Журнал Ҳаракат №3 (48) 2004.
Биз яшаятган жамият
Мухаммад Худоёрхон - Кози муттахам бўлса... ёки Ўзбекистон Олий Судида адолат устидан масхарабозлик
«Бирлик» халк харакати 2003 йилнинг 25 августида «Бирлик» Халк Харакати Партиясига айланди ва шу кундан эътиборан партия сифатида яшашни бошлади. Партия тугилиб, хали ФХДЁ (ЗАГС) бўлимидан тугилганлик хакида гувохнома олмаган чакалокка ўхшарди. Ушбу «чакалокка» тугилганлик тўгрисидаги гувохномани Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бериши ва шу билан тугилишни конунийлаштириши керак эди. Аммо Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигининг тепасидаги хўжайинларга, яъни мавжуд хукумат рахбарларига конуний «чакалокдан» кўра, ноконуний, ўзини дунё юзига келганлигини исботловчи хужжатга эга бўлмаган «чакалок» маъкулрок эди. Айнан хукумат рахбарлариниен истагани бажаришга бел боглаган бу вазирликнинг максади, адолат нималигини хам «унитиб», адлия тилида гапирсак, «де-факто» (амалда мавжуд бўлган) макомига эга бўлган партияга «де-юре» (конуний хужжат билан тан олинган) мокомини бермаслик эди. Ўзбекистоннинг Адлия Вазирлиги бу вазифани шараф билан бажармокда. 2003 йил сентябридан то 2004 йилнинг шу кунларигача партия катта йўлдаги катта саргардонликларни бошидан кечирди. Тирнок ичидан кир кидирадиган маъмурларнинг (аслида бу нарса факат бир одамнинг хохиш-иродаси билан бўлаётганини хамма билади) хар сафар хар хил «сюрпризлар»ни такдим этаверишлари одатий холга айланиб, бунинг чеки кўринмай колди. Нихоят, «Бирлик»чилар мамлакат Олий Судига мурожаат килдилар. «Сарсон саргардонликда» деб аталган фильмнинг Адлия вазирлигидаги биринчи кисми тугаган, олдинда «Олий Суд» номли иккинчиси турарди. Фильмнинг иккинчи кисми хам биринчиси каби давом этиши мумкинлигини хис килса бўларди. Лекин, чикмаган жондан умид бор, деганларидек... «Бирлик» номидан 2004 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикасининг Олий Судига Адлия Вазирлигининг ноконуний хатти-харакатлари ва карорлари устидан шикоят аризаси берилди. Сарсон саргардонликнинг «Олий Суд» кисми шундай бошланди, десак бўлаверади. Узок чоп-чоплардан кейин, аникроги 20 апрелда, Олий Судининг фукароларни кабул килиш ва шикоятлар бўлими бошлигининг ўринбосари Г.Парпиева номидан 9 апрель куни билан имзоланган жавоб хати олинди. Хатда ушбу иш бўйича туманлараро судга мурожаат этиш лозимлиги тушунтириларди. Бу хат шуни кўрсатардики, Олий Суд ходимлари ё Ўзбекистон Республикаси «Сиёсий партиялари тўгрисидаги» конунни билмайдилар ёки уни тан олмайдилар. Бу конунга кўра, Адлия вазирлигининг партияни рўйхатга олмаслик карори устидан факат Олий Судга шикоят килиш мумкин. Бунинг устига, Олий Суд бу каби аризаларга 10 кун ичида жавоб бериши керак. Суддагилар буни биладиар шекилли, 20 апрелда берилган жавоб хатига 9 апрель санасини кўйиб юборганлар. Хуллас, конунбузарлик факат Адлия вазирлигида эмас, балки Олий Судда хам хукмрон эканлиги илк кадамдаёк очик-ойдин кўринди. Нима бўлса хам «Бирлик» Олий Судни хам ишга солди, энди уни тўхтатиб бўлмасди. 28 апрелда Олий Судга партиянинг ишончли вакиллари томонидан яна бир шикоят аризаси такдим этилди. Бу сафар партия вакиллари пикет ўтказиш тахдиди билан бевосита Олий Суд раиси Ф.Мухиддинова кабулига киришга муваффак бўлдилар. Ўзини ипакдек тутган Олий Суд раиси шикоят адолат мезонлари доирасида кўриб чикилишига ваъда берди. Аммо, буёги яна «эски хаммом эски тос» бўлди. Олий Суд судьяси Б.Холмирзаев имзоси билан 7 майда чикарилган ажримга мувофик, «Бирлик»нинг аризаси Олий Судда кўришга тегишли бўлмаганлиги сабабли, уни кўриб чикиш рад этилди. Судя бу иш бўйича «Ажрим» чикарар экан, даъвочилардан хеч кимни чакирмаганини хам кўйиб турайлик, «Ажрим» уларга етиб келгунча роппа-роса 13 кун ўтганига нима дейсиз. Энг кизиги шундаки, бу 13 кун давомида «Бирлик»чилар сал кам хар куни Олий Суддан жавоб сўраб ёки телефон килиб турдилар ёки судга шахсан келиб жавоб талаб килдилар. Олий Суддагилар «хали иш кўрилиш жараёнида» деган гапни такрорлашдан чарчамадилар. Тили аччик гапларга ўрганган одамларнинг тахминига кўра, май ойининг сўнги ўн кунлигида АКШдан юксак даражали бир хайъат келажаги, у мухолифатчилар, хусусан «Бирлик» вакиллари билан хам учрашишни режалаштирётгани маълум бўлгач, Олий Суддагилар яшин тезлигида ушбу ажримни чикарганлар ва кўзларини юмиб туриб, уни ўтиб кетган кун билан имзолаб ташлаганлар. Имзо отиш имкони буюк ишонч билан Б.Холмирзаевга берилибди, у кўлларига тушиб колган биринчи одам бўлса керак, хар холда, унинг ўрнида Олий Суднинг исталган бошка бир судяси хам бўлиши мумкин эди. Хукумат «Бирлик»га рад жавоби беришдан (ойдек ойдин сабабларга кўра, Олий Судни хам хукуматнинг ичига киргазиб юбордик), «Бирлик» эса «эшикдан киргазмасалар, тешикдан» деганларидек, кайта-кайта янги аризалар беришдан чарчамачди. Бу сафар хам шундай бўлди. Энди Олий Судга, конунлар доирасида, «хусусий шикоят» деб номланган шикоят аризаси топширилди. Юкорида айтганимиз, Америкалик хайъат хукумат одамларига, хусусан, унинг рахбарига каттикрок гапириб юбордими, ёки улар «Бирлик»дан осонликча кутилиб бўлмаслигини тушуниб колдиларми, билмадик, хар холда, бу сафар Олий Суд аризани суд мажлисида кўриб чикадиган бўлди. Ишни кўриб чикиш 14 июнга тайинланди. Шу куни суд расман бошланди хам. Лекин, унга Адлия вазирлигининг вакили келмагани, аммо ишга яхширок тайёрланиш учун Вазирлик кўшимча вакт сўрагани хисобга олиниб, суд мажлиси 24 июнь соат 11 га колдирилди. 24 июнь, соат роппа-роса 11. Олий суд биносига «Бирлик» партиясининг вакиллари билан бирга унинг такдирига бефарк бўлмаган бир катор мамлакатларнинг элчихона ходимлари, халкаро ташкилотлар вакиллари, чет эл журналистлари, узок-якин вилоятлардан келган гувохлару-холислар, махаллий хукук химоячилари етиб келишибди-ю, лекин, бу гал хам яна ўша Адлия Вазирлигининг вакили келмабди. Суд соат 15:00 га колдирилди. Ким билади, балки Олий Суд ва Адлия вазирлиги келишиб бу «колдириш» операциясини амалга оширишгандир. Шундай килсак, бу ишдан зериккан чет элликлар бошка келишмаса керак, деб умид килишгандир. Шундай бўлса, айтиш керакки, уларнинг умидлари чиппакка чикди. Соат 15-00 да мехмонлар яна ўша таркибда хозир бўлдилар. Худого шукр, Адлия Вазирлигининг вакили Жалол Абдусатторов хам етиб келибди. Хуллас, суд хайъатининг раиси З.Худойкулов, хайъат аъзолари Ф.Абдуазимов ва Х.Ёдгоров, прокурор М.Тўраевлар иштирокида суд махкамаси бошланди. Суд Адлия вазирнинг вакили Жалол Абдусатторовни олдинги икки суд мажлисига келмаганлиги учун расмий огохлантиришдан бошланди. Вазирлик вакилига, агар иккинчи маротаба Олий суднинг чакиригини назарга олмаса, усиз хам суд ишни кўра берилиши айтилди. Вакил суд раисидан «бир нарса килиб кўйган» мактаб боласидай узр сўради. Олий Судда «Бирлик»нинг шикояти бу тарзда кўришга бошланиши залда ўтирганларнинг, уларнинг асосий кисми «Бирлик» учун хайрихохлар эканлигини айтиб ўтирмаса хам бўлар, сал бўлса-да рухини кўтарди. Хатто баъзи одамлар «хайрият, суд одилона бўлади, шекилли» деб шивирлаша бошлашди. Суд раиси биринчи сўзни «Бирлик»нинг вакиллари – партия Бош котиби Васила Иноятова ва партия юристи Рухиддин Комиловларга бериб, ўзини олинган жавоблардан кониккандек тутиши, вакти-вакти билан Жалол Абдусатторовга ўкрайиб кўйишлари, такдим этилган хужжатларна ўта жиддий назар билан кабул килиши, айникса хужжатлар билан бирга такдим этилган «Харакат» журналини энсаси котган одамдек четга олиб кўймасдан, дархол кўлга олиб вараклаши - партия вакилларини яна хам рухлантириб юборди десак, муболага бўлмас. Рост-да! Барча иддаолар асосли, хужжатлар конуний, суд залида жойларда ўз имзоларидан воз кечишга мажбур килинган гувохлар, имзоларни йигишда иштирок этган масъул шахслар, партия фаоллари, партиянинг вилоят ташкилотлари раислари «мана мен» деб ўтиришибди. Яъни, бугун суднинг истаган саволига жавоб берадиган одамларнинг хаммаси шу ерда. Масалани адолатли хал этиш учун хамма нарса тайёр. Демак, суд бугунок карор чикариб, Адлия вазирлигига «Бирлик» Партиясини рўйхатга олиш учун асос берадиган карор чикаради, деб ўйлашарди улар. «Бирлик» вакиллари такдим этган хужжатлар, айникса, вилоятлардан олинган нотариал тасдикли тушунтириш хатлари на факат З.Худойкуловни, балки хайъат аъзоларини хам Адлия вазирлиги вакилига «калтис» саволлар беришга мажбур килди. Мана бўлиб ўтган савол-жавоблар: З.Худойкулов: Айтингчи Абдусатторов, нима учун Сиз партия хужжатлари бўйича кўрсатилган камчиликларни хусусида уларага бир йўла эътироз билдирмадингиз? Нима учун уларни бўлиб-бўлиб бердингиз? Нима учун Сиз бу партиянинг хужжатларини кўриб чикиб, аник бир карор кабул килмадингиз. Ахир конун бўйича Сиз аник карор кабул килишингиз кераклигини биласизми? Ж.Абдусатторов (кўлидаги партия хужжатлари ичидан «Бирлик» аризасини окибатсиз колдирилганлик хакидаги ўзининг 3 жавобидан баъзи жумлаларни ўкиб берган бўлиб): Биз карор кабул килмаганимиз, уларнинг аризаларини окибатсиз килдирганимизнинг сабаби - биз уларга хужжатларини топшириш учун доимий имконият бердик. Яъни, улар кўрсатилган камчиликларни тўгрилаб келишади, биз яна кўрсатамиз. Яна тўгрилашади, охир-окибат конунга тўгри келса шартта рўйхатга оламиз. З.Х. Айтингчи, нима учун партия аъзоларидан факат 448 тасини текшириш учун танлаб олдингиз.Нима учун Сиз «Сиёсий партиялар хакидаги конунга кўра иш юритмадингиз? Сиз ўзи бу конунни ўкиганмисиз? Ж.А.: Бизда барчасини текшириб кўришга имконият йўк эди. Ф.Абдуазимов: Бошка партияларнинг хужжатларини кандай кабул килгансизлар? Уларнинг хам имзоларини текширганмисизлар? Ж.А.: Вазирликдан рўйхатга олинган партияларнинг хужжатлари жой-жойида. Кўришингиз мумкин. Ф.Абдуазимов: Мана булар айтишаяптики, колган имзолар етарли деб. 329 таси сохта экан, нима учун колган 5500 имзо билан рўйхатга ўтказмадингиз? Ж. А.: Буни ўйлаб ўтириш учун катта юрист бўлиш шарт эмас. Модомики, 448 тасининг 70 фоизи сохта чиккан экан, колган 5500 таси хам сохта чикиши тайин. Биз ана шу эхтимолдан келиб чикиб хулоса чикардик. Яна кайтариб айтаман, бундай хулоса чикариш учун катта юрист бўлиб кетиш хам шарт эмас. (Чала савод юристнинг мулохазаларга каранг. – М.Х.) Х.Ёдгоров: Имзоларни текшириш учун Ички ишлар ва миллий хавфсизлик ходимлари жалб килинган дейишаяпти. Ўзи умуман бу ишга кимлар аралашган? Ж.А. Бу ишга Ички ишлар ва миллий хавфсизлик ходимлари жалб килинган деган Иноятованинг иддааси тамоман бўхтондан иборат. Бу бизга тухмат. Буни ўзимиз уюштирганмиз, ЗАГСдагилар ва нотариал идорадагилар билан. Булар ўзлари хужжатларни тайёрлашни билишмайди. Бўлмаса иккала гал хам кўрсатилган камчиликларни тан олиб тўгрилаб келишармиди? Биз камчиликларни кўрсатганмиз, улар эса хатоларини тан олиб тўгрилаб келишган, тўгрими Васила опа?! Нима учун тўгрилашган бўлмаса? З.Худойкулов: Сиз имзоларни тўла текшириш учун бизда имконият йўк эди деяпсиз. Булар эса Сизга ўз хужжатларни 20 сентябрда топширганмиз, уларнинг имзоларни обдон текшириш учун имкониятлари етарли бўлган, атай рўйхатга олишмаган, дейишаяпти. Бунга нима дейсиз? Жало Абдусаттаров охирги саволга жавоб хам беролмади. У бунинг ўрнига вазирликнинг «Бирлик» аризаси иккинчи марта беокибат колдирилгани хакидаги карорини бошдан-оёк ўкиб бериб - «Ана шундай», деб кўйди. Ж.Абдусатторовнинг берган жавоблари ноўринлиги, уларнинг асоссизлиги, жавобларнинг пойинтар-сойинтарлигига суд хайъати аъзолари парвосиз караётганлари, айникса, суд залида ўтирган ўтирган гувохларнинг кўрсатма беришларига З.Худойкуловнинг ўзи кескин равишда карши чикиши Олий Судда хукумат ўйинининг иккинчи кисми амалга оширилаётганини кўрсатиб кўйди. Суд раиси мажлис бошланишида Адлия вазирлиги вакилини огохлантириши хам болаларга «атата» деб кўйиш каби бир нарса экани кўринабошлади. Суд аъзолари аввалига Адлия вазирилиги вакилига анча кескин ва мохиятан мухим саволлар беришса хам, юзаки берилган жавобларга на эътироз билдирмаганлари на масалани чукуррок ўрганиш учун бошка табиий саволларни бермаганлари уларни тамомийла фош килиб кўйди. Шундай килиб, номигагина ўтказилган савол-жавобдан кейин танаффус эълон килинди, тўгрироги, парда туширилди. Кўчада икки соат кутишга тўгри келди. «Бирлик»чилар вактни зое кетказишмади. Улар чет элликлар хамда Олий суд биноси атрофида ўз дардлари билан юрган ва «Ие, бор эканку мухолифат. Бунинг устига бирликчилар экан» деб хайрон бўлган кўплаб одамлар билан гаплашишди. Шу ерда турган Жалол Абдусатторовга конунчиликдан озгина тахсил берган бўлишди. «Бирлик»чиларга акл ўргатадиганлар хам йўк эмасди. Ўзини мамлакатдаги асосий хукук химоячиси деб юрадиган Сурат Икромов: «Тушунмайман барчангизни, нима учун Сизлар кўчага чикмайсиз?! 5000 одамингиз бор экан, кўчага чикмайсизларми дод деб. Грузия вариантини кўллаш керак. Керак бўлса кон тўкиш керак» дея ўйинга тушиб кетди... 18:30 да барчани суд залига таклиф килишди. «Бирлик» иши нима бўларкин деб, суд биносидан бир кадам хам узокка жилмаган чет элликлар, журналистлар ва хукук химоячилари яна шу ерда эдилар. Парда кўтарилди. Сахнага уччала судья хам бошлари эгик кириб келишлари хамманинг диккатини ўзига тортди. З.Худойкулов-ку ажримни ўкиб бераётганда кўлидаги хатга караётган бўлсин, лекин ёнидагилари хеч бошларини ердан кўтаришмасди. Гўёки ўзларини жиноятчи деб хис килишарди улар. Ўйиннинг сўнгги сахнаси 2 минутга хам бормади. Суд раиси икки катордан иборат: «Иноятова ва Комиловларнинг шикоят аризалари каноатлантирилмасдан колдирилсин, 7-чидаги хат ўз кучида колдирилсин» деган карорни ўкиб берди ва худди ит кувган гадойдек, колган 2 судья билан залдан чопиб чикиб кетди. Кўпчилик суд карорини тўла эшитиб хам тушуниб хам етмади. Баъзилар «Кучда колдирилган 7 мартдаги хат бўлса керак», дейишса, бошкалар «Йўк, 7 майдагиси бўлса керак» дейишарди. Суд котиби берилган саволларга - «Эшитдингизку! Бори шу-да» деди, ўтдан кочган одамдек кочиб кета туриб. Партияга нисбатан одил судлов шундай амалга оширилгандан кейин ташкарига чикканлар «Буёги нима бўлади?» деган саволга жавоб кутишарди. Васила Иноятова шундай деди: «Биз зўравонликнинг хар кандай кўринишига, кон тўкилишига олиб келадиган хар кандай харакатларга каршимиз. Биз сиёсий хукукларимизни тинч йўл - конун йўли билан тиклашга ахд килганмиз. Бизнинг партия албатта рўйхатга олинади. Хукуматнинг биздек демократик мухолифатни тан олишдан бошка йўли йўк. Бу аник. Бизни бу сингари найранглар билан кураш майдонидан хеч ким четлата олмайди. Бу кураш. Биз бу кураш майдонига бугун ё кеча келмаганмиз. Суднинг бугунги ишига карамасдан, биз нохакликка карши, конунбузарликка карши конунлар доирасида курашни давом эттираверамиз». 24 июнь 2004 йил

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону