Журнал Ҳаракат №4 (61) 2006. Инсон ҳуқуқлари
Муйдинжон Қурбонов - Ўзбекистонлик бир ҳуқуқ ҳимоячисининг тақдири
ЎЗБЕКИСТОНЛИК БИР ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИСИНИНГ ТАҚДИРИ ёки Муҳиддин Қўқондийнинг саргузаштлари Мен, 1960 йил 10 мартда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани Каримдевона қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келдим. Шу қишлоқда Муқимий номли ўрта мактабни битиргач, Қиргули посёлкасидаги №25 техник ўқув юртини экскаватор ҳайдовчиси курсини битирдим. Жиззах чўлларида 7 йил экскаваторчи бўлиб ишладим. Бу вақт ичида бўш вақтларимда Навоийнинг асарларини ўқишим натижасида илмга рағбатим ортиб бораверди. Натижада ғазаллар бита бошладим. Навоийнинг асарлари диний руҳда битилганлиги боис диний тушунча пайдо бўлган сари диний этиқодим шакллана бориб, мени қорин ташвиши эмас, халқ ташвиши ўйлантира бошлади. Навоийнинг: Одами эрсанг демегил одами, Ониким йўқ, халқ ғамидин ғами. деган байти дилдан ўрин олди. Ҳаётдаги воқеа ҳодисотларни кузатиб бориб Ўзбек халқи озод ва фаровон ҳаёт кечириши учун қандай ҳаракат қилишим лозим дея фикр қила бошладим. Ўша пайтда бу мақсадга эришишим учун энг мос келган ташкилот сифатида “Бирлик” халқ харакатини кўрдим ва унга аъзо бўлиб кирдим. 1990 йилда ҳаракатнинг Зарбдор тумани бўлимини яратиш ишига бочилик қилиб, тезда шу ташкилотнинг раиси вазифасини бажара бошладим. “Бирлик”нинг газеталарини тарқатиб, тарғибот ишларини олиб борардик, мақсад халқни мустаққил фикрлашга ундаш, уз тарихни тушинтириш ва бирлашиб фаолият юритиш эди. У даврда бирликчиларни бирор иш юзасидан қўйган талабини ҳукумат раҳбарлари бажаришарди. Лекин, бир оз аввал бу ҳаракатнинг бўлинишидан келиб чиққан салбий оқибатлар ўзини кўрсатабошлади. 1991 йил охирида ўтказилган проезидент сайловларидан кейин ҳамма ерда бирликчилар таъқиб остига олинди. 1992 йилнинг июнь ойида “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлатовга қарши суиқасд уюштирилди, у қаттиқ калтакланди ва ҳаёти хавф остида қолганлигини сезгач, четга чиқиб кетишга мажбур бўлди. Шундан кейин на фақат “Бирлик”нинг, балки бутун мухолифатнинг фаолиятига узил кесил чек қўйилди десак ҳам бўлади. Ўша пайтда кўпчилик мухолифатчилар 1992 йилда асосан “Бирлик” фаолларидан иборат гуруҳ тарафидан тузилган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) доирасида иш юрита бошлашди. Бу жамиятнинг Жиззах вилоят бўлими 1992 йилда Мели Қобулов томонидан ташкил этилганди. Шу сабабли Мели Қобулов ҳукуматнинг қора рўйхатига тушди ва кўп ўтмай қамоққа олинди. Суд хукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва тўлиқ 8 йилдан кейин озод қилинди. Бир оз олдинга кетиб шуни айтиш керакки, у қамоқдан чиққач маълум муддат шу жамиятнинг Жиззах шаҳар бўлимини ташкил қилиб фаолиятини давом эттирган. Мен хам 1996 йилда шу жамиятга аъзо бўлдим ва дарҳол тазйиқлар остида қолдим. 1996 йил 27 май куни ўзим йўғлиимда уйимга келиб тинтув ўтказган миршаблар 1990 йилда чоп этилган бўлса ҳам ҳалигача уйимда сақланмоқда бўлган “Бирлик” газетасининг бир нечта сонини ва бир нечта “Бирлик” нишонини (значогини) олиб кетишибди. Эртаси куни Зарбдор туман прокурори Шерқул Номозовга учрашганимда, у тинтув ўтказиш учун расмий санкция ҳам оғзаки кўрсатма ҳам бермаганлигини билдириб, Ички Ишлар Бошқармаси (ИИБ)дан нарсаларимни олиб кетишим мумкинлигини айтди. ИИБга борган эдим, жиноят қидирув бўлими бошлиғи Шароб Умаровнинг хонасига олиб кириб, уйимдаги тинтув пайтида наркотик модда топилди деб ёзилган протоколга имзо чекишимни талаб қилди. Табиий мен бу талабни рад этдим. Эрталаб соат 8 дан кеч соат 23 гача овқат ўрнига азоб беришди ва охир оқибат хушимдан кетдим. Навбатчи милиция ходими капитан Носиржон тез тиббий ёрдам чақириб касалхонага жўнатди.... Мени қўйиб юборгани учунми, билмадим, ҳарҳолда кўп ўтмай ўша милиция капитани қамоққа олинганини эшитдим. Аммо мухолифатчиларга, хусусан, менга қарши ўтказган тазйиқлари учун бўлса керак, Шароб Умаров Жиззах вилоят ИИБ коррупция ва террорга қарши кураш бўлимига кўтарилди. Ваҳоланки, у Зарбдор туман ички ишлар боқармасида ишлаган пайтида унинг бўлимида 100дан ортик жиноят очмаганди. Ўзбекистонда инсонларга ваҳший муносабатда бўладиган милиция ходимларигина лавозимлик поғаналаридан тез кўтарилаётгани боис, террога қарши кураши керак бўлган бўлимларнинг ходимлари ўзлари террористик ҳаракатлар қила бошладилар дейиш мумкин. Ўзбекистонни куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган орган ходимларига буйруқ бўлса бас, на фақат Ўзбекистонда балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳудудларида ҳам ўзбек мухолифатчилари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши ҳар қандай ишни қилаберадилар. Ўзлари қилган ишлар бўйича бегунох одамларни жавобгар қилишга хам уста бўлиб кетишган. * * * 1998 йил 3 сентябрь куни кўчада кетаётган пайтимда Шароб Умаров бошчилигида бир гуруҳ (тўрт киши) террорга қарши кураш бўлими ходимлари мени куч билан машинага тиқиб олиб кетишди, Ички Ишлар Вазирлиги (ИИВ) ертўласига олиб боришиб, 15 кун қийноққа солишди. У ерга олиб боришган кунида корейс миллатига мансуб (кейинчалик малум бўлишича вазирликнинг коррупция ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Иля Пягай экан) шахс менга юзланиб, соф ўзбек тилида, бир ҳафтада бу ердан сенга ўхшаган 6 кишининг ўлиги чиқди, хеч ким бизни нега ўлдирдинг деб сўроқ қилолмайди, ё сайрайсан ё ўласан деб чиқиб кетди. Шу билан сўроқ ва қийноқлар бошланди. Сўроқлар асосан: Нечта соқол қўйган одамни биласан, Арабчани ўргатган устозинг ким, Обид қори Назаровни кўрганмисан, Кўрсанг танийсанми, Унинг амру маруфларини тинглаганмисан, Толиб Ёқубов билан қандай алоқанг бор, Ёқубов билан охирги марта қачон учрашгансан, Нималар хақида гаплашгансилар, Ёқубов пулни қаердан олади ва ҳоказолар эди. Ёқубовга қарши кўрсатма берсанг қўйиб юборамиз, деб айтишни ҳам унутишмади. Уларнинг ҳеч бир талабини бажармидим, саволларига истаган жавобларини бермадим.. Натижада, зиммамга норкотиклар билан боғлиқ бир моддани юклашиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилишди. Амнистия қўлланиб 1999 йилда озодликка чиқдим ва прокуротура ҳамда милиция ходимлрининг ҳар хил дўқ пўписалари ва тазйиқлари остида яшашга бошладим. Менга сўроқлар пайтида очиқдан очиқ бирликчи бўлганим учун хукуматнинг қора рўйхатида турганлигимни, бирлик янги тузилган пайтда қандай фаолият кўрсатганимни ва хозирда нима нима ишлар қилаётганимни сўрашар ва бирликдан чиқдим деб ариза ёзиб берсамгина менга нисбатан бўлаётган тазйиқлар тухташи аниқлигини уқтиришарди. * * * Кунларнинг бирида Зарбдор Ички Ишлар Бошқармаси (ИИБ) бошлиғи ёрдамчиси Исмоил Шокиров ва жиноят қидирув бўлими ходими Бахтиёр Азимов иккиси мени ўзим яшаб турган Бўстон шаҳарчаси милиция бўлимига чақиртиришди ва бир ҳафта муддат ичида Бўстон шаҳарчасидан кўчиб кетмасам, мени изсиз йўқ қилиб юборишларини айтишди. Яна бир гал учаска нозири, милиция лейтенанти Дилшод Орифжонов маст ҳолда уйимга келиб, “эрингни топиб берасан”, деб хотинимни урибди ва “масжидда номоз ўқишни бас қилсин” дея дўқ-пўписа қилиб, “бошлиқ ёрдамчиси Рустам Мустафоқуловга учрашсин” деган хат қолдириб кетибди. Мустафоқуловни қабулига борсам чойхонада экан, кутиб тур деди. Икки соатлар чамаси кутишга тўғри келди ва ниҳоят Мустафоқулов маст холда, зўр бериб оёғида аранг турган ҳолда чойхонадан чиқиб келди ва менга қараб сенларни ундоқ қилиш керак мундоқ қилиш керак дея вайсай кетди. Ахволини кўриб ичимда шер бўлиб қолибсанку халқ посбони дея ўқлаб, мийиғимда кулиб қўйдим. Кулганим ёқмади шекилли ҳайқириб ёқамдан бўғиб ҳақорат қила кетди. Кўп ўтмай ИИБ бошлиғининг бошқа бир ўринбосари чақиртирди. У билан учрашганда участка нозири Орифжоновнинг хатти-ҳаракатларидан шикоят қилгандим, ўрнидан туриб келиб кўкрагимга бир муштлади ва мен ўз ходимимга ишонаман, кўп вайсама деди. Бундай зўровонликлар атайин уюштирилар ва тез тез бўлаверганидан зада бўлиб кетдим ва бир бошга бир ўлим, буларни зўровонлигига чидаб яшагандан уларга қарши курашиб ўлган афзал деган қатъий фикрга келдим. 2000 йилда бундай зўровонликга қарши курашиш мақсадида ЎИХЖнинг Зарбдор туман бўлими ташкил этдик ва мен шу ташкилотни раиси сифатида фаолиятимни бошладим. Кечагидай, ёдимда йиғилиш менинг уйимда Толиб ака Ёқубов, Бахтиёр Ҳамроев ва 9 нафар аъзолар иштирокида ўтказилди. Аъзолардан айримлари ҳозир участка нозири келиб бизларни сўроқ қилиш учун олиб кетиб қолмасайди, деган қўрқув билан ўтиришганини айтишарди. Демоқчиманки, аҳвол оғирлигига қарамасдан биз шу қадамни қилишга жазм қилдик. Кунларнинг бирида Толиб ака билан суҳбат милициянинг зўровонликлари ҳақида борди. Қамоқхонада ва ундан кейин турган жойимда милиция ходимларининг менга нисбатан қилган ноинсоний мунособотлари кўз ўнгимдан ўтиб, нафратим шу даражада ошдики, бундай кетаверса мен ҳам уларга қарши бирон нарсалар қилиб юборишим мукинлигини айтгандим, Толиб Ёқубов менинг милицига нисбатан бунчалик ёмон фикрда юрганлигимдан шунчалик дарғазаб бўлдики, унинг ҳолатини тушунтиришга тил ожизлик қилади. Бир оздан сўнг жаҳлидан тушган Толиб ака менга анча насиҳат қилиб, тушунтириш берди ва бундай фикрларни ҳатто каллада сақланишини ўзи хатарли эканлигини айтиб, соғлом фикрли бўлишим лозимлигини, акс ҳолда Инсон Ҳуқуқлари Жамиятидан чиқарилишимни айтди, мен ҳатто бу каби гапим биланоқ Жамият шаънига путур етказишим, унинг фаолиятига зарба беришим, аъзоларини ҳам оғир аҳволга солиб қўйишим мумкинлигини уқтирди. Бу суҳбат мен учун инсон ҳуқуқи борасидаги илк сабоқ бўлди. Шундан кейин жамият шаънини ўйлаб, ҳар қандай вазиятда ҳам тўғри ва холис муомалада бўлишни ўзимга шиор қилиб олдим. * * * Ўша кезларда ЎИҲЖ раиси Абдурахим Пўлатовнинг укаси Абдуманноб Пўлатов эди. Толиб Ёқубов жамиятнинг Бош котиби эди. 2001 йил октябрда ЎИҲЖнинг навбатдаги 3-чи Қурултойида Абдуманноб ака АҚШ фуқаролигини қабул қилганлиги инобатга олиниб, 4 киши жамиятнинг янги раислигига номзод қилиб кўрсатилди ва яширин овоз бериш йўли билан Толиб Ёқубов жамият раиси этиб сайланди. Абдуманноб Пўлатовни фахрий раис сифатида қолдиришга қарор қилинди. Шу даврда “Бирлик” халқ ҳаракатининг фаолиятни жонлантириш учун урунишлар ҳам бошланди. Эҳтимол, бундай дейиш бироз ноўрин бўлар, чунки бирликчилар тўлиқ ҳуқуқ ҳимоячиларига айланишган ва, фаолиятларини ҳеч бир замрн тўхтатишмаган эди дейиш мумкин. Қолаверса, диктатура остида сиёсий фаолият билан ҳуқуқ ҳимоячилигини фарқи ҳам кам. Аммо, энди энди тўғридан-тўғри сиёсий фаолият олиб бориш, “Бирлик” номидан гапириш вақти келганди. Бу ерда Американинг Ўзбекистон билан алоқалари яхшиланиб бориши ҳам фойдали бўлганини тан олиш лозим. 2003 йил март ойида “Бирлик” халқ ҳаракати Жиззах вилоят Кенгаши раиси этиб сайландим. Шу йилнинг август ойида Қўқон шахрида ўтказилган Қурултойда “Бирлик” халқ ҳаракати “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясига айлантирилди. Мен партиянинг Марказий Кенгаш аъзоси бўлдим. 2003 йил ноябр ойида эса мени ташаббусим ва журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг моддий кўмаги билан вилоятда Хуқуқ Химоячилари Ассосиацияси тузилди ва мен Ассоциация раиси этиб сайландим. Ассосиациянинг тузилишида ва менинг раис бўлишимда Инсон Хуқуқлари Мустақил Ташкилотининг вилоят бўлими раиси, ҳозир рахматлик, Пўлат Пардаев муҳим роль ўйнади. Ёши 50 атрофида бўлган бу киши кейин юрак хурижидан бевақт оламдан ўтди. Ҳозир унинг ишини ўғли Ўктам Пардаев давом эттирмоқда. У кишининг фаолияти туфайли бошқа бир ўғли Ўткир эса ҳозир қамоқда ўтирибди. Шуни ҳам айтишни истардимки, Ассосиация тузиш ташаббуси билан чиқишимизга Хюман Райтс Вотч (HRW) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимаси Умида Ниязова ҳам сабабчи бўлган. Мен ўша вақтларда “HRWнинг бўлимини Наманганда ва Самарқандда очиш мумкину нега Жиззахда очиш мумкин эмас?” саволини ўртага ташлаганимда, у “бутун вилоят ҳуқуқ химоячилари бирлашиб талаб қўйсаларинг, эҳтимол инобатга олинар” деган эди. Шундан кейин Ассоциация тузиш масаласи кун тартибига чиқди. Ассоциация таркибига қуйидаги ташкилотларнинг вилоят бўлимлари бирикдилар: Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти, Ўзбекистонда Шахс Ҳуқуқларини Ҳимоя Қилиш Қўмитаси, Ўзбекистон "Эзгулик" Инсон Ҳуқуқлари Жамияти, Ўзбекистон "Озод аёл" Инсон Ҳуқуқлари Жамияти, Ўзбекистон Узвий Хуқуқларни Ҳимоялаш “Мазлум” ташкилоти, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил Ташкилоти, "Ҳимоя" адвокатлик бюроси. Ассоциацияни тузишдан мақсад HRWнинг Жиззах бўлимини очишга эришиш, ҳукук ҳимояси билан шуғулланаётган вилоят ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимларини очишни режали шаклда йўлга қўйиш, ноҳақликка йўлиққан фуқаролару фермерларни ҳимоя қилиш, вилоятдаги вазиятни тўлиқ анализ килиш ва вазиятни ўнглаш учун таклиф мулоҳозаларни ҳокимларга киритиш эди. Ҳар 15 кунда Ассоциация йиғилишини ўтказиш жорий этилди ва 9 мартта йиғилиш ўтказилди. Кейинчалик, моддий етишмовчилик ҳам сабаб бўлиб, мунтазам йиғилишлар тўтаб қолди. Лекин келажак учун яхши фундамент яратдик дейиш мумкин. Вазиятни ўрганиш оқибатида бир қанча фуқаролар ва фермерларнинг хуқуқлари судларда ҳимоя қилдик. Йиғилишларимизни бирига Жиззах туман фермерлари ташриф буюришгани ҳам эсимда. Улар вилоят ҳокими Убайдулло Ёмонқуловнинг фермерларга нисбатан куч ишлатиши ва ёппасига фермерлардан ерни тортиб олаётганидан шикоят қилиб ариза беришди. Ассоциация қарорига биноан, У.Ёмонқуловнинг зўровонлигик сиёсатига қарши вилоят хокимлиги биноси олдида 30га яқин ҳуқуқ ҳимоячилари ва фермерлар иштирокида норорзилик пикети ўтказдик. Пикет 20 минут ўтар ўтмас куч ишлатиб тарқатилиб юборилди. Вилоят хокимининг фермерларга нисбатан зўровонлигига қарши Тошкентда “Озод Дехқонлар” парияси офисида пресс-конференция ташкил қилдик. Интернет саҳифаларида Убайдулло Ёмонқулов ҳақида “Қутурган ҳоким” сарлавҳаси билан мақола ҳам чоп этилди. Бизга ариза билан мурожаат қилувчи фермерлар сони кун сайин кўпайди. Фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб, туман ҳокимларига нисбатан жиноят иши очишларини талаб қилиб судга ва прокуротурага даъво аризалари кирита бошладик. Бундай иш юритишимиз туман ҳокимларининг ер сотиб пул ишлашларига қарши қаттиқ зарба бўлди. Ҳокимлар фаолиятимиздан норози бўлиб Бош вазир Шавкат Мирзияевга шикоят қила бошлашган. Мен яшаб турган Зарбдор тумани ИИБ бошлиғи милиция подполковниги Мухтор Мирзияев Бош вазир Шавкат Мирзияевни укаси бўлгани ва Зарбдор туман ҳокими Ўскан Азимовни Шавкат Мирзияевнинг шахсан ўзи ҳокимлик лавозимига қўйгани сабабли бўлса ҳам керак, Бош вазирнинг ўзи бу ишга аралашишга мажбур бўлди. 2004 йил 13 февраль куни Жиззах вилоятига ташриф буюрган Бош вазир Вилоят Ички Ишлар Бошқармаси, Миллий Хафсизлик Хизмати, прокуротура ходимлари ва ҳокимларни йиғиб мажлис ўтказгани ва у ерда ҳуқуқ ҳимоячиларига, хусусан, менга нисбатан чора қўллашга топшириқ бергани ҳақида маълумот олдик. Шундан кейин бизга қарши тазйиқлар шиддати ошганда ошди. 16 февраль куни эрталаб ИИБ ходимларидан 8 киши уйимга келиб тинтув ўтказиш тўғрисида мухрсиз бир қоғозни кўрсатиб, бу прокурор қарори дейишди. Қарор нимага асосан чиқарилганлигини айтишни талаб қилиб қатъий турганимдан кейин, менга ўзим яшаб турган Бўстон шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси Қувондиқ Абдураззоқовнинг шикоят аризасини кўрсатишди ва уйда тинтув ўтказишни бошлаб юборишди. Уйдан ҳеч нарса топишмади ва уйдан 100 қадамча наридаги қаровсиз ҳолда ётган товуқхонамни титкилашди ва 16мм калибрли ов милтиғи, 12мм колибрли 4 дона патрон, оз миқдорда кўкнори (наркотик) моддаси ва 6 дона арабча журнал “топишиб”, икки қўшнимнинг гувоҳлигида видео тасвирга олишди. Табиий, мени дарҳол ушлашди ва Жиззах шахар вақтинча сақлаш изоляторига қамашди. (Давоми бор)

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону