Журнал Ҳаракат №3 (48) 2004.
АКШ Конгрессида Ўзбекистон
Ўзбекистон: Бўгилган демократия ва топталган инсон хукуклари
Шу йил 24 июнда АКШнинг Европада Хавфсизлик ва Хамкорлик Комиссиясида (норасмий номи – Хельсинки Комиссияси) «Ўзбекистон: Бўгилган демократия ва топталган инсон хукуклари» деб номланган Тинглов бўлиб ўтди. Расмий макоми бўйича, бу Комиссия мустакил агентлик хисобланади. Аммо, унинг 21 аъзосидан 18 нафари Конгресс аъзолари (Сенат ва Вакиллар Палатасидан 9 кишидан) бўлгани учун (колган 3 киши Давлат Департаменти, Мудофаа ва Савдо вазирликларининг вакиллари), амалда, у Конгресснинг Комиссияси каби ишлайди, унинг кароргохи хам Конгресснинг биноларидан бирида жойлашган. АКШ Конгрессининг фаолиятида кенг ўрин олган бу шаклдаги Тингловларга конгрессменлар ва бошка истаган хар бир одам киролади. Лекин у ерда гапириш хукуки Комиссия аъзоларига ва Комиссия томонидан таклиф килинган махсус одамларга берилади. Тингловда конгрессменлар кун таритибидаги мавзу бўйича шу мавзуни яхши билган одамларнинг фикри билан танишадилар ва уни чукуррок ўрганадилар. Бошкача сўзлар билан айтганда, тингловни комиссия аъзолари учун берилган брифинг деса хам бўлади. Табиий, бундай тинглов-мажлисда хеч кандай карор кабул килинмайди, лекин Комиссия Сенат ёки Вакиллар палатасига кўрилган масала бўйича махсус Баёнотнома лойихасини юбориши мумкин. Баёнот Сенат ёки Вакиллар палатасида кабул килинсагина, у Америка хукумати учун мажбурий бўлган расмий хужжатга ва дастурга айланади. Кўп холларда, Комиссия керакли вазирликларга кўрилган мавзу бўйича ўз тавсияларини юбориш билан чекланади. Ўзбекистон мустакил давлат бўлганидан бери Хельсинки Комиссиясида Ўзбекистонга оид масалалар Марказий Осиё ёки МДХга багишланган мажлисларда кўп марта тингланган. Аммо, бутун мажлиснинг Ўзбекистонга багишланиши камдан кам бўладиган ходиса. Биринчи бундай мажлис 1999 йилнинг октябрь ойида ўтказилган бўлиб, унинг номи анчагина нейтраль бўлган: «Ўзбекистонда демократия ва инсон хукуклари». Комиссия раисдоши конгрессмен Кристофер Смит рахбарлик килган бу мажлисда АКШ Давлат департаментининг Янги мустакил давлатлар бўлими бошлигининг ўша пайтдаги ўринбосари Жон Бейрли, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги АКШдаги элчиси Содик Сафоев, Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг вакили Кассандра Каванах, Кестон институти директори Лавренси Уззел, «Озодлик» радиоси коммуникация директори Поль Гобл ва «Бирлик» халк харакати раиси Абдурахим Пўлат берилган мавзу юзасидан фикрларини билдирувчи баёнотлар билан чиккандилар, АКШ сиёсатчиларининг расмий тилига кўра айтсак, гувохлик бергандилар. Бу Тингловнинг тафсилотлари ва Абдурахим Пўлатнинг у ердаги Баёноти «Харакат» журналининг 1999 йил 20-21 сонларида берилган. 1999 йилдаги мажлис билан солштирсак, бу йилги мажлисга берилган ном анча кескинлигини кўрамиз. Бунинг энг камида икки сабаби бор дейиш мумкин. Биринчидан, 1999 йилдаги мажлис Тошкентда юз берган биринчи террористик хужумлар ва бунинг натижасида исломчиларга карши янги репрессиялар бошлангандан кейин ўтказилган бўлса хам, ўша пайтда репрессияларнинг кўлами ва натижалари жамоатчиликка тўла маълум бўлмаган эди. Иккинчиси, Ўзбекистон 2002 йил бошида АКШ билан Стратегик хамкорлик шартномаси имзолаб, демократияни ривожлантириш ва инсон хукукларини хурмат килиш борасида катта мажбуриятлар олгани учун америкаликлар бу масалалардан яна хам хассосрок, сезгиррок бўлишга мажбур бўлмокдалар. Шуни хам айтиш керакки, Хельсинки Комиссиясининг мажлисидан бироз аввал, аникроги 15 июнда, АКШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Ташки алокалар комитети хам Ўзбекистонда инсон хукуклари бўйича халкаро нормалар кандай бажарилаётганини ўрганиш учун махсус мажлис ўтказди. АКШ конун яратувчиларининг Ўзбекистонга бўлган бундай кизикишлари тасодифий бўлмаган. Маълумки, АКШ Ўзбекистон хукуматига ўзининг халкаро терроризмга карши урушидаги хамкори сифатида бир неча программалар доирасида молиявий ёрдам бермокда. АКШ сенатининг молиявий ёрдам бериш хусусидаги конунида ёрдамнинг хар йилги кисмини бериш олдидан Давлат Департаменти Ўзбекистон-АКШ ўртасида имзоланган Стратегик хамкорлик шартномаси доирасида инсон хукуклари нормаларига риоя килиш, демократияни ривожлантириш, мухолифатни расман тан олиш каби сохаларда Ўзбекистон ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажараётганини тасдиклаши лозимлиги айтилган. Хозир 2004 молиявий йилнинг ёрдами хусусида Давлат департаменти ўз карорини бериши керак. Ташки алокалар комитетидаги мажлис хам шу карор билан боглик эди. Ташки алокалар комитетининг мажлисида Давлат Департаментининг икки юксак лавозимли ходими - Лорн Крейнер (Давлат Котибининг демократия, инсон хукуклари ва мехнат масалалари бўйича ёрдамчиси) ва Лин Паско (Давлат департаментининг Янги мустакил давлатлар бўлими бошлигининг ўринбосари) – нутк сўзлаганлар ва Ўзбекистон хукумати маълум даражада ижобий ишлар килаётган бўлса хам, умуман олганда, ўз мажбуриятларини бажармаётганини билдирганлар. Бунинг устига, Давлат Котиби Колин Пауэл 18 июнда АКШлик журналистлар билан учрашганда «Ўзбекистон террорга карши урушда яхши ўрток бўлса хам, инсон хукуклари масаласида бу мамлакатдаги ахвол ёмон эканлиги» ва якин хафталар ичида Ўзбекистонга бу йилги ёрдамни бериш бермаслик хусусида карор килиши лозимлигини айтган. Хельсинки Комиссиясининг 24 июндаги мажлиси олдидан юзага келган сиёсий атмосферани яна хам тўлик тушуниш учун унинг раиси конгрессмен Кристофер Смитнинг Тингловга таклиф килинганларга, жумладан «Бирлик» Партияси раиси Абдурахим Пўлатга юборган мактубида ер олган куйидаги сўзларни билишдан фойда бор: «Ўзбекистон халкаро терроризмга карши кампанияда АКШ билан якиндан хамкорлик килмокда. Ўзбекистонда АКШнинг харбий базаси бор ва Вашингтон 2001 йилдан бошлаб бу давлатга ёрдамини кескин кўпайтирди. Аммо, Ўзбекистонда инсон хукуклари ночор ахволда. Ўтган йилнинг сўнгида Давлат Департаменти кийнокларни тўхтатиш йўналишида илгари кетмагани учун Ўзбекистонга Хавф-хатарни камайтириш программаси доирасида бериладиган ёрдамни тасдикламади... Хозир Ўзбекистонга бошка бир программа доирасида яна хам каттарок микдорда бериладиган ёрдамни тасдиклаш масаласи кун тартибида турибди». Хуллас, Тинглов олдидан юзага келган сиёсий вазиятни (атмосферани) яхши билган Абдурахим Пўлатнинг фикрича, Тинглов ўта танкидий рухда ўтиши ва АКШ хукумати Ўзбекистонга навбатдаги ёрдамни (катта эхтимоллик билан) бермаслик хусусида бир карорга келиб бўлгани кўриниб турарди. Тинглов бошланди, аввал Комиссия аъзолари гапирди 24 июнь куни Хельсинки Комиссиясининг Тинглови АКШ Конгрессининг кароргохи бўлмиш Капитолийнинг олдидаги кўпчилик конгрессменларнинг иш кабинетлари жойлашган бинолардан бирида бошланди. Одатда Конгресснинг бундай кўмита ёки комиссияларининг мажлиси тахминан 100-150 кишига мўлжалланган заллардан бирида ўтказилади ва кўпинча зал ярим бўш - ярим тўла холатда бўлади. Аммо, бу сафар мажлис бошланишида зал тўла бўлиб, хатто 15-20 киши оёкда туриб колганди. Комиссиянинг раиси Кристофер Смит мажлисни кириш баёноти билан очди. Кристофер Смит 25 миллионлик ахолиси, катта табиий бойликлари бор бўлган Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик ахамияти, президент Каримовнинг шахсан ўзи 1992 йилда Хельсинки Нихоий Актини имзолаб, Европада Хавфсизлик ва Хамкорлик Ташкилотининг мажбуриятларини ўз истаги билан кабул килгани, АКШ билан тузилган Шартномага кўра, Ўзбекистон кўппартиялик система куриш, эркин ва одил сайловлар ўтказиш, сўз эркинлиги ва инсон хукукларини хурмат килиш хусусида ваъдалар берганини эслатиб, охрги 10 йилда либераллик томон килинган баъзи кичик кадамларга карамасдан, хозирча Ўзбекистон «милициялаштирилган авторитар давлат бўлиб колаётганини» айтди. У Ўзбекистон президенти Каримов ўзининг собик куёви Максудийни давлат имконларини ишга солиб таъкиб килаётганини эслатиб, унинг АКШ фукароси бўлган болаларини Каримовнинг кизи томонидан Ўзбекистонга олиб кетиб колинишини «бола ўгирлаш» деб таърифлади. Бироз илгари кетиб, шуни айтиш керакки, Максудийлар яшайдиган Нью-Жерси штатидан Конгрессга сайланган Кристофер Смит, Тингловда маъруза килган Давлат Департаменти вакиллари ва Ўзбекистоннинг бу ердаги элчиси Абдулазиз Комиловга Максудийларнинг ишига оид саволлар берди. Конгрессмен Смит АКШ хукумати хозир «Ўзбекистонга навбатдаги ёрдамни тасдиклаш керакми?» деган кийин савол олдида турганини айтиб, бу хусусдаги мулохазаларини яна куйидаги саволлар билан якунлади: «Ўзбекистонга ёрдамни тасдикламасак, демократлаштириш жараёнига хисса кўшган бўламизми ёки бу жараёнга зарар берамизми? Ўзбекистон АКШ билан терорга карши урушда якиндан хамкорлик килмокда. Ёрдамни тасдикламасак, Тошкент билан хавфсизлик сохасидаги якин алокаларимиз нима бўлади? Бундай давлатларга ёрдам бериб, ўзимизнинг халкаро обрўимизни шикастлантирмаймизми?». У бугунги Тинглов катнашчиларидан шу хусусда хар тарафлама мулохазалар кутишини хам билдирди. Сўнгра у Тинловга таклиф килинганларнинг рўйхатини ўкиди. Булар – Давлат Департаментининг юкорида хам номлари келтирилган вакиллари Лорн Крейнер ва Лин Пасько, Ўзбекистоннинг АКШдаги элчиси Абдулазиз Комилов, Вашингтондаги Карнеги Фондининг етакчи ходими, прфессор Марта Олкотт, «Бирлик» Партияси раиси Абдурахим Пўлат, Вашинтондаги Жон Хопкинс Университети Марказий Осиё ва Кавказ институтининг директори, профессор Фредерик Старр хамда Хьюман Райт Вотчнинг вакили Вероника Голдстон. Улар шу келтирилган тартибда чикиш килиб, Комиссия аъзолари олдида Ўзбекистондаги ахволга оид ўз кўришларини ифода килдилар. Комиссиянинг бошка бир аъзоси - конгрессмен Беньямин Кардин - ўз баёнотини Ўзбекистонда террорист исломий гурухлар мавжуд дунёвий давлатни нишонга олганлари, Ал-Коида билан богланган Ўзбекистон исломий харакати ўз вактида Ўзбекистон ва Киргизистонга бостириб киришни бошлагани, сўнги йилларда эса яширин гурухларига эга бўлган анти-Гарб ва анти-Семит рухидаги Хизб-ут-Тахрир ташкилоти Халифаликни тиклаш учун харакат килаётганини эслатишдан бошлади. Лекин, деди у, уларга карши кураш бахонасида Ўзбекистон хукумати хам мусулмон хам христиан динига мансуб гурухларнинг фаолиятини чегаралаб, Диний Эркинликлар Халкаро Пактини бузмокда, ўз сиёсий системасини либераллаштиршни рад этмокда. Ўзбекистонда 80-чи йилларнинг охирида мавжуд бўлган сиёсий эркинликлар йўк, мамлакат милиция давлати унвонига эришди, халос. Терроризм хам тахдид солиб турган бир пайтда хавфсизлик ва либераллаштириш ўртасида баланс топиш муаммолидир. Шунинг учун хам бугунги таклиф килинганларнинг фикрини ўрганиш жуда мухим, деди Конгрессмен Кардин хулосасида. Давлат Департаменти вакилларининг чикиши Лорн Крейнер ва Лин Пасько мажлис мавзуси доирасида Ўзбекистонда бўлаётган хам ижобий хам салбий тенденцияларни битталаб санаб бердилар, мавжуд вазиятга бахо бердилар. Биз 2001 йили Ўзбекистон билан якин алокалар килишга бошлаганимизда, каршимизда мустакилликка эришгандан бери на эркин на одил парламент хамда президент сайловлари ўтказган давлат турарди, деди Лорн Крейнер. Бу ерда бирорта хукук химоячиси ташкилот рўйхатга олинмаганди, хукук химоячилари махсус органларнинг тазйики остида эдилар, мухолифат партиялари рўйхатдан ўтказилмаган, улар фаолият хам олиб боролмасдилар, ўз фикрларини баён этолмасдилар, хамма ерда цензура хоким эди, тахминан 7,5 минг киши сиёсий ва диний карашлари туфайли озодликдан махкум этилганди, Халкаро Кизил Яримой ва Кизил Хоч ташкилоти камокхоналарни зиёрат килишга хукуматдан рухсат ололмагани сабабли бу ерда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганди. 2001 йил сентябрь вокеаларидан кейин Ўзбекистонда бўлган ижобий ўзгаришларни санаб чиккан Лорн Крейнер, хусусан, шуларни тилга олди: АКШ Адвокатлар Уюшмасининг ёрдами билан Тошкент Юридик Институт кошида Инсон хукуклари клиникаси иш бошлади, иккинчи клиника кузда Фаргона водийсида очилади, сиёсий фаолият олиб бориш учун мухолифат вакилларида имкониятлар пайдо бўлди, уларнинг бу йилги сайловларда мустакил номзодлар кўрсатиш умидлари бор, хукук химоячиларининг хам имкониятлари ошди, шу йил май ойида хукумат «Фридом Хаус» билан ишлаётган мустакил гурухни камокхоналардаги шубхали ўлим холларини ўрганиб чикишга чакирди, Ички ишлар вазирлиги билан «Кийнокларга карши коалиция» ўртасида диалог бошланди. Буларга карамасдан, Ўзбекистонда инсон хукуклари билан боглик ахвол хали хам жуда ёмон, деб давом этди Лорн Крейнер. Инсонларни тахкирлаш ва кийнаш давом этмокда. Президент амнистияларидан кейин сиёсий ва диний махбусларнинг сони тахминан 5,3-5,8 мингга тушган бўлса, озод бўлганларни кайтадан камаш холлари маълум. Ўзбекистон БМТнинг Кийноклар бўйича махсус маърузачисини таклиф килган бўлса хам, хукумат систематик кийнокларни тўхтатиш учун кўзга кўринадиган бирорта кадам килмади. Лорн Крейнер сиёсий партияларнинг ахволини хам тилга олди. У дедики, каттик урунишларга карамасдан бирорта сиёсий партия хукумат тарафидан рўйхатга олинмади, демак улар кишда бўладиган сайловларда иштирок этолмайдилар. Цензура расман йўк килинган бўлса хам, конунларга киритилган ўзгаришлар журналистларни ўз-ўзини цензура килига мажбурлайди. Мустакил журналист Руслан Шарипов шартли озод килинган бўлса хам, бошка камокда ётганлар бор, баъзи журналистлар юртни тарк этишга мажбур этилдилар. Иккита хукук химоячиси ташкилот рўйхатга олинган, аммо бошкалари хали хам рад этилмокда. ЕХХТ хамда унинг Демократия ва Инсон Хукуклари Бюроси эса мавжуд шартлар остида Ўзбекистонда эркин ва одил сайловлар бўла олмаслигини баён килди. Хулоса килиб айтаманки, деди Давлат Департаментининг вакили, ўз сиёсий ва инсон хукуклари сохасидаги мажбуриятларини бажариш бўйича Ўзбекистон хафсаламизни пир килди, АКШ билан хамкорлик килишдан келиб чикадиган имкониятлардан фойдаланмади. Ўзбекистон хукумати узок ваъдали баркарорлик ва хавфсизликка етиштирадиган йўл - реал сиёсий ислохотларни расмийлаштириш ва амалга ошириш йўлини танламади. Ўзбекистоннинг элчиси Абдулазиз Комилов Аслида, ўзини хурмат киладиган мамлакатнинг элчиси бундай ном остида чакирилган мажлисга келмасди. Тўгрида, ўйлаб кўринг, 21 асрнинг бошида, яъни демократия ва инсон хукуклари масаласи маданий давлатларнинг байрогига айланиб бораётган пайтда, ўзини шундай маданий мамлакатлардан бирининг хокимият органи деб таргиб килишга уриниб юрган хукуматнинг элчиси, ўз хукумати демократияни бўгаётгани ва инсон хукукларини топтаётганини расман когозга тушириш учун тўпланаётган мажлисга келармиди? Келиши мумкин, агарда одамда на гурур ва на виждон бўлмаса. Бировлар айтиши мумкин, элчининг максади ишонарли фактлар билан америкаликларнинг янглишаётгани, Ўзбекистонда демократия бўгилмаётгани ва инсон хукуклари топталмаётганини кўрсатиш бўлгандир. Бу хам тўгри фикр. Дарвоке, Абдулазиз Комилов ўзича айнан шундай килдим деса керак, шундай килдим деб Тошкентдаги шефларига хисобот хам бергандир. Лекин у амалда бирор одамни ўз томонига ўтказа олдимикан? Келинг кўрайлик. Авваламбор шуни айтиш керакки, Тингловда маъруза килган хамма одамлар ўзларининг нуткларини 1-2 кун аввал Коммисияга юборган эканлар, Комиссия уларни кўпайтириб, истаган киши оладиган жойга хозир килиб кўйганди. У ерда факат бир кишининг - Абдулалзиз Комиловнинг маърузаси йўк эди. Агар унинг кўлида Ўзбекистонда демократиянинг олга кетаётганини пичокка илинадиган фактлар билан кўрсатувчи маъруза бўлсайди, унинг ходимлари маърузани ўзлари кўпайтириб, ўзлари хаммага таркатиб юрган бўлардилар. Абдулазиз Комиловнинг маърузасидаги асосий фикр шундай бўлди: Ўзбекистон секин аста демократия томон кетмокда, Америка демократияни 200 йилда курган, биздан нима истайсизлар? Бундай гапни «алдагани ўзбек яхши» наклига амал килиб, Ўзбекистон телевидениесидан гапириш мумкиндир, аммо юкорида тилга олинганидек, Комиссия аъзоси Беньямин Кардин «Ўзбекистонда 80-чи йилларнинг охирида мавжуд бўлган сиёсий эркинликлар хам йўк, мамлакат милиция давлати унвонига эришди, халос» деб турган жойда гапириш учун бет керак. Ёки Беньямин Кардиннинг нохаклигини кўрсатувчи фактлар керак. Бошка томондан, америкаликларнинг 200 йиллик тажрибасини ўрганиб, Ўзбекистонда 200 йил демократия курмокчими, бу хукумат? 200 йилнинг хам ўн учи ўтибди, нега олга эмас, оркага кетаяпмиз? Нахотки бу хукуматга «Бировнинг 200 йиллик тажрибасини била туриб, уни 200 йиллик муддатда такрорлаш аклсизликдир» деб тушунтирадиган бир инсон топилмайди. Дарвоке, Гарбдаги 200 йиллик техник революциянинг махсули бўлган автомобиль, учок, телевидение каби нарсалардан хам воз кечсин-да бу хукумат, уларнинг «тажриабасидан фойдаланиб» автомобиль, учок, телевидениени кайтадан яратсин. Мана бу ишнинг, иш хато бўлса хам, энг камида, мантиги бўларди… Комиссия аъзолари Абдулазиз Комиловдан нима учун «Бирлик» Партияси рўйхатга олинмаётганини сўрадилар. «Партия хужжатларида камчиликлар бор эди» деб жавоб берди Комилов. Дархол иккинчи савол келди: «Агар «Бирлик» хамма хужжатларини тўгри килиб келса, у рўйхатга олинадими?». Хар кандай дипломат: «Албатта, биз хукук давлати кураяпмиз» деб жавоб бериши керак бўлган саволга Комилов шундай деди: «Мен бу масалада бир нарса дея олмайман, партиялар билан Адлия вазирлиги шугулланади». Комилов, ўз шефи Каримов каби, демократиянинг асосий омили бўлган кўппартияликдан шунчалик кўркардики, гипотетик саволга хам жавоб беришдан кочарди. Абдурахим Пўлат билан савол-жавоб «Бирлик» раисининг Тингловдаги маърузаси журналнинг шу сонида тўла берилаётгани сабабли, у хусусда тўхтаб ўтиришни лозим топмадик. Аммо, унинг Комиссия аъзолари тарафидан берилган баъзи саволларга жавоби кўпчиликни кизиктириши мумкин. Савол: Биз совет замонида Совет Иттифокидан келган хамкасбларимиз билан, яъни парламент аъзолари билан учрашганда, гап демократия мавзусига келиши биланок, улар: «Нима деяпсизлар, бизнинг мамлакатимиз демократик мамлакат, бизнинг Конституцияга каранг, у ерда хамма демократик принциплар бор» дейишарди. Сизда хам хозир шундай. Лекин айтингчи, хукумат секин-аста бўлса хам демократия томонга юрадими, рахбарларингиз чин кўнгилдан демократия давлат куришни исташларига ишонасизми? Жавоб: Жаноб Каримов ва унинг хукуматида демократия томон юриш учун сиёсий ирода борми, деган саволга мен аник - «Йўк» деб жавоб бериб келганман. Мен уларни яхши кўрмаганим, улар мени бир неча марта ўлдиришга харакат килганлари учун шундай демаяпман. Мен уларнинг табиатини яхши биламан. Мен ўз позициямни тушинтириш учун мисоллар келтирмокчиман. 1991 йилнинг май ойида КПССнинг 28-съезди бўлди, бу унинг охирги съезди эди. У ерда хусусий мулкчиликка ўтиш карори олинди. Бу, сўзсиз, инкилобий ўзгариш учун бошлангич кадам бўлган. Бир неча кундан кейин Тошкент шахар коммунистларининг конференциясида «рус коммунистлари нима килсалар килаберсинлар, аммо, биз хеч качон хусусий мулкчиликка рухсат бермаймиз» деган баёнот берилди. Хамма биладики, Ўзбекистондек давлатда бирор бир партия ташкилоти Каримовнинг кўрсатмасисиз хеч кандай карор олмайди. Хусусий мулкчиликка карши бўлган баёнот - Каримовнинг дунё караши эди. Ўша пайтларда мен бир кун жаноб Каримов билан унинг офисида 3 соат гаплашдим. У чин кўнгилдан «Хокимиятда яхши одамлар бўлса, у ўзини табиий шундайлардан деб хисобларди, мухолифатнинг кераги йўк, Гарб демократияси бутун дунёни Гарбнинг чизигидан юрдириш учун керак бўлган ўйиндан бошка нарса эмас» деб тушунтиришга харакат килди. Сиз у хозир ўзгарди деб ўйлаяпсизми? Йўк. Мана у якинда Олий Мажлиснинг минбаридан «Ким истаса партия кураберар экан-да. Шахар бедарвозами? Биз бунга хеч качон рухсат бермаймиз» деб хитоб килди. У партия куриш хар одамнинг хукуки эканлигини хам тушунмайди? Ким истаса партия тузаберсин. Бундай партия яшай оладими ёки йўк, халкнинг овоз беришига боглик. Масалан, бизнинг партияни халк кўллаб кувватламаса, мен дархол истеъфога чикаман. Хуллас, демократияни истамаслик Каримов ва унинг хукуматининг табиатидан келиб чикади. Аммо, бу Ўзбекистон хукумати демократияга ўтмаслигининг исботи эмас. Мен ўз фикримни тушунтириш учун бир латифа айтиб бераман. Бир ўкувчи доим мактабга кеч келар экан. Навбатдаги кечикишдан кейин ўкитувчи унга «Хар куни кечикасан, хар доим бахона хам топасан. Хўш, бугун кандай бахона тайёрлаб келдинг» деса, ўкувчи: «Хеч бахона тайёрламадим, ростдан шундай бўлди. Бир кампирга кўчанинг нарига бетига ўтишга ёрдам бердим», деб жавоб берибди. Ўкитувчи: «Ярим соатми?». Ўкувчи: «Ахир, у ўтишни истамасди-да». Худди шунга ўхшаб, биз Каримов хукуматига кўчанинг демократия тарафига ўтишига «ёрдам» беришимиз керак. Ўзбекистон мухолифати ва хусусан «Бирлик» Партияси хозир шундай килмокда хам. Савол: Бугун Ўзбекистон учун иктисодий ислохотлар мухимми, сиёсий ислохотларми? Жавоб: Ўзбекистон учун бугун иктисодий ислохотлар мухим. Халк кашшоклашиб бораркан, биз учун энг мухим бўлган масала иктисоддир, иктисодий ислохотлардир. Жаноб Каримов хам шундай демокда. Мен у билан бу масалади бир фикрдаман. Аммо, мен шуни хам тушунаманки, мавжуд тоталитар система, диктатурага асосланган сиёсий система, иктисодни темир кафасда ушлаб турибди. Кафасни олмасдан, яъни сиёсий ислохотлар ўтказмасдан иктисодий ислохотлар килиб бўлмайди. Демак, аввал сиёсий ислохотлар бўлиши керак. Биз хокимиятнинг уч тармогини бир биридан мустакил килишга, хакикий кўппартиялик система яратишга эришишимиз лозим. Бу куннинг асосий муаммоси - кўппартиялик система яратиш. Россияда хам шундай бўлган. Кандай бахсли бўлмасин, Ельцин ўз вактида сиёсий ислохотларни бошлаб берди. У сиёсий ислохотларни тамомлаш, иктисодий ислохотларни чукурлаштириш имкониятига эга бўлмади. Лекин энди бу ишни бошка одамлар Ельцин яратган сиёсий ландшафтда олиб бораверадилар. Америкалик мутахассислар ва хукук химоячисининг фикри Америкалик олим-профессорлар Марта Олкотт ва Фредерик Старр Ўзбекистондаги ахволга узокка мўлжалланган максадлар нуктаи назаридан караш кераклиги, бу мамлакатда демократик жараёнлар жуда кийинчилик билан бўлсада олга кетаётганини ургулаб, АКШ Ўзбекистонга ёрдам беришни давом эттириса яхширок бўлади, деган фикрни изхор этдилар. Аммо Марказий Осиё бўйича бу икки мутахассиснинг фикрларида мухим фарклар хам бор. Айтиш керакки, Марта Олкотт АКШдаги энг кўзга кўринган Марказий Осиё бўйича мутахассислардан. У кайта куриш ва мустакилликнинг биринчи йилларида бир неча марта Ўзбекистонда бўлган, бу ердаги мухолифат лидерлари, хусусан «Бирлик» рахбари Абдурахим Пўлат билан якиндан таниш. Бу олим сўнги йилларда кўпрок Козогистон билан шугулланиб келмокда. Унинг ўтган йили инглиз ва рус тилларида чоп этилган «Козогистон: Бажарилмаган ваъда»» (Kazakhistan: Unfulfilled Promise, Казахстан: Непройденнўй путь – www.carnegie.ru/ru/pubs/books/) китобида Козогистонда бўлаётган жараёнлар чукур анализ килинган. Марта Олкоттнинг айтишича, у шу кунларда Ўзбекистон билан яна хам якиндан шугулланишга тайёрланмокда. У Хельсинки Комиссиясидаги маърузасида АКШнинг Ўзбекистонга берадиган ёрдамининг кесилиши бу мамлакатда кийинчилик билан бўлса хам олга кетаётган ўзгаришларга зарар бериши, АКШнинг хавсизлик масаласида Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги манфаатларини тахлика остига кўйиши мумкинлигини айтди. Айникса хозир бу ерда «хўрозканд ва камчин» (инлизчада – сабзи ва таёк) принципини жуда эхтиётлик билан ишлатиш кераклигини ургулади. Чунки, АКШнинг ёрдамидан факат хокимият эмас, чекланган микдорда бўлса хам нодавлат ташкилотлар хам фойдаланмокдалар. Марта Олкотт Ўзбекистон хукумати демократия томон юриш ниятида эмаслигини хам очик кўрсатар экан, у айнан Американинг ёрдамидан бахраманд бўлиш учун Ўзбекистон хукумати Америка истаган баъзи кадамлар килаётгани, Ўзбекистон хукумати Россия билан якинлашадиган бўлса, ахвол яна ёмонлашиши, чунки Россия АКШдан фаркли ўларок, бу минтакада ўтказилиши керак бўлган сиёсий ва иктисодий ислохотларни ўйламаётганини таъкидлади. Ўзбекистонга ёрдамнинг кесилиши «Конгресс ва Президент маъмурияти диктаторлар билан жуда хам дўстлашиб кетмокда» деб, уларни танкид килаётган америкалик доираларни бироз хотиржам килиши мумкин, дейди сўзининг охирида Марта Олкотт, аммо террорга карши урушда бизга керак бўлган нафакат баъзи хукуматлар, балки оддий одамларнинг кўллаб кувватлашини йўкотамиз. Профессор Фредерик Старр Ўзбекистон хукуматига берилаётган ёрдамни тўхтатиш керакмаслигини исботлаш учун Марта Олкоттдан бошкачарок аргументлар кўллади. Авваломбор шуни айтиш керакки, Фредерик Старр мустакиллик йиллари давомида Ўзбекистон хукумати билан доимо дўстона алокалар куриб келган. Шу сабабли унинг фикрлари Ўзбекистон расмийларининики билан сал кам бир хил эканлиги ажабланарли хол эмас. Фредерик Старр ўз нуткини хукук химоячиларининг Ўзбекистондаги ахвол бўйича берган маълумотлари объектив эканлигига шубха билдириш билан бошлади ва бу масалада чалкашликлар кўп деб туриб, Европада Хавфсизлик ва Хамкорлик Ташкилотини хам турли манфаат гурухларининг таъсир доирасига тушиб колмаслик, уларнинг ўйинига кириб колмасликка чакиради. У Андрей Шелковенконинг ўлдирилиши хакида таркатилан маълумотлар ёлгон чиккани хусусида кўп гапирар экан, хукук химоячиларининг ўнлаб эмас, юзлаб маълумотлари тасдиклангани, БМТнинг Кийнокларга карши кураш комитетининг расмий маърузасида «Ўзбекистонда кийноклар систематикдир» деб айтилганини гапиришни унитиб кўйди. Сўнгра у Ўзбекистонда хукумат ўзи курган партияларнигина рўйхатдан ўтказиб, бошкаларга йўл бермаётганини хам оклашга уринди. Бу «чўнтак» партиялар, унинг фикрича, яхшими ёмонми, секин аста ривожланиб бориб, келажакда хакикий партияларга айланишади, Ўзбекистон парламенти секин-аста хакикий конун чикарувчи органга айланади. Фредерик Старр бугунги мажлисга берилган номдан хам рохатсиз бўлаётганини билдириб, унинг охирида хеч бўлмаса «савол белгиси» кўйилиши кераклигини айтди. Маърузалардан кейин бўлган савол-жавоб вактида хам профессор Старр Ўзбекистон режимининг сиёсатларини оклашга харакат килишни давом эттирди. У бир саволга жавоб берар экан «Каранг, ахир Ўзбекистонда парламент бор, унинг комиссия ва комитетлари бор. Улар ишламокдалар, иш ўрганмокдалар. Бу ривожланиш натижасида бир кун Ўзбекистонда хакикий парламент юзага келади» деб хитоб килди. Бу савол-жавобга аралашган Абдурахим Пўлат шундай деди: «Мен бундан бир неча йил аввал хам, янглишмасам, айнан жаноб Старрнинг бир мажлисда шу гапларини эшитганман. Ўша мажлисда жаноб Старрга жавоб тарикасида айтганларимни кайтараман. Баъзилар билмаслари мумкинку, аммо профессор Старр буни билса керак, СССР деган давлатнинг хам 70 йил парламенти, унинг комитетлари бўлган. Улар ишлашарди. Совет газеталарини ўкисангиз улар жуда зўр ишлашарди. Лекин, нима учундир 70 йилда хам Олий Совет хакикий парламентга айланмади ва айланолмасди хам, чунки у кўгирчок парламент эди. Кўгирчок парламент хакикий парламентга айланиши учун авваламбор сиёсий тузум ўзгариши керак эди. Горбачев буни килди. Ўзбекистонда хам шундай бўлиши керак. Кўгирчок «парламентларни» ўз-ўзидан хакикий парламентга айланишини кутиш эса, хайвонот богидаги маймунларнинг Дарвин назариясига кўра одамга айланишини кутишдек бир лофдир. Хьюман Райт Вотч ташкилотининг вакили Вероника Голдстон Ўзбекистон хукуматининг сиёсатини кескин коралаб, мамлакат рахбарлари ахволни ўзгартимагунларича, бу хукуматга хеч кандай ёрдам берилмаслиги кераклигини айтди. Бу хукук химоячисининг асосий фикрлари журналнинг ушбу сонида ер олган «Авваламбор «Бирлик»ни рўйхатдан ўтказиш лозим» («Свобода» радиосининг программаси) номли сухбатда етарлича акс эттирилган.
* * * * * *
Шу билан Хельсинки Комиссиясидаги Тинглов тугади. Юкорида айтилганидек, бу каби мажлисларда карор кабул килинмайди. Аммо, бу ерда айтилган фикрлар, АКШ хукумати тарафидан шу мажлиснинг мавзуси билан боглик карорлар чикаришда инобатга олинади. Мухим бўлгани шуки, Тинловда маъруза килганларнинг кўпчилиги Ўзбекистондаги ахвол аянчли эканлигини билдирдиар. Умумий хулоса килиб айтсак, Ўзбекистон бугун бўгилган демократия ва топталган инсон хукуклари мамлакати эканлиги, минг афсуски, яна бир марта очик-ойдин ифода этилди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону