Журнал Ҳаракат
№1 (58) 2006. Адабиёт олами
(Сулҳида Ёлғиз билан суҳбат) -
Камтарин инсоннинг хокисор беваси
Янглишмасам, 2002 йил бошлари эди. Рауф Парфи билан мўъжазроқ ошхонада тамадди қилиб, сўзлашиб ўтиргандик. Кўринишдан ўттиз ёшлар чамаси, истарали бир аёл келиб, мулойим оҳангда бизга салом берди. Рауф ака иккимиз олдинма-кетин алик қайтардик. Қисқагина ҳол-аҳвол сўрашгач, бўш турган қўшни стол атрофидаги курсига бориб ўтирди. Рауф ака изоҳга зарурат сезди шекилли, менга юзланди:
- Бу аёл оилам бўладилар, Сулҳида исмлари. Касблари санъаткор, лекин шеърлари остига Сулҳида Ёлғиз деб имзо қўядилар.
Кейин мени аёлга танитди Рауф ака...
Орадан ярим йил ўтар-ўтмас, тез-тез кўришганимиз боис Сулҳида хонимнинг санъат ва шеъриятдаги фаолияти ҳақида ҳам анчагина маълумотга эга бўлдим.
* * *
2004 йил ёз фасли эди, Рауф Парфи билан «Даракчи» газетасида бир саҳифалик суҳбатим эълон қилинди. Сўнгра... Сулҳида Ёлғиз билан суҳбатларим чоп этилди...
Мен Рауф Парфи билан неча вақт кўришиб, ҳамсуҳбат бўлган бўлсам, унинг оиласи сифатида фақат Сулҳида хонимни кўрганман. Рауф аканинг хонадонига борганимда ҳам уй бекаси шу аёл - Сулҳида хоним эди.
Рауф Парфи толиқса-да, ҳамфикрларини қўмсаб, «Матбуотчилар кўчаси» томон келаётганида унинг ёнида суянч, ҳамдард бўлиб биргина Аёл - Сулҳида хоним келарди ва яна шу аёл суянч бўлиб бирга кетарди.
Мен ҳамфикрим, беназир суҳбатдошим Рауф Парфи ҳаётининг сўнгги кунлари хизмат сафарида юргандим. Уни соғинганимда... Сулҳида хонимни топиб суҳбатлашаман. Қуйидаги мулоқот ҳам Рауф Парфи Ўзтуркни соғинган чоғларим бўлиб ўтган.
Холис баҳо ҳар кимнинг ўз дунё қарашига ҳавола.
* * *
- Рауф Парфининг Сиз билан ва Сизнинг Рауф ака билан ўтган сўнгги кунларингиз...
- Сўнгги кунлар... Жуда ҳайратли, қўрқинчли қувончли, қайғули ҳамда кутилмаган шодликлари алдамчи кунлар бўлди. Менга сўнгги кунларни эслашнинг ўзи ғалати... Чунки ҳали мен у кишини ёнимда йўқликларига ишонмайман. Йўлларда таъзия билдирган баъзи дўстларга ёлғондан бош ирғайман, уларнинг кўнгли учун нималарнидир валдираб кетавераман. Аслида Рауф Парфи доим мен билан, мени ҳар бир босган изимда ғойибона шивирлаб бораверади. Бир ақлли инсон менга ҳиндлар мақолини айтганди: Ҳар ким ўз кирини ўз уйида ювсин... Ажойиб. Бу деганики ҳар бир оиланинг ўз девори бўлади. Шундан ўтиб ҳар ким бу хонадонга ҳар хил сув сачрата олмайди. Шу қоидага амал қилган ҳолда Мен ҳам ўз оиламни ҳамма икир-чикирларини халққа достон қилишни истамасдим... Аммо суҳбат беихтиёр Рауф Парфи масаласида бораркан баъзи бир оилавий гапларни ҳам ОЧИҚ айтиш керак деб ўйлайман.
2004 йилнинг сентябрь ойидан кейин Рауф Парфи камроқ ҳаракат қиладиган, ҳолсизлана бошладилар. Кўчаларга чиқишни хоҳламай қолдилар. Жисмлари зирқираб оғриб, совқотаётганликларидан шикоят қилардилар, кўп-кўп ухлаб қолардилар. Агар кунларга янглишмаётган бўлсам 2004 йилнинг декабрининг 22 ёки 25 кунларида охирги марта ВВС радиосига иккаламиз бирга бориб келгандик... Шундан кейин қолган кунлар уйдан чиқа олмадилар. Бетобликнинг энг оғир ойлари 2005 йил февраль, март... Кимки Рауф Парфини топиб келган бўлса мана шу икки ойнинг ичида келишган. Фақат шу икки ойнинг ичида. Ҳатто Рауф Парфига энг яқин бўлган қариндошлар ҳам... Бу икки оғиз сўзимдан Устознинг баъзи бир азиз дўстлари мустаснодирлар. Чунки Рауф Парфининг баъзи бир азиз дўстлари унинг қаттиқ бетоб бўлиб ётиб қолганликларини ҳам билмай қолишган...
- Айтишларича, Инсон қазоси яқинлашганини сезар экан... Рауф ака кўпроқ нимани сўрарди Сиздан?..
- Бир куни Рауф Парфини дераза ёнига олиб бордим. Март ойининг бошлари эди. Қучоғимда титраб маълум вақт маъносиз деразадан ташқарига қараб турдилар... Мен қучоқларидан секин чиқдим-да. У кишидан атиги уч-тўрт қадам узоқроққа бориб: «Рауф ака, қани энди ўзингиз юриб кўринг-чи... Озгина ҳаракат қилсангиз қонлар юришиб кетади», дедим. У киши менга қараб маъюс кулиб, яна озгина чиданг... ўзи оз қолди дедилар. Бу сўз бошимга Дунё ағдарилгандай тушди. Бориб қурқшаб қолган қучоққа ўзимни отдим. Ундай деманг, нима озгина? (...) Иккимиз қучоқлашиб, битта-битта босиб бир умрга йўлга сафарга чиққан одамлардай ҳаллослаб устоз ётган тўшакка зўрға етиб келдик... Касалхоналарга боришга бутунлай қарши эдилар. Мен ишхонамга бориб келиш учун кўчага чиқаётганганимда жавдираб илтимос қилардилар: «Менга ҳеч ким керак эмас, илтимос мени ҳеч кимга бетоб деб айтманг. Мени ҳеч ким бу ҳолатда кўришини хоҳламайман!» дердилар... Мен бу вазиятда қандай йўл тутишни билмай қолдим.
... Бир куни Рауф Парфи ётган тўшак ёнига - ерга чўзилиб ётиб олдим-да, устоздан сўрадим: «Рауф ака, мана бу ерда юрак бор, мана бу ерда жигар жойлашган, бу ерда яна бир нарса... Ахир, сизнинг қайси бир жойингиз оғрияпти, менга айтинг, мен билай?..» Устоз бир оғиз сўзда жавоб бердилар: «Ҳа, энди инсон битта-битта узиларканда, а а?!.»
Буни ҳозирча ҲЕЧ КИМГА айтманг!!!
- Мен бунгача Сиз билан матбуот орқали икки бора суҳбат берганман. Ва ўша суҳбатларда Сизнинг шеърий таъбингиз, шоиралик иқтидориниз ҳақида ҳам тўхталган эдик. Энг эътиборлиси, бу суҳбатлар Рауф Парфи ҳаётлик чоғида чоп этилган бўлиб, у Инсон ўз муносабатини айтганди. Ҳозирда эса, билишимча, Сиздаги шоиралик хислати АСОССИЗ шубҳа остига олинаётган экан?..
— Мен, мен деявериш бироз ғалати. Чунки мен шундай бир забардаст дўстни, ғамхўрини, маънавий устозимни, улуғ шоиримни, уйимнинг чироғи, посбони оиламни йўқотдим... Бироз муболаға бўлиб туюлса ҳам шуни айтаман. Бу ҳолатдан кейин шахсан мен учун яшашнинг ўзи фожиа, агар яшай билаётган бўлсам, (мен бўлганим учун эмас!)... Шу аёл учун бу - жасорат!
Мен Рауфжон билан бирга-бирга нафас олардим...
Шеърларимни шубҳа остига олингани эса ўринсиз таънадир, маломатдир... Тўғри устозимнинг муборак қўллари баъзи шеърларим сатрига теккан у шеърлар устоз ҳаётлигида матбуот юзини кўрган, шеърларим чиққанида худди болаларча шодланиб мени қучиб табриклаганлар. Бу дегани, бутунлай кўчириб олиш деганимас... Мен Рауфжоним билан шахсан таниш бўлмаган йилларда ҳам бир неча бор матбуотларда шеърларим мунтазам чиқиб келган шахсан бу масала билан «Қизиқувчилар» - учун бир нечта газеталарни санаб ўтаман. «Фар-она ҳақиқати» газетаси 1994 йил 29 апрель сонида «...Аёл» шеъри «Ўзбекистон овози» газетаси 1995 йил 7 март сонида «Туш» шеъри 1989 йиллар Каттақўрғон «Зарафшон» газетасида «Дўстлар» шеъри. Умуман айтганда, инсонни хўрлашнинг йўллари кўп экан. Бу хунук машмашаларни чиқараётган «дўст»ларнинг кўнгиллари хотиржам бўлсин... Устозимнинг барча 2003-2004 йилгача бўлган охирги шеърларининг рўйхати баъзи дўстларнинг қўлларида сақланмоқда, худога шукр...
- Бир таъкид бор: «Комил инсон - барҳаёт!» Боқийликнинг бир жиҳати ИЖОДдан иборат. Рауф Парфининг қоғозда қолган қўлёзмалари тақдирини, менимча, қандайдир ижодий гуруҳ ё уюшма ҳал этишга ҳақли эмас. Чунки Рауф Парфи - туркий улуснинг ШОИРИ...
— Тўғри, Рауф Парфи ҳақида қайғуришлари яхши, аммо ҳамма ишнинг боши, ўртаси, охири, натижаси борлиги учун бу масалага менинг бепарво бўлишга ҳаққим йўқдир.
У тузилган гуруҳда Шоирнинг бир нечта нуфузли дардкаш дўстлари йиғилгандир. Улар саҳна юзидадир. Аммо мен парда яъни саҳна ортида қандай юзи яримта одамлар яширин эканини билмайман... Рауф Парфининг ўша гуруҳдаги баъзи дўстларига ҳар қанча ишонса бўлади. Менинг улардан ҳеч қандай талабим йўқ, аммо илтимосим борлиги учунгина Устознинг ҳали чиқмаган қўлёзмаларини уларга олдинига беришни истамадим... Мени нега деган савол қийнайди. Нега? Шоир тириклигида шундай шиддат билан шу масалага ёшдошмадик! Нега?
Нега? Шоирнинг кўзлари тириклигида бу дўстлар қаерда, қайси вазифада, қандай юмуш билан банд эдилар? Энди келиб кимдир Раис, кимдир котиб... ҳайратли ва бир вақтнинг ўзида ачинарли кулгилийдир. Албатта мен учун...
Хўп майли шундай дейлик ҳам. Чоршам Рўзиевнинг хонадонига қўлёзмалар - Рауф Парфининг қўлёзмаларини кўтариб борган одамлар шунча йиллардан бери қаерда эдилар? Мен уларнинг афт-ангорларини кўргим келади... Бир улуғ зотнинг чала қолган ёки иложсиз қолдирилган иши унинг қўлида бўлса-ю, йиллаб сақласа... Шоир вафотидан кейин қўлтиғлаб олиб борса... Бу ҳолатнинг юзини тополмадим. Агар рассом бўлганимда ҳам чизишга жирканаман...
- Ёдингизда бўлса, бир вақтлар суҳбатимиз орасида: «Рауф Парфи тирик ҳолда Сизга керак, лекин уни таниган-билганларнинг аксариятига Рауф Парфи деган ХОТИРА зарур...
Умри узоқ бўлсин, лекин Ажал - ҲАҚ! Ўша ҳақ кунда жонсиз вужудни қучиб, шунча йил яшаган хонадонингиздан БУЮК ИНСОНни қабристонга кузатиш Сизга насиб қилмаслиги аниқ!» деган эдим. Сабаби, Рауф Парфи - БУЮК! Бизда буни кўпинча, унинг вафотига яқин англаб, ўлимидан кейин овоза қиладилар. Ва бунинг ҳам ўзига яраша ўта жирканч сабаблари бор...
- Буни англадим... Бир ривоятда, бир гўдакни икки аёл бу менинг болам, йўқ бу меники деб иккаласи икки томонга тортганларида Шоҳ қандай ҳукм чиқарганини билсангиз керак...
Рауф Парфининг вафоти борасидаги масалаларда ўша ўз боласига бегона бўлиб қолган аёлнинг тақдири меникидир... Рауфжонимнинг вафотидан 3 соатгина олдин уни бошқа хонадонга муборак вужудларини сирқиратиб олиб бордим ва сўнгги нафасигача бошларида бўлдим...
... Умримнинг қоқ ўртасида бундай даҳшатли, тушуниб бўлмас тортишувларга дуч келаман, деб сира ўйламагандим. Ажабмас, ердаги шоҳлар... Яна бир одилона ҳукм қилсалар...
- Сулҳидахоним! Ушбу суҳбат матни тайёрланаётган кунларда Рауф Парфининг янги чоп этилган тўплами қўлимизга тегди. Бу китоб Рауф ака вафотидан кейин нашр қилинган БИРИНЧИ тўпламдир. «СЎНГГИ ВИДО» деб номланган ва 2006 йил қиш фасли охирида чоп этилган мазкур тўпламда Сизнинг меҳнат ва ҳаракатларингиз биттагина жумлада аниқ таъкидланган. Лекин... мени маъзур тутинг, негадир... ўша жумлада «РАФИҚАСИ» деган сўз тушуриб қолдирилган. Сабаб?..
- Бу мулоҳазани яна бир неча чин дўстлардан ҳам эшитдим. Сиз шу тўпламнинг қўлёзмасини устоз тириклик пайтларида кўргансиз. Қўлёзма қандай номланганлигини ҳам, унинг илк саҳифасига Рауф ака ўз қўли билан тўплам менга бағишланганлиги ҳақида ёзиб қўйганлигини ҳам, яна менинг шеърий сатрларимдан тўрт мисра киритганлигини ҳам биласиз. Лекин... агар тўплам Рауф ака тириклик чоғида чоп этилганида эди, устоз бағишлови ҳам, менинг тўрт мисрам ҳам китоб саҳифасига ярашарди. Бу кун бошқаларни билмадиму, лекин мен Рауф Парфига нисбатан ўз ҳақ-ҳуқуқимни эмас, балки устознинг УЛУҒВОР хотирасини биринчи ўринга қўйишим кераклигини ҳам қарз, ҳам фарз ҳисоблайман. Зеро, Рауф Парфидек зотнинг УЛУҒВОР ХОТИРИ соясида на менинг, на бошқаларнинг устозга нисбатан яқинлик даражаси хира кўзгудек бир нарса. Демоқчиманки, биз Рауф Парфини талашишимиз эмас, балки ХАЛҚҚА беришимиз, англатишимиз шарт!
Мен шу мантиққа амал қилганман ва шу фикримда қоламан!!!
Дилмурод САЙЙИД суҳбатлашди
* * *
Сулҳида Парпиева (Сулҳида Ёлғиз) 1968 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани Таварон қишлоғида зиёли ўқитувчи оиласида таваллуд топган. Шоиранинг «Ҳайронқуш» номли шеърий тўплами нашрга топширилган.
Ҳозир Йўлдош Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрида актриса бўлиб ишлайди. Икки фарзанднинг онаси…
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Анвар Усманов
"Бирлик" фаоли, журналист. Ҳозир Германияда яшайди.
Добавить сведения