, 10 кунга қамашган.
Абдулазизнинг ўзи кейинчалик айтиб беришича, уларни бир неча милиция машинаси билан ўраб олиб тўхтатишган, улар ҳайдовчи билан эшикларни ичидан беркитиб олиб, машина ичида ўтираберишгач, шаҳар милиция бошлиғининг ўринбосари полковник Ўраим Абдуғаниев шахсан ўзи ўғриларнинг усули билан машина эшигини ташқаридан калитсиз очган ва Абдулазизни олиб кетишган. Унинг ўша куни олган ҳамма видеотасвирлари куйдириб ташланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинаётган пайтда бир гуруҳ миллатпарвар бирликчиларнинг айнан шу талаб билан кўчага чиққанлари учун қамоққа ташланиши, ўзбек тилининг мақомини биз тикладик дея кўксига ураётган Каримов ҳукумати ва унинг маддоҳларини миллат ва тарих олдида шарманда қилувчи энг катта айбларидан бирдир.
Нима бўлса ҳам, шу куни ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди. Аммо, Туркиялик тадқиқотчи Ҳалил Очиқкўз “Абдураҳим Пўлат Озодликда” номли китобида ҳам таъкидлагани каби, минг афсуски, “Бирлик” бу кунни ўз ғалабаси ва байрами сифатида қутлай олмади. Сабаб?
Ҳаммага маълумки, ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш масаласини ўша кунларнинг кун тартибига, кейинчалик Олий совет сессиясининг кун тартибига "Бирлик" олиб келди ва айнан унинг кучи ва саъй-ҳаракатлари билан тилимизнинг мақоми тикланди. Агар сессия давом этаётган пайтда биз ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш талаблари ёзилган плакатларни кўтариб турсак, митинчилар бу талабларни баралла айтиб турсалар, бу воқеа очиқчасига бизнинг ғалабамиз деб ҳисобланган бўларди. Гапнинг пўскалласини айтсак, ғалаба бизники эканлиги расмийлаштирилган, таъбир жоиз бўлса ҳужжатлаштирилган бўларди.
Бу бизга, баъзилар ўйлаётганидек, ўз амбициямизни қондириш учун эмас, бу воқеани тарафдорларимизга катта психологик мадад, асосий мақсадимиз бўлмиш мустақиллик учун кураш йўлида бизга куч берадиган омилга айлантириш учун керак эди. Келаётган сайловларда иштирок этиш жараёнида бу ғалаба бизга қандай қанот бўлишини гапириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Аслида буни биз ҳам, ҳукумат ҳам яхши тушунарди. Ҳукумат ўз ниятига етиш, яъни айтилган омилларни йўқ қилиш, қанотларимизни кесиш учун бизга қарши уч фронтда уруш очди, биз ҳам ўша уч фронтда кураш билан овора эдик.
Хуллас, сўнги кунлардаги ҳодисалар, яъни, шу уч фронт бўйлаб очилган ҳужумлар натижасида бироз эсанкириб қолганимиз сабабли, бу ғалабани қутлашга на вақтимиз на имконимиз бўлган. Минг афсуски, “Бирлик” халқ ҳаракати бу ғалаба кунлари, вақтинча бўлса ҳам, мағлубиятлар даврасига кирган эди, тўғрироғи, ўз “сафдошларимизнинг “ ҳам ёрдами билан киргизилган эди.
4. Замонавий жадидчиликнинг мағлубияти: Айб кимда, аввал халқ ва Каримовда, кейин биздами, ёки авваломбор ўзимизда?
Мамлакатда аҳвол ёмон бўлса, бунга халқнинг ўзи айбдор дея, ҳамма нарсани халқнинг елкасига юклаш ҳозир мода бўлмоқда ҳам дейиш мумкин. Бу мода бизга бошқа ерлардан келмоқда ҳам демоқчимасман. Бу мода ўзи бизда туғилмадимикан?
“Бирлик”нинг 1989 йил 8 октябрдаги бўлиниш мажлисининг видеофильмини кўрганлар эслашлари керак, у ерда шоира Гулчеҳра Нуриллаеванинг қуйидаги каби сўзлари бор: “Халқимиз ижтимоий-сиёсий карахтликда, биз эса, унга ёрдам бериш ўрнига бу мажлисда бўлаётгани каби ўз ўзимизни болталаш билан оворамиз”. Бунга жавобан Зоҳир Аълам шундай дейди: “Тўғри, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий онги шундай паст, биз ҳам унинг фарзандларимиз, шунинг учун унга лойиқ ишлар қилишимиз керак, қилмоқдамиз”. Бу қочириқ эмасди, у жиддий шаклда ўз айбини халқ билан бекитишга ҳаракат қилган.
Мана орадан 17 йил ўтиб, шу кунларда “Свобода” радиосида бир туркум суҳбатларда қатнашаётган рус сиёсатчиси Григорий Явлинский ҳам Россияда демократларнинг мағлубиятини халқнинг пассивлиги ва лоқайдлиги, бундай ўзгаришларга тайёрмаслиги билан тушунтиришга интилади.
Бундан бир ойча аввал собиқ “Бирлик”чи, ҳозир “Эрк” партиясининг котиби Дилором Исоқова билан телефонда гаплашгандим. Узоқ ва кўп мавзулар бўйигча суҳбатлашган бўлсак ҳам, менинг телефон қилишдан асосий мақсадим қуйидагиларни айтиш эди: “Мамлакатимизнинг шу кунларга тушиши, демократия ниҳоллари қуритилиб, диктатура қайтадан тикланиши, минглаб одамлар қамоқларда чиритилиши, қанчадан қанча болалар етим бўлиши, оналар муштипар қолишига - “митинг қилиш кўча чангитишдир” дея муҳим сайловлар арафасида сизлар “Бирлик”ни парчалашингиз сабаб бўлган. Бу воқеаларни ўзида акс эттирувчи видеофильм сайтга хам қўйилди, секин аста бу ҳаммага аён бўлади. Шу сабабли, Сиз ўзингиз шахсан “Тавба” номли бир туркум мақолалар ёзиб, халқдан кечирим сўрашингиз лозим. Ўз юкингизни фарзанларингизга қолдирманг. Биз Сиз билан дунёдан ўтиб кетамиз, аммо болаларингиз вақти келиб Сиз учун кечирим сўрашга мажур бўладилар”.
Дилором шундай жавоб берди: “Биз ўз айбимизни тан олганмиз. Буни Озолдик ва ББСдаги суҳбатларимда кўп марта гапирганман. Бугунги аҳволимизнинг сабаби - биринчиси, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий пассивлиги, иккинчиси, Каримовнинг айёрлик қилиб, раисимизни алдагани, учинчиси, ўзимизнинг алданишимиз. Ҳозир партиямиз ва раисимизнинг аҳволини кўриб турибсиз. Бундай бўлишида Сизнинг ҳам қўлингиз бор, келинг энди, ўлганни устига тепган қилманг”. Кўриб турибсизки, яна асосий айб халққа юкланмоқда.
Бундан икки кун аввал, ушбу мақолани ёзишни ҳаёл қилганимда кейин, “Бирлик”нинг фаоли, бўлиниш мажлисини видеотасмага туширган кинорежиссер Абдулазиз Маҳмудовга телефон қилдим, анча гаплашдик. 17 йил аввал шу кунларда бўлган воқеаларни эсладик, баъзиларининг кун-тарихию соатигача аниқлаштирдик.
Абдулазиз ҳам асосий айбни халққа, тўғрироғи, унинг консерватор менталитетига қўйди.
У айни замонда, мен учун ҳам кутилмаган бир ўхшатишлар қилди. Унинг фикрича, жадидларнинг ўтган асрни 20-чи йиллардаги мағлубиятининг асосий сабаби, халқ улар истаган модернизацияни, замонавийроқ атамалар билан айтсак, демократиянинг ҳатто энг кичик элементларини қабул қилмаганида, халқ бундай ўзгаришларга тайёр эмаслигида, унинг консерваторлигида. “Бирлик”нинг яратилиши ва парчаланишига оид воқеаларни ҳам шунга ўхшатиб баҳолаш керак. Ташкилот бўлингандан кейин “Бирлик”да қолганларни, яъни ҳақиқий бирликчиларни жадидларга қиёслаш мумин, улар мустақилликнинг ўзигина жамиятни янгилай олмаслиги, замонавийлаштиролмаслиги, бунинг учун демократик ўзгаришлар кераклигини тушунган одамлар эдилар. Бўлғучи эркчилар эса, консерваторлар бўлишган, улар жиддийроқ ўзгаришларни ўйлаб ҳам кўришмаган. Улар мустақиллик ҳамма нарсанинг давоси эканлигига ишонишарди.
Абдулазизнинг фикрича, халқнинг ўша вақтдаги мавжуд менталитетидан келиб чиқадиган бўлсак, ўша кунги ўзбек жамияти бизга, яъни бирликчиларга эмас, эркчиларга яқин бўлган. Бизнинг бўлиниш мажлисидаги ғалабамиз, халқнинг жуда кичик, аммо ўта актив қисмининг вақтинчалик ғалабаси эди. Аслида, эркчилар ғалаба қилиши керак эди ва қилардилар ҳам, агарда Каримов уларга берган ваъдаларини бажарса.
Аммо, Каримов алдагач, улар аччиқ қилиб қайта мухолифатга ўтдилар.
Мен шартли бўлса ҳам ҳақиқий бирликчиларни замонавий жадидлар деб аташ фикрига қарши бўлмадим. Миллат биз таклиф қилаётган ўзгаришларга тўла тайёр бўлмагани ҳам турган гап. Аммо, бу ерда айбни халққа қўйишга мутлақо қарши чиқдим. Чунки, халқни ўз орқасидан олиб кетоладиган прогрессив кучлар ҳар доим унинг озчилигини ташкил этган. Қайта қуриш йиллари ўзбек халқи, майли, аниқроқ қилиб айтайлик, унинг биз каби фарзандлари шундай кучни яратолди. Халқдан туғилган "Бирлик"ниг вазифаси шу эди ва у халқни ўз орқасидан эргаштиролди.
Демак, 1989 йил 8 октябрдаги бўлиниш мажлисида бирликчиларнинг ғалабаси тарихий мантиққа эга бўлган. Бу ғалабанинг қисқа ваъдали бўлиб чиққани, ўрта ваъдали ғалабани эса, Каримов режимига таянган бошқа тараф, яъни бўлғуси эркчилар қозонгани бошқа масала. Биз бунинг сабабларини ҳам биламиз. Каримов режими халққа эмас, Москвага суянгани туфайли, бу босқичдаги ўша ўрта ваъдали ғалабанинг илдизини, Абдулазиз ва бошқалар ҳам айтаётганидек, миллатнинг аҳволи, кучи ва менталитетидан қидириб бўлмайди, чунки у бегонага илдизга эга бўлгани аниқ. Муҳим бўлгани шуки, Каримов режимининг эркчилар билан ўртоқлиги ички мантиққа эга бўлиб, уларнининг “Бирлик”дан кўра анча консерваторроқ бўлганлари бирлашишлари учун асосий омил бўлган. Бошқа омиллар ҳақида, хусусан, мен ўзим, кўп гапирганман ва ёзганман, улар ўз кучида қолаверади, албатта.
Демак, Ўзбекистон ҳалигача бизнинг ўрта ваъдали мағлубиятимиз натижалари остида вужудга келган вазиятда яшашга мажбур бўлаётгани халқнинг айби эмас, ўша бўлувчиларнинг айби. Бошқа сўзлар билан айтсак, замонавий жадидлар халқ уларни қабул қилмаганидан эмас, ташқи куч – Москва ва унинг маҳаллий хизматкорлари бунга йўл бермагани учун мағлубиятга учрадилар. Ўтган асрнинг бошларида ҳам шундай бўлганди, қайта қуриш йиллари яна шундай бўлди. Бу энг тўғри ва фундаметал хулосадир.
Бошқа тарафдан, агар “Бирлик”нинг ўша қисқа ваъдали ғалабаси бўлмаса эди, Ўзбекистонда демократия учун кураш ўша босқичдаёқ битган бўларди, бизни туркманларнинг куни кутарди. Шунинг учун, қўрқмасдан айтиш мумкинки, ўша ғалаба узоқ ваъдали ғалаба учун фундамент яратди. “Бирлик” ҳозир ўша мустаҳкам фундаментда туриб кураш олиб бормоқда. Бошқалар, фундаментлари йўқлиги учун, курашолмаяптилар ҳам.
Айнан шулар сабабли, "Бирлик" ғалабага эришиши муқаррардир.
21-22 октябрь 2006 йил
Вашингтон
"Бирлик" халқ ҳаракатининг асосчиларидан, унинг Ташаббус Гуруҳининг, кейин Ҳаракатнинг раиси, Ҳаракат партияга...
Добавить сведения