Журнал Ҳаракат
№6 (57) 2005. Ўзбекча ошкоралик
Дилмурод Саййид -
Айтдим! Ўлдирмадилар... Лекин...
Таҳририятдан: Азиз ўқувчи, ҳукмингизга ҳавола этаётган мазкур лавҳа муаллифи Дилмурод Саййид ўзбек матбуотида ўзига хос шовқин кўтарган, шу пайтга қадар давом этиб келаётган сукунатни имкон қадар бузишга интилган қаламкашдир. Унинг ёзувларида ўзига хос самимийлик, соддалик бор. Лекин бир нарсани тан олиш керак-ки, у ўзи айтганидек, фақат рост сўзни айтишга интилади. Унинг эътиқоди, қарашлари ўзининг соясидан ҳадиксираётган ҳар бир ўзбек журналистига ибрат бўлгули.
Димурод Саййиднинг лавҳасига сабаб бўлган воқеаларни билмаган ўқувчиларимиз учун «Ҳаракат» ахборот агентлигининг қуйидаги хабари билан танишиш фойдали бўлса керак:
1 декабрь 2005 йил: Конституциясидаги «сўз эркинлиги»га алданган бир газета тақдири
Ўзбекистонда ҳар хафтанинг пайшанба кунлари ўзини «ижтимоий-сиёсий, оммабоп» деб атовчи «Аdvokat-press» газетаси чиқади. Тўғрироги, чиқарди. Чунки бугун, 1 декабрда чиқиши керак бўлган сони чиқмади. Бундан буён чиқмаса ҳам керак. Нега?
Эркпарварликка мойилроқ бўлган мазкур газетанинг ўтган пайшанбадаги «№ 46 (64), 24-30 ноябрь» деб белгиланган сони газета дўконларидан сотилар-сотилмас йиҳиштириб олинди. Бунга журналист Дилмурод Сайиднинг шу сонда босилган ижтимоий муаммолар тўғрисидаги «Йўқ» ҳақида бадиҳа» сарлавҳали икки саҳифалик бошмақоласи баҳона бўлди.
Келинг, «Мулоҳаза учун мавзу» рукни остида берилган ўша мақоладаги «қалтис» гапларнинг айримлари билан танишайлик.
Ўзбекистон давлат раҳбарининг кўчаларда шиорларга айлантирилган «Ўзбекистон - келажаги буюк давлат» деган иборасини назарда тутаркан, муаллиф ёзади: «...Дарҳақиқат, келажак буюк. Аммо ўша буюк онлар қачон КЕЛАЖАК? Худо билади. Умуман қиз-жувони МАРДИКОРга чиққан, гўдаклари она сутига тўймай қолаётган, таълим ва тарбия муассасаларида ТАЛАБА ҳамда ТАРБИЯЛАНУВЧИдан ҳеч бир самарасиз пул талаб қилинадиган мамлакатда буюкликка томон силжиш бўлиши мумкинми? Худо билади...».
«Буюк келажакни соғлом авлод ва соғлом миллат қура олади». Бу ҳам - Ўзбекистон президентининг афористик ибораси. «Бироқ соғлом авлод осмондан тушмайди-ку, - дея, ўз эътирозли фикрини баён қилади муаллиф. - Одам боласи соғлом бўлиши учун энг аввало кундалик эҳтиёжи тўлиқ таъминланган бўлиши шарт. Мамлакат аҳолисининг 70 фоизи қашшоқлиқ ва ночорликда кун кечираётган, оддий фуқаронинг каттагина қисми ишсиз, ишловчиларнинг аксарияти эса ойлик маошини асосан коммунал тўловлар - электр, газ, сув ва хоказоларга сарф этаётган бугунги кунда кундалик эҳтиёж таъминоти тўғрисида қандай гап бўлиши мумкин?».
Ўзбекистондаги аҳволни шу йўсинда ҳаққоний таърифлашни давом этган Бошмақоладан чиқадиган хулоса шуки, «...ўз фуқароси ҳақ-ҳуқуқини амалда ҳимоялай олмайдиган раҳбарият буюк келажак хақида гапиришга хақли эмас...».
Мақола шеър билан хотималанган:
Баланд-баланд иморатлар салобатин қиёси йўқ,
Бири банку бири кафе, бири маркет, адоси йўқ.
Ижарагир шароити тор хонадан иборат-ку,
Лек уларга уй қурмоқа ҳукуматнинг ақчоси йўқ.
Бой давлатнинг ҳокими бой, қозиси тўқ, суллоҳи тинч,
Ким халқининг қанчаси оч, бир охорли либоси йўқ.
Баландпарвоз ваъадалару ваъдабознинг маддоҳи мўл,
Қарори кўп, фармони кўп, ижрочи кўп, ижроси йўқ.
* * * * *
Қуйида «Аdvokat-press» газетасидаги мақоласидан кейин юз берган воқеаларни англатувчи Дилмурод Саййиднинг лавҳаси билан танишасиз.
I
«Ҳаммасини кўриб жим турсанг, юрак,
Ҳаммасига чидаб, айлансанг тошга,
Нима тошсин, ахир, дарёдан бўлак?!
Нима қимирласин шу ердан бошқа?!»
Истаймизми ёки йўқми, барибир тан олиш керак: 2005 йил 24 ноябр куни «ADVOKAT-PRESS»нинг 46-сони газета дўконларидан йиғиб олинган! Айнан шу номақбул ҳаракат нафақат мухлисларнинг, балки «Озодлик», «Америка овози», «Би-би-си» каби хорижий ОАВ вакилларининг ҳам эътиборини тортган. Интернет сайт (тармоқ)ларидан «ADVOKAT-PRESS» 46-сонидаги 2—3-саҳифалари яхлитича жой олиб, бу саҳифаларда чоп этилган «ЙЎҚ» ҳақида бадиҳа» мақоласининг рус, инглиз тилларидаги таржималари ҳам тарқалган. Боз устига газетанинг мухлислар қўлига етиб борган қисми ксеронусхалар қилиниб, ўн, юз маротаба кўпайтирилиб тарқатилган.
Муаллиф сифатида мен АҚШ, Швейцария элчихоналарига таклиф қилиндим. Бу ҳол менга жаҳон жамоатчилиги ўртасида «ADVOKAT-PRESS» тўғрисида анча кенг ва батафсил маълумот бериш имконини яратди. Ва мен «ADVOKAT-PRESS» газетаси жуда кам — 1800 нусхада чоп этилса-да, ҳатто қарийб 200 минг нусхада чиқадиган рангдор нашрлар кўтара олмайдиган мавзуларда мақолалар деярли ҳар сонда берилишини алоҳида таъкидладим. Таъкидим қуруқ бўлмаслиги учун «ADVOKAT-PRESS»да ўз имзоим билан берилган «Охири кўринмаётган жазо ёки ўн бир йилдан бери қамоқ ичида қамалаётган йигит қисмати», «Ваколат кучлими ёки қонун?», «Ҳужжатлар тилга кирганда», «Эгри қозиққа тўғри тўқмоқ», «Собиқ подполковникнинг изтироблари», «Ижроси йўқ қонун — таназзул асоси!» каби ўнга яқин (ҳуқуқий мавзудаги) мақолаларимни АҚШ, Швейцария элчихонларидаги ваколатли шахсларга топширдим. Улар ҳам ўз навбатида мақолаларда эътироф этилган ҳолат ва жиҳатларни холис ўрганиб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича тегишли дунё ташкилотларига ҳавола қилишни ўз зиммаларига олдилар.
Шунингдек, «Фридум Хауз» («Озодлик уйи») ташкилоти раҳбарларидан жаноб Ж.Петрович ва Бранко хоним билан ҳам учрашдим.
Франциядаги «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ўз йиғинида менга нисбатан ижобий муносабат билдириб, Зебунисо хоним томонидан алоҳида мақола ёритилиши ҳам, ўзбекистон Демократик Ёшлари «Довюрак» ташкилотининг менга нисбатан хайрихоҳлиги ва «Центральная Азия» (Франция) журнали билан ҳамкорликда мақолам рус тилига тўлиқ таржима қилиниши менга беқиёс мадад бўлди.
Мақола чоп этилгач, бир қатор саволларга жавоб топдим. Яъни:
1. Оддий одамлар ТЎҒРИ СЎЗни соғинганликларини ва айнан МАТБУОТда чоп этилишини кутганликларини.
2. Нафақат хорижий ОАВ вакиллари, балки ўзбекистондаги аксарият журналистларнинг ўзлари ҳам ОДДИЙ ФУҚАРО турмуш тарзи билан боғлиқ БУГУНГИ МУАММОларни матбуотга олиб чиқиш мумкинлигига деярли ишонмасликларини.
3. Қуйи ва ўрта бўғиндаги айрим раҳбар ва мутасаддиларнинг нақадар жирканч ҳамда калтафаҳмликларини яна бир карра тўлиқ ва аниқ англаб етдим.
Шунинг баробарида «ADVOKAT-PRESS»нинг қанча дўсти ва қанча душмани борлигини, улар кимлар эканлигини аниқ кўрдим. Чунончи, «ADVOKAT-PRESS» газетаси газета дўконларидан йиғиб олингач, айрим мансабдорлар таҳририят фаолиятини буткул тўхтатиш учун очиқ ҳаракат бошладилар.
Газета ва менга қарши тўлиқ асослантирилмаган даъвони кўраётган ФИБ Тошкент шаҳар суди апелляция босқичи суд муҳокамасини асоссиз тўхтатиб, бизнинг зараримизга сиртдан (!?) Ажрим чиқарди.
Қашқадарёлик масъуллар эса, «ADVOKAT-PRESS»га 2006 йил учун обунани кесдилар. Сурхондарё вилояти прокуратураси бизнинг назоратимизда бўлган «Қумқўрғоннинг «катта»лари» мақолас6идаги аниқ далилларни хаспўшлаб ёпилишига панжа орасидан қаради. Лекин бу жанобларга «Арслоннинг ўлиги — сичқоннинг тириги» деган нақлни алоҳида эслатиб қўямиз.
Ҳали қиладиган эзгу ишларимиз жуда кўп, Аллоҳ умр берса, режалар улкан!
«ADVOKAT-PRESS» номли қутлуғ минбардан туриб, мен оддий фуқаро кутган ТЎҒРИ СЎЗни айтдим, мени ЎЛДИРМАДИЛАР!
Сиз ҳам, эй азиз ҳамкасбим, ўз минбарингиз бўлган нашрдан, телекўрсатув ва радиотўлқиндан баралла айтинг БУГУННИНГ муаммосини ҳамда муаммолар ечимини, Сизни ҳам ЎЛДИРМАСЛАР балки...
Зеро, шоир таъкидлаганидек:
«Ўлдириб бўлмайди, ўлдириб бўлмас
Сиғиниб ўтирган одамни, ахир!»
II
Мен юқорида жуда қисқа ва умумий мулоҳазалар баёни билан чекландим. Бироқ айрим жиҳатлар мавжудки, улар хусусида бирмунча кенгроқ тўхталиб, изоҳ билдириш зарур.
Баъзи дўстларимиз «ЙЎҚ» ҳақида бадиҳа» номли камтарона мақоланинг эълон қилинишини ўзига хос қаҳрамонлик, деб баҳолади. Мен эса, бу фикрга мутлақо қўшилишмадим. Ва бу ҳолни заводдаги ишчи бир кунда бажариши керак бўлган иш коэффициентига тенглаштирдим. Зеро, мен ҳам ОАВ деб номланувчи маънавий корхонанинг бир ишчисиман ва бажаришим керак бўлган ишни адо этдим, холос!
Газета йиғиб олингач, аввалига ҳақиқатан ҳам унинг фаолиятини тўхтатишга уриндилар. Лекин ПРЕЗИДЕНТ ДЕВОНИ ва ҲУКУМАТ миқёсида бу «операция»га у қадар хайрихоҳлик бўлмади шекилли, «ADVOKAT-PRESS»нинг муассисларидан бири бўлган Ўзбекистон Адвокатлар Ассосацияси раиси ва «Адвокат» илмий журнали бош муҳаррири, юридик фанлар доктори Баҳром Саломов бошчилигида янгича «ўйин» бошланди Яъни:
1. «ADVOKAT-PRESS» газетаси бош муҳаррири Р.Ғофуровни вазифасидан четлатиш.
2. Газетани қайта рўйхатдан ўтказиш.
3. Чоп этиладиган мақолаларни олдиндан назоратга олиш (норасмий цензура!)
Газетанинг тўрт муассисидан иккитаси — Адвокатлар Ассосацияси (Б.Саломов) ва Тошкент шаҳар Адвокатлар ҳайъати (С.Якубов) Бош муҳаррирни вазифасидан четлатиш масаласини ёқлаб овоз бердилар. Гарчи овозлар сони тенг (2=2) бўлса-да, улушга эгалик фоизи бўйича бош муҳаррир ўз ўрнида қолди. Бироқ газета қайта рўйхатдан ўтиши масаласи истисносиз (учга бир овоз билан!) қабул қилинди.
Айнан шу жиҳат шундоқ ҳам иқтисодий танг аҳволдаги «ADVOKAT-PRESS»ни янада ночорлаштириб қўйди. Сабаби, муассислар номи улуғ, аммо моддий қўллаб-қувватлашда ҚОРИ ИШКАМБАга дарс беришарди! Таҳририят фаолияти билан боғлиқ барча харажатларни асосан ижодий жамоа ҳал этишга мажбур эди. Буни яхши билган Б.Саломов «Камбағални урма-сўкма, кийимини йирт!» мақолига амал қилишни маъқул кўрди. Унинг услуби Тошкент шаҳар Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, «Тошкент оқшоми» — «Вечерний Ташкент» газеталари бош муҳаррири А.Акромовга ҳам хуш келган чоғи, газетани қайта рўйхатдан ўтказишни янада чўзиш учун 2005 йил 13 декабрда берилган «Қайта рўйхатга олиш ҳақида»ги расмий мурожаатга 2006 йил 12 январ куни қуйидаги ҒАЛИЗ жавобни йўллади:
«Тошкент шаҳар Матбуот ва ахборот бошқармаси сизнинг «ADVOKAT-PRESS» ва «ADVOKAT-PLUS» газеталари бирлашган таҳририятини қайта рўйхатга олиш тўғрисидаги аризангизни Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 418-сонли Қарори асосида ўрганиб чиқди.
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси («Оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш») ва 13-моддаси («Оммавий ахборот воситалари рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза»)га мувофиқ ариза таҳририятни эмас, балки Оммавий ахборот воситасини рўйхатга ёки қайта рўйхатга олиш ҳақида ёзилиши керак. Аризада бу аниқ кўрсатилмаган. Шунинг учун ҳам аризангиз эксперт комиссияси томонидан рад этилганини маълум қиламиз.
Бошқарма бошлиғи - А.АКРОМОВ»
«ОАВ тўғрисида»ги Қонунни тушунган одам айнан шу жавобнинг ўзи 13-модда талабига зид эканлигини билиб олиши қийин эмас!
Мазкур жавоб хати муассислар томонидан шошилинч кўриб чиқилиб, муносабат билдирилиши шарт эди. Лекин жаноб Б.Саломов шошилмади... Энг ачинарлиси, Ўзбекистон Адвокатлар Ассосацияси ва бошқаруви ўз нашри «ADVOKAT-PRESS»га нисбатан бўлаётган ноҳақликларни кўра-била туриб, ҳимоя қила олмади. Нафақат ҳимоя қила олмади, балки ўша ноҳақликлар давомий бўлишига хайрихоҳлик қилди. Бундай Ассосацияга аъзо бўлган АДВОКАТлар суд жараёнида ИНСОН тақдирини қандай ҳимоялай олиши мумкин?
«ADVOKAT-PRESS» газетаси бош муҳаррири ҳам, ижодий жамоа ҳам оҚир аҳволда қолди. Чунки биз обрўсини кўтарган АДВОКАТлар Ассосацияси, Тошкент шаҳри, Самарқанд вилояти ҳайъат раҳбарлари бизга қарши туриб олдилар. Ҳатто Самарқанд вилояти ҳайъат раиси бизни қоралаб Президент Девонига, МХХга хат йўллаганлигини очиқ гапирди.
Шуларнинг таъсири билан, албатта, шахсан менга нисбатан таҳдид ва тазйиқлар кучайди. Ҳали-ҳануз таҳдидлар тўхтамаган. Уйим олдида давлат рақамсиз машиналар пайдо бўлди. Уй телефонимни эшитишаётганлиги ҳам сир бўлмай қолди. Бу «ўйин»га «Тез ёрдам» шифокори, ИИБ профилактика ва ЖҚБ ходимлари ҳам жалб этилди. Лекин мен фақат ХУДОдан қўрқаман, бандасидан қўрққанимда ЖУРНАЛИСТлик соҳасига кирмаган бўлардим!
Тан олиш керак, «ADVOKAT-PRESS»нинг ҳозирда иқтисодий аҳволи анча ночор. Нари борса, яна бир ойга етиши мумкин!
Тўғри, бизни моддий қўллаб-қувватлашни истаб, таклиф билдираётганлар бор, лекин... ҳисоб рақамимизга маблағ тушурган ташкилот албатта тазйиққа учраши аниқ!
Хорижий грантни эса, мутлақо олиб бўлмайди. Сабаби, ҳукуматга қарашли бўлган «МАҚСАД КОМИССИЯСИ» бизга бир цент ҳам бермаслиги тентакка ҳам аён!
III
Мени ташвишга солаётган бошқа бир жиҳат бор. Яъни, агар «ADVOKAT-PRESS» таҳририяти таркиби ўзгартирилса, ижтимоий йўналишдаги бошқа нашрлардан фарқи қолмаслиги аниқ! Шу баробарида бироз дадилликка қўл урмоқчи бўлиб турган нашрлар раҳбарияти учун эса, салбий намуна бўлади.
Менинг таҳлилий мақолаларим бошқа нашрларда берилмайди. «ADVOKAT-PRESS» ижодий таркиби ўзгарса, менинг ҳам фаолиятим сўзсиз тўхтатилади. Бу эса, ўз ўрнида, ижтимоий муаммолар мавзусида таҳлилий мақолалар ёзиш иштиёқида бўлган ёш журналистлар кайфиятига, интилишига салбий таъсир қилишига шубҳа йўқ!
«ADVOKAT-PRESS» ҳозирги таркибда қолиб, рўйхатдан ўтса, бизнинг ҳамфикрлар сафи кенгайишига ишонаман. Бунинг учун маълум вақт собит туришимиз шарт. Бу собитлик эса, биргина маънавий фидойиликдан иборат бўла олмайди. Фидойилик билан бирга МОДДИЙ таянч ҳам талаб этади. Ва моддий таянчсиз ҳар қандай уринишларимиз зое кетиши мумкин! Яна Худо билади...
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Ислом Каримов
Ўзбекистон Коммунистик партиясининг собиқ раҳбари, Ўзбекистоннинг жорийдаги Президенти
Добавить сведения