Журнал Ҳаракат №4 (43) 2003. ИЧИДАГИЛАР

Сиёсат
(Сўз боши ўрнига) - «Бирлик» ўз мохиятини расмийлаштирди
«Бирлик» халк харакатининг шу йил 6 майда Тошкентда бўлиб ўтган 6-Курултойида ўкилган Абдурахим Пўлатнинг хисобот маърузасида шундай сўзлар бор: «Аслида, «Бирлик» халк харакати мохиятан сиёсий партия сифатида курилган. Аммо, Совет замонидаги Конституция яккапартияликни жорий килгани учун, хамма жумхуриятларда бўлгани каби биз хам ташкилотимизни партия деб атай олмадик». Хакикатдан хам шундай эди. «Бирлик»нинг ўз олдига кўйган максад ва вазифаларнинг камрови, уларнинг умумдавлат ва умуммиллат савияларида тилга олиниши, унинг ташкилий структурасидан кўриниб турардики, бу ташкилот - сиёсий партия. «Бирлик», барча сиёсий партиялар каби, мамлакатни бошкаришда иштирок этиш, колаверса хукумрон партия макомига эришмок учун курашажагини хам очикча кўрсатарди. «Бирлик» ўзининг 1989 йил 28 май куни Таъсис курултойини ўтказди ва шу куни кабул килинган Низомида ўз макомини «ижтимоий-сиёсий ташкилот» деб белгилади. Шуни алохида таъкидлаш керакки, «Бирлик»нинг бу макоми унинг мамлакатни бошкаришда иштирок этиш максадига тўскинлик килмасди. Чунки, ўша вактнинг Конституцияси ва бошка конунларига кўра, хамма жамоат ташкилотлари, демак, ижтимоий-сиёсий ташкилотлар хам, хамма даражадаги сайловларда иштирок этиш, аникроги, хамма сайланадиган органларга, шу жумладан, мамлакат парламентига номзодлар кўрсатиш хукукига эга эдилар. Яккапартияликдан кўппартияликка 1990 йилнинг март ойи охирида СССР Олий Совети мамлакат Конституциясидан коммунистик партиянинг яккахокимлигини конунлаштирувчи моддани олиб ташлади ва кўппартияликка йўл очиб берди. СССР тарихидаги бу оламшумул вокеа мамлакатда янги сиёсий мухит яратганини хамма хам ўз вактида тушуниб етмади. «Бирлик» халк харакатининг 20 апрелда ўтказилган Хайъати мажлисида Абдурахим Пўлат ташкилотни расман партияга айлантириш масаласини кўтарди. Аммо, Хайъатнинг озчилик бўлса хам етарлича бир кисми бу фикрни кўллаб кувватламадилар. Уларнинг хам гапларида «жон» бор эди. Партияга айланиш тарафдори бўлмаганларнинг рўкачлари тахминан куйидагилардан иборат бўлган: «Биз Харакат сифатида миллатга, колаверса, дунёга танилдик, шундайликча колишимиз керак», «Хозир «Бирлик» оммавий ташкилот, унинг юз минглаб аъзолари бор, партияга айлансак, уларнинг хаммаси хам партияга аъзо бўлиб колиши гумон», «Кўпчилик диндорлар Аллохнинг биргина хизби (партияси) бор, у хам бўлса Уммат, деб хисоблашади. Шу сабабли улар хам партияга аъзо бўлишлари эхтимолдан узок» ва бошкалар. Хатто, баъзибир Хайъат аъзолари хам ўзларининг бирон бир сиёсий партияга аъзо бўлиш ниятлари йўклигини билдиришди. Бу нарса одамларнинг ўша вактгача бирдан бир партия бўлган ва партия тушунчасининг синонимига айланган Коммунистик партияга нисбатан аллергияларининг ташки кўриниши бўлса керак. Аммо, минг афсуски, бу хам ўша замоннинг реалликларидан бўлиб, у билан хисоблашмаслик мумкин эмас эди. Абдурахим Пўлат ва тарафдорларининг «биз шундок хам мохиятан партиямиз, мохиятимизни расмийлаштириш лозим халос, партиянинг кучи факатгина унинг аъзоларининг сони билан эмас, тарафдорларининг сони билан ўлчанади, «Бирлик» партиясига аъзо бўлишни истаман «Бирлик» харакатининг собик аъзолари барибир «Бирлик» партиясининг тарафдори бўлиб коладилар, келажакда сиёсий майдонда факатгина партиялар колади, ўша кунларга тайёрланишимиз шарт» деган аргументлари хам фойда бермади. Ўша кунлардаги ёзилмаган, аммо амалда кўлланиб келган «коммунистларнинг демократик централизм принципидан фаркли ўларок, биз демократлар хамма принципиал карорларни консенсус йўли билан оламиз» гоясидан келиб чикиб, ташкилотни партияга айлантириш тарафдорлари ортикча «оёк тираб» ўтирмадилар. Бунинг натижасида, «Бирлик» эскиси каби харакат сифатида колаверадиган бўлди, партияга айланиш тарафдорлари эса «Бирлик» халк харакати таркибида «Ўзбекистон демократик партияси» номли партия тузишга карор килдилар. Ўша куниёк Абдурахим Пўлат рахбарлигида партиянинг Ташаббус гурухи тузилди ва унинг Таъсис Курултойини 17 июнь куни ўтказишга келишилди. «Бирлик»дан 1989 йилнинг охирида ажралиб чиккан бир гурух 1990 йилнинг бошларидан алохида ташкилот куриш ниятида юрарди. Унинг фаоллари 1990 йилнинг 12 апрелида «Эрк» халк харакати номли ташкилотнинг Ташаббус гурухини хам туздилар. Аммо, «Бирлик»чиларнинг 20 апрелдаги карори таъсири остида янги ташкилотларини партия деб аташ тўгри бўлишини тушиндилар. «Эрк»нинг 30 апрелда ўтказилган Таъсис курултойида уни партия деб атадилар. Хозирги куннинг баландикларидан туриб шуни айтиш мумкинки, ўша пайтда «Бирлик» халк харакатини «Бирлик» партиясига айлантириш тарафдорларининг махкам турмаганлари ва ўз гояларини ўша пайтдаёк охирига етказмаганлари хато бўлган. Бироз илгари кетиб шуни айтиш мумкинки, бу хато, энг камида, «Бирлик»ни 1991 йилдаги президентлик сайловларидан четда колдиришда мавжуд режим учун жуда кўл келди. Нима бўлса хам, июннинг 17 куни Ўзбекистон демократик партиясининг Таъсис курултойи бўлиб ўтди. Тошкент марказида жойлашган Фукраолик ишлари бўйича адвокатлар коллегиясининг мажлислар залида 100га якин делегат иштирокида ўтказилган курултой партиянинг асосий хужжатларини кабул килди, Абдурахим Пўлатни партия раислигига сайлади, партиянинг расмий органи бўлмиш «Демократик Ўзбекистон» газетасини чикариш хусусида карор олди. «Бирлик» халк харакати ва Ўзбекистон демократик партиясининг рахбар органлари асосан айни одамлардан иборат бўлгани учун бу икки ташкилотнинг фаолиятини бир биридан ажратиш кийин. Зотан, кайта-кайта айтилаётгандек, «Бирлик» халк харакати мохиятан сиёсий партия эди. Мустакиллик ва янгича яккахокимлик 1991 йил 19 август фитнасининг маглубияти СССРни парчаланишига ва хамма жумхуриятлар каби Ўзбекистонни хам мустакил бўлишига йўл очди. Бу - СССР демократларининг, демократик ташкилотларнинг, жумладан, «Бирлик» халк харакатининг галабаси бўлди. Мавжуд реалликдан кўз юмиб бўлмаслигини сезган Ислом Каримов баъзи демократик кадамлар килиши кераклигини тушуниб етди. Аммо, чин максад демократия бўлмагани учун олинган тадбирлар хам кўзбўямачиликка ўхшаб кетарди. Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг 25 августдаги пленумида Ислом Каримов «демократик кадам» сифатида «Эрк» партиясини рўйхатга олажакаларини билдирди, 1-2 кун ичида бу партиянинг курултойи ўтказилди. Ўша замондаги Адлия вазири Мухаммад Бобир Маликовнинг айтишича, вазирликка топширилган хужжатлар камчиликлар билан бўлса хам Каримовнинг каттик талаби билан «Эрк» партияси 3 сентябрда рўйхатга олинди. «Бирлик» партиясининг ўз курултойини ўтказиш аризаси рад этилди. «Бирлик»чилар ўз курултойларини кўшни Козогистоннинг Тошкентга якин бўлган Черняевка кишлогидаги бир хусусий уйнинг ховлисида ўтказдилар. Бу нарса шуни аник кўрсатдики, Ўзбекистон хукумати «Бирлик»ни тан олиш ниятида эмас, унинг ростакам кўппартиялик ва демократия ўрнатиш нияти хам йўк. Айтиб ўтиш керакки, 1991 йил 18 ноябрда кабул килинган президентлик сайловлари хакидаги конун сайловларда факатгина сиёсий партиялар катнашолиши принципини расмийлаштирди. Кейинчалик, парламент сайловлари учун хам шуниси каби конунлар кабул килинди. Аммо, аммо хамма вокеалар ўша пайтда Каримовнинт фойдасига бўлмокда эди дея олмаймиз. 1991 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Ислом Каримовнинг ўз одамлари ичида унга карши харакат шаклланабошлади. Шу туфайли кучини йўкотабошлаган Каримов 1991 йилнинг 11 ноябрида «Бирлик» халк харакатини расмий рўйхатдан ўтказишга мажбур бўлди. Ўша йилнинг октябрида Ўзбекистон демократик партиясининг 2-чи Курултойи учун рухсат хам олинди. Курултойда партиянинг номи «Бирлик» партияси деб ўзгартирилди. Бу кадамнинг асл максади «Бирлик» халк харакатининг ўзини партияга айлантириш ниятидан чекиниш йўклигини кўрсатиш эди. «Бирлик» партияси хам тезда хужжатларини рўйхатдан ўтиш учун Адлия вазирлигига топширди. Аммо, аввалига, партиянинг номи харакатники билан бир хил, кейин эса, партия аъзоларининг рўйхатида камчиликлар бор деган бахоналар билан у руйхатдан ўтказилмади. «Бирлик» партияси Адлия вазирлигининг карори юзасидан Олий судга шикоят билан мурожаат килди ва партия билан харакатнинг номларида факатгина бир сўз, «Бирлик» сўзи, умумий эканлигини, икки ташкилотнинг тўлик номлари бир биридан фарк килишини таъкидлади. Олий суд бу ишни иложи борича судраб бориб, биринчи мажлисини 1992 йилнинг апрель ойида ўтказди. Партиянинг рўкачларини рад этолмаган суд хайъати прецедентсиз кадам кўйиб, ўз карори бўйича изохлар бериш учун Адлия вазирини суднинг кейинги мажлисга чакирди. Бу вокеа «Бирлик»чиларнинг хукук сохасидаги катта галабаси бўлганига шубха йўк. Эртаси куниёк Олий судда бошланган «тўпалонни» кўрсангиз эди. Бу ишни кўриб чикаётган судя бир неча хафтага касаллик варакаси билан уйига «камаб» кўйилди. Кейин суд мажлиси бир неча марта оркага колдирилди. Ўша йилнинг ёз ойларида мухолифатга карши бошланган очик репрессиялардан кеийн бу иш билан шугулланишга мухолифатчиларнинг на кучи на вакти колди. 1993 йилнинг бошида «Бирлик» халк харакатининг фаолияти 3 ойга тўхтатиб кўйилди. 1994 йилда эса хамма жамоат ташкилотларни кайтадан рўйхатга олиш жараёни «ўйлаб топилди». «Бирлик»чилар хукукий майдонда куршни давом эттириб кўриш максадида ўз хужжатларини тайёрлаб Адлия вазирлигига олиб келдилар, аммо вазирлик юкорининг топширигига ишора килиб, уларни олмади. Почта оркали юборилга хужжатлар эса, кеч келди бахонаси билан кўриб хам чикилмади. Кайтадан рўйхатдан ўтиш учун хужжатларини хам тайёрламаган «Эрк» партияси хам ўзининг сийсий макомини йўкотди. Бундан кейин Ўзбекистонда мухолифат учун расмий сиёсий майдон беркитилди. Ўзбекистонда ўша даврда номини Халк демократик партияси деб ўзгартириб олган Коммунистик партия, «Эрк»дан ажралиб чиккан «Ватан тараккиёти» партиялари мавжуд эди. Кейинчалик яна бир катор халк ичида «чўнтак партиялари» деб ном олган партиялар бор эди. Бу партиялар сайловларда катнашиб, мамлакат парламентида ўз фракцияларига эга бўлсалар хам, сиёсий сазнада хеч бир салохиятлари бўлмаган ва хозир хам йўк. Бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, парламентнинг ўзи «чўнтак парламенти» бўлгани учун жамиятда хеч кандай рол ўйнамаслиги бўлса, иккинчидан, Каримов собик Компартиянинг Марказкомини президент Махкамаси деб эълон килиб, бутун хокимиятни шу орган кўлида тўплаб олди ва мамлакатда ижроия хокимиятининг яккахокимлиги ўрнатилди. Бунадй шароитда сиёсий партияларнинг кераги хам йўклиги ўз-ўзидан маълум. Мухолифат янгидан тикланиш йўлида «Бирлик»чилар ўз фаолиятларини хукук химоячиси сифатида давом эттирдилар. Бу мажбурий кадамнинг яна бир томони шундан иборат эдики, улар шу йўл билан сиёсий фаолият сахнасини янгидан кўлга киритиш мумкинлигига ишонардилар. Ўзбекистон хукуматининг репрессив сиёсатига дунё жамоатчилиги, биринчи навбатда, Гарбнинг демократик давлатлари кўз юммадилар. 1992 йил 27 июнда Андижонда Пўлат Охуннинг камалиши ва 29 июнда Тошкентда Абдурахим Пўлатга карши суиикасд уюштирилишидан кейин президент Ислом Каримовнинг август ойига мўлжалланган АКШ зиёрати бекор килинди ва у Тожикистон президентини хисобга олмаса, АКШ тарафидан кабул килинмаётган бирдан бир МДХлик президентга айланди. Бундай шароитда Ўзбекистон хукумати оркага чекинишга мажбур бўлди. Ўзбекистонда мухолифат ва хукук химоячилари устидаги босим бироз камайди. 1996 йили Каримов нихоят Ок уй тарафидан кабул килингач, асосан «Бирлик»чилардан иборат Ўзбекистон инсон хукуклари жамияти 2-чи курултойини Тошкентда легал шаклда ўтказди. Шу даврда мухолифатнинг фаолиятини кескин жонлантириш масаласи хам ўз-ўзидан кун тартибига келганини айтиш лозим. Иш мухолифатни бирлаштирига интилишдан бошланди. Аммо, «Эрк» рахбарининг айби билан бу уриниш натижасиз тугади (Бу хусусда маълумот олишни истаганлар хужжатлар асосида тайёрланиб, «Харакат» журналида нашр этилган «Ибратли хикоя», № 2-3, 1995, маколасини ўкишлари мумкин). «Бирлик»чилар ўз нашрларини кайтадан чикарабошладилар. «Бирлик» хабарномаси, «Мустакил Хафталик» газетаси ва мустакил «Харакат» журналини чет элда чикариб Ўзбекистонда таркатиш йўлга кўйилди. «Мустакил Хафталик» газетаси ва «Харакат» журналини тайёрлашда «Эрк» рахбарининг «Бирлик» билан хамкорликдан кочиш сиёсатини кўллаб кувватламаган Жахонгор Мухаммад фаол иштирок этди. Тошкентдаги 1999 йил февраль портлашлари ва ундан кейин репрессияларнинг кучайиши «Бирлик»чиларнинг фаолиятини яна бироз сусайтирди, аммо тўхтатолмади. Албатта, «Бирлик»нинг фаолиятини жонлантириш масаласи кун тартибига келиши билан уни партияга айлантириш масаласи хам кайтадан ўртага чикди. Абдурахим Пўлат айнан «Бирлик» халк харакатини партияга айлантириш лозимлигини, Озарбайжон ва Белорусия халк фронтларининг тажрибасидан келиб чикиб, партиянинг номини «Бирлик Халк Харакати Партияси» деб аташ максадга мувофоклигини айтди. У бу масала ўзи мамлакатга кайтишидан аввал бўлиши лозимлигини хам ургулади. Лекин хали хам оддий бирликчилар ва хатто «Бирлик» рахбарияти ичида бу масала бўйича якдиллик йўк эди. Шундай бўлса хам, 2001 йилнинг ўрталарида «Бирлик»чилар ташкилотнинг вилоят конференцияларини ўтказабошлаш ва тахминан бир йидан кейин «Бирлик»нинг Курултойини чакириш мумкин деган хулосага келдилар. Биринчи кадамларок шуни кўрсатдики, хали хукумат мухолифатнинг фаолиятини жонланишига рухсат бериш фикридан жуда узок. 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркда юз берган фожеали вокеалар, АКШ бошчилигида антитеррористик урушнинг бошланиши, Афгонистонга хужум бошлашдан аввал АКШ кўшинларининг Ўзбекистонда жойлаштирилиши, буларнинг натижаси ўларок АКШнинг Ўзбекистон хукуматига таъсири кескин ошиши туфайли мамлакатимизда янги сиёсий мухит пайдо бўлди. Ана ундан кейин хукуматнинг унчалик каттик бўлмаган каршилиги остида «Бирлик»нинг вилоят конференциялари бўлиб ўтди ва нихоят, 2003 йил 6 май куни унинг 11 йиллик мажбурий танаффусдан кейинги биринчи Курултойи Тошкентда ўтказилди. Навбатдаги 6-чи Курултой деб аталган бу мажлисда кабул килиниши керак бўлган асосий ва принципиал масала «Бирлик» халк харакатини партияга айлантириш масаласи бўлганини айтиб ўтириш ортикча бўлса керак. Абдурахим Пўлат Курултойга йўллаган хисобот маърузасида бу масалани алохида ургулашига, ташкилотнинг етакчи фаоллари ичида бу масала хусусида аввалдан келишиб олинишига карамасдан, Курултой мунозарали ўтди. Маълум бир этапда «Бирлик»ни харакат сифатида колдириш ва унинг таркибидаги «Бирлик» партиясини кучлантириш фикри галаба козонгандек кўринди. Бу фикр тарафдорларига кўра, «Бирлик» бутун мухолифат кучларини, хусуан «Бирлик» ва «Эрк» партияларини бирлаштирувчи ташкилот бўлиб коларди. Бу фикр мухолифларининг фикрига кўра эса, сиёсий партияларнинг бир ташкилотга бирлашишлари маъносиз ва мантиксиз, позициялари ва дунё карашлари бир бирига якин бўлган партиялар сайловлар олдидангина вактинчалик блоклар доирасида бирлашадилар. Доимий аососда бирлашиш мумкин эмас. Агар доимий бирлашишга эхтиёж бўлсайди, партиялар бир партияга бирлашардилар, вассалом! Ва нихоят Курултой ўз карорини берди: «Бирлик» халк харакати «Бирлик» Халк Харакати Партиясига айлантирилсин. «Бирлик» расман партиялашди «Бирлик» халк харакатининг Курултойидан хамон сўнгра «Бирлик» Халк Харакати Партиясини тузиш билан шугулланадиган Ташаббус Гурухи яратиш бўйича иш бошланди. Табиий, хамма ишлар мавжуд конунлар доирасида эди. 21 июнь куни Тошкентдаги «Равшан» мехмонхонасида мамлакатнинг 8 вилояти ва Тошкент шахридан 59 вакил иштирокида ўтказилган Ташаббус Гурухининг иккинчи мажлисида партиянинг Таъсис курултойини тайёрлаш билан шугулланадиган 11 кишилик Ташкилий Кўмита тузилди. 26 июнда Ташкилий Кўмита фаолиятини бошлагани хакида Адлия вазирлигига Билдириш такдим килди, Таъсис курултойининг кунини тайинлади (аввал 16 август деб белгиланган сана кейин 13 сентябргя ўзгартирилди). Энг мухими, вилоятларда партиянинг махаллий ташкилотларини яратиш, вилоят конференцияларини ўтказиш ва партия аъзоларининг рўйхатини тайёрлаш бўйича иш бошланди. Август ойининг ўрталарига келиб, кўпчилик вилоятларда конференциялар ўтказилди, рўйхатга олинган партия аъзоларининг сони 4 мингга якинлашди. Маълумки, Ўзбекистон конунларига кўра, сиёсий партия рўйхатдан ўтабилиши учун унинг камида 5 минг аъзоси бўлиши керак. Режалар бўйича, Таъсис курултойига кадар 10 минг кишилик рўйхат тайёрланажакди. Шу кунларда «Бирлик»чилар норасмий, аммо, ишончли манбалардан бир хабар олдилар. Маълум бўлишича, мавжуд хокимият «Бирлик»чиларнинг бунчалик шиддат билан жонланишидан ва «Бирлик» партиясига аъзолар жалб килиш жараёнининг суръатидан тахликага тушиб, мухолифат партияларини расмий рўйхатдан ўтказиш йўлида ўтиб бўлмас конуний тўсиклар яратиш устида иш бошлаган. Президент махкамасида тайёрланган режага кўра, Мустакиллик байрами арафасида анъанавий ўтказиладиган Олий Мажлис сессиясида аввалдан тайёрланган 2-3 депутат сиёсий баркарорликни саклаш, мада-чуйда партияларнинг пайдо бўлишини олдини олиш учун рўйхатга олинадиган партиялар камида 50 ёки 75, хатто 100 минг аъзога эга бўлиши кераклиги хусусида гап бошлайдилар. Бу масала кун тартибида бўлмаганлигига карамасдан, бу таклиф кискача «мухокама» килинган бўлади ва сиёсий партиялар хакидаги конунга ўзгартириш киритилади. Ўзбекистондаги хокимиятнинг бу «кадамига» «Бирлик»чилар хам шунга мос шаклда жавоб беришга карор килдилар. Бунга мувофик, «Бирлик» партиясининг Таъсис курултойи Олий Мажлис сессиясидан аввал, аникроги 25 августда ўтказиладиган бўлди. Агар Олий Мажлис партия аъзоларининг сонини 50 ёки 100 минг деб белгиласа, «Бирлик» Халк Харакати Партияси расман 25 августда, яъни конунга ўзгартиришлар киритилмасдан аввал тузилгани учун ва «конунларнинг оркага таъсири йўк» принципига биноан ўша кунгача мавжуд бўлган конунлар доирасида рўйхатга олиниши керак бўларди. Ташкилий Кўмитанинг аввалги режаларига кўра, Таъсис курултойи 13 сентябрда Тошкент шахрида ўтказилиши керак эди. Аммо, курултойнинг 25 августга кўчирилиши уни Тошкентда ўтказишни катта хавф остига соларди. Гап шундаки, ўз соясидан хам кўркадиган хукумат Тошкентни хар йили байрам муносабати билан сал кам «ёпик шахар» холига тушириши хаммага маълум. Байрамдан бир неча кундан аввалрок вилоятлардан келаётганлар Тошкентга киритилмай кўйилади ёки кириш жуда кийинлаштирилади. Бундай шароитда, шахар хокимлиги расмий буйрук билан «Бирлик» партиясининг курултойини байрам ўтгунча таъкиклаб кўйиши хеч гап эмас. Курултой ўтказиладиган залнинг эгалари оркали хам бу ишни кила олишлари тўгрисида гапириб ўтирмаса хам бўлади. Шу мулохазалардан келиб чикиб, «Бирлик» партиясининг Таъсис курултойини Кўкон шахрида ўтказишга келишилди. Вакт камлиги учун бирон расмий зал топиш ва шахар хокимлиги билан келишишда чикиши мумкин бўлган муаммоларни хисобга олиб, Курултой учун хусусий бир уйнинг ховлиси танланди. Яна бир нарсани таъкидлаш керакки, партиянинг курултойи учун махаллий хокимиятларда рухсат олиш керак эмас. Ташкилий кўмитанинг бу хусусда Адлия вазирлигига Билдириш бергани етарлидир. Вазирликка аввал берилган Билдиришдаги курултойнинг куни ўзгарганлиги туфайли, у ерга янги Билдириш юборилди халос. Хуллас, 2003 йил 25 августда Кўкон шахрида, «Бирлик» халк харакатининг Кўкон шахар ташкилоти раиси Хамдам Сулаймонинг ховлисида «Бирлик Халк Харакати Партиясининг Таъсис курултойи ўтказилди. Ташкилий Кўмитанинг курултойга берган расмий маълумотига кўра, ўша кунга кадар Ўзбекистоннинг 9 вилояти ва Тошкент шахридан тахминан 5,5 минг киши партия аъзолари рўйхатига киритилган экан. Ташкилий Кўмитанинг карорига биноан хар бир эллик кишидан курултойга бир делегат сайланиши кўзда тутилган эди. Жойлардан 115 киши Курултойга делегат килиб сайланган ва улардан 95 киши Кўконга етиб келган. Курултой кандай ўтганлиги хакида журналнинг кейинги сахифаларида етарлича тафсилий маълумот берилган. Шу сабабли бу ерда факат умумий гапларни айтиш максадга мувофикдир. Курултойда «Бирлик» Халк Харакати Партиясининг тузилгани расман эълон килинди, унинг Дастур ва Низоми тасдикланди, рахбарлари ва рахбар органлари сайланди. «Бирлик» харакатининг май ойида ўтказилган 6-чи курултойидан фаркли ўларок, партиянинг Таъсис курултойида хукумат билан мулокот, ташки, ички сиёсат ва бошка актуал масалалар бўйича махсус Баённомалар кабул килинмади. Чунки, «Бирлик» партияси ўзини «Бирлик» харакатининг давомчиси деб эълон килгани туфайли, Харакатнинг курултойида кабул килинган Баёнотлар «Бирлик» партияси учун хам расмий хужжатлигича колди. Курултойда кабул килинган бир хужжат хусусида алохида тўхтаб ўтиш керак. Бу - Курултой катнашчилари номидан Москвада провокация килиб хибсга олинган «Бирлик»чи Бахром Хамроевнинг озод килинишини сўраб Россия Федерациясининг президенти Путинга йўлланган Мурожаатдир. Бахром Хамроевнинг такдири билан боглик бошка материаллар билан хам журналнинг ушбу сонида танишиш мумкин. * * * Хуллас, шу йил 25 август куни Кўкон шахрида Ўзбекистоннинг келажагида мухим рол ўйнайдиган сиёсий вокеа юз берди: «Бирлик» Халк Харакати Партиясининг Таъсис курултойи ўтказилди. 13 йил кечикиб бўлса хам, «Бирлик» халк харакати номи остида тузилган сиёсий партия ўз мохиятини, ўз макомини расмийлаштирди. Энди «Бирлик» - номи билан хам сиёсий партия.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону