Самад Мурод - Парламент сайловларидан президентлик сайловларига
(Сайловлар ҳақида мулоҳазалар ва келажакка бир назар)
2004 йил сўнгида мамлакат парламенти учун сайловлар бўлиб ўтди. Мазкур сайловлар жараёни ва унинг натижасидан манфаатдор томонларни шартли равишда уч тарафга ажратиш мумкин. Булар - халқ, ҳокимият, мухолифат. Жамиятда тутган ўрни ва ўз олдига қўйган мақсадларига кўра, ҳар бир тараф сайловларга ўзига хос муайян мақсад билан кириб келишди. Ҳокимият Мавжуд ҳокимият ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун бу сайловда ҳам консерватив позицияни танлади ва азалий анъаналарга содиқ қолди. Ўтган асрдан бери қўлланиб, такомиллашиб келган “марказлашган демократия” принципларига мос сайловлар ўтказиш тажрибаси икки палатали парламентни сайлаш жараёнига ҳам жузъий қўшимча ва тузатишлар билан муваффақиётли тадбиқ этилди. У дунё жамоатчилигига қуйидаги мақсадларга эришганини тсботлашга ҳаракат қилди: Иқтисодда. Ўзбекистонда ҳукумат томонидан муттасил ўтказилиб турган ислоҳатлар ўзини оқлаб, мураккаб ўтиш даврида ягона режа асосида ташкил этилган халқ хўжалигининг комплекс ривожланишида барқарорликка яратилди; муваффақиёт билан босқичма босқич ўтилаётган тараққиёт жароёни мавжуд иқтисодий муаммоларни бирин-кетин бартараф этилди, ўсишда давом этди. Ҳуқуқда. Кучли ва адолатли ҳукумат тартиб берган фуқоролик ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этувчи тизимнинг ҳалол, фидокорона сайи ҳаракати билан оқилона тартибга солинган жамиятимизда ҳар бир фуқоронинг инсоний, фуқоролик ва сиёсий ҳуқуқлари дахилсизлиги таъминланди; тоборо кучайтирилаётган назорат советлар давридан мерос бўлиб қолган корруцияни таг томири билан қуритиш арафасида турибди. Сиёсатда. Мамлакатда қарор топган ўзаро ишончга асосланган мўътадил сиёсий муҳит ҳануз барқарорлигини, ўзбек халқи барча масалаларда ўз ҳукумати билан якдиллигини, ва халқнинг амалдаги ҳукумат томонидан олиб борилаётган адолатли ички ва ташқи сиёсат натижаси бўлган дориломон ҳаётдан мамнунлигини, энг муҳими “Ўзбекистонда диктатура ҳукумрон, демократик эркинликлар йўқ, сўз, ва матбуот эркинлиги йўқ” деган даъволарнинг асоссизлиги намойиш этилди. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: Нима учун ҳаммаси фақат жаҳон жамоатчилиги учун кўрсатилиши, исбот қилиниши керак. Бунинг сабаби жуда жўн: Ўзбекистонда ҳеч кимни бунга ишонтириб бўлмайди. Тўғри, халқ эътироз билдираётгани ҳам йўқ, чунки эътироз билдиришнинг иложи йўқ. “У азонни кўзага кириб айтмоқда”. Ҳозирги глобал ахборот технологияси шарофати билан ўзбек халқи ҳам жаҳон халқлари қандай иқтисодий тараққиёт босқичида, қандай ҳуқуқий муҳитда ва қайси сиёсий кенгликда ҳаёт кечираётганини кўриб турибди. Сайловлар қандай ўтганлигидан қатъий назар, Ўзбекистон билан қизиқаётган чет эллик тараққийпарвар кучлар ҳам айнан ўша воситалар ёрдамида биздаги мавжуд воқеликни кўриб. билиб турганлигини инобатга олсак, бу зўраки ташвиш-таҳликалар беҳудалиги аён бўлади. Сайловларда ўзбек халқининг иштироки Халқ яшаяпти. У барча иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий ричаглар тўлалигича коррупцион доиралар ихтиёрига ўтиб кетган бир шароитда яшаяпти. Аммо, қандай қилиб, ниманинг ҳисобига? Бу саволнинг жавоби ҳамма учун жумбоққа айланди. Ишсизлик, оммавий қашшоқлик эзиб ташлаган фуқоро зора бир ёруғликка олиб чиқадиган янгилик содир бўлса деган умидда кўтариб чиқилган ҳар бир ислоҳат, ташаббус ёки бошқа бирор бир оммавий компанияга ташналик билан ёндошади. У 2004 йил декабрида бўлиб ўтган парламент сайловлврига ҳам худди шундай бир илинж билан ёндошди. Мавжуд ҳукумат таркибида у ёки бу лавозимни эгаллаб турган мансабдорлар тўсатдан қарама қарши томонга ўтиб республика парламентининг қуйи палатиаси ёки сенатдаги жуда мафтункор кўринаётган ўринлар учун ўз аро чинакам курашга киришдилар. Айниқса ҳар бир сайлов округидан бир ўрин учун тўрт-беш нафаргача талабгор “мени сайланг”, “мени сайланг” деб турли туман афсонавий ваъдаларни бера бошлагач, халқ ўзининг ҳам шу жамият ҳаётини тартибга солишга, уни бошқаришга дахли борлигини эслаб қолди. Олдинги сайловлар мавзусига бағишланган мақолалардан бирида таъкидланганидек, номзодлар дастак қилаётган дастурлар орасидаги тафоввут, уларнинг реаллик даржаси ўз аҳамиятини йўқотди. Кимнинг қайси партияга мансублиги ҳам диярли аҳамият касб этмади. Чунки кўтариб чиқилган масала ёки муаммоларда стратегик жиҳатдан айтарлик тафоввут йўқ эди. Сайловчиларнинг диққатини жалб этган асосий нарса бу амалдорларнинг бир бирига қарши ўз аро курашга киргани булди. Шу ўринда яна бир муҳим ўзига хос хусусиятни қайд этиш масалага янам ойдинлик киритиши мумкин. Гап шундаки, Ўзбекистон шароитида сиёсий куч, пул ва ҳокимият тушунчалари яхлитлик касб этган. Кимда пул бўлса, унда сиёсий куч, демак, ҳокимият албатта бор. Яъни мавжуд миллий бойликлар ҳали давом этаётган “бозор иқтисодиётига босқичма босқич ўтиш даври”да амалдорлар томонидан “мен сенга халал бермайман, сен эса менга” қабилида сукут ичида хомталаш қилиб юборилди. Ишлаб турган корхоналарнинг бирин-кетин, яъни “боқичма босқич” ёпилиб бориши билан юзага келган оммавий ишсизликни ушбу жараённинг оқибати десак асло хато бўлмайди. Сайловчилар у ёки бу номзоднинг партиявий мансублиги, ёки дастурининг реаллиги ва амалийлиги учун эмас, балки муайян номзоднинг ташқи қиёфаси, сухандонлиги ўйғотган симпатиялари учун овоз бердилар. Сайловчиларнинг сайлов жароёнида амалда иштирок этиши демократия аломати бўлса, шубҳасиз бу талаб бажарилди. Аммо моҳият, эришилган натижа фақат нолга тенг. Чунки сайланган депутатлар ўзларининг сайловолди дастурлари ва сайловчиларга берган ваъдаларини тезлик билан унутадилар. Сабаб яна ўша, ўша: унинг депутатлик умри энди сайловчиларгамас, аксинча парламентдаги умумий якдиллик муҳитига тезроқ мослашиб ҳукумат олиб бораётган “миллий тараққиёт” жароёнига қўшадиган ҳиссасига боғлиқ. Бу бор-йўғи муҳокамага тақдим этилган қонун лойиҳаларини фақат маъқуллашдан иборат жўн бир юмуш. Бирор бир қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида ижроя ҳукумат билан парламент ёки палаталар аро жиддий баҳс юзага келиши эҳтимолдан жуда узоқ. Амалда демократик тарзда ташкил этилган мазкур сайловлар нодемократик натижага олиб келишининг асосий сабаблардан бири кўрсатилган номзодлар бирор бир мустақил сиёсий партининг сиёсий платформаси ёки миллий тараққиётнинг стратегик дастури учун эмас, балки бор-йўғи парламентдаги ҳар жиҳатдан “иссиқ” ва дахилсизлиги кафолатланган курси учун курашга киришганлиги бўлди. Таркибида мавжуд ижроя хукуматга амалда мухолифатда бўлган сиёсий партияларнинг вакиллари йўқлиги иқтидордаги парламентни демократик иммунитетдан маҳрум этади. Олдинги муддат парламент мажлисларидан олиб кўрсатилган теле репортажларда тез-тез ухлаб ўтирган депутатлар экранга тушиб қолишарди. Аслида депутатни уйқучиликда айблаш ноўрин. Парламент саҳнасида бажарадиган ролнинг аҳамиятсизлиги шундай кулгили беғамликка, беғамлик эса уйқучиликка олиб келиши табиий бир ҳол. Хорижий парламентлардаги экстремал ҳолатлар, позициялар учун бораётган баҳслар ва расмана муштлашувлар биз учун кулгили. Партиянинг, халқнинг, қолаверса мамлакатнинг тақдирига дахилдор масала кўрилаётган чоғда ухлаб бўладими! Бизда эса ухлашади... Янги сайланган парламент, гарчи у икки палатадан иборат бўлса ҳам ўтган ананаларни давом эттиради деган тахминларда жиддий асос бор. Чунки уларнинг уйқусини қочирадиган “бегоналар”, яъни мухолифат вакиллари ораларида йўқ. Халқ, Ватан тақдири “ишончли” қўлларда. “Ширин тушлар кўринг, муҳтарам парламет аъзолари!” Парламент сайловлари чоғида мухолифат Сайлов олди компаниси бошланиши арафасида мухолифатга мансуб баъзи сиёсатдонлар “Сиёсий мухолифат бўлажак парламент сайловларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ягона платформада бирлаштириш лозим. Мухолифатнинг айни пайтдаги заифлиги унинг тарқоқлигида. Тезлик билан баъзи лидерларнинг “ўта буюклиги” боис сунъий равишда юзага келган ўз аро адоватларни чеккага суриб, мақсад йўлида бирлашиш керак” деган фикирни илгари сура бошлади. Агар ҳозир бу ташаббус асли кимдан чиққанди деган савол муҳокамага қўйилса, гарчи бу ташаббус кимдан чиққанлиги аниқ бўлсада, шубҳасиз янаги сайловгача етадиган баҳс бошланиб кетади. Энг қизиғи ушбу ташаббусга аввалига тиш-тирноғи билан қарши бўлган субьектлар айни пайтда уни тўла “хусусий”лаштириб олиш учун жиддий ҳаракат бошлаб юборишган. Қаранг-а, кимгадир ҳақиқий “бедов от” керак, кимларгадир унинг “эгариям” бас. Янаям қизиқроқ жиҳати бу анойи олғирлар “эгарни” қўлга киритиш учун “отни сўйиб ташлаш” пайига тушишган. Хўжа Насриддиннинг издошлари ҳали бизга анча муддат ташвиш беришда давом этадиган кўринади. Бу айни кунларда мухолифат орасида юзага келган муаммолардан бири бўлгани учун муҳакамани кейинги саҳифаларга қолдириб, ўтган йилги сайлов компаниясига қайтсак. Ниҳоят, 2004 йил ёзида Мухолифатдаги демократик кучларнинг “Давра Кенгашига” (ДК) асос солинди. Мақсад битта: бирлашувни охирига еткизиб, бўлажак парламент сайловларида мухолифатнинг фаол иштирокини таъминлаш. /оят гўзал мақсад. Шу ўринда мазкур “Давра Кенгаши”нинг ташкил топишида “Бирлик” Партияси ҳал қилувчи рол ўйнагани таъкидланмаса, адолатдан бўлмас. Мазкур партиянинг таниқли арбобларидан бири Пўлат Охунов ушбу хайрли ишнинг бошида турди. Сиёсий партияларнинг вакилларидан иборат координаторлар гуруҳи ДКнинг ижроя органи вазифсини бажаришга киришди. Мухолифатдаги бирор бир сиёсий партиянинг расмий рўйхатдан ўтолмаслиги олдиндан тахмин қилинган эди. Шу сабабли сайлов қонунларига мувофиқ сиёсий мухолифат вакиллари ўз номзодларини жойларда тузилиши мумкин бўлган “Сайловчиларнинг ташаббус гуруҳлари” орқали ўтказиш учун ҳаракат бошлаши кўзда тутилганди. ДК координаторлари муайян ҳудудда ҳаракатда бўлган турли сиёсий партияларнинг тарафдорлари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини сиёсий мухолифат вакили бўлган муайян номзоднинг сайловлардаги иштирокини таъминлашга сафарбар этишлари лозим эди. Агар бу хайрли иш қатъий келишилган режа бўйида ташкил этилса, ижобий натижалардан умид қилишга асос етарли эди. Ҳар қалай “Эрк” ва “Бирлик” партиясининг фаоллари бу ишга жиддий ёндошиб, амалий ҳаракатларга киришиб кетишди. Аммо номзодларни рўйхатга олиш муддати қисқариб борган сайин биз ўзимизнинг кураш майдонида тоборо яккаланиб қолаётганимизни ҳис эта бошладик. Бу пайтга келиб, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё, Самарқандда ташаббус гуруҳларини тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш ишлари жадал бораётган эди. Республикада бораётган сайлов компанияси айни авжига чиққан бир пайтда Давра Кенгаши таркибига кирган бошқа партиялар ва қатор инсон ҳуқуқлари жамиятлари ўзларнинг “Парламент сайловларини байкот қилиш” ҳақидаги баёнотлари билан чиқдилар. Бу иш биз учун кутилмаган ҳодиса эди. Энг муҳими, айнан ДК ташкилотчилари бўлган “Бирлик” ва “Эрк” партияларининг раҳбарияти бу воқеадан бехабар қолганди. Бу баёнот кимга керак бўлди? Нима учун керак бўлди? Бундан аслида ким манфаатдор? Бу саволларга анча кейин, содир бўлган сиёсий ўпирилишни тўхтатиш имкони қолмагандан кейин жавоб топилди. Жойларда мавжуд ҳукумат сиёсатига мухолиф кайфиятда бўлган фуқоролар мухолиф сиёсий партияларнинг жонланганлигидан руҳланиб, жиддий демократик баҳсга шайланиб турган бир пайтда содир бўлган бу воқеа сайловчиларнинг ҳафсаласини пир қилди ва кўпчиллик сайловгвям, мухолифатгаям қўл силтаб кетди. Бошланган ишлар ора йўлда қолиб, ҳатто шакилланиб улгурган сайловчиларнинг ташаббус гуруҳларида ҳам ишни давом эттириш имкони камайиб кетди. Эҳтимол ўша “байкотчилар” биз билмаган ниманидир аввалдан билишгандир. Аммо биз бу, таъбир жоиз бўлса, сиёсий актни тўғридан тўғри умумий ишга хиёнат ўрнида қабул қилдик. Чунки ДКнинг фаолиётини тартибга солувчи муваққат Низомга кўра,муҳим қарорлар унга аъзо бўлиб кирган субъектларнинг муҳокамасидан ўтгандан кейин қабул қилиниши лозим эди. Давра Кенгаши координаторлари жойларда сайловчилар билан тарғибот ишлари олиб бораётган, ўқув семинарлари, тренинглар ўтказаётган, буларнинг натижасида сайловчиларнинг сиёсий фаоллиги бир несча карра ошиб турган бир пайтда “Байкот” ҳақидаги баёнот ҳукуматнинг мушкулларини анчагина осонлаштириб берганини таъкидлаш керак. Нзаримизда бу баёнотнинг буюртмачиси кўзлаган натижасига тўлиқ эришди. Мухолифат халқ орасидаги анча-мунча тарафдорлари ва обрусини бой берди. ДК доирасида ташкил топган мухолифатдаги кучли сёсий блок ягона фронтда курашиш имкониятини йўқотибгина қолмай, қарама қарши иккита қутбга ажралабошлади. Аммо биз курашни давом эттирдик. Айниқса. Сурхондарё ва Қашқадарёда сайловчиларнинг ташаббус гуруҳлари ва парламент депутатлигига номзодлар рўйхатдан ўтказилишига эришилди. Бироқ, биз бари бир кураш майдонида яккаланиб қолгандик, бошқа сиёсий партиялар ва ҳуқуқ ҳимоячилари кўмагидан маҳрум бўлгач, қолган кучлар бутун бир ҳукумат тизими билан баҳс олиб боришга заифлик қиларди. Бундан фойдаланган ҳукумат органлари биз билан ҳамкорликда бўлган номзодларни Маказий сайлов комиссияси рўйхатидан намойишкорона тушириб қолдирди ва сўровлвримизга изоҳ беришниям лозим кўрмади. Мазкур “Байкот” ғоясининг келиб чиқиш тарихи анча мураккаб. Агар мухолифатдаги партиялар ва нодавлат ташкилотлар ДК доирасида эришилган келишувдв собит туриб кураш олиб борганда нима бўларди? - деган савол ҳали очиқ турибди. Биз қуйида ушбу саволга жавоб беришга уриниб кўрамиз. Зеро бу саволнинг жавоби “Байкот” масаласига қисман бўлса-да ойдинлик киритиши мумкин. Республикада ҳаракатда бўлган барча сиёсий ва носиёсий мухолиф кучлар Давра Кенгаши таркибида бирлашиб, ягона сайлов олди платформаси билан ҳаракат бошлашга қарор қилгач, хукумат доиралари жиддий тараддутга тушиб қолишди. Ҳатто, регионлардаги округларда мухолифат иштирокида тузилган сайловчиларнинг ташаббус гуруҳларини рўйхатга олиш мухолифатни расман эътироф этишга айланиб кетмасмиди? Агар мухолифат сайловлар жараёнида шу йўл билан расман эътироф этилса, бу ҳол қандай сиёсий ўзгаришларга олиб келиши мумкин эди? Кичкина бўлса-да парламентда мухолифат гуруҳининг пайдо бўлиши мамлакат тақдирига қандай таъсир қиларди? Бу ва бу қабилидаги саволлар устида ўйлаган одам тушунадики, ДКда эришилган бирлашув мухолифатнинг кейинги ўн йилликдаги илк сезиларли муваффақиёти эди. Афсус, ўша “Байкот” ташаббуси кўп нарсани чиппакка чиқарди. Жойларда бўлиб, мухолифат вакиллари ва сайловчилар билан ўтказилган суҳбатлар чоғида амин бўлдикки, ҳуқуқий демократик жамият барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, ғояси ва дастури йўлида собит тура оладиган жиддий сиёсий куч майдонга чиқса, омма ҳеч иккиланмай ўша куч орқасидан эргашади ва қўллаб қувватлайди. Бунинг учун у олдин халқни ўз ғояларининг реаллиги, конструктивлигига, ўзининг эса мақсадлари йўлида собит қадамлигига ишонтирмоғи керак бўлади. Аммо “Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал этишнинг фақат битта йўли қолди. У радикал революцион ҳаракат билан ҳокимияини қўлга олишдир” қабилидаги чақириқлар худди пайкал ўртасига қўйилган қўриқчидек халқнинг демократик йўналишдаги сиёси партиялардан четланишига сабаб бўлмоқда. Мамлакат аҳолисининг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан нисбатан фаол қисми мавжуд муаммоларни фақат сиёсий демократик йўл билан ҳал этиш мумкин ва зарур деб ҳисоблайди. Мухолифат бўлиб ўтган сайлов компаниясидаги парокандалиги билан ўз халқига қаттиқ панд берди. Ушбу парокандаликни келтириб чиқарган “Байкот” ғояси худди қўмондонларнинг ўз қўшинини жанг майдонида ташлаб қочишидек таъсир кўрсатди. Қўрғонни бузиб, чайла ясаган Насриддин Мана мамлакат парламенти ва маҳаллий ўз ўзини бошқарув органлари учун бошланган сайлов компаниси бўлиб ўтганига ҳам анча вақт бўлди. Ўша пайтда аниқлаш имкони бўлмаган кўп жиҳатлар ва хусусиятлар секин-аста ойдинлашмоққа бошлади. Шубҳасиз, мухолифат, демак, халқ бу сафар ҳам ютқазди. Ютиб чиқиш имконига эга бўла туриб ютқизганимизнинг асл сабаби қаерда? “Ютиб чиқиш” деганда биз мухолифатнинг сайловларда иштирокини таъминлаш ва оз бўлса-да барча босқичлардаги ўз ўзини бошқарув органларига вакилларимизнинг ўтишига эришишни назарда тумоқдамиз. Адашмасам, сиёсий мухолифатнинг Давра Кенгаши ўз олдига айнан шу мақсадни қўйганди. Мақсадга эришиш эса, ютуқдир. Юқоридаги саволга жавоб излаш учун қуйидаги икки масалага эътибор кериш лозим. 1. Тан олиш керак, Давра Кенгаши таъсис этилган йиғилишдаёқ танлаган кураш усули ва тактикасига кўра мавжуд мухолифат камида иккита қарама қарши қутбга мансублиги аён бўлганди. Мен ҳозир бугунгидек эслайман, асосий кўпчиллик мавжуд муаммоларни демократик йўл билан ечиш имкони бор; ўзбек халқининг миллий даҳоси бунга қодир; ҳаракатдаги, аммо тарқоқ мухолифатни ягона сиёсий блокда бирлаштириш орқали сиёсий солиҳиятини ошириб авторитар усулда бошқарувни касб қилган хукуматни ҳуқуқий демократик ўзгаришларга мажбур этиш мумкин деган консепсияни маъқулади. Камчилликни ташкил этган бошқа бир гуруҳ эса (гап кимлар ҳақида бораётганини воқеа қатнашчилари билишади), “Иқтидордаги ҳукумат билан муроса қилиб бўлмайди. Бу ҳукумат тинч йўл билан ҳеч қачон қўлидаги ҳокимиятни бермайди” деган фикрни ўртага ташлашганди. “Ундай бўлса, нима қилиш керак? Таклифингизни айтинг” деган сўровларга эса бирор бир аниқ жавоб берилмади. Мазкур гуруҳ ДК таъсис этилишига ҳам анчайин қаршилик қилган бўлса-да, унинг таркибига кирганди. Кейинчалик маълум бўлишича, мазкур “Байкот”нинг асосий ташаббускорлари ўшалар бўлишган, бошқалар эса қатордан қолмаслик учунгина имзо қўйишган. Мен бу гуруҳни, гарчи улар ўзларини ўта демократ деб таништирсалар-да шартли равишда радикал гуруҳ деб атамоқчиман, чунки улар мухолифат билан ҳукумат ва ҳукумат билан халқ орасидаги мавжуд муаммоларни демократик йўл билан ечишнинг имкони йўқ деб ҳисоблайдилар. Қолган гап ўз ўзидан маълум: бошқа яна қандай йўл борлигини ҳамма билади... Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, демократик мухолифатнинг сайловлардаги иштироки муваффақиётсиз чиқиши бу гуруҳ концепциясининг тўғрилигини исбот қилгандек бўлмоқда. Айни замонда, тақдирнинг ҳазилини қарангки, мавжуд ҳукумат билан радикал мухолифатнинг манфаатлари айнан шу нуқтада бирлашди. Бу тасодифмикин? 2. Маълумки, сайлов компанияси оммавий ҳодиса. Бу умумхалқ иштирок этаётган марафонда рақобатдаги тараф мақомида қатнашиш учун мазкур халқ орасида ҳеч бўлмаганда сайловчиларнинг муайян гуруҳи мададидан умид қилиш, ҳаракатдаги фаоллар ва кўп сонли тарафдорларга эга бўлиш керак. Бизнинг назаримизда “Байкот” ҳақидаги баёнотга муайян сиёсий партия номидан имзо қўйган “лидерлар” ўзлари учун бирдан бир тўғри йўлни танлашган. Чунки халқ орасида уларнинг тарафдорлари жуда оз. Уларнинг ўзлари ҳам ва улар бошқараётган партиялар ҳам интернет саҳифаларида, баъзи бир хорижий радиоларда яшашади. Сайловларни ўтказиш учун эса, айниқса Ўзбекистон каби мамлакатда, интернет ва эфир камлик қилади. 3. Давра Кенгаши фаолиятини тартибга солувчи муваққат йўриқлар 2004 йил ёзида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган навбатддаги умумий йиғинда қабул қилинганди. Афсуски, бу ҳужжат вақтинча бўлса ҳам турли сиёсий кучларни муайян бир каолицияда бирлаштириб туришга бутунлай яроқсиз бўлиб чиқди. Бундан ташқари, муҳокама чоғида мазкур ҳужжат муаллифлари билдирилган таклиф ёки эътирозларни ҳақорат ўрнида қабул қилардилар. Натижада, ДК йиғилишида йирик сиёсий партиянинг вакили ҳам, аъзолари сони ўн кишидан ошмайдиган гуруҳ вакили ҳам, якка демократ ҳам бир овоз квотасига эга бўлди. Бундай ҳолат фақат этикеткадан иборат интернет партиялари учун жуда мос эди. ДК муваққат Низомидаги ушбу мажруҳлик ДКни заиф, ўта омонат уюшмага айлантириб қўйганди. ДКнинг Ахборот маркази котиблигига тайинланган одам эса, балки, сиёсий тажрибасизлиги туфайлидир, қўрғонни бузиб, чайла ясаган Хўжа Насриддиннинг йўлидан кетди. Келажакка бир назар Президентлик сайловларига оз вақт қолди. Мавжуд мухолифат эса, турли хил фитналар таъсирида тоборо парчаланиб, емрилиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳаракатда бўлган мавжуд ҳукуматга мухолифатдаги жамики сиёсий партиларнинг ваколатли вакиллари, инсон ҳуқуқлари жамиятлари рахбарлари, сиёсатшунослар ва ҳуқуқшунослар; ҳур фикрли тадбиркорлар ва зиёлиларнинг кенг доирадиги очиқ мулоқатини таъмин этувчи демократик жамоатчиликнинг Умумий Форумини ташкил этиш бугунги куннинг биринчи даражали эҳтиёжига айланди. Ўзбекистон сиёсий демократик кучларини Давра Кенгашида ушбу анжуманни ташкил этиш учун ҳам маънавий, ҳам ҳуқуқий асос бор деб ўйлаймиз. Форумга олдиндан жиддий стратегик дастурий қўлланма билан борлиши керак. Давра Кенгашининг иш фаолётини тартибга солувчи ҳужжат қатъий демократик йўриғлар асосида қайта тузилиши керак. Токи унинг таркибига сиёсий курашнинг фақат демократик усулларини тарғиб этувчи шахслар ва уюшмалар аъзо бўлиб кирсинлар; Токи ҳар бир субъект ўз сиёсий солиҳиятига яраша ҳуқуқий мақом билан таъминлансин; Токи ДКнинг ўткинчи одамлар ва экстремистик кайфиятдаги кучлар хуружидан ишончли муҳофазаланган бошқарув системаси яратилсин; Токи ДК ўз таркибига кирган сиёсий ва ижтимоий уюшмаларнинг мустақил ташкилотлар сифатида шакилланишига, кадрлар ресурсининг бойишига, сиёсий кураш маданиятининг ўсишига ва ниҳоят солиҳиятининг такомиллашувига ёрдам берсин; Токи ДК ўз таркибидаги сиёсий партияларнинг расмий давлат рўйхатидан ўтишига мавжуд имкониятлар доирасида кўмаклашсин. Сайлов компанияси расман бошлангунга қадар ягона сиёсий платформага эга бўлган Демократик Кучларнинг Давра Кенгаши ҳар жиҳатдан етук шакилланиб улгуриши лозим деб ҳисоблайман. Акс ҳолда натижа аввалгисидек бўлади. ● ● ●

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону