Журнал Ҳаракат
№5 (56) 2005. С и ё с а т
Дайнов Ташанов -
Қўшниларимиз, демократия ва иқтисод ҳақида ўйлар
Мухолифат тарихига назар ташлар эканмиз, нималарга эришдик, нималарни бой бердик, яққол кўзга ташланади. Бошқа сиёсий партиялар тўғрисида-ку гапирмаса ҳам бўлади, аммо, бир вақтлар ўн минглаб аъзоси бўлган «Эрк», яна худди шундай «Бирлик» нега бугун саноқлигина фаолиятдаги фаоллари билан қолди?
Бу саволларга жавоб беришдан аввал бир оз тарихга назар ташлаш керак.
Ўз оғирлигини кўтара олмай қулаб тушган собиқ империянинг инқирози туфайли мустақиликка эришган Ўзбекистон олдида бошқарувнинг икки йўли турарди.
Биринчиси: Мамлакатда аниқ сиёсий ва иқтисодий реформаларни бошлаш, узбек халқига иқтисодий ва сиёсий эркинликлар учун йўл очиш ҳамда демократик мухолифатнинг олдидаги ҳамма тўсиқларни олиб ташлаш каби умумжаҳон сиёсий анъаналарга амал қилиш.
Иккинчиси: Амалда халқни қурқувда ушлаб туриш, демократик қадриятларга йўл бермаслик, кучли авторитар бошқарув.
Ўзбекистон ҳукумати бошқарувининг иккинчи йўлини танлади. Ушбу йўлнинг пишиб етилган мевалари – порахўрлик, коррупция, ҳуқуқсизлик, қонунларнинг ишламаслиги, ишсизлик, қашшоқлик ва Андижон воқеалари. Сурункали қатоғонлар туфайли номинигина сақлаб колган демократик сиёсий мухолифат 2003-2004 йилларга келиб АҚШ-Ўзбекистон ўртасида тузилган стратегик шартнома, халқаро демократик ҳамжамиянинг саъй-ҳаракатлари ҳам натижасида оёққа тура бошлаган ва ҳаттоки «Бирлик» Халқ Ҳаракати Партияси (БХҲП) амалдаги ҳукумат билан ҳуқуқий майдонда курашга ҳам киришган эди. Андижон воқеалари туфайли девократик мухолифат сиёсий фаолиятини яна сал кам тўхтатишга мажбур бўлди.
Қатагонлар кульминацион нуқтасига кўтарилиб диктатуранинг кучайган бир даврида демократик мухолифат сиёсий воқеаларнинг ривожини кутиб жимгина ўтираверсинми, ёки … ?
Демоктарик сиёсий мухолифат олдида ечимини кутиб турган бугуннинг долзарб вазифалари хусусида сўз юритадиган бўлсак, қуйидаги мавзуларни тилга олиш керакдир.
1. Бугун Ўзбекистонда нималар бўляпти? Нега қўшнимиз Қозоғистоннинг келажаги ёриқроқ кўрилмоқда? Бу саволларга жавоб излаб икки мамлакатда бўлаётган жараёнларни қиёсий таҳлил этиш.
2. Демократик сиёсий мухолифат билан диний экстремистик гуруҳлар, террористик ташкилотларнинг тубдан бошқа-бошқа сиёсий кучлар эканлигини, мақсадлари бошқа-бошқа эканлигини халққа тўла англатиш, бунинг учун оммавий ахборот воситалари орқали катта иш олиб бориш.
3. Демократик бошқарув усули нима эканлигини халққа англатиш, уни диктатура билан қиёслаш асосида демократик бошқарувнинг бугун энг афзал йўл эканлигини кўрсатиш.
4. Демократиянинг энг самарали ва оммавий мактаби - демократик сайловларга жамиятни тайёрлаш, бўлажак президентлик сайловига тайёргарликни бошлаш.
Шу мавзуларни ҳисобга олиб сиёсий партиялар ўз ҳаракат дастурларини янада мукамаллаштиришлари керак. Ва, таббиий, энг муҳими, Ўзбекистон мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларининг «Давра кенгаши» фаолиятини қайта йўлга қўйиш лозим.
* * *
Советлар замонида иқтисодий жиҳатдан ўзбекларга қараганда ночорроқ кўринган қозоқ халқининг бугунги кунда бизга нисбатан анча бой ҳаёт кечираётганлиги ниманинг эвазига?
Оммавой ахборот воситаларидан олинган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон сўми ҳисобида Қозоғистонда ойлик иш ҳаққи шундай: ўқитувчиларники – 200-250 минг сўм, тиббиёт ходимларники – 200-300 минг сўм, энг кам нафақа миқдори 70 минг сўм, айни замонда, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, қишлоқ хўжалиги техникалари икки баравар арзон.
Нега қозоқлар илгарилаб кетди?
Нега Ўзбекистонда нарх-наво кун сайин ошиб оддий меҳнаткашнинг аҳволи ночорлашиб келажакка умид сўнмоқда?
Нега бизда портлашлар, террористлар ва диний экстремистик оқимлар тез-тез хуруж қилиб туради? Нега бизда Андижондаги каби воқеалар юз беради?
Ўзбекистон Марказий Осиёда потенциали, географик жойлашиши жиҳатидан стратегик аҳамиятга эга бўлган, ер ости ва ер усти бойликлари энг кўп, қадимдан давлатчилик анъаналари шаклланган мамлакатдир. У миришкор деҳқонлар, чорвадорлир юрти. Шундай бўлишига қарамасдан бизда меҳнаткаш омманинг моддий ва маънавий аҳволи нега ночор?
Қозоқ халқи углеводород заҳиралари ҳисобига бойиб кетдими? Бу ҳам катта омил. Аммо, асл сабаб бошқа.
Қозоғистон ҳукумати узоқни кўра билди, очиқ иқтисод яратишга эришди, барча чегаралардан сим тусиқлари олиб ташлади, бошқа мамлакатлар билан эркин борди-келди ва савдо-сотиқни йўлга қўйди. Қозоқ халқига бизга нисбатан сиёсий ҳамда иқтисодий соҳада эркинликлар берилиб, жамиятнинг вирусли касалликлари - порахўрлик, коррупция, ҳақсизлик ва ҳоказоларга иммунитет яратувчи мухолифат фаолиятига йўл берилди, матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги ва иқтисодий эркинликларга кенг йўл очилди. Бундай демократик бошқарувга интилиш Ғарб томонидан тўғри қабул қилинди ва катта-катта сармояларнинг кириб келиши ҳисобига Қозоғистон тараққиёт сари юз бура бошлади.
Биздаги аҳвол эса, том акси бўлди. ЕТТБнинг Ўзбекистон ҳукуматига демократик қадриятларни қадрлаш хусусида қўйган талабларининг инкор этилиши ва сиёсатда рақобатга йўл берилмаслиги натижасида бизга етарлича чет эл сармояси келмаётир ва келмаса ҳам керак.
Андижон воқеалари боис чет эл инвестициясининг кириб келиши янада чигаллашмоқда. Шундай экан, Ўзбекистондек ночор мамлакатда иқтисодий ривожланиш амри маҳолдир.
Юқорида таъкидлаганимиздек, сиёсатда рақобатнинг йўқлиги иқтисодни тараққиётга эмас, таназзулга етаклаши қатор давлатлар тажрибасидан маълумдир.
Шу факторларни ҳисобга олганимизда:
Энг аввало, ўзбек халқига тўла эркинликлар берилиб, демократиянинг қарор топишини бош мақсад қилиб олган Ўзбекистон демократик мухолифати учун сиёсий майдонга йўл очилиши керак.
Иккинчидан: Демократик мухолифат ким, мақсадлари қандай, диний экстеремистик ташкилотлар, террористлар кимлар ва мақсадлари нималардан иборат каби саволларга жавоб берадиган қатор мақолалар сериясини халққа бериш, ҳамда мухолифатнинг мамлакатда бошқарувининг соф демократик усулларини жорий этишдек ээгу ишларини амалга оширишда Ўзбекистон халқини сафарбарликка даъват қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки ўзбек мухолифати ўз халқининг иродасига таянибгина ўз мақсадларини амалга оширолади.
Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Маълумки, сиёсий мухолифат қанотларидан бирининг бир қатор лидерлари ўз партиялари низоми доирасидан чиқиб, жамиятни янгилашнинг радикал инқилобий йўлига ўтишга қилган ҳаракатларидан фойдаланган Ўзбекистон ҳукумати қўлидаги матбуот демократик сиёсий мухолифатни диний экстремистик оқимлар, террористик ташкилотлар билан атайлаб қориштириб, халққа уларнинг ҳаммасини бир хил «ола бўжи» қилиб кўрсатишга уринди. Бу уриниш бекор кетмади. Халқнинг бир қисми бунга ишонда. Биз бу вазиятни тузатишимиз, у янглишганларнинг хатоларини ўзимиз очиб беришимиз керак.
Учинчидан: Халқаро демократик нормалар асосида тараққиётнинг барча жабҳаларида амалга оширилиши мумкин бўлган ривожланишга элтувчи ғоялар билан суғорилган таклифлар ва тадбирлар бир умумий Ҳаракат Дастури сифатида халққа тақдим этилиши зарур. Бундай Дастурнинг демократик сиёсий мухолифат фаоллари томонидан ишлаб чиқилган бир неча варианти «Давра кенгаши» муҳокамасига ташланиши, энг мукаммал нусхаси тўлдирилган ҳолда қабул қилиниш керак.
Тўртинчидан: Демократик бошқарув усулининг ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда ишонарли далиллар билан тўлдирилган, авторитар режимининг тараққиётга эмас, балки ривожланишни боши берк кўчага элтувчи йўл эканлигини исботлаб мақолалар сериясини яратиш ва халққа бериш.
Бешинчидан: «Давра кенгаши» фаолиятини қайта йўлга қўйишда кўпроқ жойлардаги мухолифат фаолларини жалб қилиш, сафини кенгайтириш, барча сиёсий мухолиф партиялар ва ҳуқуқ ҳимояси билан банд жамиятларнинг ва «Давра кенгаши»га қатнашувчи бошқа субъектларнинг тўла иштирокини таъминлаш, «Давра кенгаши»га раҳбарлик қилувчи структурани қайта шакллантириш ва ҳар бир қатнашувчи субъектга аниқ вазифаларни юклаш, «Давра кенгаши»нинг яқин келажакда ва узоққа мўлжалланган стратегиясини белгилаб олиш мақсадга мувофиқдир.
Олтинчидан: Жамиятни янгилашнинг энг самарали ва оммавий мактаби, халқ учун имкон – демократик сайловлар эканлигига халқни тўла ишонтириш, халқни демократик сайловларга тайёрлаш, бўлажак президентлик сайловларига шу кундан жиддий киришиш, «Давра кенгаши» атрофида бирлашган демократик мухолифатнинг президентликка ягона номзодни танлаш ва унинг барча сиёсий партиялар, «Давра кенгаши»га кирувчи бошқа субъектлари томонидан тарғиб қилинишига эришиш демократия сари ташланган қадамларнинг энг самаралиси бўлади деб ўйлайман. Бу борада ҳам қатор мақолалар керак бўлади.
* * *
Уч юз миллионга яқин халқни ягона коммунистик мафкура остида бирлаштириб турган Совет Иттифоқи аталмиш империя ўз оғирлигини кўтара олмай қулаб тушди. Илгари марказдан озиқланадиган ва бир бирларига ёрдам кўрсатадиган собиқ иттифоқдош республикалар мустақилликни қўлга киритгач, иқтисодий интеграция занжири узилиб, инқироз исканжасига тушиб қолдилар. Аввалбошдан узоқни кўзлаб ҳисоб-китоб қилинган империя сиёсати - бирон бир республика бирдан мустақил бўлишни хоҳлаб қолса бу хоҳиш ҳеч қачон амалга ошмаслигини пишиқ ва пухта режалаштириб қўйган эди.
Шу боис мустақил республикалар катта қийинчиликларни бошидан кечира бошлади ва ҳар бири ўзича тараққиёт йўлини танлаб олди. Ўзбекистон ҳукумати оғизда демократик қадриятларни қарор топтириш, аниқ сиёсий ва иқтисодий реформаларни бошлаш, халққа иқтисодий ва сиёсий эркинликлар бериш каби умумжаҳон сиёсий анъаналарга амал қилишни оғизда мақсад қилиб белгилаган бўлсада, амалда халқни қўрқувда ушлаб туриш, демократик кадриятларга йўл бермаслик ва кучли авторитор бошқарувдан воз кеча олмади.
Натижада бир ҳамён пулни маънавий бойликлардан устун қўядиган жамиятни шакллантириб инсонни инсон қиладиган маънавий бойликлар ўз аҳамиятига кўра унинчи, ҳаттоки, йигирманчи ўринга тушиб қолди. Асрлаб йиғилган дурдона китобларимиз макулатура аталмиш аждахога ем бўлиб, кутубхоналаримизни олди-қочди китоблар босиб кетди. Оғизда бўлсада Ўзбекистон матбуоти тарғиб қилаётган демократия бошбошдоқлик бўлиб чиқди.
Колхоз-совхозларда, корхоналарда, йирик-йирик фабрика-заводларда бир неча йиллаб тўпланган мулк хусусийлаштириш баҳонасида аёвсиз талон-тарож қилинди. Амалдорлар ким ўзарга бойлик тўплаша бошлади.
Амалнинг нархи ҳам ортиб бормоқда. Натижа кундай равшан, жамоатчилик руҳиятида салбий ўзгаришлар бўй кўрсатиб ҳукуматга ишончсизлик кун сайин ортиб бормоқда. Амалдаги ҳукумат ички ва ташқи сиёсатни бошқариш, миллий қадриятларни, маънавиятни, маданиятни асраб, ривожлантириш, давлат қудратини оширишда фақат мувафаққиятсизликларга учрамоқда. Тўғрисини айтса, бошқарув жиловини маҳкам қўлда тутиб туриш имкониятини ҳам кун сайин бой бермоқда.
«Шод-хуррамлик билан ғам-ғуссанинг оралиғи бир қадам», деган экан Наполеон Бонапарт. Демократия билан бошбошдоқликнинг ораси ҳам бир қадам. Аммо, демократия - қаттиқ тартиб интизом, ўзгармас, барчага баробар қонун, яхши фазилат демакдир.
Қачондир диёримизда ҳам демократия қарор топади, халқнинг иқтисодий аҳволи тубдан яхшиланиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни ўрганади.
Аммо, идеал жамият қуришимизга ҳали узоқ вақт керак бўлиши ҳам мумкин.
Бугунги мураккаб босқичлардан сўнг Ғарбга хос тараққиёт йўлини танлаймизми, ёки Шарқ мамлакатларига ўхшаш йўлни танлаймизми? Балким, ўзига хослигини сақлаган ҳолда қандайдир бошқача йўл танланар. Қандай йўл танланганда ҳам, қачонки ҳокимият мавжуд имкониятлардан фақат ўз манфаати йўлида эмас, балки халқ манфаатлари йўлида ҳам фойдаланса, хусусий манфаатлар учун қонунлар ҳаммага бир хил ҳуқуқ берса, сиёсий томондан кимдир қандайдир сиёсий партия қўллаб-кувватлагани туфайли устунликка эга бўлмай, балки, ҳар ким ўзининг қобилиятига, шижоатига мос бўлган ўринни эгалласа, эркин-сиёсий ҳаёт қучоғида яшай бошласак демократия мева бера бошлайди.
Яна бир мавзу. Ўзини демократ деб атайдиган айрим кимсалар «демократ» сўзининг жарангдорлигига махлиё бўлиб, дуч келганни балчиққа қориштириб ташлайверадиган бўлиб қолишган.
Нахотки, ҳақиқий демократия бировларнинг камчиликларини топиб, «гунохкор»нинг устина мағзава тўкишдан иборат бўлса. Биз ўз фаолиятимизга ўзимиз баҳо беришни ҳам ўрганишимиз керак ва курашнинг дипломатик усулини танлашимиз шарт. Демократия – бу Ғарб санъатида пайдо бўлган енгил-елпи оқимларга кўр-кўрона тақлид қилиш дегани эмас, миллий анъаналаримизга, урф одатларимизга ёт бўлган унсурларни турмуш тарзига олиб кириш дегани ҳам эмас, бир қатор мусулмон мамлакатларида ҳукмронлик қилаётган ҳар-хил мутаассиблик ғояларига кўр-кўрона тақлид қилиш ҳам эмас. Демократия – озчилик эмас, кўпчиликнинг манфаатларини ифодаловчи бошқарув усулидир.
Оила - давлатнинг митти кўриниши. Оилада бошлиқ, ўринбосар ва ижарачилар бор. Демократияни пеш қилиб бола отага ўшқирса, озгина панду насихат учун келин қайнонани судга тортса, маданиятдан, манавиятдан мосуво бўлган, тинч тотувлик ўрнига мусибат келтирадиган «демократия» кимга керак? Халқимизнинг ўзига хос миллий табиатини, маданиятини, адабиётимизни, тилимизни ва эътиқодларимизни кўз қорачиғидек авайлаб асрашимиз учун ўзига хос таъқиқлар ҳам керак.
Агар инсонга чексиз озодлик берилса, ҳатто у аҳлокдан ҳам озод қилинса, аҳлоқи ва дунё қараши ҳали шаклланиб ургурмаган ёшлар асрлар давомида тўпланган миллий қадриятларга тупириб, анъаналар ва урф одатларимиздан юз ўгириши, ҳайвоний эҳтиросларнинг қулига айланиб қолмаслигига ким кафолат беради?
Таъқиқ - эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги чегарадир.
Ғарбдаги «севги эркинлиги», «жинсий инқилоб» - маънавий бузуқликми ёки тўла озодликми? Демократия – тўла эркинлик, чексиз озодлик дегани ҳам эмас, балки, халқни куч билан эмас, адолатли қонунлар билан бошқариш демакдир.
* * *
Юқорида зикр этилганлар демократия ҳақидаги мулоҳазаларим эди.
Бугунги кунда демократик қадриятларни қарор топтириш йўлидаги ўзбек мухолифатининг саъй-ҳаракатлари хусусида тўхталмоқчиман. Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда Ўзбекистон демократик мухолифати ўз ғояларини амалга оширишнинг икки хил йўлини танлаб икки қутбга ажралиб қолди: Сиёсий курашнинг радикал-инқилобий йўлини танлаганлар қутби ва халқ иродасига таяниб, демократиянинг оммавий мактаби – эркин сайловлар йўли билан кураш усулини танлаганлар қутбидир.
Биз ватанда яшаётган аксарият демократик мухолифат фаоллари ва четдаги айрим маслакдошларимиз билан дастлабки танланган йўлимиз – курашнинг соф демократик тамойилларига амал қилган ҳолда ғалабага элтувчи йўл қанчалик узоқ бўлмасин, радикал инқилобий кураш йўлини рад этиб, халқ иродасига таянган ҳолда эркин, демократик сайловлар йўли билан курашни давом эттираверамиз.
Бугунги кунда демократик сиёсий мухолифатнинг долзарб вазифалари қонунлар доирасида Адлия вазирлигида рўйхатидан ўтиш, ўз матбуотини яратиш ва ғояларини тарғиб қилиш ҳамда ўзбек халқини эркин демократик сайловларга тайёрлашдан иборатдир.
* * *
Таҳририятдан: Мақола муаллифи «Бирлик» Партияси раисининг ўринбосари, Қашқадарё вилоят партия ташкилотининг раисидир.