Журнал Ҳаракат
№5 (50) 2004. Сиёсат
Абдумалик Сармонов -
Козогистон янги силсилалар арафасида
19 сентябрь ва 3 октябрда Козогистонда парламент сайловлари ўтди. Бундай тадбир демократик мамлакатларда сиёсий баркарорликни мустахкамлашга хизмат килиши маълум. Аммо Марказий Осиёнинг ўзига хос шароити бу сохада хам ўзига хос натижаларни келтириб чикарди: сайловлардан сўнг жамиятда мисли кўрилмаган улкан зиддиятлар тугуни бўй кўрсатди.
Арафа
Козогистонда ўн иккита партия ишламокда. Сайловгача уларни мавжуд хокимиятга нисбатан тутган ўрнини хисобга олиб икки гурухга ажратиш мумкин эди. Президент тарафдорлари: "Отан" ("Ватан") партияси, Аграр партия, Гражданлар партияси, Демократлар партияси, "Асар" партияси, "Овул" партияси. Ватанпарварлар партияси ва "Ок йўл" партияси хукуматни танкид килган холда, президентга тил теккизмасликни маъкул кўришарди. Энг кекса Коммунистик партия ва энг янги "Козогистон Демократик танлови" партиясигина тўгридан тўгри президент Назарбоевнинг истеъфосини талаб килишганди. Аммо сайловга оз кунлар колганида Коммунистик партия сафида юз берган бўлиниш (мухолифиятнинг фикрича, бевосита президент девонининг "кўмагида") коммунистларнинг ахволини чигаллаштирди. Тўпалончилар яна бир коммунистик партия тузишди ва уни Козогистон Коммунистик Халк партияси деб аташди. Авом халк Козогистон Коммунистик партияси билан янги партияни адаштириб юборишлари эхтимоллиги энг кекса партиянинг мавкеига путур етказди. КДТ етакчиси, собик вилоят хокими, бир неча минг доллар олганлиги учун етти йилга озодликдан махрум килинган Г. Жакияновнинг камок муддатини ўтаётганлиги эса иккинчи партиянинг хам у даражада кучга эга эмаслигини кўрсатди.
Президент тарафдорларининг мунтазам олиб борган таргиботи (ТВ хамда барча даражадаги, жумладан хусусий оммавий ахборот воситалари, оркали) яхшигина кўрсаткичларга олиб келиши мумкин эди. Шуни хам айтиш керакки, президентнинг кизи, мамлакатдаги энг кучли телерадио компания бўлган "Хабар"нинг рахбари Дарига Назарбаева етакчилик килаётган "Асар" партиясининг рекламаси сайловдан ярим йил аввал бошланди. Президентнинг шахсан ўзи рахбарлик килаётган "Отан" партияси хам сайловгача таргиботини амалга ошира борди. Шу билан бирга президент тарафдорларини ихтиёрида моддий имкониятлар хам кўп эди. Жумладан, мухолифиятнинг фикрича, Машкевич, Ибрагимов, Шодиев (улардан кейинги икки нафарини этник ўзбеклар дейишади) гурухи ихтиёрида Козогистоннинг деярли бутун металлургияси бор. Айни вактда бу гурух Гражданлар партиясининг рахнамоси сифатида аталмокда.
Сайлов якинлашгач хар икки томонда сафлар кайта тизилди. Президент тарафдори бўлган Гражданлар партияси жойларда яхшигина ячейкаларга эга Аграр партияси билан бирлашиб, "АИСТ" иттифокини тузди. Мухолифиятдаги КДТ партияси Коммунистлар партияси билан бир блок яратди ва асосий максад сифатида президент Назарбоевни лавозимидан четлатишни кўрсатди. Шу билан, сайлов бюллетенларига жами 10 партия ва блокларнинг номи киритилди.
Мамлакат конунчилигига кўра партия рўйхатлари асосида жами 10 (ўн) нафар депутат сайланади, колган 67 депутат якка мандатли округлардан бориши керак эди. Шу боис хам курашнинг асосий кисми жойларга кўчиши кутилаётган эди.
Сайлов таргиботи
Мамлакатда сайловолди таргиботи расман 9 августда бошланди. Дастлабки кунлардан мухолифиятнинг ва мустакил номзодларнинг конунбузарликлар тўгрисидаги шикоятлари пайдо бўла бошлади. Сайловда енгиши эхтимол саналган кўплаб номзодларга "тўгри" маслахат берувчилар топилди. Турли президент партиялари аъзоларидан иборат сайлов комиссиялари "яхши гапга кўнмаган"ларнинг катта кисмини килдан кийик чикариб, номзодлар рўйхатидан олиб ташлади. Масалан, махаллий ўзбек газетаси мухарририни "ўзбек халки хам бир вакилини парламентга жўнатиши керак" дегани учун, бошка бир хукукшуносни "биз кўпмиз, биз енгамиз" дегани учун миллиатчиликда айблашди. Бошка бир номзод бир йиллари сотиб юборган автомобилини ўз мулки сифатида мулк декларациясида кўрсатмаганликда айблашди. Бир партия рахбарига сайлов арафасида жиноий иш очилди ва бир ярим йилга жазо белгиланди. Энг ёмони, камдан-кам холатларни хисобга олмасак, рўйхатдан чикарилганларни кайта тиклаш масаласи на суд, на юкори сайлов органлари томонидан хал этилмади. Натижада, нафакат мухолифият, балки бошка, хукуматга нейтрал турган сиёсий кучларнинг вакиллари хам парламентга ўтиш имконидан махрум этилди.
Таргибот даврида барча давлатга карашли ва "арбоблар"га карашли ахборот воситалари мухолифиятга карши ишлагани кузатилди. Бундан ташкари барча бюджет сохасидагилар президент партияси учун сафарбар этилди. Турли ваъдалардан тортиб, турли тахдидларгача ишлатилди. Тахдидларнинг энг янги усули сифатида эса электрон сайлов тизими такдим этилди.
Электрон сайлов тизими
Энг дахо ечимлар оддийликда. "Барча эзгу ниятларни хисобга олган холда..." Козогистон собик СССР мамлакатлари ичида биринчи марта компьютерлар ёрдамида овоз бериш таклифи билан чикди. Мазкур тадбир электрон дастури учун буюртма Белорус республикасидаги ташкилотга берилди.
Компьютерда тўпланган маълумот бирорта когозга чикарилмайди, уни кўлда санашнинг имкони йўк. Бунинг устига хар бир овоз берувчи ўз паспорти билан рўйхатдан ўтгачгина овоз бериш имконига эга бўла олади.
Кандайдир номи номаълум таргиботчилар мазкур холатдан фойдаланиб, кимнинг кандай овоз берганини аниклашлари ва тегишли чора кўришларини овоза килишди. Бу сайловда мазкур янгиликдан факат йирик шахарларда фойдаланишди. Натижа: мухолифият энг катта мавкега эга бўлган худудларда кўпчилик сайловга келмай кўя колди.
Сайлов куни
Фукароларнинг катта кисми сайловга келмай кўя колди. Бошкалари ўзлари истаган номзодларни бюллетенлардан тополмай, бюллетенни бузиб кетишди. Яна бир кисми эса зарур маълумотлар олиш учун ишладилар.
Сайловни сохталаштиришнинг усуллари кўп. Козогистонда сўнгги сайловларда машиналарда махсус гурухлар ишлашди. Бу усулнинг ишлаш механизми куйидагича: аввал хар бир участка комиссияларидан кимдир сотиб олинади. Сўнг бир гурух ёлланади ва транспорт воситасида хар бир участкага кириб овоз беради. Сайлов округида жами 40-70 участка бўлса -- хар бир ёлланганнинг шунча овоз бериш имкони бўлади. Овоз берувчиларнинг бир кунлик хизмат хакки 1000 тенге (7500 сўм атрофида), комиссия аъзосининг бахоси -- келишишга боглик.
Сайловдан кейин
Ишнинг пачаваси сайловдан кейин чикди. Козогистон Марказий Сайлов комиссияси мамлакат бўйича олган маълумотларни узок вакт санади, окибат "Ок жўл"дан факат бир вакил парламентга ўтганини эълон килди. Хатто президентнинг кизини хам аяб ўтиришмади: унинг тарафдорларидан атиги тўрт нафари ютукка эришди. Натижада, мамлакатдаги ўн икки партиянинг тўрттаси президентга ишончсизлик эълон килди. Шу вактгача президентни танкид килмаган "Ак жўл" партияси хам галабани ўгирлашганини айтиб чикди. Мавжуд конунчиликка кўра уларнинг хар бирида камида 50 000 нафар аъзо бўлиши шартлигини хисобга олсак (аслида, масалан "Ак жўл"да салкам 200 000 аъзо бор), хукуматга карши турган кучлар хам заиф эмаслигини кўрсатади.
Эндиликда хафта сайин янги ва янги "сюрприз"лар пайдо бўлмокда. Сайловдан сал кейин Бутун бошли бир сайлов комиссияси тўлиги билан истеъфога кетди. Президентнинг маслахатчиси лавозимида бўлган, Козогистон ва халкаро молия доираларида катта нуфузга эга Г. Марченко мавжуд хукумат "кадр сохасидаги хатолик" эканлигини эълон килиб, истеъфога чикди. "Отан" партиясининг раис ўринбосари ва сайлов варакасида биринчи ракамда турган Жармахан Туякбайнинг ўтган хафтадаги баёноти ва истеъфоси эса кўпчиликни ўйланишга мажбур килди. Зеро, бу даражадаги силсилалар янги Козогистон учун мисли кўрилмаган ходисалар эди.
Вокеаларнинг кейинги ривожи мухолифиятнинг фаолиятига боглик. 29 октябрда "Ак жўл" партиясининг съезди кутилмокда. Унгача мухолиф партиялар ўртасида музокаралар ўтказилмокда. Мазкур музокаралар натижасида ягона оппозиция партияси вужудга келиши эхтимоллиги жудаям катта. Бундай хол юз берса ўтганларнинг ўрнида колиши амримахол.
***
Козогистон мухолифияти улкан танлов олдида турибди. Галабага умид уйготадиган холлардан бири -- бугунги натижага Козогистондаги мухолифият узок йиллик курашлардан сўнг етиб келди. Унинг жойлардаги таянчи мустахкам, бизнес ва маъмурий органларда хам кадрлари бор. Бошкача айтганда, катта жанжалларсиз катта натижага имконият бор. Агар бугунги кунда эркин фикрлилар ва мухолифият бирлаша олса, галабага етди хисоб. Акс холда -- магубият эхтимоллиги анча катта. Зеро, мамлакат ахолисининг учдан икки кисми сайловларнинг халол ўтмаганлигини таъкидламокда.