Журнал Ҳаракат
№4 (61) 2006. Кечагина ўтган кунларимиз
«Ҳаракат» сайтига қўйилган «Можара» фильми ҳақида
“Ҳаракат”сайтининг Таҳририятидан: Шу йил 23 май куни сайтимизга “Бирлик” халқ ҳаракати энг кучга тўлиб турган вақтда бўлғуси “Эрк” раҳбарлари бошчилигида Каримовнинг топшириғи билан қандай парчаланганини намойиш қилувчи “Можара” фильмини қўйган эдик. Ўқувчиларимиз қайси система билан жиҳозланган компютерлари борлигига қараб, фильмни тўғридан тўғри сайтдан ёки уни ўз компютерларига ёзиб олиб кўришлари мумкин эди.
Биз буни эълон қилмасак ҳам аввалдан билардикки, фильмнинг сайт хотирасида эгаллаб турган жойи катта бўлгани учун, уни бошқа компютерларга ёзиб олиш ҳам, уни тўғридан тўғри сайтда кўриш ҳам сайтимиз учун кўп ҳаражатли бўлади. Аммо, биз фильм сайт ўқувчиларида бунчалик қизиқиш уйғотaди деб ўйламагандик. Фильм сайтга қўйилгандан кейин ўтган 10 кун ичида, тахминан 1000 га яқин киши бу фильмни тўла ёки қисман тамоша қилган ёки ўз компютерига ёзиб олган. Буларнинг ҳаражати сайтимиз учун тахминан 1500 АҚШ долларига тенг бўлди.
Моддий қийинчиликлардан келиб чиқиб, сайт маъмурияти фильмни вақтинча сайтдан олиб қўйишга мажбур бўлди. Бунинг учун ўқувчиларимиздан узр сўраш билан бирга шуни маълум қилмоқ истаймиз.
Ҳозир ҳаражатларни камайтириш ёки уларни қоплаш йўлларини изламоқдамиз. Бир оз вақтдан кейин, машҳур ўзбек шоири Шукруллонинг Салой Мадаминов ва унинг сафдошларига хитобан: “Бу КГБнинг иши, халқ ҳаракатини тамом қилдингиз” деган тарихий сўзларини ҳам ўз ичига олган “Можара” фильмини қайтадан кўриш имконига эга бўласиз.
Фильм тасмаси яратилаётганда унинг номи «Модаро» щрнинга «Можара» бщлиб ыолган. Биз уни щзгартимасликка ыарор қилдик.
“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат фильмни кўришни истаганлар учун қуйидаги Муқадима билан мурожаат қилган.
Миллат фидойилари билан “бошқалар” ўртасидаги МОЖАРА
Ҳар бир мамлакат, ҳар бир миллатнинг тарихида сўнгсизга қадар қоладиган, миллат тарафидан ҳеч бир замон унутилмайдиган буюк воқеалар бор. Бундай воқеаларнинг мисоли сифатида муҳим жанг ёки урушдаги ғалаба ёки мағлубият, мустақилликка эришиш, мамлакатнинг келажагини ўзгартирувчи прогрессив инқилоблар, ёки аксинча, мамлакатни қоронғуликка судрашга йўл очган мағлубият ва сотқинликларни кўрсатиш мумкин.
Аммо, бир қарашда, оламшумулликни қўйиб туринг, эртага бировнинг эсида қолишини ўйламаганимиз оддий воқеалар борки, улар ҳам халқнинг тарихида абадий қолади. Бундай воқеалар, кўпинча, бир одамнинг шахсий мардлиги, миллатниннг юрагида из қолдирадиган бир нечта оддий сўзларидан иборат бўлиши мумкин.
Сиз ҳозир кўрадиган “Можаро” фильми миллатимизнинг яқин тарихига оид муҳим воқеаларга бой. Аммо, уларнинг ичида бир воқеа ўзбекларнинг тарихида умрбод қолади. Миллат бор экан, у ўз фарзандларини шу воқеани эслатиб тарбиялайди.
Бу қандай воқеа?
“Бирлик” халқ ҳаракатининг 1989 йил 1 октябрь куни ўтказилган митингининг талаби битта эди: “Ўзбек тили давлат тили бўлсин!” Бундай бўлишини истамаган, демак, митингни ўзига қарши акция деб ҳисоблаган Ислом Каримов ва унинг ҳукумати ўша куни эрталабданоқ митинг ўтказилиши эълон қилинган ҳозирги Мустақиллик (эски номи – Ленин) майдонини қатор-қатор милиционер ва аскарлар билан ўраб олган бўлиб, улар ҳеч кимни майдонга яқинлаштиришмас, одамларни каттароқ гуруҳларга тўпланишга ҳам йўл қўймасликка ҳаракат қилишарди.
Лекин бу ерга тўпланган минглаб ўзбекларни ҳеч ким тўхтатолмади. Улар милиция ва аскарларнинг қаторларини “Бирлик!”, “Бирлик!” деган ҳайқиришлар остида бузиб майдонга кирдилар. Ўзларини миллатнинг бир қисми деб ҳисоблаган бир қатор милиционерлар ортиқча қаршиликсиз одамларни майдонга ўтказиб юборишса-да, манқуртлари қаршилик кўрсатишди, баъзи митингчиларни калтаклашди, ҳатто, қон тўкишди.
“Можара” фильмини кўраётганда ўша милиция ва аскарларнинг қаторларини ёриб кирганлар орасида бир гуруҳ оппоқ соқолли боболаримизни кўриб, ҳар кимнинг кўзидан ёш келиши табиий.
Улар бу минтингда нима қилмоқдалар?
Савога жавобни кейинги кадрлардан топасиз.
Қаршингизда экранга милиционерлар тарафидан калтакланган мўйсафид чол чиқади ва қуйидаги сўзларини айтади: “Мен бу ерга ўз Тилим, Ватаним, Миллатим учун келдим”.
Қаранг, отахон “Тилимизга давлат тили мақоми берилсин”, “Ўзбек тили давлат тили бўлсин” деган расмий шиорларни айтмайди, балки айтолмайди ҳам, у “Тилим учун келдим”, дейди халос.
Аммо, бундан улуғ сўзлар борми ўзи бу дунёда? Ҳа, отахонамиз тортиб олинаётган тилимизни қайтариб олиш ҳақида оддий сўзларни гапиради. Унинг сўзларини буюклиги уларнинг оддийлигидадир.
Машҳур ўзбек кинорежиссери Абдулазиз Маҳмудов тарафидан тасмага туширилган бу кадрлар ўзбекларнинг миллат эканлигини кўрсатувчи рамз сифатида умрбод қолади...
Шу билан бир қаторда фильмда “бошқа” ўзбекларни кўрасиз.
Улар, яъни, Салой Мадамин, Усмон Азим, Зоҳир Аълам кабиларга кўра, “Бирлик” ташкил этган митинглар миллатни қон тўкишга олиб боради, митинг қилиш – кўча чангитишдир. Каримовга ёлланган бу “бошқаларнинг” фаолияти туфайли, “Бирлик” энг кучга тўлган пайтда парчаланди, натижада, бугун халқимиз ўша Каримовнинг қулига айлантирилди.
Албатта, бу фильмнинг асосий қисми “юқоридагиларга ёқмай қолган Абдураҳим Пўлатовни” бўлғуси эркчилар томонидан халқ ҳаракатидан четлаштириш учун қилган ҳаракатлари ҳақида. Аммо, уни четлаштириш учун қўлларини шимариб Каримовга хизмат қилганлар ўткинчи нарсалардир.
Ҳа, шундай, улар - нарсалардир.
“Мен бу митингга ўз Тилим, Ватаним, Миллатим учун келдим” деган отахонлар боқийдир. Новоий кўчасини тўлдириб келаётган “Бирлик”чи намойишчиларни кўраётиб, кўзингизга яна бир марта ёш келиб турган пайтда жаранглаётган Дадхон Ҳасаннинг қўшиғидаги қуйидаги сўзлар боқийдир:
Оқибат адо бўлур,
Ўз тилин йўқотган эл.
Кўзингни оч ўзбегим,
Уйғон энди, ён энди.
Қўшил бизнинг сафларга эй!
Майли кетсин жон энди!
Ҳақиқатдан ҳам, бу фильм бизни “жон кетса ҳам, миллат бўлишга чорлайди”.
Ичимизда исмини ҳам билмадигимиз отахонлар, бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз!
♦ ♦ ♦ ♦ ♦
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Анвар Усманов
"Бирлик" фаоли, журналист. Ҳозир Германияда яшайди.
Добавить сведения