Журнал Ҳаракат №5 (56) 2005. Биз яшаятган жамият
Алимардон Аннаев - «Ўлма эшшагим, арпа ейсан»
«Ўзбекистон – келажаги буюк давлат». Бу шиор кейинги пайтларда бот-бот такрорланяпти. Катта-катта йиғинлару обрўли минбарлардан маърузалар ҳам қилинмоқда. Юрт оталарининг кўпчилиги машваратларда аччиқ-чучук гурунглар ҳам бераяпти. Аслида бу айтилаётган гап-сўзлар кўпдан-да бизга таниш, эшитавериб қулоқларимиз чарчаган бўлишига ҳам қарамай ҳали ҳам тинглаб юрибмиз. Биздан тобора узоқлашиб бораётган буюк келажакнинг шуъласида тобланиб яшаяпмиз. Ён-веримиздаги қўшнилар бугун яхши яшаётган бир пайтда, ҳали ҳам «биз келажакда яхши яшаймиз», «биз яхши яшамасак набираларимиз яхши яшашга мажбур», деб ўзимизни ўзимиз алдаб келаяпмиз. Бизнинг бугунги ҳолатимиз, бир замонлар собиқ Иттифоқ компартиясининг биринчи котиби Никита Хрушчёвнинг «СССР халқи 80-йилларда коммунизмда яшайди» деган бемаъни башоратини эслатади. Зотан, ўтган йиллар ичида кашф этилган сон-саноқсиз шиорлар, чақириқлар, ундовлар ва ҳоказолардан халқ безиб қолгани рост. Қабул қилинган юзлаб қонунлардан халқ, ўзбек жамияти наф кўраётгани сезилмаяпти. Телевизорнинг қулоғини қайси томонга бураманг, таниш башара (бошқа ўхшатиш тополмадим) кўзингизга тик қараб алдай бошлайди. У (жойига қараб – «Халқ шоири», «Ўзбекистон қаҳрамони», «Академик», деб ўқилсин) ҳар гал тўтиқушдек ислоҳотларнинг чуқурлашаётгани, қонунларнинг устуворлиги, амалга оширилаётган хайрли ишлар, қурилаётган кўприклар, бунёд этилаётган иморату-саройлар ва қўйингчи, халқнинг қанчалик тўқ ва фаровон яшаётганидан сўйлайди. Мабодо бугун ҳам уйга бир килогина гўшт олиб бормасангиз, икки ҳафтадан бери ичаётган ёвғонга қарасангиз кўнглингиз айниши турган гаплиги, эрталаб ишга бориш учун автобус пулини “эконом” қилиш учун шаҳарнинг нариги бурчига пиёда йўл солишга мажбурлигингиз, тунов куни уйланган қўшни йигитча чилласи чиқмаган келинчакни уйда ёлғиз қолдириб Россияга иш излаб кетгани, қўшнингизнинг хотини эмизикли боласини кампир онасига ташлаб, «мол олиб келаман» деб Қозоғистонми, Қирғизистон сари йўл олгани, ҳамкасбингиз қишлоқдаги етмиш ёшли онасини ҳам бригадир пахтага мажбур қилиб олиб чиққанидан ҳасрат қилгани, синглингиз бола-чақаси билан минг азоб билан боқиб берган пилласига ҳалигача пул олмагани, Чернобилда нур олиб қайтган тоғангиз пенсияси дорига етмаганидан ҳасрат қилмаганида, қишлоғингиз мактаби ўқитувчилари уч ойдан бери маош олмаганлари тўғрисида хат ёзмаганида, қўйингчи, ҳар куни юрагингизни эзғилаб-эзғилаб келаётган муаммолар бўлмаганида, унинг сўзларига ишонган ҳам бўлардингиз. Аммо хиёл ўтмай фикру-шуурингизни гипноз янглиғ чўлғамоқчи бўлган телевизордаги башаранинг лоф-қофлари фақатгина унинг кабилар оғзидан чиқгич навбатчи сўзлар холослиги сизни сергак торттиради. Мудроқ кўзингизни каттароқ очиб, атрофга теранроқ қаранг: ана-мана деб ёшингиз қирққа яқинлашиб қолибди-ю, шу ёшингизда ҳам томи қийшиқ бўлсаям кулбаи вайронангиз йўқ, бировнинг уйида ижарада турасиз, қалам тебратиб топадиган пулингиз рўзғорингизни амал-тақал қилиб тебратишга ҳам етмайди... Аллакимлардек дам олиш ёки хотинингиз билан театрларга бориш сиз учун тушдек гап. Аслида, мен қаламга олган бу муаммолар ҳозир ўзбек жамияти учун янгилик эмас. Ва айтилган дарду-ҳасратлар билан унча-мунча кишини ҳайрон қилиб бўлмайди. Негаки, аксарият бир жойда ишлайдиган фуқаронинг бошқа тирикчилик манбаи бўлмганидан ёки имконияти (Пули, таниш-билиши, «орқаси») етмаганидан шу ерда ишлашга мажбурлиги аниқ ҳақиқат. Йилма-йил, чоракма-чорак қабул қилинаётган том-том дастурлар, иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий ҳимоя қилиш хусусидаги ёстиқ жилддек режалар, ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи хусусидаги қарорлар нега амалга ошмаётгани, бунга кимлар халал бераётгани наҳотки ҳеч кимни ўйлантирмаётган бўлса, деган мавҳум саволга жавоб излаб қийналишингиз ҳам айни ҳақиқат. Бирон иш бошлай десангиз, чўнтагингиз тешик. Топганингиз бола-чақанинг оғзига егулику, рўзғор ямоғига етмайди. Амаллаб орттирганингизни эса елим пуфакдек тобора шишиб ва ўсиб бораётган коммунал тўловларга қўшқўллаб олиб бориб берасиз. Хизмат кўрсатиш аввалгисидан қарийб ўзгармаган: иссиқ сув қишда ҳафталаб келмай қолса ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ. Чироқ деганлари ўнлаб марта ўчирилиши мумкин. Бунга ҳам бировдан жавоб ололмайсиз. Тошкандаку бир нав. Пойтахтдан тўрт қадам нарига чиқинг. Кўрасиз ҳангомани. Тошкандан бошқа бирон вилоят, туман ёки шаҳарда нечанчи қиш ўтаяптики, бирон марта газ таъминотидаги муаммо тўлиқ ҳал этилган бўлса. Ҳатто совуқ сув ҳам график бўйича бериладиган бўлди. Биронтадан сабабини сўрасанг, нима эмиш: «Вақтида пул йиғилмайди», «Одамлар пул тўламайди» деган важ-корсондан бошқа жавоб эшитмайсиз. Ҳа, бу қуриб кетгур тўлов деганлари чек-чегарасиз ошиб кетаверса, маош ёки пенсия бу занғарнинг кетидан қувиб етолмаса — айб тўловдами, одамлардами ёки мантиқсиз қарорлар, фармонлар ва қонунлар қабул қилаётганлардами? Очиғи бу саволлар назаримда, «Товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухум» нақлига ўхшайди. Арзимаган маош, пенсияни вақтида олмасангизда (уларнинг ошишидан умидлар анча олдин сўнган) тўловларни жаҳон меъёрлари даражасида амалга оширишингиз кераклигига сизнинг ноқис ақлингиз етмаганига ўзингиз ҳам ҳайрон бўласиз. «Ўлма эшагим, арпа ейсан». Ана сизга «ўзбекона иқтисодий мўъжиза», «ўзбекона тараққиёт»!? Дарвоқе, бунга мисоллар анчагина. Масалан, олий ўқув юртларидаги тўловни олинг. Барча соҳалардаги каби жаҳон меъёрлари кампанияси бу тармоққа ҳам етиб келган. Ўқув корпуси сиз-у мен билган ўша бино: қишда исимайди, ёзда совимайди. Ўқитувчилар ҳам қарийб ўзгармаган. «Марксизм-ленинизм» фани ўқитувчиси – «Миллий истиқлол ғояси»дан, «КПСС тарихи» муаллими – «Мустақил Ўзбекистон тарихи»дан, «Илмий коммунизм» фани домласи энди «Маънавият»дан дарс бераяпти. Контракт-шартнома асосида ўқиш учун бир миллионнинг (!!!) тагидаги суммани тўлаш керак. Олдинги йиллар ҳам бир нав экан, деб Сурхондарёлик танишим ўғлининг ҳужжатларини ҳам топширмай қишлоғига қайтганига ўзим гувоҳ. Бунинг устига коллежларга (эски профтехучилише-да) ўқишга кириш фақат пул (аниқроғи, пора) билан экани ҳеч кимга сир эмас. «Юридический» коллеж - етти юз, «Стомотологический» – беш юз, «Педагогический» – уч юз. Яна бир нималарни айтиб дилингизни янаям хуфтон қилиш ниятим йўқ менинг. Хуллас, бугун раҳбарларимизнинг зўр бериб жамиятнинг дардини, мамлакатнинг увадаси чиқиб кетган қишлоқ хўжалиги, иқтисодий, молиявий аҳволини яширишга уринишлари қанақа самара бериши мумкинлиги менга қоронғу. Боя номукаммал қонунлар ҳақида гапиргандек бўлдим. Борлари ҳам фақат оддий фуқаро учун чиқарилгандек... «Катталар» учун Конституция - чикора, инсон ҳуқуқлари – бир пул. Ўзбекистоннинг исталган фуқаросини суюкли пойтахтимиз кўчаларида давлатнинг милиция деган расмий йўлтўсари бўғизиидан олиб тўхтатиши, бечоранинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса бор-будини шилиб олиши ҳеч гап эмас. Конституциявий ҳуқуқингизни талаб қилсангиз олиб бориб қамаб қўйишдан ҳам тойишмайди. Гуноҳингиз нималигини сўрасангиз, албатта норасмий оқимларнинг бирига аъзоликда айблашлари тайин. Улар сизнинг айбдорлигингизни исбот ҳам қилиб ўтиришмайди. Пешонангизга ўзлари тўқиган гумонни ёпиштиришади, сиз эса бегуноҳлигингизни исбот қилиб кўринг. ёнингизда беш-ўн танга (аниқроғи, йиғиб қўйган «кўкидан» бўлса) бўлса бир нав, ҳай-ҳай, агар айтилган суммани тополмасангиз, бўйнингизга «ҳизбутчи» ёки «ваҳҳобий» тамғасини уриб, яқин беш-олти йилга озодлик билан хайр-хўшлаштириб қўйишлари турган гап. Сталин давридагидек инсонларнинг бир-бирлари ортидан кузатишлари бугун жамиятда росмана рағбатлантирилаяпти. Ўзингиз айтинг, маҳаллада милиция нозири бўлса (одатда бир эмас икки-учта), маҳалла посбони деган милициянинг норасмий ходими ишласа, маҳалла фаолларидан яна беш-ўнтаси милицияга алоқадор бўлса, жилла қурса икки-уч минг аҳолилик маҳаллада ўн-ўн икки нафар милиция зобити, хавфсизлик хизмати ходими, биронта ҳарбий ва ҳ.к.лар яшаши (кузатиши деб ўқилсин)ни айтадиган бўлсак, иддаомиз асосли бўлиб чиқмайдими? Ачинарлиси, милициянинг аралашмаган соҳаси қолдими ўзи, деган савол? Мазкур савол нафақат мени, бошқаларни ҳам кўпдан бери қийнаётганига шубҳа йўқ. Милициянинг жамиятдаги ўрнини Пастга урмаган ҳолда айтиш мумкинки, унинг асл вазифалари ва ана шу вазифаларини амалга ошириш учун бажарадиган амаллари бор. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, турли тўс-тўполон олдини олиш каби вазифаларни амалга ошириши керак бўлган милициянинг жамиятдаги ўрни беқиёс. Демак милиция ҳам жамиятнинг бир бўлаги, узвий бир қисми. Аммо, кейинги Пайтларда унга жамиятни бошқариш топшириб қўйилаётгани ҳозир мутлақо сир эмас. Биргина Тошкентнинг ўзида нечта туман ҳокими собиқ милиционер? Бунинг устига яна қанча раҳбарлар ё махсус хизмат мактабини ёки айтганимиз - милиция мактабини ўтаган. Ҳатто, санъату-маданиятга ҳам унинг қўли етиб борди. Пойтахтнинг энг муҳташам санъат кошонаси «Халқлар Дўстлиги» саройининг раҳбари милиционер. Бирон тадбир ўтказмоқчи бўлганлар яна шу милициянинг оёғига бош уриб боради. ßна ана шу милициянинг «Хавфсизликни таъминлаймиз» деб расман тўнашларига нима дейсиз? Аслида шундоғам жамоат хавфсизлигини сақлаш милициянинг тўғридан-тўғри вазифаси эмасми? Очиғи, бу мақоламизда милиция тўғрисида шунча гапни ёзмоқчи эмасмиз. Унинг фаолияти, жамиятдаги ўрни, милиция тизимидаги ноқисликлар хусусида алоҳида мақоламиз ҳам бор. Хонаси келиб қолгани учун икки энлик қоғоз қораладик холос. Бу мақоламизда Ўзбекистондаги бугунги тушунарсиз вазият, амалга ошириш учун қилинаётган пала-партиш уринишлар, тузсиз-намаксиз қарор-у фармонлар ва ана шулар оқибатида халқ турмушининг нечоғлик аянчли ҳолга тушиб бораётгани, жамиятдаги тушкунлик кайфияти, мамлакат фуқароларининг эртанги кундан тобора сўниб бораётган умиди ва бунинг сабаблари хусусида озроқ таҳлилларимизни ўртоқлашдик холос. Албатта, биргина мақолада ўн йиллар орасида қилинган хато-ю камчиликлар, жамият бошқарувидаги чалкашликлар, йилдан-йилга давом этиб, тобора кучайиб бораётган авторитаризм, бениҳоя номукаммал қонунлар ва қонунчилик тизими, нотўғри аграр сиёсат ва мамлакатдаги қашшоқликнинг сабаб ва моҳияти кабилар хусусида тўла-тўкис ёзишга даъвогарлик қилишга ҳам даъвомиз йўқ.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону