Бошқа нотқларнинг баёнотлари ва баъзи хулосалар
САЛАЙ МАДАМИНОВНИНГ БАЁНОТИ ҲАҚИДА
Хельсинки Комиссиясидаги брифингнинг мавзуси “Ўзбекистонда ўзгаришларнинг истиқболи борми?” деган савол билан белгиланган эди. Бу Комиссия ўтган йили май ва июнь ойларида Андижон воқеаларига бағишланган икки махсус мажлис ўтказгани ва уларда Андижондаги қонли воқеалар етарлича муҳокама қилингани сабабли, бу йилги йиғилишнинг кун тартибига истиқбол масаласининг олиб чиқилиши ғоят табиий бўлган.
Аммо, кўринишидан, Салой Мадаминов бундай нарсаларни мутлақо тушунмасди. У ҳеч бўлмаса кечиб ўтган воқеаларни анализ қилса ҳам бирон маъно бўларди. Афсуски, бундай бўлмади, нотиқ ҳаммага маълум бўлган гапларни такрорлаш билан машғул бўлди. Бунинг учун на Америкага келишнинг на Хельсинки Комиссиясида чиқишнинг эҳтиёжи борди.
Жуда қизиққан одам бу баёнотнинг инглизча варианти билан Комиссиянинг расмий сайтида (www.csce.org) танишиши мумкин. Биз эса, унинг характерли жойларидан кўчирмалар келтириш билан чекланаммиз. Мана Салой Мадаминовнинг нутқида парчалар:
* * *
“Биз Ғарбнинг Каримов режими билан мулоқотини қўллаб-қувватлаганмиз. Чунки, Ғарб бу мулоқот орқали Ўзбекистонда нафақат демократия, балки иқтисоднинг ривожланиши учун ҳам ҳисса қўшди. Аммо Каримов ўз халқининг манфаатларига қарши ҳаракат қилиб, Ғарб демократияси йўлидан чиқди. Сўнгги 15 йил ичида яратилган демократик институтлар Ўзбекистон президентининг амрига қул эди. Каримов режими билан 15 йиллик ҳамкорлик вақтида Ғарб биронта сиёсий партияни легеллаштиришга эришолмади, мухолифатчи ва мустқил номзодлар иштирокида сайлов ўтказилишини таъминлай олмади...
Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистон иқтисодини ривожлантириш, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва қашшоқликни йўқ қилиш учун қаттиқ уринишди. Молиявий ва хайриявий ёрдам беришди, аммо буларнинг ҳаммаси бир шахс (Каримов назарда тутилмоқда, шекилли. – “Ҳаракат”) туфайли чипакка чиқди...
Бутун уринишларга қарамасдан, Ғарб Каримов ҳукуматини инсон ҳуқуқлари масаласида яхши томонга ўзгартиролмади. Ғарб қийноқларни ва диний қарашлари туфайли уюштирилган тазйиқларни қоралади. Аммо Каримовнинг ички сиёсатини ўзгартиришда жиддий натижаларга эришолмади…
Хонобод авиабазасидан фойдаланиш ҳам АҚШ ва НАТОнинг Марказий Осиёдаги узоқ ваъдали режалари нуқтаи назаридан мағлубият билан тугади. Ғарбнинг терроризмга, наркотикларга ва ноқонуний қурол савдосига қарши курашиш учун Каримовга берган техник ва ҳарбий ёрдами ҳам Каримов тарафидан мухолифат ва бошқача фикрловчиларга қарши ишлатилди…
Ўзбекистон ҳали ҳам наркотиклар ташишда асосий йўл бўлиб қолмоқда. Мамлакат иқтисоди яна ҳам ёмонлашди. Бу ерда фаолият кўрсатаётган чет эл компаниялари ҳам катта таҳлика остида қолган. Фақат Каримовнинг шахсий кафолатини олган компаниялар ишлай оладилар бу ерда. Ҳаама нарса бир шахснинг (яна Каримов назарда тутилмоқда, шекилли, демократлар Салойга 53-54 лақаби беришгани каби унинг ўзи Каримовга “бир шахс” деган лақаб бермоқчи кўринади. – “Ҳаракат”) истагига боғлиқ… Аммо президентнинг шахсий гарантияларига ҳам ишониб бўлмай қолди. Кеча у Ғарбга приоритет берган бўлса, бугун Россияга бермоқда. Бир кун келиб Каримовнинг энг яқин ҳамкори Шимолий Корея бўлиб қолса, бугунги террористлар унинг қўриқчиларига айланса, ҳайрон бўлмаслигимиз керак.
Каримовнинг аввалдан тахмин қилиб бўлмайдиган шахсияти мамлакат барқарорлиги учун асос хавфдир.
Сўзимнинг охирда айтмоқ истардимки, Ғарб Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқотмади дея олмайман. У вақт йўқотти. Буш ва Путин террористлар билан мулоқот қилиб бўлмаслигини айтмоқдалар. Аммо биз баъзи лидерларнинг Марказий Осиёда терроризмнинг меъмори билан мулоқот қилиш истакларини тушунмаймиз.
Менинг хулосаларим: Марказий Осиёда бир шахснинг истакларига боғланиб қолган Ўзбекистондан бошқа мамлакат йўқ. Айни замонда, бу - диктатуранинг заифлигини ҳам кўрсатувчи фактор. Бир шахснинг ўзгартирилиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада шароитни ўзгартирган бўларди. Каримовнинг севимли иборасига кўра - “Инсон йўқ бўлса, муаммо ҳам йўқ бўлади”.
Мен Ўзбекистондаги ҳукуматни куч билан йиқитишга чақирмайман. Кучларни, барибир бир шахснинг марҳаматига боғлиқ бўлиб қолаверадиган демократик институтлар яартишдан кўра, бу шахсни заифлаштириш учун жамлашимиз мантиқлироқдир, деб ҳисоблайман”.
МАРТА ОЛКОТТНИНГ БАЁНОТИ
Мендан олдин гапирганлар бутун ҳаёт тарихлари билан ўзларини оқлаган бўлсалар ҳам, бугун Ўзбекистонда демократик жамият яратиш масаласида хаёлимиз паришон ва ҳафсаламиз пирдир. Демократия фаоллари ўзлари ва оила аъзоларини катта хавфлар остига қўйиб ишламоқдалар, мамлакатни тарк этганлар ҳам таҳдидлардан холис эмаслар. АҚШ ва Ғарбнинг турли фондларидан ёрдам олган нодавлат ташкилотлари ҳам Ўзбекистон ичида ҳеч нарса қилолмаяптилар.
АҚШнинг қонун яратувчилари бу минтақадаги оғир шароитдан хавотирда эканлар, сиёсатчилар ва оддий фуқаролар ҳам шу аҳволда. Биз қуйидаги муаммоларни ечишга йўл қидиришимиз керак:
- Ўзбекларниннг демократия томон юриш истакларини сақлаб қолиш;
- Ўзбек элитаси ва одий фуқароларнинг демократия томон секин-аста (силлиққина) силжиш имкониятларини ошириш учун уларни шароитга қараб қўллаб-қуватлаш;
- Ўзбекистондаги ички муҳитни сиёсий ўзгаришларга йўналтирган ва АҚШ тарафидан (молиявий, - “Ҳаракат”) таъминланадиган программаларни ривожлантириш. Ўзбекистон ҳукумати таъминламайдиган, амм,о бундай таъминотсиз бажариб бўлмайдиган программалар назарда тутилоқда.
- АҚШнинг бу митнақа ва унинг атрофига оид қисқа, ўрта ва узоқ ваъдали манфаатларини бу жараёнлар учун қурбон қилмаслик (Офарин, Олкотт хоним! – “Ҳаракат”).
Булар жуда амбицияли мақсадлар бўлиб, уларни, мавжуд шароитда, яхшироғи бўлганда ҳам ҳозиргидан кўпроқ маблағлар билан ҳам бажариш қийин бўларди. Нима бўлганда ҳам, биз ўз сиёсатимизнинг самарадорлигини ошириш учун Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни, биз истамасак-да бизнинг сиёсатимиз натижасида юзага келиши мумкин бўлган тахминий сценарийларни жуда яхши фарқида бўлишимиз керак (Эҳтиёткорликка, аслида, ҳеч нарса қилмасликка чақириқ. - “Ҳаракат”).
Мен Ўзбекистондаги аҳволга диор муҳим нуқаталар ва уларнинг АҚШ учун қанчалик муҳимлигини урғулаш билан биргаликда баъзибир хулосалар қиламан ва мавжуд шароитда ҳам сиёсий ҳам молиявий нуқтаи назардан ҳаётий аҳамиятга эга бўлган тавсиялар бермоқчиман.
Мен бу минтақалик бўлмасам ҳам, у ерга 30 йилдан бери бориб келаман, Ўзбекистоннинг узоқ бурчакларида ҳам бўлганман.
Ўзбек сиёсий мухолифати юрт ичида ва ташқарисида
- Юрт ташқарисидаги Ўзбек мухолифати тарқоқ. Аммо бунинг, менича, келажакдаги ютуқ ва мағлубият учун катта аҳамияти йўқ.
- Ўзбеклар инқилобни импорт қилмоқчи эмаслар. Ҳар қандай “рангли” инқилоб юрт ичидаги кучлар тарафидан, ички элитанинг кучли дастаги ва кўчага чиққан миллатнинг иштирокида амалга оширилсагина мувафаққият қозониши мумкин.
- Андижон воқеаларидан аввал ҳам ички элита ўзгаришларга номигагина дастак берса ҳам, ўрта ва юқори даражали бошқарувчилар ва қонун яратувчилар ичида Каримовнинг 1997-98 ва 2003-04 йиллардаги “янглиш бурилишларидан” қаттиқ норози бўлганларнинг сони ортиб борарди. Андижон воқеаларидан кейинги бир неча кўзга кўринган кишиларнинг ишдан олиниши ва қамалиши натижасида косметик ислоҳатлар тарафдорлари ҳам ўз ичларига яшириндилар.
- Ўзбекистонда Исломий Ҳаракатнинг қолдиқлари билан боғланган кичик гуруҳли қуролланган мухолифат бор. Аммо бу оз куч ҳам Ўзбекистон каби кучсиз мамлакатда, айниқса, хавфсизлик министрликларидан бор-йўғи бир неча киши уларга ёрдам қилса, ҳалокатларга олиб келиши мумкин. .
Ислом таҳликасининг табиати
- Ислом радикализми фақат тор доирадаги мусулмонлар учунгина жозибали. Кўпчили, айниқса, ёши катталар анъанавий исломий қадриятларга содиқлар. Аммо глобализация туфайли радикал оқимлар, масалан Ҳизбу-ут-Таҳрир кучайиши мумкин. Бундан ташқари, Салафийларнинг ва ревизионист Ханафийларнинг кучи ошмоқда, аммо улар расмий диний идоралар доирасидалар.
- Булар унчалик таҳликали факторлар эмас. Муҳим бўлгани шуки, ўзбек диний доираларида динёвий сиёсат ва таълим системаларига нисбатан динамизм катта. Янги авлод “Эрк” ва “Бирлик” аввал пайдо бўлган кунларда иш олиб борган ёшлардан фарқлидир.
- 25дан кичик ёшдаги ўзбкларнинг бир қисми 15 йил аввалгисидан оқилонадир. Улар бу замоннинг ҳамма имкониятларидан фойдаланиш имкониятига эгалар. Аммо таълим ва тиббий ёрдам системасининг инқирози, ҳаёт стандартларининг кескин тушиши натижасида ўша озчиликнинг имкониятларидан маҳрум бўлган кўпчиликнинг фоизи яна ҳам ошиб бормоқда..
Каримов режимининг хавфсизлиги
Бу ерда Марта Олкотт Андижон воқеаларидан кейин Каримов ўз хавфсизлигини яна ҳам мустаҳкамлагани, бутун хавфсизлик системасини МХХга боғлаб қўйгани, нефть, газ ва олтиннинг нархи ошиши туфайли Ўзбекистоннинг баъзи минтақаларида иқтисодий аҳвол бироз тузалган бўлса ҳам умумий иқтисодий вазият ёмонлашгани, Россия ва Қозоғистон билан влоқаларнинг яхшилангани сабабли иқтисод учун янги имкониятлар очилгани, Хитой билан савдо алоқаларининг риволанаётганини санаб ўтади ва шу билан мавжуд режимнинг хавфсизлиги яхшиланганига имо қилади.
Ўзбекистоннинг халқаро алоқалари
Нотиқ Андижон воқеаларидан кейин Каримов Европа Иттифоқи ва қисман АҚШ томонидан уюштирилган дипломатик изоляциядан чиқаолгани, Россия ва Хитой Ўзбекистонга хавфсизлик масаласида катта кафолатлар бермасалар ҳам, шу соҳада бир нарсалар қилаётганлари, разведка ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорлик кучайгани каби маълум фактларни санаб ўтади. Германия ва баъзи Европа мамлакатлари Ўзбекистонга нисбатан юмшоқроқ сиёсат оли боришга интилишаётганини айтади ва Каримов асосан АҚШдан аламини олиш билан машғуллигини алоҳида урғулади. Унга кўра, Каримов АҚШ маъмуриятидаги баъзи кучлар уни ҳарбий куч ишлатмасдан йиқитишга киришишганига ишонади.
Ўзбекистон билан муносабатлар АҚШга қимматга тушмоқда
Хонободдаги авиабаза қўлдан кетгани сабабли, АҚШ заиф ва уқувсиз Қирғизистон режимига боғлиқ бўлиб қолди. АҚШ ўзининг бу минтақадаги иқтисодий манфаатлари учун курашини Ўзбекистонсиз олиб бориши қийинчиликлар туғдиради. Шу туфайли Тожикистон ва Афғонистондаги АҚШнинг программалари ҳам бироз оқсамоқда, Хитойнинг бу минтақадаги кучи ошмоқда. Ёш ўзбекларнинг АҚШга келиб ўқиши қийинлашди. Терроризмга қарши курашда Каримовнинг ёрдами фойдали бўлаётганди, айниқса, Исроил билан боғлиқ масалаларда. Ўрта Шарқда вазият ёмонлашиб борар экан, АҚШ учун Ўзбекстон каби пост-совет мамлакатларининг роли катта эди.
Хулосалар
Айтилган факторлар АҚШнинг Андижондан кейин Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган қаттиққўллик сиёсатини узгартиришга асос бўлолмайди. Чунки, Андижондан аввал ҳам, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласида аҳвол ёмон бўлгани учун, Конгресс шундай сиёсат олиб боришни талаб қилмоқда эди.
Каримов АҚШ ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистонни изоляциялаш сиёсати туфайли ўзи, ўз оиласи ва режимига бўладиган талафотларни минималлаштиролди. У ҳатто Россия ва Хитойдан янги инвесторларни топди.
Каримов 2007 сайловларида қатнашса ҳам, барибир ёши ва заиф соғлиги туфайли курсисидан кетади. Лекин АҚШни Ўзбекистонда улкан муаммолар кутади, чунки унинг вориси сиёсий очиқликни кўпайтиради деб кутишга асос йўқ.
АҚШ ўзбек ёшларини тарбиялаш ишига киришиши керак. Буни ўзбек ҳукуматининг иштирокисиз ҳам қилиш мумкин, масалан, АҚШга оид бўлмаган фондлар орқали. Чет элда ғарбча таълим олган элита яратиш билан мақсадга эришиш қийин, чунки бундай элита ўзи бошқармоқчи бўлган жамият учун бегона бўлиб қолаверади.
БРИФИНГДАН УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР
Аввал айтилганидек, Ғулом Умаровнинг бу йиғилишда қатнашиши бутунлай бошқа мақсадларга эга.
Салой Мадаминовнинг нутқига келсак. Тўла матни 1,5 саҳифа бўлган нутқнинг сал кам ҳаммасини қамраб олувчи юқоридаги кўчирмалар исбот қилиб турибдики, Салой Мадаминов тушида ҳам Каримовни кўрадиган одамга айланган, жиддий бичимда касал. Бу нутқнинг сал кам ҳар бир жумласида Ўзбекистон президентининг исми икки марта тилга олинади, ёки “Каримов” ёки “бир шахс” деб. Нотиқ учун ҳамма нарса – Каримов.
У сўзининг охирида “демократик институтларнинг” бир шахсга боғлиқ бўлиб қолаверишини урғулар экан, демократияни нима эканлигини ҳам тушунмаслигини кўрсатади. Демократик институтлар яратилса, диктатура ўз ўзидан йўқ бўлиши, айнан демократиянинг ривожи диктатурани заифлатишини ҳам тушунмайдиган даражада ибтидоийлигини исботлайди. Ёки у ҳали ҳам, демократия қуриш ўрнига, кучларни ислом фанатиклари билан жамлаштириш ниятидами?
Хуллас, бир маҳаллар Каримовнинг ҳам дўсти ҳам хизматкори бўлган Салой Мадаминовнинг кўзи бугун ҳам шу шахснинг пардаси билан ёпиқ. У парда орқасидан Ўзбекистоннинг реал муаммоларини кўролмайди, уларни ечиш учун нималар қилиш кераклигига ақли ҳам етмайди. Ғарбдан қандай ёрдам лозимлигини изоҳлаб беролмайди. “Эрк” партиясининг ўзи бошчилик қилаётган гуруҳи нима қилаётгани ва нима қилолишини ҳам ифодалаб беролмайди. Бу гуруҳ бир неча кишидангина иборат бўлиб қолганини тан олишга эса жасорати етишмайди. У авалига Каримовга, кейин террорист гуруҳларга, охир оқибатда Толибон каби ўрта асрларни эслатувчи фанатик кучларга орқа қилиб келди ва ҳозир тўла сиёсий мурдага айланганини кўрсатди.
Хўш, ундай экан, Салой Мадаминов қандай қилиб Хельсинки Комиссиясига келиб қолди, деган савол жуда ўринлидир. Жавобни Санжар Умаровнинг ўғли хусусида берилган таҳлиллар доирасида қидириш лозим. Америкада қандайдир гуруҳлар 53-54 нинг принципсизлигидан фойдаланиб, уни ўз манфаатлари йўлида қўғирчоқдек фойдаланмоқдалар. Фақат бир нарсани тахмин қилиш мумкинки, Умаровлар билан ўрта миёна китлар шуғулланишаётган бўлса, бизнинг Салой билан майда наҳанглар овора. Аммо булардан Ўзбекистонга ҳеч қандай наф йўқлиги аниқ.
Марта Олкоттнинг салкам илмий докладидан ҳам бирон амалий фойда кутишга ҳеч бир асос кўринмайди. Унинг мавжуд вазиятга берган баҳоси ўқувчилар учун фойдали бўлиши мумкин, аммо берилган хулоса ва таклифлар умумий ва саёз бўлиб, уларга АҚШлик сиёсатчи ва қонун яратувчилар тарафидан қизиқиш бўлишини кутиш нореалдир. Олкотт хонимнинг баъзи тавсиялари шунчалик эҳтиётлик билан ифодаланганки, улардан ўзбекларга ёрдам беришдан кўра бермаслик яхши бўлади деган фикр чиқиши мумкин. Аслида, Марта Олкоттдан хафа бўлиш керак эмас. Ўзбекистон мухолифати ичида, ўзини демократ деса ҳам, аслида, бугун АҚШнинг биринчи душмани бўлмиш Бен Ладеннинг гапларини такрорловчи Салой Мадаминов каби жоҳил фанатикларнинг борлиги ҳамма америкаликларни эҳтиёт бўлишга ундамоқда.
Бундай шароитда Хельсинки Комиссияси мажлисидаги асосий нотиқ - “Бирлик”нинг лидери Абдураҳим Пўлат бўлиб қолди.
Унинг баёнотида қуйидаги нуқталар муҳим:
1. Ўзининг Ўрта Шарқдаги сиёсати туфайли Ислом радикализмининг қўрқуви остида яшаётган Ғарб ва биринчи навбатда АҚШ (бу факт Марта Олкоттнинг докладида ҳам таъкидланган), Ўзбекистонда демократик кучларга ёрдам беришдан чекинмоқда. Ғарбнинг тушунишича, демократиянинг ривожланиши ва Каримов режимининг кучсизланиши, бу минтақада Ислом радикализмининг кучайишига хизмат қилади.
2. Шундай бўлса ҳам, яъни Ғарбнинг ёрдами етралича бўлмаса ҳам, ўзбек демократлари Каримов режими билан курашни давом эттирмоқдалар. “Бирлик” Партияси қонуний йўллар билан рўйхатдан ўтиш ва 2004 йидаги парламент сайловларида иштирок этиш учун ҳаракат қилиб, етарлича тажрибага эришда ва бу тажрибасини келаётган президентлик сайловларида ишлатишга ҳозирланмоқда. Ўзбек мухолифати бу сайловлар олдидан умуммухолифат қурултойини чақириш ва Ўзбекистонда бирдан бир мустақил нашр бўлган “Ҳаракат” журналининг жамиятдаги таъсирини ошириш ниятида.
3. Ғарб давлатлари “Бирлик”нинг ва умуман ҳақиқий демократик мухолифатнинг ҳаракатларига яна ҳам кўпроқ ёрдамчи бўлишга чақирилди.
4. Ўзбекистондаги демократик мухолифат принцип ўлароқ тарқоқ, лекин шундай бўлса ҳам етарлича кучли. Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакатида Ўзбекистонда каби демократик партиялар йўқ. Аммо, ўзини демократик деб айтаётган партияларнинг ҳамамаси ҳам демократик эмас. Хусусан, “Эрк” Партиясининг кичик бир гуруҳи экстремистик ташкилотга айланиб бўлган. Шу сабабли ҳақиқий демократик партиялар бу фракция билан биргаликда бўлмайдилар.
Абдураҳим Пўлат ўзбек демократлари Ўзбекистонда демократиянинг ғалабаси учун ўз курашларини давом эттираберишларини таъкидларкан, АҚШнинг Хельсинки Комиссиясидаги нутқи АҚШ сиёсатчилари томонидан эшитиладими ёки йўқми, билмаслигини айтди. Буни вақт кўрсатади, дейди у бу йиғилишдан кейинги баёнотларида, аммо аминманки, улар бизни эшитишади ва ёрдам кўпаяди, курашимизнинг самарадорлиги ошаверади.
Унинг нутқида чиқариладиган асосий хулосалардан яна бири шундан иборатки, ўзбек демократик мухолифати ўзни ўз ичидаги нодемократик, баъзида тўғридан тўғри экстремистик оқимлардан тозалаши керак.
Дарвоқе, шуни ҳам айтиш лозим, Абдураҳим Пўлат ўз нутқида “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракциясига оид сайтларда Мусулмон дунёси билан бошқа динларга оид одамлар ўртасида қарама қаршилик чиқариш ниятидаги провoкацион мақола эълон қилинганини айтган ва ўзининг бу баёнотидан кейин улар зудлик билан сайтлардан олиб ташланишини башорат қилганди. Шундай бўлди ҳам ва орадан бир кун ўтар ўтмас, улар 53-54-чиларнинг сайтларидан олиб ташланди.
Сал кам ҳар куни ҳам ташқи кўриниши ҳам эътиқодларини ўзгартиришга ўрганиб қолган 53-54-чилар энди кечагина мадҳ этган ғояларига ҳиёнат қилиб, айтган сўзларидан воз кечдилар. Демак, улар Исломнинг яқин келажакда ҳамманинг дини бўлиши кераклиги хусусидаги иддаоларидан бир кунда юз ўгирдилар. Мана, уларнинг ҳақиқий башараси.
Минг афсуски, бу одамлар учун муққаддас нарса йўқ. Дин, миллат, дўст, сафдошларини бир дақиқалик манфаатлари учун сотиб кетаберадилар. Ёшларимизни эътиқод йўлида ўлимга ҳам тайёр бўладиган шаклда етиштирамиз деб ваъзхонлик қилсалар ҳам, амалда уларни эътиқодсизлик ва хоинлик руҳида етиштирмоқдалар.
Хельсинки Комиссиясидаги бу йиғилиш шу маънода ҳам тарихий бўлди. Ўзбек демократлари оғиздагина демократ бўлган бундай фанатик гуруҳлар билан ҳеч қачон бирга бўлмасликлари биринчи марта очиқ-ойдин эълон қилинди ●●●