Журнал Ҳаракат
№3 (54) 2005. Ичидагилар
(Сўз боши ўрнида) -
Андижонда миллат нишонга олинди
13 майда Андижонда аҳолининг ўққа тутилишини дунё жамоатчилиги инсонийликка қарши жиноят, тажоввуз деб баҳоламоқда. Бу сўзсиз тўғри баҳо. Андижонликлар улар андижонлик бўлганлари учун эмас, ўзларининг инсон эканликларини намойиш қилганлари учун отилдилар. Ўзбеклар оломон эмас, ўз ҳуқуқини, қадр-қийматини ҳимоя қилишга интиладиган инсонлар жамоаси, бир миллат эканликларини кўрсатганлари учун отилдилар. Чунки, диктаторлар ҳар доим оломоннинг халққа, миллатга айланишидан кўрққанлар, Андижон воқеалари кўрсатмоқдаки, ҳали ҳам қўрқадалар.
Андижонда халқнинг қирғин қилиниши тасодифий ҳолми? Қон тўкмасдан мустақилликка эришган халқ мустақил бўлгандан кейин ўз қонига ботирилишини олдиндан тахмин қилса бўлармиди? Бунинг олдини олса бўлармиди? Бундан кейин қирғинликка учрамаслик учун нималар қилишимиз керак?
Бу саволларга жавоб беришни қуйидаги иқтибосдан бошламоқ истаймиз:
* * *
«В борьбе представителей всех народов против коммунистического строя (она получиила название – диссидентское движение) практически не принимали участие народы Средней Азии, в частности, Узбекистана. В отличие от других, в особенности прибалтийских республик, здесь не происходило формирование оппозиционных общественно-политических сил. Поэтому мы освобождаемся от оков коммунистическо-колониального строя под воздействием внешних по отношению к нашему региону факторов и попадаем в оковы местных коммунистов, которых успел вырастить этот строй. Те, кто не понимает страшной сущности коммунистического рабства, успокаивают себя мыслями о том, что "необходимо первоначально освободиться от колониального ига, а там время покажеть".
Не знаю, это политическая безграмотность или ширма для прикрытия своего страха перед открытой политической боьбой...
Надо бороться, чтобы одновременно избавиться от сросшихся между собой колониального и коммунистического строев. Именно в процессе такой борьбы, будут сформированы демократические силы, способные взять ответственность за судьбу народа в свои руки. Идя в настоящее время по этому пути, мы должны учиться у демократических сил, ведущих борьбу против коммунистического строя в других регионах СССР. В случае необходимости нужно опираться на их помощь. Иначе "наши" коммунисты задушат ростки демократии в Узбекистане и добьются успеха в своих попытках удержать общественно-политическое сознание наших народов в первобытном состоянии. Тогда, возможно, наши народы еще 10-15 лет останутся в тисках коммунистического рабства. Повторится трагедия 30-х годов. Народ потопят в его же крови. Но в этот раз инициаторами и исполнителями всех дел будут "наши" собственные коммунисты.
Цель демократических сил Узбекистана – не допустить этого».
* * *
Бу сўзлар «Бирлик» Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг 1990 йил охирида ёзилган «Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида» номли мақоласидан олинди. Бу мақола «Бирлик» халқ ҳаракати таркибида тузилган Ўзбекистон демократик партиясининг «Демократик Ўзбекистон» газетасида (ўзбек тилида) ва Қозоғистон демократларининг «Азат» газетасида (рус тилида) ўша кезлардаёқ эълон қилинган. Кейинчалик, мақоланинг русча варианти «Ҳаракат» журналининг 5-6 (20-21) сонида (1999 йил) қайта босилган.
Мақоладан олинган иқтибосдан кўриниб турибдики, ўша пайтдаги режим сақланиб қолса ва демократия ривожланмаса, воқеалар халқнинг ўз қонига яна ботирилиши билан тугаши аввалдан башорат қилинган. Демак, воқеаларнинг ривожини ўша вақтдаёқ тушуниб етган сиёсатчилар бўлган.
Уларнинг огоҳлантиришини ўз вақтида шунчаки, эҳтирос билан, ёзилган фикрлар деб қабул қилишни истаган одамлар ҳам бор бўлиши табиий.
Аслида, Абдураҳим Пўлатнинг сўзлари фақат эҳтирос маҳсулими?
Агар Ўзбекистоннинг мустақилликдан бир оз аввалги йилларидаги тарихини диққат буилан анализ қилсак, мақолада келтирилган башорат ёки тахмин учун етралича асос бўлгании кўрамиз. Сиёсий етук инсонлар шундай бўлишининг эҳтимоллиги жуда катта эканлигини хис қилолганлари табиий эканлигини кўрамиз.
Буларни тушуниш учун воқеалар анализини на фақат мустақиллик, ва на фақат қайта қуриш йиллари, балки улардан ҳам аввалдан бошлашга тўғри келади. Ана шундагина бизни бу кунларгача олиб келган жараёнларнинг мантиғини идрок этоламиз.
Мавзуимизга оид жараёнларнинг бошланиши Ўзбекистонга нисабтан ташқи омил – Москванинг режа ва амалий ишлари билан боғлиқ.
Андропов замонида бошланган «пахта ёки ўзбеклар иши» натижасида Совет замонида етиштирилган бўлса ҳам етарлича миллий руҳга эга бўлган сиёсий элитанинг яксон қилиниши ва кўпчилик учун номаълум бўлган шахснинг Ўзбекистондек мамлакат бошига келтирилиши КГБнинг махсус операцияси эканлигини англаш собиқ СССРнинг табиатини билган одам учун унчалик қийин эмас эди. Бунинг устига Ўзбекистон энг катта мусулмон ва турк мамлакати эканлигини ҳисобга олсак, бу - КГБнинг ўз мақсадлари нуқтаи назаридан сўнги йилларда амалга оширилган энг муҳим операцияси эканлигини ҳам тушуниш мумкин.
Кейинчалик, аниқроғи 1991 йил августда КГБ тарафидан уюштирлиган ГКЧПчилар фитнасининг ҳамма раҳбарлари августдан бироз аввал Тошкентга келиб Каримов билан кўришиб кетганлари, КГБ полковниги Владимир Путин, ўз ибораси билан, «Россияда ҳокимиятни қўлига олгач», биринчи бўлиб ҳамкасби билан учрашишга келгандек Ўзбекистонни зиёрат қилиши каби фактлар шуни аниқ кўрсатмоқдаки, руслар собиқ импрерия ҳудудидаги тарқалиш ва парчаланиш жараёнларини йўлида ғов сифатида ишлатиш учун аввлданоқ Ўзбекистонни танлаганлар. Ва бу мамлакaт раҳбариятига имкон борича ўзларининг одамларни жойлаштирганлар. Ҳозир улар ўзларининг одамлари уларнинг вазифасини бажариш учун ҳеч нарсадан тап тортмаслигига амин бўлмоқдалар.
* * *
Хуллас, демоқчимизки, Андижон фожеасининг - ёки яна ҳам кенгроқ маънода, Абдураҳим Пўлатнинг ибораси билан, «халқнинг ўз қонига ботирилиши» билан боғлиқ воқеаларнинг - илдизини Андропов замонида ўзбекларга қарши бошланган репрессив сиёсат ва унинг натижаси ўлароқ руслар тарафидан Ўзбекистон «тахтига» Ислом Каримовнинг олиб келинишидан қидириш керак.
Русларнинг мақсади нима эди?
Жамиятнинг ривожланмаслиги иқтисодий турғунликка олиб келишига совет замонидан чиқарилган энг катта сабоқ деб қараймиз. Бу тўғри. Аммо, жамиятнинг ривожланиши - ҳозирги замонда жамиятнинг ривожланиши демократияни жорий этиш билан боғликлиги ҳаммага маълум бўлса керак - мустамлака империяларнинг қулашига йўл очишини ҳамма ҳам тушунармиди? Албатта йўқ. Мустақилликни орзу қилган ўзбек зиёлиларининг асосий қисми буни тушунмасдилар деб бемалол айтиш мумкин.
Аммо, русларчи? Яна ҳам тўғрироги рус сиёсий элитаси ва КГБчи? Яна бемалол айтиш мумкинки, улар буни тушунардилар.
Русларнинг олдида бир бирига уйғун бўлмган икки масала турарди.
Биринчиси. Совет замонининг охирги йиллари шундай латифа бор эди. «Советлар (ёки руслар) Ғарбдан неча йилга орқада қолдилар?» деган саволга бир япон «Наффф...сегда» (бутунлай, дунёнинг охиригича) деб жавоб берибди. Демак, руслар «наффф...сегда» орқада қолишни истамасалар демократияни ривожлантиришга маҳкум эдилар. Демак, биринчи масала - демократияга ўтиш.
Иккинчиси. Айниқса ўтиш даврида иқтисодий ривожланишга асос бўладиган, табиий бойликларга тўла бўлган регионларни ўз контролларида имкон борича узоқ вақт тутиш. Яъни, СССРдаги жумҳуриятлар қўлдан кетса ҳам, Россиянинг ўзини парчаланишига йўл қўймаслик. Демак, иккинчи масала, вақтинча бўлса ҳам Россиянинг янада парчаланишини олдини олиш.
Руслар Болтиқбўйи ва Кавказ жумҳуриятлари (улар кичик бўлгани учун) ҳамда Украина ва Белорусия (улар славян мамлакатлари бўлгани учун) ўз контролларидан чиқиб кетишидан унчалик чўчимасдилар. Уларни Қозоғистон (миллий таркиби туфайли), Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам ортиқча «қизиқтирмасди». Уларнинг диққат-эътибори энг катта потенциалга эга бўлган, ҳам турк ҳам мусулмон мамлакати Ўзбекистонда эди. Россия Федерацияси ичидаги энг катта миллий озинлик турк мусулмонлари эканлигини билган ҳар қандай одам бундай «қизиқишнинг» сабабларини яхши тушунса керак.
Ҳам туркчилик ҳам мусулмончиликнинг ашаддий душмани бўлмиш бир одамнинг Ўзбекистондек давлат бошига ўтказиш учун Андропов бошлаб берган «ўзбеклар иши» номли операция охир-оқибат «чиройли» ўтказилганини тан олиш билан бирга, операция ҳали ҳам давом эттирилаётганини эътироф қилиш керак.
Ҳа, руслар бу боқичдаги вазифаларини чиройли бажардилар. Толибон томонидан қўллаб қувватланган Ўзбекистон исломий ҳаракатини йўқ қилиш учунгина АҚШ билан тактик ҳамкорлик қилган Ўзбекистон ҳукумати, яна баъзи майда-чуйда масалалардаги тафовутни ҳисобга олмаса, 15 йилдан бери айнан Россиянинг стратегик ҳамкори, унинг минтақадаги «ишонган тоғи» бўлиб қолмоқда. Демократ Ельцин ҳукуматда эканлигида ҳам шундай эди, КГБчи Путин ҳукумдорлиги замонида ҳам шундай.
Айнан Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиёда, яна ҳам тўғрирорғи Туркистонда, интеграцион жараёнларни қўлидан келгунча йўқ қилиб келмоқда, айнан Ўзбекистон ҳукумати Турк давлатлари ҳамкорлиги ғоясини пичоқлаб келмоқда, Туркия билан муносабатларни энг паст савияда ушлаб келмоқда ва энг даҳшатлиси, бу регионда русларга бас келоладиган бирдан бир миллат бўлмиш ўзбекларни ижтимоий-сиёсий ибтидоийлик ва иқтисодий қашшоқликда ушлаб турмоқда.
Ваҳоланкгки, айнан шулар мамлакатимизнинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан биринчи навбатда қилиниши керак бўлган ишлардир.
Мамлактнинг миллий манфаатларига, демак-ки, миллатнинг манфаатларига қарши иш қила олишнинг бирдан бир йўли – жамиятда демократиянинг ривожланишига йўл бермаслик, унинг овозини ва истакларини эшитмаслик, миллатни қулга айлантириб, уни ҳукмдорларнинг чизган чизиғидан юргазишга мажбурлаш.
Аммо, ўзбек халқи Каримовнинг қўли билан Россия чизаётган чизиқдан юришни истамаяпти. Ҳуқуқ ҳимоячилари, демократик мухолифат ва радикал исломий мухолифат (ҳар ким ўз йўли билан) мавжуд режимни ўзгартириш учун ҳар қандай репрессияларга қарамасдан курашмоқдалар. Уларни доимий тазйиқлар, қўрқитишлар, режим зиндонларидаги ваҳшийларча ўлдиришлар ҳам тўхтатолмаяпти.
Демократик мухолифат вазиятни конституцион нормалар доирасида ўтзартиришга интилмоқда.
Аммо, пичоқ суягига етиб борган халқ, балки, радикал исломий мухолифатнинг ҳам ташвиқлари таъсиридадаир, Андижондаги каби исёнлар қилишдан ҳам чекинмаяпти.
Бош берк кўчага кириб бўлган ҳукуматнинг ҳам бошқа йўли йўқ. Андижонда бўлгани каби халқни ўз қонига ботириш, шу йўл билан яна бир муддат Россия манфаатларини бу ерда ҳимоя қилиш унинг танлаган йўлидир.
Биринчи хулоса шундан иборатки, Каримовнинг Ўзбекистон «тахти»га олиб келиниши - миллатни ўз қонига ботириш йўлидаги биринчи қадам бўлган.
Рус КГБси бу тахтга Каримовни танлаганида нишонга миллатни олганди.
Ўзбек миллатини.
* * *
Каримов Москванинг қўли билан тахтга олиб келингани сабабли, унинг Андижон хунрезлигидаги ролини «ташқи омил» деб ҳисоблаш керак. Аммо, ички омиллар ҳам етарли.
Ички омилларнинг асосийси ўзбек зиёлиларининг, энг камида, қайта қуриш йиллари «миллий мутақиллик» шиорлари остида мухолифатга кириб келган зиёлиларнинг, сиёсий маънода заифлиги ва жамиятнинг фундаментал муаммоларини етарлича тушунмасликлари бўлди. Уларнинг кўпчилиги демократик шиорларни шунчаки декорация сифатида кўрдилар, уларнинг бирдан бир абстракт мақсади мустақилликди. Улар Совет режимининг қонхўрликларини фақатгтна русларнинг иши сифатида кўрардилар, «ўзбекдан диктатор чиқмайди» қабилидаги ибтидоий тушунчалар билан яшардилар.
Абдураҳим Пўлат «Ҳаракат» журналининг 1999 йилга оид 5-6 (20-21) сонида юқорида бир парчаси келтирилган мақоласининг ёзилиш тарихига изоҳ бераркан, шундай дейди: «Мақоламнинг номидан кулган одамлар бўлди. Улар мақола номидаги мустақиллик сўзи устидан эмас (у пайтда ҳеч ким яқин орада мустақил бўлишимизни ҳаёлига ҳам келтирмасди, шу сабабли бунинг устидан кулишни ҳам ўзига эп кўрмасди), диктатура остонастда турганимиз ҳақидаги сўзларим устидан кулишарди. Горбачевдан кейин диктатура қайта тикланиши мумкинлигини мутлақо кўпчилик гипотеза сифатида ҳам кўз олдига келтиролмасди».
Қисқа қилиб айтсак, шу сиёсий заифлик туфайли биз ўзбеклар Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати яратиб берган сиёсий муҳитдан тўла ва самарали фойдаланолмадик. Бошқа жумҳуриятларда каби кучли мухолифат ташкилоти қуролмадик.
Тўғри, «Бирлик» халқ ҳаракати тузилгандан сўнгра катта тезликка эришди, «Ўзбек тили давлат тили бўлсин» шоири остидаги фаолияти билан халқ ичида буюк обрў қозонди, энг муҳими, халқ ичида илдиз отабошлади. Аммо, юқорида айтилган сиёсий заифлик туфайли тезда панд еди.
Биринчи мухолифат ташкилоти бўлмиш «Бирлик»нинг панд ёйишини унинг ичидаги одамларнинг сиёсий заифлиги, қолаверса калтафаҳмлиги билан тушунтириш анчагина чуқур ёйилган. «Бирлик» сиёсий майдонда илк одимлар отаётган, кун сайин кучайиб бораётган бир пайтдаёқ Каримовнинг оғзаки ваъдаларига ишониб мухолифатни бўлинишига йўл очиш, ўзини демократман деб ҳисоблаган одамларнинг коммунистик ҳукумат билан ҳамкорлик йўлига ўтиши албатта калтафаҳмлик, сиёсий касаллик эди. Нима бўлганда ҳам, бу секинми аста тузатилиши мумкин бўлган касаллик эди.
Аммо тез орада янги фактлар ўртага чиқди. Демократик мухолифатни парчаланишига йўл очиб берган ёзувчилар гуруҳининг раҳбари, ашаддий «антикоммунист» Салай Мадаминов Ўзкомпартиянинг рўйхатидан ўша пайтдаги парламентга депутут бўлиб сайланиб олди. Яна ўша кунлари ҳукумат унга катта моддий мукофаатлар бергани, қўшалоқ квартиралар совга қилгани бир оздан кейин ҳужжатлари билан ўртага чиқди. Ҳеч қандай шубҳа қолмадики, бўлган воқеалар фақат сиёсий заифлик эмас, балки тўғридан тўғри хоинлик мевасидир.
Инсоният борки хоинлик бор. Жавахарлал Неру айтганидек эса: «Хоинлик бор ерда қуллик бор». Булар ҳам аччиқ, аммо ҳақиқат.
Аммо, ўта маъсулиятли мақсадлар билан сиёсий саҳнага отилиб, энг кучга тўлган ва коммунист ҳокимиятни жар ёқасига олиб келган «Бирлик» ўз ичида юз берган парокандалик ва тўғридан тўғри хоинликка ўз вақтида сиёсий бaҳо берилмаслиги даҳшатли натижаларга олиб келишини ҳамма тушуниб етмагани бундан ҳам даҳшатли бўлди.
Бундай ҳодисалар из қолдирмасдан битмаслиги оддий аксиомадир. Буни биз ўзбеклар, хусусан «бирликчи»лар вақтида тушунолмадик. Ва натижа ўлароқ, миллат бир кишининг қулига айлантирилди, Анжижонда бўлгани каби ўз қонига ботирилмоқда.
Мустақиллик ва демократия шиорларини биринчи бўлиб кўтарган ва замонавий тарихимизнинг рамзига айланган Халқ Ҳаракатини шу йўл билан парчалаш, уни болталаш - Каримовнинг қўли билан миллатимизни нишонга олган Москванинг тегирмонига сув қуйиш эди.
Табиийки, Москва Салой Мадаминов ва тарафдорларини олқишлади. 1990 йил 2 май куни у ўзининг «Известия» ва «Правда» газеталари орқали: «Кеча биринчи майга бағишланган Тошкентдаги намойишчилар қаторида эндигина тузилган «Эрк» партиясининг аъзолари ҳам бор эди» деб уларни ўзича мадҳ қилди.
Воқеалардан чиқарадиган иккинчи хулосамиз шундан иборатки, халқимизни Андижон фожеасига олиб келган ички омилларнинг асосийси - тарихий муҳим бир даврда демократик мухолифатнинг хоинлик натижисда яксон қилиниши ва мутлоқ диктатуранинг мустаҳкамланишига йўл очилишидир.
Хуллас, миллат нишонга олинаркан, иш бошидагиларга ёрдамчилар ўзимиздан чиқарилди.
* * *
«Бирлик»чилар воқеаларнинг рвожланиши миллатимизни қоронғу кунларга судраб кетаётганини яна ҳаммадан аввал тушундилар. Мана 1990 йилнинг май ойида ташкилотнинг 3- Қурултойида Абдураҳим Пўлатнинг айтган сўзлари: «СССР катта бир дарахт бўлса, ҳамма жумҳуриятларнинг демократлари билан биргаликда уни етарлича қимирлатиб қўйдик. Энди унинг йиқилиши муқаррар. Шу сабабли, бундан буён дарахт йиқилгандан кейин қандай яшаш устида кўпроқ ўйлашимиз керак. Яъни, СССР қулагандан кейин қандай жамиятда яшашимизни ўйлашимиз, курашимиздаги урғуни мустақилликдан демократига ўтказишимиз керак. Шу сабабли, бугун қабул қилинадиган Дастуримизнинг лойиҳасидаги «Мустақил ва демократик Ўзбекистон учун» шиорини «Демократик ва мустақил Ўзбекистон учун» деб ўзгартиришни таклиф қиламан». Шундай қилинди ҳам.
Бир оздан кейин Абдураҳим Пўлат юқорида айтилан мақоласида яна бир марта фарёд қилди: «Миллат қонига ботирлади. Демократик кучлар бунинг олдини олишлари керак». Аммо, ҳам ичидан болталанган, ҳам коммунистик ҳокимиятнинг зарбалари остида қолган «Бирлик» вазиятни ўзгартиришга кучсиз эди.
Миллат «ўз қонига ботириладиган» кунларга тўғри қараб борарди.
1992 йил 29 июнда «Бирлик» лидерига қарши уюштирлган суиқасд демократик мухолифатга қарши террор бошлаш учун сигнал бўлди. Бир неча кундан кейин мамлакат парламентида нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов бошидан яраланган Абдураҳим Пўлатга шаъма қилиб айтилган «Керак бўлса яна бир неча юз кишининг миясини тўғрилаб қўямиз» сўзлари билан террорга расман фотиҳа берди.
Мухолифатчиларни қама-қама қилиш, калтаклаб кетиш, уйларига ўт қўйиб юбориш каби воқеалар оддий тусга кирди. Ҳукумат энди ўзига керак бўлмай қолган «Эрк» партияси фаолларига ҳам ҳужум бошлади.
Яна бир оздан кейин навбат шу пайтгача демократларни эмас, кўпроқ Каримовни қўллаб қувватлаб келган Ислом дини уламолари, оддий мусулмонларга келди.
Ислом Уйғониш партиясининг раиси Абдулла Ўтаев ва Андижонлик машҳур уламо Абдували Қори йўқ қилиб юборилди.
«Бирлик»нинг Наманган шаҳар ҳамда Қашқадарё вилоят ташкилотларининг раислари Аҳмадхон Тўрахонов ва Шоврух Рўзимуродовлар режим қамоқxоналарида ваҳшийларча ўлдирилди.
Қорқалпоғистоннинг Жаслик поселкасида концлагерь қурилди.
Режимга қарши бўлганларни йўқ қилиш конвейерга қўйилди. Минглаб бегуноҳ одамлар режим зиндонларида чиритила бошланди...
Миллатимиз тўғри Андижон қирғинига қараб борадиган йўлга солиб юборилди.
Аммо, кўринишидан миллатнинг инстинкти уни ўзини ҳимоя қилишга чорларди. Андижондаги исён шу чақириқнинг натижаси эканлигига шубҳа йўқ.
Биз демократлар тарафдори бўлмаган бу исёндан ҳукумат баҳона сифатида фойдаланди. Тезда исённи бостириш, саноқли исёнчиларни нейтраллаштириш лозимлигини рўкач қилиб, аслида халқни яна ҳам қўрқитиб қўйиш йўлини танлади.
Аллақачон нишонга олинган миллатимиз ўз қонига ботирилди.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Дадажонов Исмоил
"Бирлик" Халқ Ҳаракати тузилган 1988 йилдан бери унинг фаоли бўлган Исмоил Дадажонов 2003 йили "Бирлик" Халқ Ҳаракати асосида тузилган "Бирл...
Добавить сведения