Ҳофизни халқ дардини айтгани учун жазоладилар
(Воқеалар хроникаси)
30 июль: Дадахон Ҳасан устидан суд бошланмоқда
Ўзбек ҳофизи ва шоири, “Бирлик”нинг асосчиларидан бири Дадахон Ҳасан устидан эртага, 31 июль куни тушдан кейин суд бошланади. Унга қарши жиноят иши шу йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан очилган эди (бу ҳакда 12 ва 13 апрелдаги хабарларимизга қаранг).
Айблов хулосасига кўра, ҳофизга Ўзбекистон ЖКнинг З та моддасида кўзда тутилган айблар қўйилган. Масалан, улардан бири “Ўзбекистон Республикаси президентини омма олдида ҳакоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа ОАВлардан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш“ деб (5 йилгача қамоқ, 158-модданинг 3-қисми), яна бири “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ...ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга... очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш“ (5 йилгача камоқ, 159-модданинг 1-қисми) деб аталади ва х.к.
Мухбиримиз ҳофиз устидан олиб бориладиган суд жараёнида қатнашади. Унинг суд залидан хабарларини кутинг.
Абдураҳим Пўлат: Бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз!
Бундан бир неча ой аввал “Ҳаракат” сайтига тарихий “Можара” фильмини қўйиш учун тайёрланаётганимизда, унга кириш сўзи сифатида “Миллат фидойилари билан “бошқалар” ўртасидаги МОЖАРА” номли лавҳани ёзгандим ва уни “Ичимизда исмини ҳам билмадигимиз отахонлар, бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз!” деган сўзлар билан тамомлагандим.
Ҳақиқатдан ҳам Дадахон ака мустақиллик ва ҳурриятга чорловчи қўшиқлари билан миллатимизни мустақиллик ва ҳуррият жангига чорлашди мисли кўрилмаган катта ҳисса қўшган одам ва шу сифати билан тарихимизда қолади.
“Бирлик” халқ ҳаракатини тузиш қарори шу инсоннинг уйида қабул қилингани қанчалик рамзий маъно ташишини ақли расо одамга ортиқа тушунтиришнинг ҳам кераги йўқ. “Бирлик” тузилгандан кейин Дадахон ака сиёсатчига айланди, аслида ҳали ҳам давом этаётган бу курашда ҳаммамиз каби хатоларга йўл қўйди. Бутун вужуди билан мустақилликка интилганлигит туфайли 1991 йили 31 августда муcтақиллик эълон қилингандан кейин “Эрк”чилар билан ҳамовоз бўлиб, режимга қарши курашни тўхтаиш лозимлигини шахсан менга ҳам гапиргандилар. “Айбсиз парвардигордир” деганларидек, бу каби хатоларни кўпчилик одам қилган ва қилиши мумкин. Аммо, муҳим бўлгани, Дадахон ака ҳеч қачон ўз ишончлари, ўз миллатларига хоинлик қилмадилар. Ҳали ҳам миллатимизни тўла ҳурриятга қовиштириш учун ўз йўллари билан курашни давом эттирмоқдалар.
Мен бугун Дадахон ака билан телефонда гаплашиб, эртaга устиларидан бошланадиган суд жараёни муносабати билан суҳбатлашдим. Шу кунларда “Можара” фильмини қайта кўриб, Дадахон аканинг қўшиғидаги «Қўшил бизнинг сафларга эй! Майли кетсин жон энди!» сўзлари остида Тошкентнинг кўча-майдонларини тўлдириб кетаётган ҳақиқий миллат фарзандларини кўриб кўзимга ёш келганини, ахир бир кун бу кадрларни бутун миллатимиз ҳам кўражагини ва ўз қаҳрамонлари ким эканлигини, Дадахон ака бу курашда қандай роль ўйнаганини тўғри баҳолашини айтдим, тарих саҳифаларида “Дадахон Ҳасан даврида Ислом Каримов деган президент бор эди деб” бугунги режимбошини ҳам эслаб юришса керак дедим, бироз кулишдик. Миллатнинг ҳуррияти учун кураш давом этаётгани, эртага бошланадиган суд жараёни ҳам шу курашнинг бир парчаси деган фикрда тўхтадик.
Суҳбат чоғида “Можара” фильми билан боғлиқ бир воқеани айтиб бердим. Бундан бир неча йил аввал Фарғона вилоятининг собиқ прокурори, кейинчалик бу вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳам бўлиб ишлаган Авазхон Мухторов билан АҚШда қўшни бўлиб яшардик. Бир куни у киши “Можара” фильмини мендан олиб ўзи тамоша қилган ва уни Европа системасидан АҚШ системасига ўтказиб берганди. Фильмни қайтариб берар экан у киши шундай деди: “Бу фильмни сайтга қўйманглар. Мен ҳам кўп қатори “Бирлик” ва “Эрк” орасидаги салбий муносабатлар икки лидернинг шахсий адоватларига асосланган деган гапларни кўп эшитгандим ва умуман олганда ҳақиқат шундай деб билардим. Аммо, фильмни кўрган ҳар қандай одам Салойнинг қип-қизил сотқинлигини тушунади, ундан кейин мухолифатни бирлаштиришни уйламаслик ҳам мумкин, у билан фақат ўзи каби сотқинлар бирлашиши мумкин”.
Шу воқеани айтиб бўлгач, Дадахон акага мурожаат қилдим: “Ўша фильмни анчадан бери кўрмаган бўлсангиз керак. Замон ўтиши билан одамлар кўп нарсани унутадилар, эски воқеаларни бошқача таърифлашга ҳам тушадилар. Бу табиий нарса. Шу сабабали, Сиз билан биз ўша кунги воқеалар тўғрисида гапирганда, улар фильмга олинганини унутмасак яхши бўлади. Умумий дўстимиз Абдулазиз Маҳмудовнинг фильмида Сизнинг қўшиқларингиз остида муҳташам митинларни кўрсатувчи кадрлар қаторида “Бирлик”нинг бўлиниш мажлиси ва у мажлисда Салой Мадаминовнинг “митинг қилиш кўча чангитиш, биз бунинг ўрнига ҳукумат билан ҳамкорлик қиламиз” деган сўзларини кўрсатувчи кадрлар ҳам бор. Гап коммунистик ҳукумат тўғрисида кетмoқда эди. У кадрларни ҳеч ким йўқ қилолмайди. Шу сабабли, ўша кунги воқеаларни эсламоқчи бўлсак, уларга баҳо бермоқчи бўлсак, “Бирлик”нинг мағлубияти хоинлик натижаси эканлигини яширганимиз билан фойдаси йўқ”.
Суҳбатимиз охирида Дадахон акага: “Бардам бўлинг. Аввало Оллоҳ ёрдамчингиз бўлсин. Эртага суд бўлаётганда шуни унутмангки, биз ҳамма бирликчилар Сизнинг олдингиздамиз, руҳан Сиз билан биргамиз. Суд қандай қарор бермасин, бу - мавжуд режимнинг мағлубияти, биз билан Сизнинг ғалабамиздир”, дедим.
31 июль: Дадахон Ҳасан суд курсисида
Бугун соат 15 да Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасаннинг “иш“ини кўришни бошлади. Бугунги суд мажлиси суд жараёнини тайёрлашдан иборат бўлди ва 45 дақиқагина давом этди.
Судга судланувчининг ўзи ва ҳимоячилари - Суръат Икромов ва Руҳиддин Комиловдан бошка ҳеч ким киритилмади. Улар судья Илхом Жалолов дан судланувчининг яқинлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар суд залига киритилишини илтимос қилдилар. Судья ҳимоячиларнинг бу илтимосларини кўриб чиқишга рози бўлди ва суд жараёнини 4 август, соат 15 гача кечиктирди. Дадахон Ҳасан озодликда қолмоқда.
Хўш, маъмурлар ҳофизни қандай қилмишлари учун айбламоқдалар? Бу ҳақда аниқ тасаввур хосил қилиш учун кейинги хабарларимизда Миллий Хавфсизлик Хизмати терговчилари чиқарган “Айблов хулосаси“нинг кириш қисмини беришга ҳаракат қиламиз.
1 август: Дадахон Ҳасан нимада айбланмоқда?
Иши Тошкент шаҳар жиноий ишлар судига оширилган ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасанга Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) томонидан жуда оғир айблар қўйилган. Улар ҳақида аникроқ тасаввур бериш учун МХХ терговчиси томонидан тузилган айблов хулосасининг бош (тавсиф-асослантириш) қисмини келтирамиз (айблов хулосаси Дадахон Ҳасан ҳимоячиларидан олинди). Матн бир оз таҳрир қилинган.
«Айблов хулосаси
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми, 159-моддаси 3-қисми “б“ банди ва 244'-моддаси 3-қисми “а“ банди билан айбланувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ҳасанов Дадахон Шокир ўғлига нисбатан очилган 24-сонли жиноят иши юзасидан
Мазкур жиноят иши иш юритувимда бўлган фуқаро Қутлиев Жамол Хотамович ва Аҳмедов Ҳазратни (яқинда 7 йил ва 4 йилга қамаб юборилган мухолифатчилар, - “Ҳаракат“) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси 3-қисми “б“ банди, 244'-моддаси 3-қисми “а“ банди ва 244"-моддаси 1-қисми билан айблаш ҳақидаги 101-сонли ҳамда Саидов Насрулла Абдуллаевич (вазиятни англаб, кочишга улгурган мухолифатчи, Ўзбекистон Олий СЛветининг собиқ депутати, собиқ “Эрк”чи – “ҲаракатҲ) ва бошқаларга нисбатан очилган 6-сонли жиноят ишларидан ажратилиб, 2006 йил 14 апрель куни иш юритувимга олинган эди.
Ушбу жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида қуйидагилар аниқланган. 2005 йил 9 ноябрь куни МХХ Бухоро вилоят бошқармасининг Fиждувон туман бўлинмасига фуқаро Авезов Хусниддин Сайфиевич (ёки унинг ўзи МХХ айғоқчиси, ёки МХХ шундай қилишга мажбур қилган, - “Ҳаракат“) ариза билан мурожаат қилиб, у аризасида шу, 9 ноябрь куни Зарафшон - Fиждувон йўналиши бўйича ўзининг бошқарувида бўлган “Форд“ русумли (давлат рақами 21 Е 8200) автомашинасида 12 нафар йўловчи билан кетаётган вақтда (Фозилбек қўргонидан 10 км масофа ўтгандан сўнг) ҳайдовчининг орқасидаги ўриндиқда ўтирган йўловчи Аҳмедов Ҳазрат унга мурожаат қилиб, автомашинадаги аудиомагнитофонга ўзида бўлган бир дона аудиокассетани қўйиб эшиттиришни сўраган. Шундан сўнг Авезов Хусниддин ушбу аудиокассетани автомашинасидаги аудиомагнитофонга қўйиб эшиттирганда, унинг аввалида қўшиқ (Дадахон Ҳасаннинг “Андижонда қатли ом“ бўлганлиги тўғрисидаги қўшиғи, - “Ҳаракат“), кейин эса номаълум аёл кишиларнинг Андижон шаҳридаги 2005 йил 13 май воқеалари бўйича даъват қилувчи овозлари бўлган ва буни аризасида маълум қилиб ўтган.
Фуқаро Авезов Хусниддиннинг аризасига асосан фуқаро Аҳмедов Ҳазрат МХХ Бухоро вилоят бошқармасининг Fиждувон туман бўлинмасига келтирилиб, ундан аудиокассетани такдим қилиш сўралганда, Ақмедов Ҳазрат аудиокассетани, қўрққанидан, фуқаро Авезов Хусниддин бошқарувида бўлган “Форд“ русумли автомашинанинг ўриндиқлари орасига яшириб қўйганлигини билдирган. Шунингдек, фуқаро Авезов Хусниддин Қутлиев Жамолнинг уйидан топиб олинган 2 дона LG русумли аудиокассетадаги қўшиқларни ижро этган ижрочининг овози ва нутқи Ҳасанов Дадахонга тегишли эканини тасдиқлаган.
Жиноят иши бўйича 2006 йил 12 апрель куни фуқаро Дадахон Қасановнинг уйи (Тошкент шақрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Шукур Бурхонов номли маҳаллада, Садаф кўчасида жойлашган 31-уй) тинтув қилинганда, бу ердан, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги экспертлар гуруҳининг 2006 йил 15 майда чиқарган 7-сонли хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси президентини омма олдида хақоратлаш ва унга тухмат қилиш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ва қонуний равишда сайлаб қўйилган, тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, аҳоли орасида ваҳима чиқариш ва фуқаролар тотувлигини бузиш, тухматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатишга қаратилган фикрлар, қарашлар, сўзлар ёзилган, “Инқилобим менинг“ деб номланган 6 дона қўлёзма, шу қўлёзмаларнинг тикилмаган ҳолдаги варақлари, “Это было в Андижане“ деб номланган, 17 варақдан иборат Интернет хабарларидан олинган кўчирмалар, “Бирлик“ партиясининг 1992–1993 йиллардаги чиқишлари, Ўзбекистон Республикасида норасмий бўлган “Озодлик“ радиосидаги интервьюлари, суҳбатлари, савол-жавоблари ва ашулалари ёзилган 41 дона аудиокассеталар топиб олинди...»
Шундай қилиб, Ўзбекистон ЖКнинг Дадахон Ҳасан айбланаётган 158-моддасининг 3-қисми уни 5 йилгача, 159-моддаси 3-кисмининг “б“ банди 10 йилгача ва 244'-моддаси 3-кисмининг “а“ банди 3 йилгача озодликдан маҳрум этишни кўзда тутади. Ҳуқуқшунос кузатувчилар фикрича, маъмурларнинг ҳозирча ҳофизга эркинлик бериб қўйганликларига учмаслик керак. Бу - ўзига хос найранг. Ҳукуматнинг асл мақсади машҳур ҳофизни боқаларга ибрат бўлсин дея жазолаш.
ББС ва Озодлик “Бирлик”дан аламини Дадахон Ҳасандан олишмоқда
Бу икки радиодаги ўзбек хизмати ходимларининг Миллий Хавфсизлик Хизмати контроли остида ишлаши, ББСнинг ходими Паҳлавон Турғуновни эса тўғридан тўғри МХХ билан алоқаси борлиги хусусидаги шубҳаларини билдираётган “Бирлик” Партиясияга яқин сайтлардан аламзада бўлган ўша ходимларни тушуниш мумкин. Бечораларнинг алами ичида. “Бирлик” раисининг бу радиоларда чиқишни чеклаб қўйиш билан алам олайлик дейишса, унинг ўзи бу радиоларда чиқишни эп кўрмасди. “Бирлик”ни тилга олмай дейишса, бу - қилиш қийин бўлган иш. Чунки у Ўзбекистондаги асосий куч.
Шу кунларда улар аламларини Дадахон Ҳасандан олиб, бу ҳофизнинг судланишига боғлиқ хабарларида Дадахон Ҳасанни шахс сифатида таърифлашга етарлича жой ажратсалар ҳам, унинг “Бирлик” асосчиларидан эканлигини айтишни “унутишмоқда”. Ваҳоланки, бу радио ходимларининг асос мақсади “Бирлик” сўзини ишлатишдан қочиш.
Кўпчилик биладики, Совет замонида Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчагида, табиий, Тошкентда ҳам, “Куч бирликда” шиори ёзилган плакатлар осилган бўларди. “Бирлик” тузилигандан кейин бу плакатлар йўқ бўлди. Совет КГБсининг анъаналарини давом эттиришга ҳаракат қилаётган ББС ва Озодикнинг ўзбек хизмати ходимларининг орзуси ҳам ўша-ўша: ўзбек тилидан “бирлик” сўзини, Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасидан эса “Бирлик” тушунчасини йўқотиш.
Буларнинг ўзи йўқ бўлиб кетса кетадики, “Бирлик”ни ҳеч ким йўқотолмайди.
4 август: Суд Дадахон Ҳасан ишини кўришни яна қолдирди
Илгари хабар берганимиздек, ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан устидан суд мажлиси бугун, 4 август куни соат 15 да бошланиши, судья кузатувчилар ва судланувчининг яқинларини суд мажлисига киритиш масаласини ижобий ҳал килиши керак эди. Лекин униси ҳам, буниси ҳам бўлмади.
Бугунга мўлжалланган суд мажлисига кириш фақат унинг 7 асосий иштирокчисига - халк маслахатчилари Исоқов ва Раҳимов, прокурор Холиқов, адвокатлар Комилов ва Жалилов, жамоат ҳимоячиси Икромов, судланувчи Ҳасановгагина рухсат этилди. Судни кузатиш учун келган 20 нафардан ортиқ киши орасида судланувчининг яқинларидан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари, бир неча элчихоналарнинг вакиллари ва журналистлар бор эди. Улар суд жараёнини кузатишга рухсат сўраб, судья номига ариза йўлладилар, судланувчининг ҳимоячилари бу аризани қўллаб-қувватладилар.
Шу хусусда “Ҳаракат“ мухбирининг ўзи киришга рухсат олиш масаласида сансалорлик гувоҳи ҳам бўлди: телефон орқали судья билан боғланганда, унга ўз “хўжайини“ - шаҳар суди раисига мурожаат қилиш маслахат берилди, раис эса унда “мустақил“ судья ишига аралашиш ҳуқуқи йўқлигини айтиб,.. қутулди.
Хуллас, суд мажлисини очиқ ўтказиш масаласини кимлардир билан келишиб, ҳал этиш учун судья яна танаффус эълон қилди. Бу гал 9 август, соат 15 гача.
Кўринишидан, мавжуд режим машҳур хофизнинг суди катта шов-шувга айланиб кетишидан қўрқмоқда, унга кўплаб кузатувчилар келаётганидан чўчимоқда. Унинг мақсади кузатувчиларни зериктириб, бу ишга бўлган қизиқишларини совитиш, суд жараёнини ими-жими ўтказиб юборишга ўхшайди. Бундан ярим йил олдин бир гуруҳ “Бирлик” фаоллари устидан ўтказилган суд каби. Бу сафар ҳам айбланувчи ва ҳимоячилар бундай ўйинга шерик бўлиб қолаётганга ўхшайдилар.
9 август: Дадахон Ҳасаннинг суди узоқ муддатга кечиктирилди
Бугун Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан ишини кўришни учинчи марта, бу гал узоқ муддатга - 5 сентябргача кечиктирди. Бу галги кечиктиришга 2 маслаҳатчидан бирининг касаллиги туфайли судга келмаганлиги баҳона бўлди.
Таъкидлаш зарурки, судда кузатувчи бўлиб иштирок этиш учун суд биноси олдида тўпланаётганлар сони ҳар гал тобора кўпаймоқда. Бугун аввалгисидан 2 баравар кўп одам келди: элчихоналар вакилларидан тортиб ҳофизнинг “Бирлик“ фаоли бўлган вақтдаги сафдошларию ҳуқуқ ҳимоячиларигача 50 нафардан ортиқ кишини санаш мумкин эди. Суд шаънига эътирозли шиорлар айтиш ҳам бўлди.
5 сентябрь 19:00 - Дадахон Ҳасан устидан суд бошланди, лекин ҳимоячиларсиз
Илгари хабар берганимиздек, бир неча кунлик танаффуслардан сўнг бугун, 5 сентябрь куни соат 15 да Тошкент шаҳар жиноий ишлар судида ҳофиз ва шоир, “Бирлик“ асосчиларидан бири Дадахон Ҳасан устидан суд жараёни бошланди. Суд мажлиси унинг 8 асосий қатнашчиси - судья, халқ маслахатчилари, прокурор, адвокатлар, суд котиби ва судланувчининг ўзи иштирокидагина очилди. Бошка ҳеч ким суд залига киритилмади.
Судда кутилмаган воқеа юз берди: судланувчи ўзининг барча ҳимоячиларидан воз кечди. Ва суд бу илтимосни қаноатлантирди.
Адвокатлик вазифасини зиммасига олганлардан бири - ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов ва бошқаларга кўра, сўнгги ҳафталарда махсус хизмат ходимлари ҳофиз билан “ёпиқли қозон - ёпиқли қолсин“ шаклида оғзаки шартнома тузган ва бунинг эвазига номигагина жазо белгилашни ваъда қилган бўлишлари мумкин.
Суд ҳимоячиларсиз, кузатувчиларсиз ва судланувчининг яқинларисиз давом этди.
23:30 - Дадахон Ҳасан: Жиноят қилмаганман - қўшиқ айтганман, холос!
Бугунги даракларимизда ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан устидан олиб борилаётган суд мажлислари қайтадан бошлангани, унинг ҳимоясиз қолдирилгани ҳақида хабар бергандик. Аммо жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ёнида тўпланган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳофизнинг мухлислари суд мажлиси тугагунга қадар тарқалишмади. Дадахон ака шомга яқин суд мажлисидан бирмунча тетик, мамнун ҳолда чиқиб келди, дейди мухбиримиз. У кишининг айтишича, гарчанд ҳимоячиларсиз бўлса-да, ўзи қозининг сўрокларига дадил жавоб кайтарган. Суд аслида на боши, на адоғи бўлмаган куракда турмас айблов юзасидан сўроқ ўтказган.
Жавобгарнинг жиноят предмети бўлган қўшиқларни ҳақиқатан ҳам айтган-айтмагани, унинг аудио ва компакт дискларда таркатилгани борасидаги саволларига Дадахон Ҳасан ҳақиқатан ҳам бу қўшиқлар у томонидан куйлангани, аммо у буни жиноят деб билмаслигини таъкидлаган. Дастлабки айблов хулосаси билан таниш адвокатларнинг айтишича, ишда жиноят предмети бўлган Андижон қатлиоми ҳақидаги қўшиқларнинг на ёзма шакли, на аудио шакли мавжуд. Унда Президент шахсига нисбатан ҳақоратларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш имконияти йўқ. Судья бусиз қандай ҳукм чиқариши тушунарсиз.
Дадахон ака суд мажлисидан чиққач мухбиримизга "Ўзбеклар доим умид билан яшайди, мен хам уларнинг бириман. Назаримда адолат қарор топадигандек" деди. Йиғилганларнинг "Ҳофизга озодлик!" деган қийқириқлари миршаблар, махсус хизмат одамларини чўчитиб юборди.
7 сентябрь: Дадахон Ҳасаннинг суди номаълум муддатга кечиктирилди
Бугун, 7 августда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасаннинг иши юзасидан гувоҳлар сўралиши, иш материалларига аниқлик киритилиши керак эди. Мутасаддилар суд биноси олдига тўпланган бир гуруҳ ҳуқуқ қимоячилари, оммавий ахборот воситалари ходимларини кўргач, суд мажлисини қолдирдилар. Муҳокамалар номаълум муддатга кечиктирди.
Суд залидан бирмунча тушкун, ғайриоддий кайифиятда чиққан Дадахон ака саволларимизни жавобсиз қолдирди. Аммо кутилмаганда суд биноси олдида собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва унинг адвокатлари, орадан бироз ўтиб эса давлат белгиси 30 AN 707 бўлган автомашинада Тошкентнинг собиқ мэри Козим Тўлагановлар пайдо бўлишди. Ҳарқалай, улар Дадахон аканинг судига келишмаган, суд биносини томоша ҳам қилишмокчи эмас, балки улар ҳам судда жавобгарликка тортилганлар. Буни суд биноси олдида уймалашаётган ҳокимлик вакиллари, ИИВ ходимларининг (афтидан гувоҳлар бўлса керак “Ҳаракат”) кўплигидан ҳам билса бўларди, дейди мухбиримиз.
Мухбирларимиз бу воқеаниннг тафсилотларни аниқлаштиришга уринишмоқда.
11 сентябрь: Дадахон Ҳасан шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилингани маълум бўлди
Бугун маълум бўлишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасанни уч йил шартли равишда озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукмини ўтган жума куниёқ ўқиб бўлибди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар бу хусусда бугун хабар олдилар. Дадахон аканинг ўзи ҳам буни шу кунгача сир тутган.
Ғарб давлатларида “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки суд билан ҳамкорлик қилиш” деган тушунча бор. Унга кўра, ҳамкорлик қилишга рози бўлган “айбланувчилар” нисбатан камроқ ёки юмшоқроқ жазо эвазига бошқаларнинг устидан ахборот берадилар. Кўринишидан, Дадахон Ҳасанов шундай келишув асосида суд билан ҳамкорлик қилган. Лекин биздаги бу воқеанинг Ғарбдан фарқи шундаки, Тошкентдаги иш бўйича фақат бир айбланувчи бор эди - бу Дадахон Ҳасан. У киши юмшоқроқ жазо олиш учун бир нарсани қурбон қилдилар, яъни ошкораликни.
Биз ўзбеклар учун ошкоралик “ҳаводек” лозим бўлмагани учун, бу воқеа жамият томонидан нормал қабул қилинса керак, дейди мухбиримиз. Қолаверса, Дадахон ака биринчи мисол эмас. Ўтган йили суд қилинган 5 нафар “Бирлик” фаоли ҳам шу йўлни танлашган эди. Англия ва АҚШнинг пулини олиб ишлаётган ББС, Озодлик Америка Овози каби демократик радиоларининг ўзбек журналистлари ҳам исбот қилмоқдаларки, ошкоралик бир ғоя сифатида ҳали ўзбекларнинг қонига кириб бoришга улгурмади.
15 сентябрь: “Эзгулик” - Дадахон Ҳасанга қўйилган айблов асосли эмас!
Бугун "Эзгулик" жамияти "Бирлик" асосчиларидан бири, шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасанга нисбатан илгари сурилаётган жиддий айбловларнинг асоссиз эканини таъкидлаб, баёнот таркатди (Пресс-релиз № 44, 15.09.2006г.). Унда Ўзбекитсон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий режимига тажовуз қилиш) билан айбланаётган Дадахон Ҳасаннинг жиноят ишида тергов ва суд айблов позициясидан олиб борилгани, процессуал нормаларга амал қилинмагани айтилади.
Шунингдек, баёнотда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг маҳкама жараёнларига кузатувчиларни қўймагани, жавобгарнинг адвокатлар Руҳиддин Комилов ҳамда Суръат Икромовлардан воз кечишга мажбур қилингани ва бошқа фактлар ишнинг сохталигини исботлаши эътироф этилади. Бундан ташқари, суд матриалларида жиноий ишнинг объекти бўлган қўшиқларнинг матни ёки аудио ёзувлари йўқлиги, унинг Андижон фожиасига тааллуқлилиги ўрганилмагани ҳам алоҳида тилга олинган.
Ҳофиз томонидан ижро этилган мазкур қўшиқларнинг жамоат хавфсизлиги, конституциявий режимга тажовуз эканлиги билан боғлиқ ҳолат атрофлича ўрганилмас экан, у айбсиз деб эълон қилиниши, унинг қилмишида ҳеч қандай жиноий аломатнинг мавжуд эмаслиги, айблов учун тегишли суд экспертизасининг хулосаси бўлмагани ҳисобга олиниб, маҳкама жараёни тугатилиши лозим, дейилади ҳуқуқ ҳимячиси жамиятнинг баёнотида.
* * *