Журнал Ҳаракат №3 (60) 2006. Андижон фожеасининг бир йиллиги
Қонхўрликнинг бир йиллиги қандай хотирланди
2005 йил 13 майда Андижонда тинч аҳолининг ваҳшийларча ўққа тутилиши на фақат ўзбекларнинг, балки одамзоднинг тарихида умрбод қоладиган қонли воқеалардан биридир. Ўзбекистон ҳукумати ўша кунги қурбонларнинг сонини камайтириб кўрсатиш йўли билан Андижондаги фожеанинг ўлчовларини бекитишга ҳаракат қилаётгани табиий. Жиноятчилар ҳар доим ўз жиноятларини фош эттирмасликка интилиб келганлар. Дунёнинг бошқа нуқталарида бўлаётган турли қонли воқеалар билан солиштириб, Андижонда халқнинг ўққа тутилишини замонавий чақириқларга (chlenge, вызовы) жавобан қилинаётган, қолаверса, мажбуран қилинган қадамлар деб кўрсатишга ҳаракат қилаётганлар ҳам бор. Тўғри, баъзи Африка мамлакатларида сўнгги йиларда минглаб, ўн минглаб бегуноҳ одамлар ўз ҳукуматларининг қўшинлари томонидан ўлдиридилар, Москвада Дубровка театрида ва Бесландаги мактабда юзлаб одамлар ва болалар ҳукуматга тегишли қуролли кучларнинг ҳарбий амалиётлари натижасида ҳалок бўлдилар. Аммо, унутмайликки, у Африка мамлакатларида фуқаролар уруши бўлмоқда эди. Дубровка ва Бесланда эса, одамлар ва болалар террорчилар тарафидан гаровда ушлаб турилгани учун, улар огоҳлантирилсалар ҳам ҳеч қаерга қочиб кетолмасдилар, улар террорчиларга қарши қилинган ҳужумнинг қурбони бўлдилар. Шундай бўлса ҳам, дунё жамоатчилиги рус ҳукуматининг бешавқат ҳаракатларини кескин қоралади, Россия расмийларини бегуноҳ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун етарлича урунмаганликда айблади. Ваҳший Хитой ҳукумати ҳам 1989 йили Пекиндаги марказий майдонни эгаллаб олган намойишчиларни биринчи куниёқ ўққа тутишга жазм этмаганди. Ҳеч ким Пекин ҳукуматини оқламоқчи эмас, лекин ҳатто унда ҳам бизнинг ҳукумат билан солиштирганда инсонийлик хусусиятлари бордек кўринаётганини урғуламоқчимиз. Хўш, Андижонда нима бўлди? Бу ерда одамлар гаровда эмасдилар, зўравонлик қилмаётган эдилар. Бир гуруҳ қуролланган исёнчиларни ҳисобга олмаса, одамлар қуролсиз эди. Ҳа, уларнинг ҳокимият олдидаги майдонга йиғилишлари қуролли гуруҳ тарафидан ҳокимият биноси босиб олиниши билан боғлиқ. Лекин уларнинг талаблари мутлақо тинч талаблар бўлган. Ҳукумат ўз фуқароларининг талабларини эшитишга мажбур ва эшитиши керак эди. Каримовнинг ҳукумати эса, халқ билан мулоқот қилмасдан, агар баъзи бир қонунлар бузилаётган эди деб ҳисобласак ҳам, одамларни огоҳлантирмасдан ёки кам талофат бўладиган усуслларни қўллаб кўрмасдан, ўз халқини қонга ботириш ва шундай қилиб уни қўрқитиб қўйиш йўлини танлади. Нима бўлаётганини ҳам тушуниб етишга улгурмаган бегуноҳ одамлар, уларнинг кўпчилиги аёллар ва болалар эди, аёвсиз ўққа тутилди. Мустақил кузатувчиларнинг ҳисобига кўра, энг камида беш юз киши ўлдирилган қонли воқеалардан кейин, Ўзбекистон ҳукумати мотам кунлари эълон қилиш ўрнига, халқнинг хотирасидан бу кунларни ўчириб ташлаш ҳаракатига тушди. Бу ерда ҳам асосий усул – халқ онгига қўрқув қуйиш бўлди. Қўрқув ва пропаганда машинасининг иши натижасида миллат ўзини Андижондаги ваҳшийликни унутгандек қилиб тутишга мажбур этилди. Шу сабабли воқеаларнинг бир йиллиги мамлакат ичида расмий шаклда эсланмади. Бир йил аввалги воқеаларга шахсан бошчилик қилган мамлакат президенти, у кунни хотирасига ҳам келишини истамагани учун бўлса керак, 12 майдаёқ Россия президентининг Сочидаги дам олий уйига кетиб қолиб, Андижоннинг бир йиллигини Владимир Путин билан бирга “нишонлади”. Дунё жамоатчилиги ва чет элларда яшовчи ўзбеклар бу санани унутмагандилар. 13 май арафасида Европа мамлакатлари ва АҚШда Андижон воқеаларини хотирлб, бир қатор конференция, семинар ва учрашувлардан ташқари Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари олдида норозилик акциялари ўтказилди, бир йил аввал қурбон бўлганлар эсга олинди.
Конференция, семинар ва бошқа форумлар
Вашингтон: 9 май куни АҚШ пойтахтида бир қатор америкалик ва халқаро ташкилотлар (“Озодлик” радиоси, Миллий Демократия Фонди, Халқаро Амнистия, Озодлик Уйи, Сорос Фонди ва бошқалар) "Андижон воқеаларидан бир йил кейин: Ўзбекистон ва АҚШни нима кутмоқда?” номли конференция ўтказдилар. Йиғилиш программасининг асосий қисми - бир йил аввалги воқеаларнинг бевосита иштирокчиси, Тошкентлик мутақил журналист Галима Бухорбоева хотираларини тинглаш ва ВВС мухбири Шоҳида Ёқуб тарафидан тайёрланган ҳужжатли фильмни тамоша қилиш эди. Ундан кейин конференцияни уюштирган ташкилотлар вакилларининг чиқишлари тингланди. Йиғилишнинг сўнги қисмида унга қўшилган АҚШ сенатори Жон Мак-Кейн ва конгрессмен Кристофер Смит Андижондаги хунрезликни қоралаш билан биргаликда, АҚШ ва Европа мамлакатлари Ўзбекистон ҳукуматига қарши босим ўтказишни давом эттиришлари лозимлиги, режим жазоланиши кераклигини такидладилар. Йиғилишда қатнашган “Бирлик” Партиясининг раҳбари Абдураҳим Пўлат бу йиғилишни баҳолар экан, шундай деди: “Маълумки, яқинда Вильнюсда конференцияда нутқ сўзлаган АҚШ вице-президенти Дик Чейни ўз мамлакатининг Россияга бўлган муносабатларида кескин ўзгаришлар бўлишига имо қилиб, АҚШ Россиянинг собиқ Совет жумҳуриятлари устидан янгича ҳукмронликни тиклашига қаршилик кўрсатиши ҳақида гапирганди. Тўғрисини айтиш керак, Вашингтондаги конференцияда иштирок этиши эълон қилинган АҚШ сенатори Жон Мак-Кейн ва конгрессмен Кристофер Смит хам, Вильнюсда бўлгани каби, АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатида муҳим ўзгаришларга имо қилишлари мумкинлигини умид қилган одамлар бор эди. Аммо, йиғилишнинг бошлашиданоқ, бу ерда Вильнюс ҳавоси йўқлиги кўринди. Шу баҳона билан анчадан бери ўйлаб юрган фикрларимни ҳамма билан ўртоқлашмоқчиман. Ўзбекистонлик баъзи демократия тарафдорлари, Галима ҳам шулардан бири, Андижондаги воқеаларни халқнинг демократик руҳдаги исёни сифатида кўрсатишга интилмоқдалар. Уларнинг мотивацияларини ҳам тушунаман. Улар воқеаларни демократия ва диктатура ўртасидаги кураш деб кўрсатсак ва дунёни бунга ишонтирсак, Ғарб давлатларининг Ўзбекистон режими устидаги босимини ортади ва мамалакатимизда демократиянинг ғалабаси тезлашади деб умид қилмоқдалар. Аслида вазият бироз бошқачароқ. Шуни унутмайликки, Андижон воқеалари номаълум қуролланган одамлар далатнинг расмий институтлари бўлмиш ҳарбий база, қамоқхона ва вилоят ҳокимлигини босиб олиши билан бошланди. Чет элликлар буларни билмайдилар ва ўзбек демократлари нима деса, шунга ишонадилар деб ўйлаш ўта ножиддийликдир. Аслида, бу масалага энг тўғри ёндошган ташкилот “Бирлик” Партиясидир. У ўзининг 2005 йил 15 майдаги Баёнотида ўша қуролли гуруҳнинг ишини ноқонуний деб баҳолаган ва қоралаган. Лекин биз шу қуролли гуруҳнинг хатти-ҳаракатларини баҳона қилиб, керагидан ортиқча куч ишлатилгани, тинч аҳоли бекорга нобуд қилинганига қарши чиққанмиз ва мутлақо тўғри қиланмиз. Ҳозир Ғарб дунёси, хусан АҚШ, ислом экстремистларининг ҳаракатларидан катта ташвишда. Ғарб Ўзбекистонда ҳам бундай экстремизм қаттиқ оловланиб кетишидан хавотирда эканлиги, очиқ айтилмаса ҳам, яхшигина кўриниб турибди. Ғарбнинг боши Яқин Шарқ билан оғриб турган пайтда, Марказий Осиёда оз эҳтимоллик билан бўлса ҳам, оловланишдан қўрқув борлиги табиий нарса. Шуни тушуниш керак-ки, Ғарб дунёси Ўзбекистондаги демократларнинг кучи ва уларнинг келажакда ислом экстремизми хавфини жиловлаб олиш имкониятларига ишонмаса, бизни қўллаб қувватламайди, Каримов режимининг йиқилишини тезлаштирмайди. Балки, унга ёрдам бермаса ҳам, хайрихоҳ бўлиб қолади, про-демократик кучларга кераклича ёрдам бермайди. Ҳозир айнан шундай бўлаётганини эътироф қилиш керак. Мени тўғри тушунишларини истардим, гап Ғарбга ёқиш ёқмаслик ҳақида кетмаяпти. Гап ўзимизнинг позициямиз ҳақида. Фақат Каримов режимига қарши бўлганимиз туфайли, унинг ҳар қандай душманлари билан яқинлашишга ҳаракат қилиш бизни яхшиликка олиб бормайди. “Эрк”нинг собиқ раҳбарлари Толибон билан ҳамкорлик қилишгача етиб борганлари каби. Биз, демократлар айтилган муаммо борлигини тушунишимиз, тушунишимизни ҳаммага кўрсатишимиз, бу каби маслаларда принципиал эканлигимизни намойиш қилишимиз, агар ҳокимиятга келсак, радикализм хавфини бартараф қилиш ниятимиз қатъий эканлигини ўз халқимизга эртага эмас, бугун очиқча билдиришимиз керак”. Лондон: Буюкбританиянинг пойтахтида 10 ва 11 май кунлари икки анжуман ўтказилди. Улардан бири Фронтлайн клубда, иккинчиси Лондон Университетининг “Шарқ ва Африка тадқиқотлари” мактабида бўлди. Бу анжуманларда Анжижон воқеаларига оид кинолавҳалар кўрсатилди, воқеа гувоҳларининг хотиралари тингланди. Брюссель: Европарламентнинг биносида тор доирада уюштирилган давра суҳбатига Европарламентнинг 2 депутати (улардан бири - Она Жукневи, Европарламентнинг Марказий Осиё ва Монголия комиссиясининг раҳбари), ўзбекистонлик журналистлар, сиёсатчилар (Галима Бухобоева ва Шоҳида Ёқуб - журналистлар, Салой Мадаминов - “Эрк” партияси фракцияларидан биринг раҳбари, Дилшод Тиллаҳўжаев – “Бирлик” Партияси Андижон вилоят ташкилоти раисининг ўринбосари), Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Жан Кубик, Хьюман Райтс Вотчнинг Европа вакили Лотто Декхт, Сорос фондининг Европа бўлими директори Андре Вилкнес, Халқаро Кризислар Гуруҳининг Марказий Осиё Лойиҳасининг директори қатнашдилар. Давра суҳбати давомида “Андижонда бир йил аввал нима бўлди?” деган саволга жавоб қидирилди, у воқеаларнинг бугунга қадар давом этаётган таъсири муҳокама қилинди ва Ўзбекистон режимига қандай муносабатда бўлиш хусусида таклифлар ўртага ташланди. Москва: Хьюман Райтс Вотчнинг бу мамлакатдаги бўлими ва Ҳуқуқ Ҳимоячиси “Мемориал” Маркази биргаликда матбуот конференцияси ўтказишди. Унда Хьюман Райтс Вотчнинг Москва офиси раҳбари Аллисон Гилл, Халқаро Эмнистининг Россиядаги ресурс маркази директори Сергей Никитин, “Мемориал”нинг Марказий Осиё программаси раҳбари Виталий Пономарев иштирок этдилар. Ҳозир АҚШда яшаётган Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Лутфулло Шамсуддиновнинг Андижондаги воқеалар гувоҳи сифатида ёзиб олинган видеотасмаси ҳам намойиш қилинди.
Норозилик чиқишлари
Андижондаги қонли воқеалар ва уларнинг қурбонларини хотирлаб, шу билан бир вақтда, Ўзбекистон режимининг хунрезлигини қораловчи норозилик намойишлар бир қатор мамлакатларда яшаётган ўзбек қочқинлари томонидан уюштирилди. Киев: Асосий норозилик намойиши Украинанинг пойтахтида ўтказилди. 12 май куни Ўзбекистоннинг Украинадиаги элчихонаси қаришисидаги пикетга 100 дан ортиқ киши қатнашди. Йиғилганлар Андижондаги Каримов ҳукуматнинг қонхўрлигини қораловчи плакатлар кўтардилар. Ундан ташқари “Каримовсиз Ўзбекистон” сўзлари ёзилан катта плакатлар диққатни тортарди. Пикетчиларни 60-70 кишилик қисми ўзбек қочоқларидан иборат бўлиб, қолганлар украиналиклар, бу ерда яшаётган озорбайжон ва тожиклар эди. Киевдаги пикет ҳар дом бўлгани каби жуда кўп оммавий ахборот воситалари, Украинадаги бир қатор сиёсий ташкилотларнинг вакиллари тарафидан кузатилди. Пикет ташкилотчилари ўз номларидан Украина, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон президентлари, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, БМТнинг Қочоқлар комиссарлигига ёзилган Мурожаатноманинг русча матнини тарқатдилар. Касалходан бир неча соатга рухсат олиб бу ерга келган пикет ташкилотчиси, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Исмоил Дадажон Украина телевидениесига берган интервьюсида “Каримовсиз Ўзбекистон” шиори бутун мухолифатнинг шиорига айланиб бораётгани, Ғарб давлатлари қаторига қўшилиб бораётган янги Украина ўзбек мухолифатини кўллаб қувватлаши ҳам украин халқининг миллий манфаатларига мос эканлигини урғулади. Элчихона ичига беркиниб олган элчи бошчилигидаги унинг хизматчилари пикетчилар олдига чиқишдан қўрқишди, пикетни видеога олиб туришди халос. Стокгольм: Шу куни Швеция парламенти биноси олдида ҳам асосан ўзбекистонлик сиёсий қочоқлардан иборат бўлган таҳминан 30 киши иштирокида Андижон воқеаларининг 1 йиллиги муносабати билан пикет ўтказилди. Ўзбекистон бу мамлакатда элчихонага эга бўлмагани учун норозилик чиқиши маҳаллий парламент биноси олдида бўлди. Қўлларида Андижондаги Ўзбекистон ҳукуматининг қонхўрлигини қораловчи плакатлар ушлаб турган пикетчилар Швеция давлатини ўша қонли воқеаларни текшириш бўйича халқаро комиссия тузиш масаласида кескинроқ қадамлар қилишга, ЕХҲТ аъзоси сифатида Каримов ҳукуматини демократия тараф юришга талаб қилишга чақиришди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкцияларини кучайтириш, Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг озод этиш борасида ҳам Швеция ҳукуматидан жадалроқ қадамлар қилиш талаб қилинди. Сўнгра ўзбек қочқинлари Швеция ташқи ишлар вазирлиги олдида айни мавзу ва талаблар билан пикетни давом эттирдилар. Пикетчилар олдига чиққан шу министрликнинг вазир ўринбосари улар билан гаплашиб, уларнинг талабларнини ўрганди. “Бирлик” партияси раисининг ўринбосари Пўлатжон Охунов yнга пикетчиларнинг истакларини ўз ичига олувчи петицияни топширди. Кейин, аввалдан тайёрланган жойда Андижон қурбонлари хотирасига бағишлаб, диний удумларга асосланган тадбир ҳам ўтқазилди. Брюссель: Европа Иттифоқининг расмий идоралари жойлашгани сабабли Европанинг пойтахти деб ном олган Брюсселда бир гуруҳ ўзбекистонликлар тарафидан Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан, Андижон қурбонларини хотиралаш ва Ўзбекстондаги диктатуранинг қилмишларига норозилик билдириш пикети ҳам 12 июнда ўтказилди. Тахминан 15 киши қатнашган манифестация қатнашчилари “Биз Андижонни унутмаймиз”, “Диктатурасиз Ўзбекистон” каби сўзлар ёзилган плакатларни кўтардилар. Уларнинг ичида Эрк” партияси фракцияларидан бирининг раҳбари Салой Мадаминов, Андижон воқеаларининг гувоҳи, бу воқеаларни “про-демократик кучларнинг исёни” деб таърифлаши билан латифалар қаҳрамонига айланаётган журналист Галима Бухарбоева ҳам бор эди. Бу ҳақда хабар “Ўзбекистонда демократия ва майда миллатларнинг ҳуқуқлари учун” ташкилотининг freeuzbekistan.com сайтида берилган. Минг афсуски, бугун Киев ва Стокгольда бўлган тадбирлардан фарқли ўлароқ, Брюсселдаги давра суҳбати ва пикет на сиёсатчиларнинг на оммавий ахборот воситаларининг диққатини ўзига тортмаган. Бу нарса тадбир ташкилоотчиларнинг тажрибасизлиги билан тушунтириш мумкин. Москва: 13 май куни Россия пойтахтида яшаётган ўзбек қочоқлари Ўзбекистонинг бу ердаги элчихонаси олидида Андижонда ҳукуматнинг бир йил аввалги қонхўрлини қоралаш мақсадида пикетга чиқдилар. “Ҳаракат”нинг Россиядаги вакили Баҳром Ҳамроевдан олинган маълумотга кўра, 15 киши иштирок этган норозилик намойишида “Ислом Каримов - убийца” (“Ислом Каримов - қотил”) сўзлари ёзилган плакатлар бор эди. Пикетчилар Андижон воқеалари бўйича халқаро комиссия тузиш, Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларни дарҳол озод этиш, мамлакатда демократик ўзгаришлар бошлаш ҳақида ҳам талабларни олға сурдилар. Элчихона атрофи жуда кўп милиция нарядлари билан ўраб олинганди. Пикет бошланишидан олдин милициянинг расмий вакиллари Баҳром Ҳамроевдан пикет экстремизм акциясига айланмайди, деган маънода тилхат ёздириб олишибди. Бу каби норозилик пикетлари Варшава, Норвегия пойтахти Осло ва Истанбулда ҳам ўтказилди
Андижон қирғини Ўзбекистоннинг ўзида эсланяптими?
Каримов режими, қўлидан келса, Андижон хунрезлигини халқ ёдидан чиқаришни хоҳлайди. Шунинг учун 13 майдаги ҳеч бир ахборот воситаси бу долзарб мавзуни эслатишга журъат қилолмади. Давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан маҳаллий журналистлар таклиф этилган бугунги тадбирлар орасида ҳам Андижон воқеаларига оид, жуда бўлмаганда, “террор“чиларни қораловчи бирор мажлис ёки учрашув режаланмаганди. Лекин “иш“ни Тошкент радиосида Россиядан олиб эшиттириладиган ахборотлар бузди: уларда “Ўзбекистон ҳукумати қўшинлари томонидан Андижон исёни бостирилганининг бир йиллигига бағишлаб бутун дунёда намойишлар ўтказилаётгани“ ҳақида хабарлар берилди. Ўзбекистондаги бундай қатагон шароитида Андижон хунрезлигини эслаб, кўчага намойишга чиқиш хавфли экани ўзбекистонликлар жуда яхши тушунарлидир. Шунга қарамай, 12 май, туш пайтида Тошкентнинг қоқ марказида, 1966 йилги зилзила муносабати билан қурилган “Жасорат“ монументи ёнида ўндан ортиқ хуқуқ ҳимоячиси Андижон қирғинининг 1 йиллигини нишонлаб, пикет ўтказди. Пикетчилар ўзлари билан бу ерга Каримов режимини танқид қилувчи плакатлар олиб келишди, ҳайкал пойига Андижон воқеалари қурбонлари хотираси учун гуллар, ҳалок бўлган норасидаларни эслаш рамзи сифатида ўйинчоқ ва конфетлар қўйишди. Воқеани узоқдан кўрган одам, бу акциянинг Андижондаги ҳукумат хунрезлигини қоралашга, умуман Андижонга алоқаси борлигини тушунмаган бўларди. Шу сабабли ҳам аввалига милиция ва хавфсизлик хизмати одамлари ишга аралашмадилар. Лекин, пикетчилар ўз мақсадларини очиқлайдиган плакатларни очишга ҳаракат қилишлари биланоқ уларнинг ҳужумига учрадилар. Плакатлар тортиб олинди ва йиртиб ташланди, ўйинчоқлар улоқтирилди. Пикет ярим соатча давом этди. Пикет намойишини хорижий журналистлар ва монумент жойлашган Шароф Рашидов кўчасидан ўтиб кетаётганлар кузатишди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону