Актуал мавзу - 03 May 2009
04:01 -
Ҳужжатлар нима дейди? - 1
Қуйида “Жиноят иши”га тикилган ва 2009 йил 16 март куни аризачи А.Ўринбоев, гувоҳ – “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП бош муҳандиси Исроил Маҳмудов билан Д.Саидов ўрталарида ўтказилган “Юзлаштириш Баённомаси”даги савол-жавоблардан кўчирмалар келтирамиз. Мазкур Баённомалардаги маълумотлар Ўзбекистонда қонун устуворлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни қизиқтиришига ишонамиз.
А.Ўринбоев ва И.Маҳмудов қарши томон сифатида Д.Саидовнинг ҲИБС этилишидан манфаатдор шахслар эканликларини алоҳида эслатиб ўтамиз.
А.Ўринбоев билан юзлаштириш баённомаси – 16.03.2009 йил.
№1. Д.Э.Саидовнинг жавоби: Қаршимда ўтирган Ўринбоев Аслиддин Шамсиевични 2008 йил 6 ноябрь кунидан буён танийман. Жомбой тумани “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП таркибига кирувчи фермер хўжаликларидан 10 нафарини ишончли вакили сифатида ҳамда Жомбой туман ИИБ терговчиси О.Тоҳировнинг ЖПКнинг 36-моддаси асосида чиқарилган қарорига кўра ММТПга қарашли техник воситаларни саноқдан ўтказиш вақтида, яъни 2008 йил 6 ноябрь куни саноқ комиссияси аъзоси сифатида ММТПга бориб танишганман, ўртамизда олдиндан шахсий адоватимиз йўқ, лекин қарама-қаршилик иш фаолияти юзасидан қарама-қаршилик мавжуд. Мен фермерларга ишончли вакил сифатида иш олиб бориш жараёнида ММТПда вужудга келган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга оид ЎзР Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун талабларидан келиб чиқиб, шикоят ва аризалар ва мақола сифатида ёритганман, шу сабабли ўртамизда қарама-қаршилик келиб чиққан.
А.Ўринбоевнинг жавоби: Қаршимда ўтирган Саидов Дилмурод Эгамбердиевични танийман, ҳақиқатдан ҳам мен 2008 йил 6 ноябрь кунидан бери танийман, 2008 йил 6 ноябрь куни мен раислик қилиб келаётган Жомбой тумани “Фаровон ҳаёт йўли” ММТПда ўтказилган саноқ комиссиясида қатнашган вақтларида, Д.Саидов ўзлари билан уч нафар, яъни Эргашев Тўра, Пўлатов Анорбой ва Ёқубов Муртазоларни ҳам олиб келган эди, мен нима сабабдан булар келганлигини сўраганимда, “Мен техникаларга тушунмайман, булар тушунади”, деб айтган эди. Бундан ташқари Д.Саидов саноқ қолиб кетиб, бухгалтерия хонасига кириб, у ерда бўлган ҳужжатларни кўздан кечиришни бошладилар, шунда мен у кишига эътироз билдирганман, келишмовчилик шу вақтда бўлган, бундан кейинги вақтларда келишмовчиликлар бўлмаган, шундан кейин Д.Саидовни 2009 йил 18 февраль куни кўрганман.
№ 2. Д.Саидовга савол: 2009 йил 18 февраль куни “Юлдуз” ресторанида кимлар бор эди ва у ерда нима ҳақида гаплашилди?
Д.Э.Саидовнинг жавоби: 2009 йил 18 февраль куни “Юлдуз” ресторанида учрашиш А.Ўринбоевнинг ташаббуси билан ташкиллаштирилган, мен 2009 йил 18 февраль куни соат 13-14 ларда Тошкентдан тўғри Жомбой туманига тушиб қолдим, у ерда мени Т.Эргашев ва А.Пўлатовлар кутиб олишди ва А.Пўлатовни автомашинасида Самарқанд шаҳри “Юлдуз” ресторанига борган эдик, у ерда М.Жўраева, А.Ўринбоев ва И.Маҳмудовлар кутиб олдилар. Ўтириш давомида кечки тушлик қилганимиздан кейин Исроил Маҳмудов менга “Дилмурод ака, энди мақсадга ўтсак, чунки бизларда ҳам иш кўп”, деган мазмунда таклиф киритди. А.Ўринбоев 2008 йил 6 ноябрь куни бўлган тортишувдан узр сўради, кейин А.Ўринбоев шикоятлар оқибатида ҲМҚОларига қатнаб чарчаб кетганлигини, бу нарсаларга барҳам бериш имконияти ҳақида гаплашсак деган мазмунда илтимос қилиб, шикоятларни тўхтатиш учун нима қилишни сўради, шунда мен ишончли вакил сифатида менга ваколат берган фермерларнинг талаби, яъни Аслиддин Ўринбоев ўз лавозимидан кетсин деганликларини юзига айтдим, токи Сиз ишдан кетмасангиз шикоятларга барҳам берилмайди деб айтдим. А.Ўринбоев менга агар ишдан кетсам ҳозирда ҲМҚОлар томонидан ўрганилаётган шикоятлар масаласи нима бўлиши ҳақида сўради, мен унга агар шикоят бўлмаса, уни ҳам текширадиган одам бўлмайди, бунгача ёзилган шикоятларни чуқурроқ холис текширишдан кўра уни тинчитиб олишга туман прокуратураси терговчи О.Тоҳиров ҳам тарафдор бўлиб турибди деб жавоб қайтардим ва бу фикримни 2008 йил 4 декабрь куни Тоҳиров О. томонидан чиқарилган жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарори билан изоҳладим. Бу гапларни А.Ўринбоевга айтган вақтимда М.Жўраева эшитган эшитмаганлигидан хабарим йўқ, мен А.Ўринбоев билан гаплашган вақтда ва унгача ҳам пул ҳақида ҳеч қандай гапни айтган эмасман, ҳаттоки ресторандан чиқиб ташқарида турган вақтимизда А.Ўринбоев билан орамизда пул ҳақида гап бўлган эмас.
А.Ўринбоевга савол: Ҳозир Сиз Д.Э.Саидовнинг кўргазмаларини тингладингиз, ушбу кўргазмаларни тасдиқлайсизми?
А.Ўринбоевнинг жавоби: Мен Д.Саидовнинг кўрсатмаларини эшитдим, мен Д.Саидовнинг кўрсатмаларини қисман тасдиқламайман.
А.Ўринбоевга савол: Айтинг-чи, айнан қайси кўрсатмаларини тасдиқламайсиз?
А.Ўринбоевнинг жавоби: 2009 йил 18 февраль куни соат 14-15 лар атрофида Самарқанд шаҳридаги “Юлдуз” ресторанида ўтирган вақтимизда Саидов Дилмурод менга “Сизнинг қилган қинғир ишларингизга Жомбой туманидан, вилоятдан, Республикадаги айрим раҳбарлар ишдан кетиб, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин”, деб айтди, лекин айнан кимлар ишдан кетиб, жавобгар бўлишини айтмади, шунда мен нима айб қилиб қўйганлигимни сўраганимда Д.Саидов менга “Сиз тушунмайсиз-да, тушунсангиз кейин биласиз-да” деди. Шунда мен нима қилиш кераклигини айтганимда у ишдан кетишимни ва бошқа жойга ўтишимни, А.Пўлатов ва бошқа фермерлар менинг айтганимни қилади деб айтди, мен Д.Саидовга хизматни қилай деб айтганимда, у менга бориб фермерлар билан келишиб жавобини айтамиз деб айтди, ташқарига чиққандан кейин Д.Саидов, А.Пўлатовларни кузатганимдан сўнг М.Жўраевага “Д.Саидов пул ҳақида гапирмади-ку” деб айтганимда Марғуба “Д.Саидов Анорбойларнинг олдида ҳар нарса деб айтавермайди” деб айтди, “Ҳозир борамизда, ёзувчилар билан йиғилишиб гаплашамиз-да, кейин мен сизга жавобини айтаман”, деб жавоб берди. Тахминан бир соатлардан сўнг М.Жўраева менинг қўл телефонимга қўнғироқ қилиб, менга “Масала ҳал бўлди, ўша 13 000 АҚШ долларини берасиз, буёғини ҳаммасини Дилмурод ака бўйнига олди, ёзувни тўхтатади, ҳозир уйимдан Дилмурод ака чиқиб кетди, шу пулларни ярмини тўғирлаб берсангиз мен Тошкентга олиб бориб бераман”, деб айтди. Мен М.Жўраева мени устимдан ёзмаслик масаласи 2009 йилнинг февраль ойидан буён бошлаб келмоқда, шу вақтдан буён М.Жўраева менга Д.Саидов билан ўзим келиштириб қўяман, унинг шартига кўниш керак, “тўнни тескари кийиб олса, ёмон бўлади” ва у сўраган пулларни бериш керак деб айтганлиги учун мен рози бўлиб, 2009 йил 22 февраль куни 10 000 АҚШ долларини берганман.
Д.Саидовнинг А.Ўринбоевга саволи: Айтинг-чи, агарда Сизни мен 18.02.2009 йилда “Юлдуз” ресторанида шикоят ёзиш каби фаолият билан қўрқитмоқчи бўлсам ва Сиз билан фақатгина 2008 йил 6 ноябрда кўришган бўлсам ва бунгача 2008 йил 18 февралгача мутлақо учрашмаган бўлсам ва гаплашмаган бўлсам, Сиз нима учун 17 феврал 2009 йилда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар (ҲҚМО) ига ёзган аризангизда менинг фамилиямни ҳам кўрсатиб, “ариза ёзиш, қаматиб юбориш ва обрўсизлантириш билан қўрқитиб, бундай ҳаракатларни амалга оширмаслик эвазига мендан 15 000 АҚШ доллари талаб қилаётганлигимни кўрсатиб, қонуний чора кўришликни” сўрагансиз?
А.Ўринбоевнинг Д.Саидов саволига жавоби: 2008 йил 6 ноябрдан кейин то 2009 йил 18 феврал кунига қадар мен Д.Саидов билан учрашиб, у билан пул ҳақида гаплашган эмасман, Д.Саидов томонидан мени фақат 2008 йил 6 ноябр куни дўқ-пўписа қилинган бўлиб, ундан кейин менинг устимдан ариза ёзганлигини инобатга олиб ва М.Жўраеванинг менга Д.Саидовга пулни олиб бориб бериш ҳақидаги гапини инобатга олиб ариза билан мурожаат қилганман.
№ 3. Ҳимоячи Р.Комиловнинг А.Ўринбоевга саволи: Айтинг-чи, 2009 йил 18 феврал куни “Юлдуз” ресторанида ўтирган вақтларингизда пул ҳақида билган бўлсангиз, нима сабабдан Д.Саидовни ўзига қанча миқдорда имкониятингиз бор-йўқлигини айтмагансиз ёки ўзаро келишмагансиз?
Ҳимоячи Р.Комиловнинг саволига А.Ўринбоевнинг жавоби: Чунки келишганимиз бўйича Д.Саидов билан М.Жўраева келиши керак бўлган, лекин А.Пўлатов ҳам улар билан қўшилиб келди, шу сабабли Д.Саидовга бу ҳақда гапирмаганман. Сабаби М.Жўраеванинг айтиши бўйича Д.Саидов А.Пўлатов ва бошқаларнинг олдида пул ҳақида гапирмаслигини айтган эди.
Ҳимоячи Р.Комиловнинг А.Ўринбоевга саволи: М.Жўраева пулни кимлар учун тақсимлаш мақсадида олмоқчи бўлганлигини айтган эди?
Ҳимоячи Р.Комиловнинг саволига А.Ўринбоевнинг жавоби: М.Жўраева менга “Сиздан олган пуллар 6 (олти) кишига тақсимланади” деб айтди. Д.Саидов менинг устимдан ёзган аризаларни қайтариб олиш учун терговчи бор, прокурор бор деб айтган эди. Бу гаплар 2009 йил 18 феврал кунидан кейин бўлган эди.
Д.Саидовнинг А.Ўринбоевга саволи: Айтинг-чи, агар чиндан ҳам юқоридаги кўрсатмангиздан келиб чиқадиган бўлсак ва менинг номимдан М.Жўраева Сиз билан учрашиш учун фақат иккимиз келишимизни айтган бўлса, 2009 йил 18 феврал куни Сиз билан учрашувга бошқа фермерлар ҳам биргалашиб келганлиги Сизда “М.Жўраева ёлғон маълумот бераяпти”деган тушунчани уйғотмадими?
А.Ўринбоевнинг Д.Саидов саволига жавоби: Йўқ, сабаби Жомбой туманига келганда А.Пўлатов ҳам қўшилиб келиши мумкин деб М.Жўраева айтган эди, мен унинг гапига рози бўлдим.
И..Маҳмудов билан юзлаштириш баённомаси – 16.02.2009 йил.
№ 4. И.Маҳмудовга савол: Айтинг-чи, М.Жўраеванинг А.Ўринбоевдан олган 10 000 АҚШ долларини олганлиги ҳолати юзасидан нималарни билдира оласиз?
И.Маҳмудовнинг жавоби: 2009 йил феврал ойининг бошларида (аниқ эсимда йўқ) бир қишлоқда яшовчи Жўраева Марғубани кўриб қолдим. У мени тўхтатиб, мендан “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП раиси А.Ўринбоев билан учраштиришни сўради. Нима сабабдан, деб сўраганимда, у “Отам Жўраев Тоирнинг аризабозликдан чиқариб олиш учун” деб айтди. Мен раис ишга чиқса, айтиб кўраман, деб айтдим-да, бориб бошқа ишларим билан шуғулландим. Эртаси кунига А.Ўринбоевга М.Жўраева билан гапирган гапларни айтган эдим, у рози бўлгандан сўнг М.Жўраева мени қўл телефонимга қўнғироқ қилиб, раис билан учраштиришни сўрайвергандан сўнг мен А.Ўринбоевнинг қўл телефонини унга бердим. Эртаси куни М.Жўраева ва А.Ўринбоевлар қаердадир чой ичиб, А.Ўринбоев қайтиб келгандан сўнг М.Жўраева менга қўнғироқ қилиб, “Отамни ҳеч жойга мурожаат қилиб ариза ёзмаслиги раисга 3000 АҚШ доллари бўлишини айтинг” деди. Майли айтиб кўраман, деб жавоб қайтардим, шу вақтда алоқани узгандан сўнг раис келди. Мен М.Жўраева айтган гапларни айтганимда, Аслиддин ака отаси Жўраев Тоир ариза ва шикоятлар ёзмаганлиги билан унинг ҳамтовоқлари Пўлатов Анорбой, Эргашев Тўра, Ёқубов Муртазо ва Дилмурод Саидлар ариза ва шикоятларни ёзишдан тўхтамаслигини айтганида, М.Жўраева отасининг ҳамтовоқлари Пўлатов Анорбой, Эргашев Тўра, Ёқубов Муртазо ва Дилмурод Саидларнинг ариза ва шикоятлар ёзмаслиги учун ушбу гуруҳнинг бошлиғи, яъни етакчиси Дилмурод Саййид билан гаплашиб келиш учун Тошкент шаҳрига бориб келиб, ушбу масалани ҳал қилишлигини айтиб, М.Жўраева Тошкент шаҳрига кетди. 2009 йилнинг 12 феврал куни М.Жўраева менинг қўл телефонимга қўнғироқ қилиб, у менга Дилмурод Саййид билан гаплашдим деди ҳамда менинг устимдан ариза ва шикоят ёзмаслиги эвазига 15000 (ўн беш минг) АҚШ доллари беришлигимни талаб қилди.кейин Аслиддин ака М.Жўраевага 15000 АҚШ доллари миқдорида пул йўқ деб айтганда, у 2000 (икки минг) АҚШ долларидан кечганлигини, 13000 (ўн уч минг) АҚШ доллари берсаларинг бўлади, деди. Аслиддин ака унга “Сенинг гапингга ишонмадим, отангнинг ҳамтовоқларини чақир, бир жойда учрашиб келишайлик” деди. Шунда М.Жўраева отасининг ҳамтовоқларини 2009 йилнинг 18 феврал куни Самарқанд шаҳрига таклиф қилиб, учраштиришини айтди. Шундан сўнг Аслиддин ака ва мен маслаҳатлашиб, 2009 йилнинг 17 феврал куни Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилдик. 2009 йилнинг 18 феврал куни Жўраева Марғуба Самарқанд шаҳрида жойлашган “Юлдуз” ресторанига таклиф қилди. Мен ва А.Ўринбоев, улар тушлик қилдик. Тушлик давомида Аслиддин ака Д.Саидов ва А.Пўлатовларга қараб, кечирим сўради ва аризабозликдан чарчаганлигини ва бошқа ариза шикоятлар ёзманглар, бирга ишлайлик, мен ММТПни тартибга солиш учун келганман, мен ишлайми-йўқми, деб айтди, Д.Саидовга қараб нима қилишини сўради. Д.Саидов 10 та фермерларни ишончли вакилиман, улар билан гаплашиб, икки соатда хабарини етказаман деб айтди, лекин аризангизни касаллик туфайли ёзиб, ишдан кетасиз, деб айтди. А.Ўринбоев А.Пўлатовга қараб “Сиз нима дейсиз?” деганди, “Ишдан кетсанг ҳам, қолсанг ҳам ёзаман” деб айтди. Бу гапларни М.Жўраева эшитиб турган эди. Шундан сўнг ҳаммамиз туриб, мен, А.Ўринбоев ва М.Жўраевалар раиснинг автомашинасида, А.Пўлатов, Т.Эргашев ва Дилмурод Саидлар А.Пўлатовнинг автомашинасига миниб кетдилар. Йўлда кетаётганимизда А.Ўринбоев М.Жўраевадан “Нима сабабдан А.Пўлатов ва Д.Саидовлар пул тўғрисида гапирмадилар?” деб сўраганда, Марғуба “Улар пул ҳақида айтмайди, ўзи шунақа бўлади” деб айтди.
№ 5. Д.Э.Саидовнинг И.Маҳмудовга саволи: 2008 йил 6 ноябр куни ММТПда бўлиб ўтган саноқ вақтида мен А.Ўринбоев билан тортишиб қолганлигимга гувоҳсиз. Мана шу тортишиб қолишимизни сабаби нимада эди?
И.Маҳмудовнинг Д.Саидовнинг саволига жавоби: 2008 йил 6 ноябр куни ММТПда бўлиб ўтган саноқ вақтида Сиз фақат асосий техник воситалар китоби, аризада кўрсатилган гўнгнинг ҳужжатларини сўрадингиз. Ушбу ҳужжатларни сўраганингиздан сўнг А.Ўринбоев жаҳли чиқиб кетди ва у билан тортишиб қолдингиз, лекин ҳеч қандай ҳақоратли сўз бўлган эмас.
Д.Саидовга нисбатан “Жиноий иш”да диктофон ёзувлари ҳам далил сифатида келтирилган ва “Иш” жилдига қўшилган. Хўш, диктофонда нималар ёзилган ва ундаги овозлар ким ёки кимларга тегишли? Бу савол 23 апрелга қадар жавобсиз эди. Ниҳоят ёзувнинг стенографияси ошкор қилинди. Бироқ овоз эгалари ҳануз номаълум. Биз диктофондаги ёзувнинг стенограммасини тўлиқ эълон қилишни лозим топдик:
№ 6. 32/28417-сонли жиноят иши бўйича магнит тасмасига
ёзиб олинган сўзлашувлар
БАЁННОМАСИ
Самарқанд шаҳри 4 март 2009 йил.
№7. Бир аёл киши (А.) ва эркак кишининг (Э.) телефон орқали суҳбатлари:
Э.нинг телефони жиринглади ва А. билан гаплашаяпти.
Э – Алло?
А – Мен ҳам ҳозир уйимга кириб келгандим, олиб кетди ҳозир мени бу ёққа.
Э – Ҳа, нима бўлди?
А – Бўлди, шу, шу гап-да, бояги гап-да, у бирдан ҳа давай, кет, дегани билан, энди кетиб бўлмайди-ку? Шунақа-шунақа деди ҳозир.
Э – Қайси гап, қанча қилиб олиб бориб берайин, и қанча кунда йиғай, буни айтинг-да сиз менга конкретно.
А – 13 (ўн учта) деди, майли “иккита” деди, майли дедим, “иккита”ни анави қилиб ташлайман деди, 13 та деди.
Э – Нима деб қўймадингизми? “Кўк”и дедими?
А – “Кўк”и деди-ёв, “кўк”и деди Асад ака.
Э – Ҳмм, хўш кейин?
А – Ҳозир данный момент қўлингизда қанча бор?
А – 3 минг атрофида бор-да, ҳозир мени қўлимда эмас, бир жойда турибди, ҳозир бориб олиб келишим керак-да. Мени пулимкуя, бировда турибди-да.
А – Ҳай, бўлмаса, давай, тез бизларга ярим соатда етказинг менга.
Э – Ярим соатда бўлмайди.
А – Ҳа?
Э – Бир-икки соат кетади-да, бориб келишим керак, ҳув Самарқанднинг нариги бурчагида, Пастдарғомнинг чегарасида, унга бориб келгунча икки соат кетади.
А – Эх-х-эй, шу ерда яқинроқ жойларда йўқми, айтдим-ку, мен сизга тайёрлаб қўйинг, ҳеч бўлмаса камини... (гапини бўлди)
Э – Йўқ, энди конкретно ишонч бўлмагани учун мен ҳам қўрқдим-да, у нарса сизга ҳазил гап эмас-ку, оғир нарса-да у.
А – Ҳа, ҳа бу ёғини бир, икки кунда ҳал қила оласизми?
Э – Икки кун эмас, уч кун вақт беринг, катта сумма у, мен одамларга бориб тушунтирайин, анави Исроил ҳам бояги гапни тескари эшитиб кетди, энди у қанақа қилиб тушунтиради энди. Билмасам. Энди Исроилга ҳам телефон қилиб айтинг ҳозир.
А – Йўқ, Исроил ака билан яна гаплашдим-ку кейин.
Э – Ҳай гаплашдингизми, бўлдими?
А – Ҳа, мен гаплашдим Исроил ака билан, анави деди, у Исроил тушунди, чунки, ўқиган одам тушунади, ўзи йўли, шу, уни, деди.
Э – Ҳа, мен билмаганман...(гапини бўлди)
А – Давай, бер, бер демайди-ку, деди, йўли шунақа ўзи, деди.
Э – А конкретно бўйнига оладими энди у?
А – Ха, ҳа, ҳа, Исроил аками, ёки Дилмурод акани айтаяпсизми?
Э – Дилмурод?
А – Ҳа, олди-ку, олдингизда ҳам айтаяпти-ку, ўша нарсани? Ўзингизни олдингизда ҳам айтаяпти, шунинг учун мен гапирмай турдим-ку, ўзлари гапирсин, дедим.
Э – Ҳмм. Бўлмасам, мен бундай қиламан, сиз...(гапини бўлди).
А – Ҳозир тез етказинг менга иложи борича.
Э – Сиз қай вақт кетасиз?
А – Мен у киши билан бирга кетаман, ярим соатда деди, тайёр бўлинг деяпти.
Э – Эй, ярим соатда успеть қилмаймиз-да. Қолганини қачон оласизлар, энди конкретно сиз келсиз, ҳа, у келмайди, ҳа бошқа?
А – Йўқ, йўқ келмайди, у бояги нарсани ҳам тўхтатади-ку.
Э – Ҳа, энди қайси кунига, сиз конкретно айтинг, мен шунга қараб ишни қилайин энди?
А – Сиз уч кун деяпсиз, бу менга икки кундан кейин келиб кетасан деяпти яна. Мен ҳам ишимга, вақтимга қараб келаман-да, бу ерга ҳадеб келолмайман мен ҳам, мен ҳам формадаман, Асли ака.
Э – Бўлмаса мен ҳам икки кун ишлайман-да, шу югур-югур қиламан-да бўлмаса.
А – А-ха, сиз ҳозир менга боягини ярмини етказинг, озгинасини.
Э – Марғуба, сиз тўғри тушунинг, мен ҳозир бориб келишим керак у ёққа, ўша одамни агар жойидан тополсам, шиппа оламан-у, қайтаман, бир соат, ярим соат кутиб қолсам-чи, бу ёғи ҳам бор-да.
А – Мен нима қилайин, мен қолиб турайинми, у кишига кетаверинг, мен орқангиздан еткизаман дейинми?
Э – Билмасам, бўлмаса менга бир соатдан кейин телефон қилинг, мен сизга жавобини айтаман, ёки қолинг, ёки кетаверинг дейман-да.
А – Йўқ, у менга айтаяптики, сиз у нарсани олмасдан...(фикрини охиригача тугатмади), сиз менга етказинг деяпти-да ҳозир менга, ҳозир мени олиб борди, ҳозир яна мени уйга ташлаб кетди.
Э – Сиз унга айтинг бўлмаса, Марғуба, айтингки, сен конкретно гапирмаганингга у қўрқиб, уже отказ қилиб ўтирибди, энди мен уни кўндиришим керак, икки кундан кейин ўзим келиб кетаман денг. Бирданига бераман-да энди, бошқа иложим йўқ, ҳозир мен бориб у одамни тополмасам сиз бебурд бўлиб қолмангда бу ерда, сиз ўртага кирдингизку.
А – А шуни айтаяпман-да, у менга бўлмаса бўлмайди деди-да ҳозир, шунақа деди менга энди, мен энди ундай деди, бундай деди, деб айтолмайман-да ҳар бало деб, мана уже машина турибди.
Э – Йўқ, мен ярим соатда ҳозир топиб келолмайман-да, унга бораман, қандай бўлади ҳолатини, уни кўришим керак-да.
А – Ҳай, бир такси пулини бериб юбориш керак эди ҳали бу кишига?
Э – Таксини пулини бердик-ку?
А – Кетдик ҳа, ўзи бизлар 50 минг билан келдик.
Э – Йўғ-эй, бориб келиши 50 минг, 2 кишига, биламиз-ку йўлни, 50 минг бердим-ку.
А – Ҳа.
Э – Бўлмаса шундай, 2 кундан кейин олиб кетасиз-да ҳаммасини, ўзингиз келасиз, энди у келиб ўтирмайди, ҳа?
А – Йўқ, йўқ, ҳозир тўхтанг-да, мен ярим соатдан кейин телефон қиламан.
Э.нинг А. Билан суҳбати тугади.
Бироз вақтдан сўнг Э.нинг қўл телефони яна жиринглади. (Суҳбат жараёни бир томонлама)
Э – Ҳа, қанча вақтда етиб келасиз?
...
Э – Хай.
...
Э - ...га келгандан кейин менга телефон қил.
...
Э – Ҳай, бўпти.
Ёзув тугади.
________________________________
Эркак киши (Э.) аёл киши (А.) билан телефон орқали суҳбатлашаяпти:
Э – Короче, бизларники 10 минг икки юз, 10 минг уч юз атрофида бўлаяпти-да ҳозирги нахди.
А – А-ҳа.
Э – Кейин қолган мана бу учтасини кейин бир вақти билан келиб олиб кетасиз-да.
А – Ҳа, ха.
Э – Якшанба куни қай вақт келасиз энди, мен шунга қараб конкрет тайёрлаб қўяман.
А – 12-1 ларга етиб бораман.
Э – Дилбар опангиз келмайдими?
А – Йўқ, йўқ у киши келмайди.
Э – Эй, ўшани ҳам иложи борича олиб келиб, анави олган нарсани конкрет қилиб...(фикрини охиригача тугатмади)
А – Яна ўзини олиб борайинми...
Э – Йўқ, энди мен анави, буни берганимдан кейин, контрет бўйнига олсин-да, мана бўлди энди ёзмайман десин-да у.
А – Телефонда айтса бўладими?
Э – Бўлади, телефонда айтадими?
А – Ҳозир мен ўша кунлари олдингизда телефон қиламан, ёнингиздан телефон қиламан, телефонда айттираман.
Э – Ҳа бўпти, ўша бўлди... (гапини бўлди).
А – Рози бўлса, мен шу опа билан битта ака-ука кириштириб қўяман, бошқа вақтлари ҳам керак бўлади.
Э – Шундай қилинг, опажон, мен қийналиб кетдим, опа-ука киришайлик шу билан, эзилиб кетдим-ку.
А – Ҳа, шу опа билан мен сизни ака-ука кириштириб қўяман, айтаман мана шундай-шундай, бир ҳафта келасиз, Тошкентга чақиртираман ўзингизни.
Э – А-ҳа.
А – Келасиз, ўтириб, ҳангома қилиб, у киши билан, жуда яхши, қалин қилиб анави қилиб қўямиз.
Э – Кейин ёзмайдими?
А – Йўқ, ёзмайди, кейин яна...(тушунарсиз).
Э – Йўқ, у менга конкретно энди ёзмайман, бўлди дедими, чунки (гапини бўлди).
А – Ҳа, ҳа, мен сизга нима деяпман ҳозир, мен ака-ука киритиб қўяман деяпман-ку.
Э – Бўпти майли.
А – Ёзмайди, мен шу олдингизда телефон қиламан, боргандан кейин. Кейин...(тушунарсиз) ака-ука кириштириб қўяман, бундан кейин бир вақтингиз бўлса, бир совға олиб борамиз, бир ишларни тинчитиб олиб, Тошкентга чақиртираман, иккалаларингиз ўтириб, ака-ука қалин қилиб киритиб қўяман.
Э – Бўпти, бўпти майли, бўлмаса якшанба куни эрталаб телефонлашамиз, қай вақт келишингизда кутиб оламан, кечагидек Исроил икковимиз кутиб оламиз.
Келишиб хайрлашдилар.
Бу сўзлашув кимларга тегишли ва қачон ёзиб олинган? Овозлар фоноскопик экспертизадан ўтказилганми? Бу каби ечимсиз саволлар қачон ўз ечимини топади, ҳозирча номаълум.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Шовруқ Рўзимуродов
2001 йилда режим зиндонида ўлдирилган "Бирлик" халқ ҳаракатининг фаоли, Ҳаракатнинг Қашқадарё ташкилоти раиси,...
Добавить сведения