Абдураҳим Пўлат - 1991 йил 19 август: демократларнинг ғалабаси
Бугун на рус ва на ўзбек матбуотида 1991 йил 19 август куни эрталаб бошланган машҳур ГКЧП фитнасини эсловчи бирон бир хабарга дуч келиш амри маҳол. Ваҳолангки, ГКЧП фитначиларининг мақсади - Путин ва Каримов бугун Россия ва Ўзбекистонда яратган режимлар каби бир тузум яратиш, аниқроғи, эски совет системасини бироз косметик ўзгаришлар билан сақлаб қолиш эди. Бу икки шахс ва улар кабилар ГКЧПни, у мағлубиятга учрагани учун эслашни истамаётганлари балки табиийдир. Аммо, ўша кунлари ғалаба қозонган демократлар у воқеаларни эсламасдан ўтолмайдилар. 19 августда бошланган фитанинг бир неча кундан кейин мағлубиятга учраши дунё тарихига янги йўналиш берди. Мудҳиш Совет системасининг қулаши инсоният тарихида алоҳида ўрин тутиши муқаррар бўлган воқеадир. Ҳа, ўша кунлари совет демократлари мисли кўрилмаган қаҳрамонлик кўрсатдилар. Уларга мадад берган нарса – Борис Ельциннинг рамзий бир шаклда Москвада Россия ҳукумати биноси олдида танк устига чиқиб, қисқа бир нутқ сўзлаши ва ГКЧПга қарши чиқишга чақириши бўлганлигини унутган одамлар бўлиши мумкин. Аммо, бу воқеаларни инсоният тарихидан ҳеч ким ўчиролмайди. Биз, ўзбек демократлари, хусусан «бирликчи»лар, ўша воқеалaрнинг иштирокчиси бўлганимиз, ГКЧПнинг мағлубияти ва Ўзбекистоннинг мустақиллигига учун йўл очилишига хисса қўшганимиз билан мағрурланишга ҳаққимиз бор. У кунги воқеaлар ҳақида ҳали жиддий тадқиқотлар ўтказилади, тарихий асарлар ёзилади. Мен бу ерда воқеаларнинг ўзимиз билан боғлиқ бўлган баъзи тафсилотларини ўртоқлашмокчиман, холос. * * * Биз, яъни мен ва «Бирлик» фаоли, ўша вақтдаги СССР халқ депутати, парламентдаги Ельцин-Сахаров гуруҳининг бирдан бир ўзбек аъзоси (Ўзбекистондан бу гуруҳнинг иккинчи аъзоси, Тошкентлик рус йигити Володя Золотухин эди) Пўлат Охун билан бир неча кун аввал Туркия сафаридан қайтган эдик. 18 август бозор куни мен ота-онамни зиёрат қилиб, оилам билан уларнинг Хувайдо кўчасидаги уйларида бўлдим. Биз шу ерда тунаб қолдик. Пўлатжон ҳам ота-онаси олдига, Шаҳрихонга кетганди. 19 август куни эрталаб укам Абдуманноб телефон қилиб, Москва телевидениеси ҳокимият ГКЧП кўлига ўтганлиги хусусида эълон берганини билдирди. Дархол «бирликчи» сафдошларимиз билан боғланиб, ўша вақтдаги қароргоҳимиз бўлмиш Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси биносида тўплана бошладик. Асосан бўлаётган вокеалар хусусида хабар тўплашга ҳаракат қилардик, аммо, тезда тушундикки, тўла маълумот тўплаб бўлмайди, борига асосланиб бирон бир қарорга кeлишимиз лозим. Кечқурун «Бирлик»инг раисдошларидан бири Бекжон Тошмуҳаммедовнинг (машҳур ёзувчимиз Ойбекнинг ўғли) дала ҳовлисида тўпландик. У ерда Шуҳрат Исматуллаев («Бирлик»нинг яна бир раисдоши), Миролим Одилов («Бирлик»нинг адвокати) каби сафдошларимиз бор эдилар. Вазиятни ҳар томонлама муҳокама қилиб, ГКЧПни қораловчи, уни тан олмасликка чақирувчи баёнот қабул қилишга келишдик. «Свобода» радиоси билан доимий алоқаси бўлган сафдошларимиз оркали бу фикрни дарҳол дунёга эълон қилдик. Эртаси куни қарорни расман тасдиқлаш мақсадида «Бирлик» Марказий кенгаши Ҳайътининг мажлисини Ёзувчилар Уюшмаси биносидаги норасмий қароргоҳимизда ўтказадиган бўлдик. 20 август эрталаб Ёзувчилар Уюшмасининг биноси эски совет кинофильмларидаги Смольнийни эслатарди. Ҳамма мухолифатчилар шу ерга тўпланабошладилар. «Бирлик»нинг қароргоҳи бу ерда расмий мақомда ишлайдиган ёзувчи Ёдгор Обиднинг хонаси бўлса, «Эрк»чиларнинг қароргоҳи – бу партиянинг раиси, ўша пйтдаги Ёзувчилар Уюшмасини котибларидан бири Салай Мадаминовнинг кабинети эди. Энг қизиғи, бу икки гуруҳнинг мажлиси ҳақида хабар етказиб турувчи, бўзчининг мокисидек икки хона ўртасида бориб келувчи воситачилар бор бўлгани. Мен уларни кесатиб «воситачи» демоқчимасман, улар ростдан ҳам икки гуруҳ бирга ишлаши кераклигини истаган хайрихоҳларимиз эди. Биз Баёнотимизни моддама-модда муҳокама қилаётган пайтимизда, «Эрк» қароргоҳини кузатиб турган хайрихоҳлардан хабар келди: «эркчи»лар тўсатдан мажлисларини тўхтатиб, бир дақиқа ичида тарқалиб кетишган. Орадан 5 дақиқа ҳам ўтмасдан Ёзувчилар Уюшмасининг биноси бир неча автобусда келган милиция тарафидан босилди. Милиция ҳаммани тарқаб кетишга мажбур қилиш билан чекланмасдан, мени, Шуҳрат Исматуллаев, Миролим Одилов ва журналист Анвар Усмоновни Олой бозори орқасида жойлашган шаҳар прокуратурасига олиб келишди. Соат кундузи 12 лар атрофи эди. Бироздан кейин Шуҳрат Исматуллаевни, у Тошкент шахар Советининг депутати бўлгани учун, қўйиб юборишди. У «Бирлик»нинг фаолиятини кординация қилиш ва бизни қутқариш учун кампания бошлашни биз билан келишиб, дарҳол бу ердан кетди. Анвар Усмоновни эса, журналистик фаолияти билан боғлик иш бўйича суд қилиш учун қаергадир олиб кетишди ва, эртаси куни билишимизча, 10 кунлик маъмурий қамоқ билан жазолашди. Мени ва Миролим Одиловни аввал прокуратуранинг ўзида, кейин шаҳар Ички ишлар бошқармасида сўроқ қилишди. Шаҳар прокурорининг ўринбосари, янглишмасам у кишининг исми Анвар Мирзаев эди, ГКЧПнинг қарори бўйича мажлислар ва оммавий акциялар ўтказиш тақиқлангани, биз эса бу қарорни бузиб, «Бирлик»нинг йиғилишини ўтказганимиз ва ГКЧПга қaрши чиққанимиз учун жазога тортилишимизни эълон қилди. Биз эса унга ГКЧП давлат тўнтариши натижасида яратилган ноқонуний орган эканлигини, унинг қарор ва фармонларини тан олмаслигимизни, ГКЧПнинг умри бир ҳафтадан ошмаслигини, ундан сўнгра, ГКЧПни тан олган давлат органлари ва уларнинг ходимлари жазоланажагини гапирдик. Прокуратура ва милиция ходимлари ўзларига тўла ишонмоқдалар эди деб бўлмасди, уларнинг ўзи тараддуд ичида эканликлари кўриниб турарди, аммо, юқорининг буйруғини бажаришдан бошқа иложлари йўқлиги ҳам маълум эди. Бизни шаҳарнинг бош миршабхонасида ярим кечагача ушлаб туришганидан ҳам маълум эдики, уларнинг (миршаблар ва ҳокимиятдагиларнинг) боши қотиб, қандай қадам қилиш хусуcида аниқ бир фикрга эга эмасдилар. Ниҳоят бир фикрга келишди шекилли, кечаси соат 12 лар атрофида бизни Куйбишев (хозирги Мирзо Улугбек) туман судига олиб келишди. Бир судья бизни кутиб турган экан. Бизни бу ерга олиб келган милиция наряди коридорда қолди ва бизни судьянинг хонасига киритишди. Миролим Одилов адвокат бўлгани учун ҳуқуқ тартибот органларидаги жуда кўп одамларни шахсан танирди. У судья билан ҳам таниш экан. Судьянинг исми эсимда йўк, тахминан 30 ёшлардаги йигит эди. У биз ГКЧПнинг қарорини бузишда айбланаётганимизни ва шаҳар партия комитети маъмурий ишлар бўлимидан унга телефон қилиб, бизни 30 кунга қамашни талаб қилишаётганини билдирди. Телефон қилган одам кеч бўлишига қарамасдан ўз иш ерида унинг қарорини кутаётгани, Марказкомда ҳам бу қарорни кутишаётганини айтди. Биз унинг ҳам «миясини ачитдик». ГКЧП мағлубиятга маҳкум эканлиги, СССРда орқага қайтариб бўлмайдиган демократик жарёнлар бошлангани, агар бизни қамаш ҳақида ҳукм чиқарса, судьянинг ўзини боши балога дучор бўлишини ва ҳатто бутун умрга ҳуқуқ тартибот органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши муқаррар эканлигини уқтирдик. У ҳам тараддудга тушди. Сўнгра бундай деди: «Мен сизларни шундай қўйиб юборолмайман, ГКЧП қарорига бўйсунмаганингиз учун бир минг сўмдан жарима бериш ҳақида ҳукм чиқараман, сизлар эса тезлик билан Ўзбекистондан қочишингиз керак». У шундай қилди ҳам. Xонадан чиқсак, милиция наряди бизни олиб кетмоқчи. Биз кўлимиздаги қарорни кўрсатсак ҳам улар бизни ушлаб кетишмоқчи бўлишди, бизни суд қароридан кейин қамоқхонага олиб бориш ҳақида буйруқ олишганини билдиришди. Суд бундай қарор чиқармаслиги мумкинлигини ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган. Судьяни чақирдик. Тўғрисини айтиш керакки, у шу ерда мардлик кўрсатди. У миршабларга дўқ уриб, улар суд қарорини бажаришга мажбур эканликларини, аксинча, уларга қарши шикоят ёзажагини айтди. Миршаблар чекиндилар. Ярим кундан кўпроқ дунёда нима бўлаётганидан хабарсиз эдик. Суд биноси ташқарисида кутиб турган сафдошларимиздан охирги воқеаларни ўргандик. Москвада икки ҳокимият вужудга келгани, умумий кайфият Ельцин раҳбарлигидаги демократларнинг қўли баланд келаётганини кўрсатишини билдик ва нима бўлса ҳам Тошкентда қолишга қарор бердик. Эртаси куни, яъни 21 август эрталабдан «Бирлик»нинг яна бир норасмий қароргоҳларидан ҳисобланган ва раҳбари Миролим Одиловнинг ўзи бўлган Фуқаролик ишлари бўйича адвокатлар бюросининг Юнусободдаги офисида тўпландик. Шаҳрихондан Пўлатжон Охунов ҳам етиб келди. Бу ерга ҳуқуқ тартибот органларида ишлайдиган бир ишончли дўстимиз телефон қилди ва Марказкомдигилар, хусусан Ислом Каримов бизнинг қўйиб юборилишимиздан дарғазаб бўлиб, бизни ҳибсга олиш учун қайтадан буйруқ берилгани, биз турган бино назорат остига олингани, бизни ушлаш учун милиция наряди йўлга чиққанини билдирди. Кўринишидан, Ўзбекистон раҳбарияти ичида ГКЧПчилик кайфияти ҳали ўзгармаган эди. 21 август куни ГКЧПнинг мағлубиятга учраши анчагина аниқ бўлиб қолганди. Шу сабабли, бизни ушлаб қамашса, ГКЧПнинг умри бир ҳафтадан ошмаслиги хусусидаги тахминларимизни ҳам ҳисобга олганда, қамоқхонада кўп вақт қолмаслигимизни жуда яхши билардик. Бироз қамоқхонадан ўтириб чиқиш бизни қаҳрамонга айлантиришни ҳам тушунардик. Аммо, одамнинг табиати шундай эканки, мана ҳозир бизни қамоққа олиб кетишларини кутамиз, деб ўтира олмас экан. Биз ҳам ўтира олмадик ва шу ердаги дўстимизнинг автомобилига ўтириб, қочишга қарор қилдик. Дўстимиз машинасининг моторини ишлатиб, машина эшикларини очиб бизни кутиб турди. Биз тезлик билан бинодан чиқиб машинага ўтирдик ва йўлга чиқдик. Қаршимиздаги кўп қаватли бинонинг 2 йўлагидан (подъездидан) бир неча одам югуриб чиққанда, бизни назорат қилувчилар шулар эканлигини фаҳмладик. Улар машиналари билан орқамиздан қувлашни бошлашди. Воқеа Юнусободдаги машҳур Универсамнинг диагонал бўйича қаршисидаги бурчакда, Чимкент тракти ва Ишчилар шаҳарчасига кетадиган катта кўчанинг чорраҳасига яқин жойда бўлмоқда эди. Биз (шофердан ташқари мен, Пўлат Охунов ва Миролим Одилов) Ишчилар шаҳарчаси тарафга кетдик. Бизни таъқиб қилувчилар ҳам орқамиздан қувиб кетишди. Уста Ширин кўчасига яқинлашганда бир бурилиш бор экан, машинамиз бурилиши билан бу жойларни яхши биладиган Миролим Одилов тўсатдан машинани тўхтатирди, биз иккаламиз машинадан тез тушиб қолдик. Шофер билан Пўлатжон катта тезликда йўлни давом эттиришди. Пўлатжонга «Сизга депутат сифатида барибир тегишмайди, Москвада учрашамиз» дейишга улгурдик, халос ва кичкина кўчаларга кириб кетдик. Пайқадикки, бизни кузатиб келаётганлар Пўлатжонларнинг машинаси орқасидан кетишди, улар бизни тушиб қолганимизни сезишмаган экан. Бир ердан Миролим телефон қилиб, укасини чақирди, у бир оздан кейин машинасида етиб келди ва бизни Чимкентга олиб кетди. Чимкентга бориш учун Тошкент ҳалқа йўлидан чиқаберишдаги ва Черняевка олдидаги ДАИ постлари олдидан ўтишимиз керак эди. У ерлардан биз дала оркали яёв ўтдик ва келишилган ерда яна машинага ўтирдик. Ўша тарафларда Миролимнинг бир қариндоши шу куни тўй муносабати билан эрталаб ош берган экан, унга кеч қолган бўлсак ҳам тўй ерига кирганимиз ва ҳали қозонда ош бор экан, ундан еб кетганимиз ҳам эсимда. Тушдан кейин, балки кечга яқин, Чимкентга етиб келдик ва аэропортдаги телевизор орқали Горбачевнинг Ялтадан қайтиб келиши ҳақидаги репортажни ҳам кўрдик. Хуллас, ГКЧП тамом бўлганди. * * * Шундай бўлса ҳам биз Москвага кетишга қарор қилдик. СССРда энги давр бошланаётганини тушунардик, асосий воқеалар Москвада бўлаётгани учун ўша ерда бўлишимиз, у ерлик демократлар билан келажак ишларини маслахатлашишимиз керак, деб ҳисобладик. Ўша куни кечаси Москвага етиб келдик. Пўлат Охунов ҳам бу ерга келиб депутатлар учун ажратилган «Москва» мехмонхонасида тўхтаган эди. Унинг депутат сифатидаги расмий ёрдамчиси бўлганимиз учун биз ҳам шу ерга жойлашдик. Эртаси эрталаб Калинин проспектидаги баландқават бинолардан бирига келдик. Бу ерда СССР Олий Советининг комитетлари жойлашган эди. Кўплаб депутатлар билан учрашдик. Ҳамма ГКЧП устидан қозонилган ғалаба кайфи остида эканлигини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Кўпчилик депутатлар ГКЧПни очиқдан очиқ қўллаган республика Ўзбекистон ва унинг президенти Каримов бўлганини ғазаб билан тилга олишди. Биз ўзбек демократларининг, хусусан «Бирлик»нинг позицияси, унинг Баёноти билан ҳаммани таништирдик, ўзимиз билан бўлган воқеаларни қаҳ-қаҳалар остида гапириб бердик. Кейин шаҳар кўчаларини айлангани чиқдик. Шаҳар маркази худди байрам кунларидек говжум эди. Калинин проспектининг бошланиш жойида Калининнинг ҳайкалини демонтаж килишаётгани, Лубянка майдонида эса, КГБ биноси олдидаги Дзержинскийнинг ҳайкалини бўйнидан трос тортиб кран билан ўз жойидан олиб ташлашаётганининг гувоҳи бўлдик. Ҳаёлимга Буюк Франция инқилоби давомида монархиянинг рамзи бўлмиш Бастилия қўрғони қўзғолончилар томонидан кўлга олингач, бузиб ташлангани келди. Тарихдан маълумки, монархиянинг охирги йиллари Бастилияда биргина маҳбус сакланган экан. Шундай бўлса ҳам, уни монархиянинг рамзи сифатида бузишган. Қонли совет тузумининг рамзи бўлмиш КГБнинг биноси билан эса, ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Ҳа, дедим, ичимда, хозир 20 аср, 18-чи эмас, рамзларни бузишдек вандализм бўлмаётгани тўғри нарса. Москвада бир неча кун бўлдик. Шу кунларда бизнинг ташаббуcимиз билан бир-икки ой аввал таъсис этилган, ўзбек ва рус тилларида чиқиши режалаштирилган «Мустақил ҳафталик» газетаси Россиянинг тегишли министрлигида рўйхатга олинди. Ўша пайтда ошкораликнинг рамзига айланган «Комсомольская правда» газетасида ГКЧП кунлари Ўзбекистонда бўлган воқеаларни ёритувчи мақола чиқартирдик. Табиий, ҳар куни Тошкентга телефон қилиб, у ерда бўлаётган воқеалар хусусида сафдошларимиздан хабар олиб турдик. Янглишмасам, 25 август куни (балки 26-чидир) Тошкентда Ўзкомпартия Марказкомининг пленуми бўлгани ва пленумда нутқ сўзлаган Ислом Каримов Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш ҳақида ваъзхонлик килиб, «Эрк» партиясини рўйхатга олиш ҳақида қарор қилганларини гапирганини ўргандик. Бу хабар ҳақиқатга қанчалик яқин эканлигини тахмин қилиб ўтиргандан кўра, партия раиси Салай Мадаминовга телефон қилганимиз яхши, дедим мен ва шахсан ўзим у билан телефонда гаплашдим. У бу гапларнинг тўғри эканлиги, Каримов демократик ўзгаришлар қилишга қатъий киришгани, ўзига маълум бўлишича, Каримов фақат «Эрк»ни эмас, «Бирлик»ни ҳам рўйхатга олишни гапирганини айтди. Шундан кейин мен Марказкомнинг аъзоси бўлган бир қариндошимга телефон қилдим. Унинг айтишича, Каримов «Эрк» партиясини рўйхатга олишни гапирганда, залдан бир одам «Бирлик-чи?» деб луқма ташлаган экан, Каримов ғазаб билан «Мен бундай ташкилотни билмайман» деб масалага нуқта қўйибди. Айнан шу куни, «Тошкент оқшоми» газетасида ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган бир кичик эълон ҳам берилган. Унинг маъноси шундай: «Бугун Тошкент шаҳар суди Куйбишев район судининг фуқаролар Абдураҳим Пўлатов ва Миролим Одиловларга нисбатан 20 августда чиқарган маъмурий жазо ҳукмини бекор қилди». Айнан шундай. Бу фуқаролар кимлиги, уларга нисбатан нима учун ва қандай ҳукм чиқарилгани мутлақо тилга олинмаган. Тошкентга келганимиздан кейин ўша вақтларда расман чиқадиган «Эрк» газетасининг навбатдаги сонини кўрдим. Унинг биринчи саҳифасида «Эрк» партиясининг бизникидан ҳам кескинроқ ёзилган ГКЧПни қораловчи 19 август билан белгиланган баёнотини кўрдим ва ҳайрон қолдим. Бизни ҳали расман қабул қилиб улгурмаган баёнотимиз учун жазоладилар, бошқалар билан эса ҳечкимнинг иши ҳам йўқ. Аммо, масланинг моҳиятини биладиган одамлар кўзимизни очишди. Бу газета ҳафталик бўлиб, жума кунлари чиқар экан. Газетанинг қўлимиздаги сони босмага берилган куни ҳам қаердадир кўрсатилган – 23 август. Қаранг, кичкина айёрлик билан қандай катта «ғалаба»га эришилибди. * * * Хуллас, 19 август фитнаси билан бошланган тарихий воқеалар натижаасида СССР қулади, ҳамма республикaлар қатори Ўзбекистон ҳам мустақил бўлди. 4 ёки 5 сентябрь куни (бу кунни «эрк»чилар аниқ билишади) Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига кираберишда мени «Бирлик»нинг асосчиларидан Дадахон Ҳасан ва «Эрк» газетасининг Бош муҳаррири Иброҳим Ҳаққул тўхтатишди ва қўлларидаги ҳозиргина Адлия вазирлигидан олиннган «Эрк» партиясининг расман рўйхатдан олингани хусусидаги гувоҳномани кўрсатиб, шундай дейишди: «Асосий мақсадимиз мустақиллик эди, мана унга эришдик. Энди Каримовнинг ўзи демократия учун йўл очиб бермоқчи. Унга қарши курашни тўхтатайлик. Сиз ҳам шу йўлга ўтинг». Мен жаҳл устида уларга бир-икки оғиз қаттиқ сўз ҳам айтдим. Биз «Бирлик»нинг қурултойини ўтказиш учун ҳокимиятна ариза бериб рад жавобини олганимиздан кейин, қурултойни 15 сентябрда Қозоғистоннинг биз билан чегарадош бўлган Черняевка қишлоғида менинг бир қариндошимнинг ҳовлисида ўтказдик. Қурултойнинг ҳужжатларида мустақиллик эълони ижобий воқеа сифатида баҳоланади, «Бирлик» Ўзбекистонда демократиянинг ғалабаси учун курашини давом эттражаги баён қилинади. Зотан, демократия учун курашнинг аҳамияти яна ҳам ошганди. Буни тушуниш учун қуйидагиларни эслатмоқ зарур деб ҳисоблайман. Мен 1990 йилнинг охирида ёзилган «Ўзбекистон мустақил диктатура бўсағасида» номли мақоламда «Агар демократлар бунинг олдини олмасалар, Ўзбекистон мустақилликкка эришгач, унда Сталин типидаги режим ўрнатилади. 30-чи йилларнинг фожеаси такрорланиб, халқ яна ўз қонига ботирилaди. Аммо, бу сафар буни ўзимизнинг коммунистлар қиладилар» деб ёзган эдим. Минг афсуски, бу башоратларим ҳақиқатга айланди. Андижон воқеаларигача ўнлаб бегуноҳ одамларнинг ёстиги қуритилган бўлса, Андижонда миллатимиз ўз қонига ботирилди. Номинигина ўзгартириб олган ўз коммунистларимиз томонидан ботирилди. Яна бир минг афсуски, бундан 14 йил аввал айни шу кунларда СССР демократларининг ғалабаси билан бошланган воқеалар бизни Андижондаги оммавий қиргинликка олиб келди. 19-21 август 2005 йил Вашингтон

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону