Журнал Ҳаракат №4 (61) 2006. Кечагина ўтган кунларимиз
Абдураҳим Пўлат - Йиқилган курашга тўймайди
ЙИҚИЛГАН КУРАШГА ТЎЙМАЙДИ, НЕ ҲОЛГА ТУШГАНИНИ ДАРҲОЛ СЕЗМАЙДИ Абдураҳим Пўлат Ҳеч кимни камситмоқчи эмасман, аммо шуни айтишим керакки, Интернетддаги сайтларнинг сони жуда тез кўпайиб бораётгани, вақтим эса оз бўлгани сабабли, доимий кўриб борадиганим сайтларнинг сони жуда оз ва уларнинг аниқ рўйхати бор. Булар - ўзбек тилида Бирлик ва Ҳаракат сайтлари, рус тилида - газета.ру ва сентралазия.ру ҳамда озарбайжонларнинг “Эхо” газетаси сайти, турк тилида - Миллият газетасининг сайти. Менинг бу сайтлар энг яхшилари деган иддаоим ҳам йўқ. Аммо, аниқ биламанки, шу сайтларни ўқиб борсам, биронта пичоққа илинадиган дунё хабари эътиборимдан четда қолмайди. Шуни таъкидлаш лозимки, масалан, сентралазия.ру сайти қайси хизматларнинг лойиҳаси экани ҳам маълум. Аммо, ақли бор одам бу қувватли сайтдан фойдали информацияни танлаб ололади. Булардан ташқари, ҳар замонда Московские новости газетасининг сайтига қараб қўяман. Бу газета демократия йўналишидан чиқиб борётган бўлса ҳам, у ерда ҳали юқори профессионал журналистлар кўп. Бир маҳаллар Мусулмон Ўзбекистоан сайтини кўриб борардим. Аммо, у ҳозир жуда ибтидоий. Айниқса, бу сайт 1-2 йил аввал Қурбон ҳайити муносабати Жасликдаги режим зиндонларида чиритилаётган ёшларга қарата: “Оллоҳ берган синов муддатини ўтаётганлар” деган иборани ишлатгандан кейин у сайтни очишга қўлим бормайди. Хуллас, қайси сайтларга кириш қоидага, қолаверса, принципга айланган. Баъзи дўстларим вақти вақти билан телефон қилиб, фалон сайтда жуда яхши материал бор дейишса ҳам ўз принципимни бузмайман. Сўнгги вақтда “фалон сайтда Сиз ҳақингизда ёзишибди, унга жавоб бериш керак” деганлар кўпайди. Жавоб беришни кўяберинг, уларни ўқиб ҳам кўрмайман. Нимага? “Бирлик” тузилиб катта сиёсатга кирибманки, устимдан ёзилган ва айтилган гапларнинг чеки узилмайди. Авалалари уларга жудда жиддий қарардим ва жавоб берардим. Биронта айбнома жавобсиз қолган эмас. Энг қизиғи, бирон марта бирон айбни (албатта пичоққа илинадиган айбни назарда тутмоқдаман) тан олиш имконияти бўлмади, чунки қўйилган айбларнинг ҳаммаси ёки асоссиз ёки айб қўйувчиларнинг сиёсий воқеаларни тўғри баҳолай олмасликларидан келиб чиққанди. Бу воқеалар такрорланабергач, камтаринсизлигим учун узр тилайман, “Мен хато қилмайдиган одамман” деган тушунча шаклланди менда. Албабтта, битта айбим бор, у ҳам бўлса “Бирлик”нинг бўлинишига йўл қўйганим. Аммо, у ерда ҳам ўзимни оқлаш учун сабаб бор. Ватан ва халқим учун ҳаётимни тикдим деб юрган одам иккита квартира ва бир депутатлик мандати учун ватунфурушлик, миллатфурушлик қилади деб ўйламайдиган даражада содда эканман. Яқинда бир гуруҳ мухолифатчилар билан учрашганда, “Биронта принципиал масалада хато қилганимни айтинг, ҳаммадан кечирим сўрайман ва сиёсатдан кетаман” дейишгача борганимнинг сабаби ҳам шунда. Демоқчиманки, устимдан ёзаётганлар шунчаки иғвогарчиликлар билан шуғулланаётган бўлсалар керак, чунки, тажрибамдан биламан, ҳали ҳеч ким менга айб қўёлмаган. Айб йўқ экан, иғвогарлик мени қизиқтирмайди. Хўш, у ҳолда бу лавҳани нимага ёзмоқдаман? 17 йидлан бери мухолифат ичида эканман, мамлакатимиз тарихига кирадиган жуда кўп воқелеарда иштирок этдим. Булар: “Бирлик”нинг тузилиши, Ўзбек тилини давлат тили қилиш учун кураш, Фарғона воқеалари, “Бирлик”нинг бўлиниши, Ўзбек тилининг давлат тили деб эълон қилиниши, Бўка-Паркент воқеалари, Ўш воқеалари, биринчи мустақиллик декларацияси, ГКЧП ва унинг мағлубияти, иккинчи мустақиллик декларацияси ва ҳақиқий муcтақиллик, АҚШ Давлат котиби Жеймс Бекер билан учрашув, менга қарши уюштирилган суиқасддан кейин мухолифатнинг мағлубиятига йўл очилгани, юрт ташқарисидаги фаолият, аввал террорист, сўнгра диний фанатизм руҳидаги кучларнинг бизни ўзларига тортиб олиш учун урунишлари, “Ҳаракат” журналининг яратилиши ва унинг шу кунларда чоп этилган 60-чи сонигача тарихи, “Бирлик”нинг янгидан тикланиши ва партияга айлантирилиши, расмий сиёсий саҳнага кириш учун 2001 йилдан кейин қилинган ҳаракатлар ва ҳоказо ва ҳоказолар. Буларни қоғозга тушириш ва халққа етказиш лозим. Аммо бунга вақт йўқ. Шунинг учун ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, ўша кунларга оид воқеаларни сайтимизда қисқа лавҳалар шаклида эълон қилмоқдаман, вақти келиб улар асосида умумий расм чизилади. Бугун ҳам менга тош отишга интилаётганларга “Йиқилган курашга тўймайди” дегaн нақлни эслатиш мақсадида, баҳона билан, баъзи тарихий ва муҳим воқеаларни жуда қисқа шаклда қаламга олмоқчиман. Хоинлик Салой Мадаминов ва унинг атрофидаги бир гуруҳ ёзувчиларнинг хоинлиги туфайли “Бирлик”нинг 1989 йил 10 сентябрга режалаштирилган 100 минг кишилик митинги тўхтатилгандан кейин (аслида ўша куни Ўзбекистонда коммунистик режимнинг куни битган бўларди), ташкилотимиз ичида бўлиниш жараёни бошланди. Биз аввалига Салойнинг 30 августдаёқ Каримов билан яширинча учрашганидан хабаримиз йўқ эди. Аммо бу тўғрида аниқ маълумат олмасимизданоқ, унинг иккинчи яширин учрашуви ҳақида тасодифан билиб қолдик. Воқеа шундай бўлганди. “Бирлик” Марказий Кенгаши Ҳайъатидаги кўпчиликни ташкил қилган бўлғуси 53-54-чиларнинг босими билан митингни қолдираганимизда, Компартия Марказкомининг котиби Жаҳонгир Ҳамидов бир неча кун ичида “Ёш Ленинчи” газетасида “Бирлик”нинг Дастур ва Низомини эълон қилишга ваъда берганди. Бир неча кун ўтди, ҳужжатларимиз газетади чиқмади. Ҳукуматдагилар ҳар куни “бугун улар босилади” деб айтишар ва кулгидан бошқа нарсага арзимайдиган сабаблар билан уни йўқ қилишарди. Мен уларнинг ёлғончилигини билар эдим, аммо бошқа йўлимиз йўқ. Кечагина ўз митингимизни ўзимиз тўхтатиб, бир неча кундан кейин “бизни алдашди, энди митинг қиламиз” деб дод-вой қилсак кулгига қолган бўлардик. 10 сентябргача ҳам Дастур ва Низомимизни чқаришмади. Шундан кейин Марказкомга бориб ўтириб олдик десам муболаға бўлмайди. Ҳар куни мен ва шоира Гулчеҳра Нуриллаева кечаси 11-12 гача ўша ерда бўлардик. Марказком ходимлари олдимизда доим газета редакцияси ва типография билан хабарлашиб туришар, бизнинг олдимизда ўзларини ҳар нарса қилаётган одамдек қилиб кўрсатишар эди. Иш яна эртага қодирилгач, мен Гулчеҳра опани Ц-1 массивидаги уйларига кузатиб қўйиб, ўзим уйга кетар эдим. 11-13 сентябрь кунларининг бирида кечқурун соат 10 да менга “Америка Овозидан” ҳозир раҳматли Эргаш Булоқбоши ва Мирзапўлат Ҳакимий телефон қилишлари керак эди. Шу сабабли мен вақтлироқ уйга кетдим, Гулчеҳра опа қолдилар. Ўша куни ҳам биз кутган нарсалар газетага яна берилмаган. Соат 24 ларда Гулчеҳра опа менга телефон қилиб, бу ҳақда хабар бердилар ва бир кутилмаган нарсанинг гувоҳи бўлиб қолганларини айтдилар. Тахминан соат 23:30 да улар 5-қаватдан пастга тушиш учун зинапоя олдига келсалар, у ерга 6 қаватдан (у қаватга чиқиш учун махсус рухсат керак, чунки у ерда Марказком 1-чи котибининг, яъни Каримовнинг кабинети бўларди) тушиб келаётган Салой Мадаминов билан тўқнашибдилар. Ўғирлик устида қўлга тушиб қолган одамдек ўнғайсиз қолган Салой: “Ёзувчилар уюшмасининг зарур иши билан Каримов уни чақиртирганини” айтибди. Ўзбекистоннинг яккоҳокими салоҳиятига эга бўлган одамнинг Ёзувчилар уюшмасининг 3-чи котибини ярим кечада ўз хузурига чақириши ҳақидаги эртакка “Мен авваламбор аёлман, онаман, кейин сиёсатчиман” дейдиган Гулчеҳра Нуриллаева ҳам ишонмаганини гапириб ўтириш ортиқча. Салой Мадаминов Каримов билан митингни қолдириш қарори олинмасдан олдин ҳам яширинча (30 августда) кўришганини сентябрнинг охирида билиб қолдик. Ўша кунларнинг бирида мен у билан “эркакча” гаплашдим, қилаётган иши хоинлик эканини, Каримов уни бир марта ишлатиладиган нарсадек ишлатиб ташлаб юборишини айтдим. У ўрнида туриб, кўкракларини кериб: “Муҳаммад Солихни ҳеч ким бир марта ишлатиб ташлаб юборолмади” деди. Унингг бу гапи тўғри чиққанини эътироф этиш керак. Каримов уни 2 марта ишлатиб (“Бирлик”ни парчалашда ва 1991 йил президентлик сайловларида), кейин улоқтирди. Аммо бу ерда хоиннинг эмас, Каримовнинг усталигини гапириш ўринлироқ бўларди. Ўша кунги Салой билан гаплашганимни эслаганда, у вақтларда одамлар целофан халтачаларни ювиб қайта-қайта ишлатишларини хотирлаб кулиб қўяман. Тошкентлик студентлар мени суди қилишгани Шундан кейин ҳақиқий бирликчилар билан 53-54-чилар ўрасида қарама қаршилик фақат кучайиб борарди. 53-54-чилар Марказий Кенгаш (МК) Ҳайъатининг ичида кўпчилик эдилар. Аммо МКнинг ўзидачи? Тошкентда яшайдиганг МК аъзоларнинг кўпчилиги (уларнинг ҳаммаси ҳам тошкентликлар эмас) ҳақиқий “Бирлик” позициясида эканлиги тезда маълум бўлди. Шундай аҳволда мени раисликдан четлатиш мақсадида МК мажлисини чақирган 53-54-чилар, вилоятдаги фаолларимиз уларни қўллаб қувватлашига ишонишган бўлса керак. Шундай бўлса ҳам улар МК мажлиси олдидан менга психолигик босим уюштиришга ҳаракат қилишди. Шуни айтиш керакки, ўша йиллари “Бирлик”нинг ишонган кучларидан бири – Тошкент олий ўқув юртларининг студентлари эди. Митингларимизда ҳам асосий ролни улар ўйнашган. Шавқиддин Жўраев, Ислом Холбоев, Жума Тошматов, Асқар Абдуллаев каби демократик руҳдаги миллатпарварлар бошчилигида жуда яхши уюшган студенлар ҳаракати бор эди, дейиш мумкин. Шуни ҳам тан олиш керакки, уларни уюштиришда Дадахон Ҳасан, Салой Мадаминов, Рауф Паррфи, Усмон Азим, Дилором Исоқова, Сафар Бекжон каби “Бирлик” асосчиларининг роли ҳам катта бўлган. Бу санаб ўтилган шоирларнинг студентлар ичида обрўси жуда баланд эди. Октябрь (1989) ойи илк кунларининг бирида студнтларнинг лидерлари олдимга келишиб, Студентлар шаҳарчасидаги ёшлар “Бирлик” ичида бўлаётган жараёнларда хавотирда эканликларини ва шу сабабли мен билан учрашиш ниятлари, ҳатто талаблари борлигини айтишди. Дарҳол тушундимки, мени суд қилишмоқчи. Эртаси кечқурун тахминан 50 студентни махсус автобусда Ёзувчиар уюшмасига олиб келишди. 2-қаватдаги Кичик мажлислар зали тўлди. Қизлар ҳам кўп эди уларнинг ичида. Кўзларида кураш олови, айни замонда, менга нисбатан яшириб бўлмас ғазаб чақнаб турганини кўриб ҳақиқатдан бахтли сездим ўзимни. Чунки улар мустақиллик кураши учун жангга отилишмоқда, бу курашнинг рамзи деб ҳисобашган шоирларини мен хоинлар деганим учун чин кўнгилдан ғазабда эдилар. Бундай ғазабни ҳам ҳурмат қилиш, қадрлаш керак деб ҳисоблайман. Чунки уларнинг ғазаби ўз ишончларига асосланган бўлиб, алданганларидан ҳали хабарлари йўқ эди. Хуллас суд бошланди. Тан олиш керакки, ташқи кўринишидан улар ўзларини жуда маданий тутишди. Аммо, асосий даъволарининг моҳиятини қисқача шундай ифодалаш мумкин: “Сен ким бўлибсанки, бизнинг ишонган пирларимизга қарши чиқмоқдасан. Бу ишнинг мотори бизмиз. Энг яхшиси туёғингни шиқилат, бу ишни доҳийларимиз билан ўзимиз давом эттирамиз”. Мен уларга ўзбекнинг тўққиз пулидек қилиб, мустақиллик нимаю демократик мустақиллик нима, чиройли хитоблар қилиш нимаю ҳақиқий кураш нима, ҳақиқий фидоийлик нимаю чиройли шиорлар ниқобида ўз манфаатини юқори қўйиш нима, шоирлик нимаю елакга мамлакат ва миллат маъсулиятни олиб сиёсат олиб бориш нима эканлиги, Салой Мадаминов бошчилигидаги ёзувчилар билиб билмас Каримиовнинг хизматига ўтиб қолишганини ва бошқа кўп масалаларни тушунтирдим. Ҳеч тараддудсиз айтишим мумкинки, уларга шоирони шиорлар отиш эмас, машаққатли сиёсий кураш ҳақида биринчи дарс бердим. Худога шукрки, студентлар оддий фанатиклар эмас, онгли кураш тамойилларини тан олишга тайёр турган ёшлар эди. Тахминан 2-3 соатлик бахс-мунозарадан кейин вазият шундай бўлди: агар мен “Сизларни бу ерга чақиртирган, аммо, аслида, миллий ғоямизга хоинлик қилаётган пирингиз юқори қаватдаги кабинетида учрашув натижасини кутиб турибди, энди бориб у билан гаплашингиз” десам, Салайнинг масаласи ўша куниёқ ҳал бўлган бўларди. Лекин мен у кунларда бола ҳали бошини қўлига олса керак деган умид ичида эдим. Шундан кейин студентларнинг мутлақо кўпчилиги биз тарафда бўлишди. Тўғри ҳамма эмас. Мисол сифатида Шавқиддин Жўраев, Ислом Холбоевни тилга олмоқчиман. Улар аввал ҳукуматнинг ташаббуси билан қурилган “Эрк”ка киришди, кейин Усмон Азимнинг “Ватан тараққиёти” партиясига ўтишди. Улар билан кейинчалик турли вақтда ва турли шароитда тасодифан учрашиб қолганимда, иккаласи ҳам тахминан бир хил гапиришди: “Биз бу курашга фалончи, фалончи шоирларнинг чақириғи билан келганмиз. Аммо кейин кўрдикки, улар бизни орқангиздан айғоқчи қилиб қўйиб, ишлатишгача боришди. Тўғри иш қилаётганимизга ишониб, айғоқчилик ҳам қилдик. Кейин кўрдикки, уларнинг ўзлари манфаатлари учун ҳамма нарсани сотиб кетишди. Бизнинг сиёсатчиларга ҳеч қандай ишончимиз қолмади. Ҳар ким ўзини ўйлар экан. Биз ҳам ҳозир шундай қилмоқдамиз”. “Бирлик”нинг бўлинишидан кейин, ёшларнинг мутлақо кўпчилиги курашдан чекинишди. Бу уларнинг хатоси, аммо уларни бу хатого йўналтирганлар ҳам ўша 53-54-чилардир. Улар шу йўл билан Каримов истаган ишини қилиб беришди. 1989 йили 8 октябрда бўлган Марказий Кенгаш мажлисида ва 11 ноябрда ўтказилган “Бирлик”нинг иккинчи қурултойида бир маҳаллар 53-54-чиларнинг чақириғи билан “Бирлик”ка келган фаоллар менинг позициямни қўллаб қувватладилар. Лекин шундай бўлса ҳам, бу 53-54-чилар ҳалигача ҳеч қандай сабоқ чиқармасдан менга қарши фитналар уюштиришдан ўзларини тийишга кучлари етмаслигини кўриб ҳайронман. Йиқилган курашга тўймайди дегани шу эканда У бечоралар ҳали ҳам шу кураш ичидалар. Ҳикоямни энг янги воқеани айтиб бериш билан тугатмоқчиман. Шу йил 30 апрель куни “Озодлик” радиосининг ўзбек хизматидан Шуҳрат Бобожонов мен ва яна бир неча киши билан президентлик сайловлари ҳақида суҳбат ўтказди. Шуҳрат ўзига ўхшаш 2 ака-укаси билан, минг афсуски, ибтидоий маҳаллийчилик қилиб, 53-54 лақабини олган Салой Мадаминовни ҳали ҳам сиёсатда бор одам қилиб кўрсатиш учун интилиб ётганлардан биттаси. Буни биламан. Буни устига охирги йилларда бу радио ва ББС билан бутунлай ҳамкорлик қилишни тўхтатганман. Лекин яқинда “Бирлик” фаолларининг қатъий талаби билан баъзида бу радиода ҳам чиқиб туришга мажбур бўлган эдим. Мен билан бирга кимлар суҳбатда қатнашишини Шуҳрат Бобожоновдан ўрганишим билан, радио менга қандай “тузоқ” тайёрлаганини тушундим ва ақлимга биринчи бўлиб юқорида айтиб берганим Тошкентлик студентлар мени қандай суд қилишгани келди. Яна шундай қилишмоқчи шекилли, бу курашга тўймайдиганлар, дедим ичимда. 1989 йилдаги судни 53-54 нинг ўзи уюштирганига шубҳам бўлмагани каби, бунисини ҳам унинг ўзи уюштирганига шубҳам йўқ. 16 йилдан кейин ҳам менинг бахс қилиш қобилиятимини текшириб кўришдан чарчашмайди бу бечоралар. “Мен билан бахс қилоладиган ўзбек ҳали туғилмаган” деган гапимни эшитишган бўлишса керак-ку, ҳеч ишонгилари келмайди. Хуллас, бу суҳбатга ўзини мустақил экспертми, сиёсатшуносми деган Алимардон Аннаев ва ҳатто “Бирлик” фаоли Ҳайит Қўзиев таклиф қилинибди. Улардан бири мустақил, иккинчиси бирликчи бўлгани учундир, қисқароқ гапириб “Менга қарши бўлмасалар ҳам, Ўзбекистонда мени ҳеч ким билмагани учун президентликка номзод бўлмаслигим кераклигини” айтиб, эфирдан ғойиб бўлишди. Асосий курашчилар - яқин кунгача Каримовнинг, энди эса Салой Мадаминивнинг маддоҳига айланган Исмат Хушев ва юқорида айтилган 53-54-чилардан Дилором Исоқова эди. Улар мени ҳеч ким Ўзбекистонда танимаслигини айтиш билан чекланмадилар, уларга кўра мен каби ҳеч бир нарсани эплай олмайдиган, сиёсатни тушунмайдиган, мухолифатни йўқ қилган бир инсоннинг ўзини президентликкка таклиф қилиши уятли қадам бўлиб, мен зудлик билан бундай фикрдан воз кечишим, ўзбeкларнинг доҳийси, миллатимизнинг энг улуғ фарзанди, бутун дунё тарафидан яккаю якка ўзбек демократи деб тан олинган 53-54 га ҳалақит бермаслигим керак эди. Қаранг, “Озодлик” радиоси бир шахсни қораловчи Совет услубидаги эшиттриш тайёрлабди, мухолифат руҳидаги одамлар ичида биронта мен ҳақимда илиқ сўз айтадагиан одам тополмабди. Қисқаси, бу икки кишининг оғзидан шалоладан тушаётган сувдек чиқаётган гапларни эшитганларнинг миясида мен ўзбек сиёсатида ўрни бўлмаган бир тасодифий одам эканлигим хусусида фикр шаклланиши лозим эди. Эшиттиришни тайёрлаганларнинг режасига кўра, албатта. Кечирасизлар, шу ерда “Менга итдай ёпишаётганларини кўриб…” дейишимга сал қолди. Уларни ит билан солиштириш итларни ҳақорат қилиш бўларди. Шунинг учун бошқачароқ айтаман. Менга ташланаётган бу лайчаларни кўриб ҳаёлимга, янглишмасам, буюк Рембранд чизган бир расм келди. Унда бир тўда итнинг ҳужумига учраган йўлбарс тасвирланганди. Бир неча ит аллақачон ўлиб ётибди. Бир нечтаси ҳали йўлбарснинг турли жойларига тишлаб ёпишиб олишган. Лекин расмнинг руҳидан кўриниб турардики, бу итларнинг ҳам иши тезда битади, яраларидан қонлар оқиб турган йўлбарс ғолиб чиқади. Мен уларнинг лўттибозликларига жавоб ҳам бериб ўтирмадим. Фақат “Бирлик”нинг охирги йилларда қилган ишларини гапирдим. Рўйхатдан ўтиш жараёнида ҳукуматни қандай боши берк кўчага киритиб қўйганимизни, 2004 йил парламент сайловларида 10 сайлов ҳудудидан номзодларимизни кўрсатолганимизни, уларни рўйхатдан ўтказмасликка баҳона тополмаган сайлов комиссиялари иш жойларидан қочиб кетганларини айтдим. Ўзбекистоннинг келажаги учун қандай дастуримиз борлигини, бошқаларнинг ҳаёлига ҳам келмайдиган режалар ишлаб чиққанимизни, Каспий бўйи ва Россиянинг Сибирь қисмидаги бойликларни ўзлаштиришга шерик бўлишни ўйлаётганимизни айтар эканман, бошқа партияларнинг, демак, 53-54-чиларнинг ҳам, бу масалаларда ҳеч қандай режалари ва конкрет ишларда тажрибалари йўқлигини очиқ-ойдин гапирдим. Тўғрисини айтсам, ўша кунги эшиттиришдан кейин Исмат билан Дилором тирик қолдими ёки йўқми билмайман, лекин уларни ўша итлар ҳолига туширганим аниқ. Энг сўнгида шуни айтишим керакки, ҳозирча қочиб юришибди, аммо вақти келиб 53-54 ни ҳам ака-ука Бобожоновларни ҳам ўша жониворларнинг аҳволига тушираман. Аслида, яқинда АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида 53-54 шу ҳолга тушди ҳам ҳисоб. Энди бутун умри шундай ўтса керак. 14-15 август 2006 йил Муаллифдан: Бу эҳтирос билан ёзилган лавҳа ҳақиқатни тўғри акс эттиргани сабабли, баъзи қўпол кўринган жойлари бўлишига қарамасдан (улар ҳам аччиқ ҳақиқатни тўғри ифодалайди), унга кейинчалик ҳам ҳеч қандай тузатиш киритмасликка қарор қилдим.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону