Журнал Ҳаракат №4 (43) 2003. Кечагина ўтган кунларимиз
«Харакат» Ахборот Агентлигининг янгиликлар тасмасидан
Манба: www.harakat.net Июль - Август, 2003 йил 5 июль: Яна 15 «хизбчи» устидан хукм ўкилди Тошкент шахрининг Акмал Икромов тумани жиноий ишлар судида «Хизб-ут-Тахрир»га алокадорликда айбланган, кўпчилиги шу йилнинг февраль-март ойларида камокка олинган 15 нафар йигит устидан 29 майда суд жараёни бошлангани хакида илгари хабар берган ва уларга кўйилган айбларни айтган эдик. Мана, нихоят, 4 июль куни судланувчилар устидан хукм ўкилди. Уларнинг 12 нафарига 7 йилдан 15 йилгача каттик тартибли, бир нафарига (энг ёшига) 7 йиллик умумий тартибдаги камок жазоси белгиланди. Ўзбекистон Президентидан кечирим сўраган 2 нафар судланувчи эса 3 йиллик шартли жазо билан суд залидан озод килинди. Махкумларнинг уюшган жиноятчилар эканлиги бир ёкда турсин, хатто бир-бирларини танимасликлари, уларни кўлга олиш пайтида сохта «далилий ашё»лар ташлаб кўйилгани, дастлабки тергов вактида кийнокларга солингани судга аллакачонларок маълум бўлган эди. Лекин, хукук химояси фаолларининг тасдиклашича, судда раислик килувчининг хатти-харакатлари бир ёклама бўлди. Шунинг учун судланувчилар суд мажлисининг сўнгги куни - 30 июнда унга раддия бериб, ўша кундан хукм ўкилгунгача очлик эълон килишди. Лекин бехуда! 8 июль: АКШ элчисининг ўзбек хукук химоячилари билан хайрлашуви Кеча, 7 июль куни АКШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Хёрбст бу ердаги элчилик фаолиятини тугатиши муносабати билан республикадаги мустакил хукук химояси ташкилотлари рахбарларини кабул килди. Бунда Инсон хукуклари «Эзгулик» жамиятидан Васила Иноят, Ўзбекистон Инсон хукуклари жамиятидан Толиб Ёкуб, Инсон хукуклари мустакил ташкилотидан Михаил Арзинов ва Абдухошим Гофуров, шу ташкилотнинг Фаргона водийсидаги рахбари Абдусалом Эргашев, Маргилондаги «Ўт юраклар» клубининг рахбари Мўътабар Тожибоева хамда Бухоролик Шухрат Ганиев катнашдилар. Васила Иноят Хёрбстнинг элчилик фаолияти даврида республикадаги демократик харакатлар ва инсон хукукларини химоя килиш иши бир кадар илгарилагани таъкидлади. Масалан, «Эзгулик» жамиятининг давлат рўйхатидан ўтишида ёки мухолиф «Бирлик» партияси ишини жонлантиришда элчи жанобларининг хиссалари бор. Шу билан бирга, деди Васила Иноят, масалан, Олий Мажлисга сайловлар якинлашиб келаётган бир паллада мухолиф сиёсий партиялар билан хукумат ўртасида мулокотлар ўтказишга катта эътибор берилмади ва бу масала очик колди. Толиб Ёкуб бир катор хукук химоячиларнинг хали хам камокда эканликларини эслатган бўлса, бошка хукук химоячилари асосан махаллий муаммоларни ўртага кўйишди. Жаноб Хёрбст элчилик фаолияти давомидаги камчиликларни эътироф этар экан, жумладан мухолиф сиёсий партияларнинг давлат рўйхатига олинишига АКШ хукумати катта кизикиш билан карашини ва бу сиёсий масалага хеч качон эътиборини пасайтирмаслигини, бинобарин, янги элчи хам шу тамойилга амал килажаги табиийлигини уктирди. 11 июль: Тошкентда IRI ваколатхонаси очилди 10 июль куни Тошкентда АКШнинг Халкаро Республикачилар Институти деб аталадиган ташкилоти - IRI (International Republican Institute) ваколатхонасининг такдимоти бўлди. Маросимда сўз олган АКШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Хёрбст «бизнинг максадимиз, Америка давлатининг максади хар хил сиёсий партияларни давлат рўйхатидан ўтказишдир» дер экан, бу узок давом этиши мумкин бўлган жараёнга Халкаро Республикачилар Институти хам фойдали хисса кўша олишига умид билдирди. Ваколатхона рахбари Грег Стивенсоннинг сўзига кўра, ўз ваколатхонасининг вазифаси куйидагилардир: а) Ўзбекистондаги сиёсий партияларни кўллаб-кувватлаш ва улар фаолиятига ёрдам бериш; б) партияларнинг сиёсий жараёнлар ва сайловларда катнашишига ёрдам бериш; в) сиёсий партиялардаги ички мухитни мустахкамлаш ва уларга услубий-техник ёрдам кўрсатиш. Кузатувчилар фикрича, демократия бўгилган мамлакатларда янги сиёсий партияларнинг шаклланишига, давлат рўйхатидан ўтишига ва сайловларда катнашишига кўмаклашувчи бу ташкилот ваколатхонасининг Ўзбекистонда очилиши мамлакатимизда демократик кадриятларнинг кадр топишида, мафкурада ранг-баранглик юзага келишида муайян ахамият касб этади. Жахон Банки Ўзбекистоннинг депсиниб ётган иктисодиёти хакида Шу хафтада Жахон Банки Ўзбекистон иктисодиётига оид ўз маълумотини эълон килди. Унга кўра, республикамизнинг иктисодий ривожланиши (ялпи ички махсулот ўсиши) жихатидан МДХдаги мамлакатлар рўйхатида пастдан иккинчи ўринда (факат Молдова Ўзбекистондан кейинда) экан. Маълумотда кўрсатилишича, 1996 йилдан бери ахолининг тирикчилик даражаси бир маромда пасайиб келмокда. Ўзбекистон МДХ мамлакатлари орасида ахоли жон бошига даромад бўйича хам сўнгги ўринларда. Жахон банкига кўра, Ўзбекистон экспорти ўз жойида депсиниб ётибди. Мамлакат ташки карзларини узиши учун 2000 йилда экспорт тушумининг деярли 30 % ини тўлашига тўгри келди (бу ракам Белорусда 5 % хам эмас). 12 июль: Лондонда ўзбеклар химоясига ўтказилган намойиш якунланди Шу хафтанинг душанба куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томон кўпчилиги британиялик муслималардан иборат бўлган жамоа юриш килиб, Ўзбекистондаги «хизб»чи биродарларига карши махаллий хукумат томонидан таъкиб ва тазйиклар ўтказилаётганига чек кўйилишини талаб килганлари ва мазкур норозилик пикетини хафта охиригача давом эттиришлари илгари хабар килинган эди. Агентлигимиз олган хабарларга кўра, 6 кун давом этган бу тадбир 12 июлда нихоясига етди. Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, намойишчилар хар куни хар хил талаблар билан чикишди. Унинг асосий кисми деб хисобланган бугунги норозилик пикетида мингдан ортик киши катнашди. Булар орасида эркагу аёлларни, ўсмир ўгилу кизларни, оналари кўлларини ушлаб олган болаларни кўриш мумкин эди. Ўз юришларини Лондоннинг марказидан бошлаган намойишчилар Ўзбекистон элчихонаси томон борарканлар, улар Куръондан суралар ўкиб, Ўзбекистон хукуматининг «хизб»чиларга карши сиёсатини кораловчи шиорлар айтиб хайкиришар, кўлларида «Халифаликкина ўзбек мусулмонларига озодлик беради», «Ўзбекистон - мусулмонлар учун камокхона» каби шиорларни, Президентлар Ислом Каримов ва Жорж Буш, шунингдек, «Хизб-ут-Тахрир»нинг Ўзбекистон камокхоналарида вафот этган айрим аъзолари фотосуратларини кўтариб олган эдилар. 13 июнь: Кўконликлар! Сиз ўз хукукларингизни биласизми? Кўконда Ўзбекистон Демократик форуми ва Инсон хукукулари «Эзгулик» жамияти хамкорликда 12 июлдан бошлаб «Сиз ўз хукукларингизни биласизми?» деган мавзуда трейнинг ўтказишмокда. Трейнинг «Эзгулик» жамиятининг расмий офисида 5 кун давом этади. Ўкиш жараёнида Ўзбекистонда инсон хукукларининг шу кунги ахволи хакида маъруза килинади ва мавжуд вазиятни тузатиш учун килиниши керак бўлган ишлар маслахатлашилади. Трейнинг дастури бўйича 2004 йилда бўладиган сайловларга тайёргарлик ва уларда фукароларнинг роли хакида хам сухбатлар ўтказиш режалаштирилган. Бу тадбир АКШ элчихонаси тарафидан берилган грант асосида амалга оширилмокда. Хўжандда ўзбекча «Тонг» отди 12 июнда Сўгд вилоятининг шахар ва туманларидаги газета-журнал сотиладиган дўконларида янги хафталик – «Тонг» сотувга чикди. Бу хозирча Тожикистондаги ягона ўзбекча мустакил ижтимоий-сиёсий хафталик махаллий журналистлар ва ишбилармон кишиларнинг молиявий кўмаги билан дунё юзини кўрди. «Тонг» хафталиги 2002 йилнинг май ойида рўйхатдан ўтиб, ўтган йили беш сони чиккан ва газетонларга бепул таркатилган эди. Молиявий такчиллик туфайли хафталик деярли ярим йил чоп килинмади. Кеча у кайтадан ўзбекларни кувонтиришга бошлади. Ф-3 форматидаги 16 сахифалик хафталикнинг мухаррири Мирзо Хакимнинг айтишича, Европада Хавфсизлик ва Хамкорлик Ташкилоти «Тонг» учун икки йилга мўлжалланган грант лойихасини кўллаб-кувватлаш ниятида. Учинчи йилгача Сўгд вилоятида истикомат килаётган 700 минг ўзбекдан хам спонсор чикиб колар, дейди хабарининг сўнгида хўжандлик мухбиримиз. 15 июль: Судланувчи журналистнинг талаби адвокатни хушдан оздирди Карши шахар жиноий судида «Мулкдор» газетасининг мухбири Боймамат Жумаев устидан махкама жараёни давом этмокда. 19 июнь кунида бошланган мазкур жараённи журналист байкот килган эди. 10 июль куни судя Жамила Бердиева раислиги остида махкама давом этди. Судланувчи журналист судда иштирок этаётган ўз адвокати Турсуной Салимованинг жараённи ёзиб бормаётганлигидан норози бўлиб, адвокатга ишончсизлик билдирди. Бу холатни кутмаган авдокат хушини йўкотиб кўйди. Тиббий ёрдам кўрсатилгач, Турсуной Салимова судланувчини химоя килишдан воз кечиб, «тантановор» равишда суд залини тарк этти. Суд 15 июлга колдирилди. 16 июль: Кризисларнинг олдини олиш - мухолифат партияларига йўл бериш Кризисларнинг олдини олиш халкаро гурухи (Брюссель) «Марказий Осиё, ислом ва давлат» номли навбатдаги хисоботини эълон килди. Унда айникса Туркманистон ва Ўзбекистонда диний эркинликлар билан боглик ахвол жуда аянчлилиги, бу давлатлар конунларида фукароларнинг эътикод эркинликлари чеклаб кўйилганлиги кайд этилган. Масалан, Ўзбекистонда хукумат назоратидан ташки хар кандай диний гурух фаолияти гайри конуний хисобланади. Бугунги кунда ана шундай диний гурухларга мансубликда айбланган 6 мингдан зиёд киши камокларда ётибди ва мусулмонларни камокларга ташлаш давом этмокда. Бу эса мазкур гурухларнинг харакатлари янада кескин тус олишига сабаб бўлмокда. Кризисларнинг олдини олиш халкаро гурухи шу муносабат билан Марказий Осиё мамлакатлари хукуматларига бир канча тавсиялар ишлаб чикди. Хусусан, Ўзбекистон учун диний эркинликлар тўгрисидаги конунни кайта кўриб чикиш, мактабларда диний таълим беришни ташкил килиш каби ва бошка тавсиялар. Уларда сиёсий плюрализмга ва мухолифат партиялари фаолиятига йўл бериш муваффакият гарови экани хам уктирилади. Тошкентда яна норозилик пикетлари Тинч, эхтиёткорлик билан амалга оширилаётган норозилик пикетлари Ўзбекистон сиёсий-ижтимоий хаётига кириб бормокда. Гарчи хали уларнинг нафи сезилмаётган бўлса-да, лекин пикетлардаги талаблар расмийлар маълумотига етказилаётгани хакида бизда аник далиллар бор. Масалан, Тошкент шахар хокимлиги масъуллари хам буни тасдиклашди. Шундай килиб, ўтган душанба-сешанба кунлари ва бугун хам Тошкентда ана шундай пикетлар бўлиб ўтди. 14 июлдаги намойишда пикетчилар шахар хокимлиги, 15 июлдагисида республика Прокуратураси олдига, бугун, 17 июлда Ўзбекистон Вазирлар Махкамаси рўпарасига тўпланишди. Хукук химоячиларининг билдиришича, Тошкент хокимлиги олдида бўлган пикет катнашчилари - 30 чамаси киши - ижтимоий-иктисодий ва хукукий талаблардан ташкари янги шиорни олга сурдилар. Бу - конунларнинг хамда фукаролар билан ташкилотлар ўртасида тузилган шартномаларнинг ишламаётганига жавобан коммунал тўловларни тўламаслик даъвати эди. Ўзбекистон Прокуратураси олдидаги пикетда 20 га якин киши катнашди. Улар олиб чиккан плакатларда, чунончи, Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва бошка хукук-тартибот амалдорлари истеъфосини, нохак олий жазога хукм килинган ўглининг жиноий ишини кайта кўриб чикишни талаб килувчи ва бошка ёзувлар бор эди. Бугунги пикетда 20 дан ортик инсон хукуклари химояси фаоллари ва оддий фукароларнинг чикишлари кўпрок сиёсий талаблардан иборат бўлди. Намойишчилар «Бирлик» ва бошка мухолифат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, мамлакатда порахўрликка чек кўйиш, инсон хукукларини поймол килаётган хукук-тартибот идоралари хатти-харакатларини жиловлаш, нохак камалиб кетган махбусларни озод этиш, кўшни мамлакатларга эркин чикиб келиш имкониятини яратиш кабиларни талаб килдилар. Улар орасида янги пикетчилар хам анчагина эди. 19 июль: Наманганлик «Бирлик»чиларнинг тадбири вактинча тўхтатилди 18 ва 19 июль кунлари шахарнинг гавжум жойида - Наманган Давлат Университети олдида «Бирлик» партиясига аъзолар кабул килиш тадбири бўлиб ўтди. Гарчи тадбирнинг биринчи куни кампания яхши ўтган бўлса-да, лекин унинг иккинчи куни, яъни бугун мазкур тадбирга зарба берилди: «Бирлик»нинг Наманган ахолисига мурожаати ёзиб, осиб кўйилган плакати бу ерда пайдо бўлган номаълум шахслар томонидан юлиб олиб кетилди ва шундан сўнг, балки бу режалаштирилган провокациядир деган шубха билан, Университет олдидаги тадбир вактинча тўхтатилди. Лекин, Наманган вилояти бўйлаб партияга аъзолар кабул килиш кампанияси, бутун Ўзбекистонда каби давом этмокда. 31 июль: «Бирлик» АКШда хам шаклланишга бошлади 27 июль куни АКШнинг Флорида штатида вактинчалик яшаётган бир гурух Ўзбекистон фукоролари, уларнинг ичида сиёсий мухожирлар ва бу ерга ишлаш учун келган ватондошларимиз бор, «Бирлик» Халк Харакати Партиясининг Флорида комитетини туздилар. Комитетнинг максади АКШда яшаётган ўзбекларни ўзбек мухолифатининг, хусусан «Бирлик»нинг фаолияти билан таништириб бориш, бу максадда оммавий нашрлар ташкил этиш, АКШда яшаётган ўзбекларни Ўзбекситонда бўлаётган сиёсий жараёнларга, жумладан, ўзбек мухолифатининг фаолиятига жалб килиш. Флоридалик «Бирлик»чиларнинг йигилишида «Бирлик» рахбари Абдурахим Пўлат иштирок этди. 1 август: Кашкадарёлик хукук химоячилари озодликда Хукук химоячиларининг хабарига кўра, 2002 йилнинг сентябрида хибсга олиниб, 6 ва 5 ярим йил муддат билан камок жазосига хукм килинган Ўзбекистон Инсон хукуклари жамиятининг Кашкадарёлик фаоллари Мусулмонкул Хамроев ва Норпўлат Ражабов ўтаётган хафта бошида озод этилдилар. Бунда уларни озод килишни талаб этиб Тошкентда ўтказилган пикетлар ва халкаро хамда махаллий хукук химоячиси ташкилотларнинг норозиликлари катта рол ўйнагани шубхасиз, дейишмокда кузатувчилар. «Бирлик» партияси ташаббусчиларининг Мурожаати 25 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган «Бирлик» Халк Харакати Партиясининг Ташкилий кўмитаси партияга янги аъзолар жалб килиш жараёнини тезлаштириш максадида бир Мурожаатнома кабул килган эди. Сўнги йилларда Швецияда яшаб, шу кунларда оиласи билан мамлакатига келган «Бирлик» лидерларидан Пўлат Охун хам бу мажлисда катнашди. Хозир вилоятларда таркатилаётган Мурожаатноманинг матнини эътиборингизга хавола киламиз. «Бирлик» Халк Харакати Партияси Ташкилий кўмитасининг Ўзбекистон халкига Мурожаати Азиз ватандошлар! Агар Сиз халк фаровонлиги, юрт ободонлиги, демократик тамойилларнинг устиворлиги, миллий хамда умуминсоний кадриятлар асосида бахт ва эзгулик устивор бўлган жамият куриш, мамлакатни мавжуд сиёсий-иктисодий бўхрондан олиб чикиб, саодатли ўлкага айлантириш, жонажон ватанимизни жахоннинг тараккий этган мамлакатлар сафига олиб кириш йўлида хизмат камарини богламокчи бўлсангиз ташкил топаётган «Бирлик» Халк Харакати Партиясига аъзо бўлинг! «Бирлик» Халк Харакати Партияси юртимизга озодлик ва демократия шабадасини олиб кириб, унинг истиклолига муайян хисса кўшган ва 1991 йилда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган «Бирлик» халк харакатининг давомчисидир. Унинг Ташаббус гурухи Ўзбекистоннинг «Сиёсий партиялар хакидаги конуни»га риоя килган холда, шу йил 21 июнь куни ташкил этилди ва Адлия вазирлиги томонидан кайд этилди. Агар Сиз: - Ўзбекистон халкининг йил сайин моддий ва маъанавий жихатдан кашшоклашиб бораётгани ва бунинг натижаси ўларок давлатимизнинг эртанги кунидан хавотирга тушар экансиз; - Ўзбекистонни бу ахволдан олиб чикиш йўли - давлатимизда конун устиворлигига эришиш, демократияни ривожлантириш, фукороларнинг хукук ва эркинликларини хурмат килиш, ерни ўз эгасига кайтариш, тадбиркорларга эркинлик ва халкка ошкоралик бериш эканлигига ишонсангиз «БИРЛИК» ХАЛК ХАРАКАТИ ПАРТИЯСИ ТАЪСИСЧИЛАРИ САФИГА КЎШИЛИНГ! * * * Мурожаатноманинг сўнгида Ташкилий кўмита аъзолари билан алока ўрнатиш учун телефонлар берилган. 6 август: Ўзбекистонда норозилик намойишлари Хукук химоячиларининг хабарларига кўра, бу кунларда мамлакатнтнг турли минтакаларида ахолининг норозилик чикишлари авжига чикди. Агентлигимизга ишончли манбалардан келиб тушган маълумотларни ўкувчиларимизнинг диккатига хавола киламиз. Андижон вилояти: Асака шахрининг 4 август куни эрта тонгда санитария-озодалик куни дея дарвозалари така-так беркитилган саноат буюмлари бозори олдида тужжорлар тўпланишиб, унинг ёпилишига норозилик билдирдилар. Тужжорларнинг айтишича, маъ-мурлар ва соликчиларнинг уларга ўтказаётган тазйиклари кучаймокда, бозордаги савдо ўринлари хакини аввалдан тўлаб кўйган тужжорлар учун бир куннинг хам ахамияти каттадир, холбуки асл режа бозорни бир неча кунга ёпиш бўлган. Шуниси кувонарлики, тушга колмай шахар маъмурияти бозорни очишга мажбур бўлди. Шахрихон туманининг Сардор ширкат хўжалигидаги 200 га якин аёл унинг идораси олдида 4 кундан бери хўжалик раисининг хибсга олинишига карши норозилик чикишида катнашмокдалар. Кеча, 5 августда хам аёллар идора олдига тўпланишб, раиснинг озод этилишини талаб килдилар. Уларнинг фикрича, раислари халкпарвар одам, кимлардир ундан касд олишмокда. Тошкент шахри: Президент девонининг фукароларни кабул килиш ва хатлар бўлими рўпарасида 20 га якин хукук химоячилари ва бошка фукаролар 5 августда маиший-хукукий талаблар билан норозилик пикети уюштирдилар. Девон ходимлари пикетчиларнинг талабларини тинглаб, хал этишга ваъда бердилар. Фаргона вилояти: Фаргона шахрида 9–10 июнь кунлари бўлган пикетга рахнамолик килгани учун «Ўт юраклар» клуби рахбари Мўътабар Тожибоева 4 августда Фаргона шахар жиноий ишлар судига чакирилди. Судга кириш олдидан у ва клуб фаоли Лолахон Дехконова вилоят хукук-тартибот идораларидаги айрим рахбарларнинг истеъфосини талаб килиб, пикет уюштирдилар. Судда М.Тожибоевага Маъмурий хукукбузарлик тўгрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йигилишлар, митинглар, кўча юришлари, намойишлар ўтказиш тартибини бузиш айби) билан иш кўзгатилгани маълум килинди. Ишни кўриш М.Тожибоеванинг талаби билан 9 августга колдирилди. Хукук химоячилари М.Тожибоевага кўрсатилган мазкур маъмурий тазйикни ўзларини чўчитишга уриниш, вилоятда мустакиллик байрами олдидан норозилик намойишларининг олдини олиш максадида уюштирилган, деб бахоладилар. 5 августда М.Тожибоева ва Л.Дехконова ўз норозилик пикетини Кува тумани марказидаги туман жиноий ишлар суди олдида хам ўтказдилар. Уларнинг плакатида «Конун химоячиси формасидаги жиноятчиларни химоя килаётган хукумат рахбарларининг истеъфосини талаб этамиз» деган ёзувлар бор эди. Пикетчиларга хайрихохлик билдириб, улар ёнига бир неча ўн киши келиб кўшилди. 10 август: Ишчиларнинг сўнгги чораси: иш ташлаш Ўзбекистонда сўм конвертациясига эришиш (агар эришиб бўлса) халкимизга жуда кимматга тушмокда. Шу максадда сўм кадрини (кийматини) баркарорлаш ва ошириш учун хукумат муомаладаги сўмлар (банкнотлар) микдорини, кандай килиб ва кандай йўллар билан бўлмасин, камайтиришни ўзига каттик ахду паймон килиб олган. Масалан, тадбиркорларнинг савдо тушумларини мажбурий инкассация килиш, дехконлар хакларини беришни йиллаб, ишчи-хизматчилар маошларини тўлашни ойлаб пайсалга солиш каби хатти-харакатлар ўша йўллар жумласидандир. Мана, 6 ой ўтяптики, Фаргона нефтни ишлаш заводи ишчилари хам ўз хаклари (маошлари, болалари нафакалари, хатто 2001 йил дивидендлари) ни ололмай хуноблар. Улар, хукук химоячилари хабарига кўра, оилаларини бокиш учун карзга ботишган, бисотларидаги буду-шудларини сотмокдалар ва хоказо. Айни вактда завод рахбарлари эса ўзлари учун дангиллама далаховлилари куришга пул топишмокда. Маълум бўлишича, завод ишчиларининг шикоятлари бўйича юкори идораларнинг вакиллари хозиргача бу ерда 4 марта (шу йилнинг феврал, март, май ва июл ойларида) бўлишиб, ишчиларнинг хаклари ўз вактида берилади дея, хар гал ваъда инъом килишар экан. Лекин хамон пулдан дарак йўк. Шунинг учун 8 августда заводнинг 5000 кишилик жамоаси номидан 344 киши Ўзбекистон ва Фаргона вилояти рахбарларига яна бир бор шикоят аризаси йўлладилар. Улар август ойи ичида талаблари бажарилмаган такдирда сўнгги чорани кўлламокчилар: иш ташламокчилар. 15 август: Каримовнинг одам танлай олмаслигининг яна бир окибати Ўзбекистон рангли металлургия саноатининг энг йирик корхонаси бўлган Олмалик кон-металлургия комбинати сўнгги йилларда рахбарларга ёлчимаяпти. Норасмий манбанинг билдиришига кўра, комбинатнинг мавжуд бош директори Геннадий Прохоренко шу хафта бошида олтин ёмбиларини ўгринча Ўзбекистондан ташкарига олиб кетаётганда кўлга тушган. У республикадан кочиб кетган Сигедин ўрнига бундан икки йилча илгари тайинланган эди. Маълумки, бундай рахбарлик лавозимларига ходимлар факат ва факат Президент фатвоси билан тайинланади. Бир масъул ходимнинг айтишича, Президентимиз ўзининг 14 йиллик фаолияти давомида «одам танимаслик» нуксонини кўп намоён килган. 19 август: Ўзбек мардикорининг АКШдаги фожеали кисмати Ўзбек ва тожик мардикорларининг Русиядаги аянчли ахволи хакида кўп марта хабарлар ўкидик, дейди АКШлик мухбиримиз. Минг афсуски, бугун ўзбек мардикорининг АКШдаги фожеасини хам тилга олишга мажбурмиз. 58 ёшли Равшан Исматуллаев Тошкентда яшарди. Охирги хизмат вазифаси Паркент бозорининг директорлиги бўлган. Сўнгги йиллардаги иктисодий ахвол, оилани бокиш ташвишлари уни АКШга келишга мажбур килди. Нью-Йорк якинларидаги кичик бир шахарчада хар куни кечаси килинадиган огир тозалаш ишлари юртдошимизнинг юрагига огир юк бўлди ва 17 август куни Рашан аканинг калби худди ўз кисматига исён килгандек уришдан тўхтади. Шу билан, бизга маълум бўлишича, биринчи марта ўзбек мардикорининг жасади солинган тобут Нью-Йоркдан Тошкентда жўнайди. Бу кунларда Нью-Йоркда турли ишларда ишлаётган юзлаб, минглаб ўзбеклар бор. Рашан акани танийдиган ўзбеклар ўз юртдошлари олдидаги охирги бурчларини бажариб, у кишиниг жасадини Ўзбекистонга жўнатиш ишларини ўз бўйниларига олдилар. Уларга якинда АКШда расмий сиёсий бошпана олган Тохир Мирзаев бошчилик килмокда. Тохир тобутни Ўзбекистон хаво йўллари учогида жўнатиш ва керакли хужжатларни тайёрлаш масаласида ёрдам сўраб, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консуллигига телефон килди. Консуллик ходими Бахром исмли йигит Ўзбекистон фукаросининг кисматига бефарк карамасликларини ва керакли хамма ишларни килажакларини билдирди. Охирги маълумотларга караганда, Ўзбекистон хаво йўлларининг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси бу хусусда топшириклар олиб, бу масала билан шугулланишга бошлаган. 27 август: «Бирлик»чининг уйида янги фарзанд 26 август куни «Бирлик» партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охуннинг уйи нурга тўлди. Пўлатжон ва Насибахонга Аллох киз насиб килди. Пўлатжон ва Насибахон якинда Ўзбекистонга бориб катта ўгиллари Отабекни Шахрихонда уйлантиришган ва бир неча кун илгари мухожиратда яшаётган ўлкалари - Швецияга кайтиб келгандилар. Янги кизалок - оиладаги тўрт ўгилга сингил бўлади. Янги фарзанд муборак бўлсан, Насибахон ва Пўлатжон! Фаргоналик ишчилар яна норозилик намойишида Фаргоналик хукук химоячиларининг хабарига кўра, кеча, 26 августда, куннинг иккинчи ярмида Фаргона шахридаги Нефтни кайта ишлаш заводининг 400 чамаси ишчилари яна норозилик намойишига тўпландилар. Улар 4–5 ойдан бери маошларини, пенсиялари ва болалари нафакаларини, дивидендларини ололмаётганликлари учун шу тадбирни ўтказдилар. Гарчи Ўзбекнефтгазхолдинг компанияси бошликлари 15–25 августда маошларни тўлик тўлаб бериш тўгрисида ваъда берган бўлсалар-да, ханузгача улар ўз ваъдаларининг устидан чикишмапти. Ишчиларнинг айтишича, 7 минг ишчининг атиги 10 фоизигагина ўтган апрель ойи учун иш хаки берилган, уларга Мустакиллик байрами арафа-сида хар ишчига ойлик маошлари хисобидан 10 килограммдан гуруч таркатилган, холос. Бир соатча давом этган намойиш ўзларини кўриклаш хизмати ходимлари деб таништирган одамлар томонидан таркатиб юборилди. 29 август: «Эрк» хам жонланмокчи 27 август куни Андижондаги Чўлпон номли дам олиш богида «Эрк» демократик партияси вилоят фаолларининг йигилиши бўлди. Йигилишда партиянинг Марказий кенгашидан рахбарлар ва вилоятдаги хукук химоячиси ташкилотларининг вакиллари катнашдилар. Йигилиш пайтида хукук тартибот ходимлари маълум муддатга мажлисни тўхтатиб кўйишди. Партиянинг баъзи фаоллари ва хукук химоячиларини милиция хонасига олиб кириб, сўрокка тутилдилар. Сўнгра мажлис давом этди. Партиянинг хозирги кундаги фаолияти ва Андижонда йигилиш ўтказилишига бўлган зарурат хакида Отаназар Орипов гапириб ўтди. У асосан умумий масалаларнинг устида тўхталиб, «Эрк» ичида бўлаётган нодемократик жараёнлар, партиянинг Бош котиби Самад Мурод партия низомига зид равишда лавозимидан четлаштирилаётгани ва у шу кунда партия рахбарларига жиддий айблар кўяётгани каби фактларни айтишни «унитди», колган эркчи «демократлар» эса бу масалани кун тартибига олиб келишдан кўркишди. Тўгри-да, уларнинг хам бошига Самад Муроднинг куни келсинми? Шуни хам айтиш керакка, йигилиш хукук тартибот ходимларининг ошкора кузатуви остида бўлди ва номини айтишни истамаган ходимлар томонидан рухсат сўралмай видео тасвирга туширилди. 31 август: Президент ўзининг соглиги хакида Ислом Каримов Олий Мажлис сессиясининг биринчи куни, танаффус вактида парламент биносининг хоналаридан бирида хорижий ва махаллий журналистлар учун матбуот конференцияси ўтказди. Бир ярим соатдан узок давом этган бу учрашувда журналистларни эркин конвертация муаммоси, Афгонистон масаласи, Ўзбекистон-Россия муносабатлари, Олий мажлисга 2005 йил бошида бўладиган сайлов ва унда мавжуд «чўнтак» партияларининг иштироки каби мавзулар, шунингдек, Ислом Каримовнинг соглиги ва ўзига ворис тайёрлаётгани тўгрисида юрган узун-кулок гаплар кўпрок кизиктирди. Мазкур миш-мишлар хакидаги саволни «дежурнўй вопрос» деб атаган Президентнинг айтишича, кандайдир муддатлар, сайловлар якинлашса, турли тахминлар пайдо бўлади, 2003 йилданок ким Президент бўлиши, ким номзодини кўйишини ўйлаш хали эртадир. Ислом Каримов яна бундай деди: «Могу вас заверить, что эти проблемў меня не волнуют. Насчет здоровья, насчет дееспособности: как видите я вполне здоров и как говорят «тьфу, тьфу» по-русски. По-узбекски говорят, худо хохласа, хаммаси яхши бўлади».

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону