04:01 -
Ёлғон гувоҳликлар ва яна бир асоссиз ариза
(Журналист ва инсон ҳақлари ҳимоячиси Дилмурод Саййиднинг ҳибс этилишига оид мулоҳазалар)
Барно Жуманова,
журналист
Ноҳақ айблов билан ҳибс этилиб, ҳозирда Каттақўрғон шаҳридаги 7-сонли ТҲда сақланаётган Дилмурод Саидов (Саййид) ўзига нисбатан бўлаётган бу “ўйинлар”ни Самарқанд вилояти ва Жомбой туманидаги айрим ваколат эгаларининг иши, деб ҳисобламоқда. Вилоятдагилар эса, бу иш “Юқоридан кўрсатма” эканига ишонтиришмоқчи бўлаяптилар. Ҳатто Д.Саидовга “Ишончнома” берган жомбойлик фермер Тўрабой Эргашевни шу йил 4 апрел куни ҳибсга олишликка фатво ёзган вилоят прокуратурасидаги масъул ҳам “Бу юқорининг кўрсатмаси”, деб айтган. Наҳот, ЮҚОРИНИНГ КЎРСАТМАСИ ШУНЧАЛАР ОШКОР АЙТИЛСА?..
Т.Эргашев ҳибсга олинишидан икки кун олдин аризачилар А.Ўринбоев ва С.Боймуродовни туҳматчиликлари учун кўпчиликнинг олдида койиб, изза қилганди... Энди савол туғилади: “А.Ўринбоев ва С.Боймуродовнинг ЮҚОРИга қандай алоқлари бор? Умуман, вилоятдагилар “ЮҚОРИ” деганда КИМ ёки ҚАЕРни назарда тутмоқдалар?” Шу ўринда аниқ бир эътироф: “Самарқанд вилоятидаги ваколат эгаларининг мазкур ноҳақ айблов бўйича “Иш” юритишликда мамлакат қонунчилигига қўшиб давлатнинг қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасидаги бугунги сиёсатини ҳам бунчалар оёқости қилишларига балки Ўзбекистон Президенти Девони ва Бош Прокуратурасидаги масъуллар холис муносабат билдиришар!”
Қуйидаги матнни эса, биз айнан Республика даражасидаги мутасаддилар учун маълумот ўрнида келтирамиз. Шунингдек, жаҳон жамоатчилиги, инсон ҳақлари ҳимоясига молик хорижий ташкилотлар, “Журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш дунё қўмитаси”, “Чегара билмас мухбирлар ташкилоти” ва “Озодлик”, “ББС”, “Америка овози” радиотаҳририятлари ҳам ўз муносабатларини билдирадилар, деган ишончдамиз.
Радиотаҳририятлардаги дўстларимиз мазкур матнни ўз эфирларида ўқиб эшиттиришларини алоҳида сўраб қоламиз.
I ҚИСМ: ҒАРАЗ ВА ФИРИБГАРЛИК
Саидов Дилмурод Эгамбердиевич (Дилмурод Саййид) 1962 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 27 йилдан бери журналистлик фаолияти билан машғул. Асосан тарихий, ижтимоий-ҳуқуқий мавзулардаги мингдан ортиқ мақоласи, 2та рисоласи, бадиий-публицистик китоби нашр қилинган.
2009 йил 22 феврал куни Тошкент шаҳрида ҳибс этилиб, Самарқандга олиб кетилган. 24 февралда ЎзР ЖК 165-моддаси (“Товламачилик”) 2-қисми “в”, 3-қисми “а” бандлари билан айб эълон қилинган. Айб эълон қилинишида терговолди ҳаракатлари тўлиғича ЎзР ЖПК 11-, 22-, 23-моддалари талабларига хилоф равишда олиб борилган. Чунончи:
1. Фуқаро М.Жўраева қўлга олинган вақт – 22.02.09йил соат 1400 да спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда бўлган. Бироқ унинг мастлик даражаси қонунда белгиланган тартибда аниқланмай, гумонланувчи сифатида сўроқ қилинган. Ва шу сўроқда М.Жўраеванинг ҳеч бир асоссиз Д.Саидовни айблашга қаратилган кўрсатувига суянилган.
2. М.Жўраева 23.02.09.й. Д.Саидов билан юзлаштирилганида илк кўрсатувини тўлиқ рад этган бўлса-да, суриштирувчи И.Шеров “Д.Саидовни қамоққа олиш тўғрисида” судга киритган “Илтимоснома”да бу жиҳатни яшириб, М.Жўраеванинг айбланувчи сифатида эмас, балки гумонланувчи тарзида берган илк кўрсатувини келтирган.
3. Д.Саидовга қўйилган айбловни рад этувчи ҳужжатлар 33 варақда тақдим қилинган бўлса-да, И.Шеров айбловни орттириб кўрсатишлик ва санкция олишлик мақсадида адвокат Р.Комилов томонидан тақдим этилган ҳужжатларни “Иш” жилдига қўшмаган.
4. Санкция бериш жараёнида Д.Саидовнинг адвокатларидан Ҳ.Маҳбубов таклиф қилиниб, адвокат Р.Комиловга санкция вақти маълум қилинмаган.
5. Д.Саййидга руҳий таъсир кўрсатиш мақсадида тезкор вакиллар 24 феврал куни Тошкентга бориб, 5 ёшли қизчасини сўроқ қилишга уринганлар.
Юқоридаги эътирофларнинг ҳақлигига тергов ҳаракатлари давомида аниқланган ҳолатларда ҳам кўриш мумкин:
1. Аризачи А.Ўринбоев билан Д.Саидов ўртасида 2009 й., 16 март куни ўтказилган юзлаштириш вақтида ариза тўлиғича туҳмат, ғаразли мақсадларда ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган (ҲМҚО) ларни чалғитишлик учун ёзилганлиги маълум бўлди. Чунончи:
А.Ўринбоев ўз кўрсатувида 2009 йил февраль ойи бошларидаёқ фуқаро М.Жўраева билан бир неча қайта учрашганлигини; бу учрашувлар вақтида М.Жўраева отаси Т.Жўраев томонидан ёзилаётган шикоятларни тўхтаттириш эвазига А.Ўринбоевдан 3000 (уч минг) АҚШ доллари талаб қилганлигини; А.Ўринбоев бошқа шикоятларни ҳам тўхтаттиришда М.Жўраевадан воситачилик қилишни сўраганлигини; М.Жўраева розилик билдириб, орадан икки-уч кун ўтгач, Д.Саидов номидан А.Ўринбоевга 15 000 АҚШ доллари бериш талабини қўйганлигини; М.Жўраева томонидан талаб қилинаётган пул миқдорини озайтиришлик учун М.Жўраева билан А.Ўринбоев савдолашганлигини; Д.Саидовнинг мутлақо пул талаб қилмаганлигини ва Д.Саидов билан ўрталарида пул ёки бирор моддий манфаат юзасидан гап ҳам, келишув ҳам бўлмаганлигини билдирган.
2. Гувоҳ И.Маҳмудов ҳам Д.Саидов билан юзлаштирилганида, А.Ўринбоевнинг 2009 йил 16 мартдаги кўрсаутвларини тасдиқлаш билан бирга “Д.Саидов ҳеч маҳал пул сўрамаган, балки Д.Саидовга пул бериш орқали шикоятларни тўхтатиш таклифи А.Ўринбоевдан чиққан”лигини кўрсатган.
3. А.Ўринбоев ҳам, И.Маҳмудов ҳам фуқаро М.Жўраева талаб қилган 15 000 АҚШ доллари олти киши ўртасида тақсимланиши ва булардан бири – Прокурор, иккинчси – терговчи эканлигини уқтирганини кўрсатдилар.
4. М.Жўраеванинг А.Ўринбоев ва И.Маҳмудов кўрсатувларидаги ҳаракатларидан: “М.Жўраева ўз отаси Т.Жўраев, фуқаролар А.Пўлатов, д.Саидов, шахси номаълум прокурор ва тергвчи номидан ёлғон гапириб, А.Ўринбоевдан 15 000 АҚШ долларини алдов йўли билан олмоқчи бўлган”, деган тушунча келиб чиқади.
Фуқаро М.Жўраеванинг ҳаракатларидан ўз ғаразли мақсади ва ҲМҚОни чалғитиш учун фойдаланган А.Ўринбоев “2009 йил, 17 февраль куни Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ундан фуқаролар А.Пўлатов, М.Ёқубов, Т.Эргашев, Д.Саидов ва М.Жўраевалар турли ташкилотларга ариза ёзиш, қаматиб юбориш ва обрўсизлантириш билан қўрқитиб, ушбу ҳаракатларни амалга оширмаслик эвазига товламачилик йўли билан 15 000 АҚШ долларини талаб қилаётганлигини, уларга нисбатан чора кўришни сўраган...”
А.Ўринбоев томонидан ариза берилган сана 2009 йил 17 феврал эканининг ўзиёқ мазкур ариза ғаразли мақсадларда ва ҲМҚОни чалғитишлик учун ёзилганлигини кўрсатади. Чунки Д.Саидов аризачи А.Ўринбоевбилан фақат бир марта – 2008 йил, 6 ноябрь куни “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП (Муқобил машина трактор парки) га қарашли бўлган техник воситаларни (ЎзР ЖПК 36-моддасига биноан Жомбой ТИИБ, ТБ катта тергвчиси О.Тоҳиров қарорига кўра!) саноқдан ўтказиш вақтида саноқ комиссияси аъзоси сифатида учрашган. Саноқ чоғида аниқланган барча ғайриқонуний жиҳатлар бўйича “Билдирги” тузилиб, тасдиқловчи фотолавҳалар ҳам О.Тоҳировга топширилган.
Д.Саидов аризачи А.Ўринбоев билан 2008 йил 6 ноябрдан кейин 2009 йил 17 феврал санасини ҳам қўшиб ҳисоблаганда мутлақо учрашган ҳам, сўзлашган ҳам эмас. Буни 2009 йил 16 март куни ўтказилган юзлаштириш вақтидаА.Ўринбоевнинг ўзи ҳам тўлиқ тасдиқлаган.
А.Ўринбоев аризасидаги: “...турли ташкилотларга ариза ёзиш, қаматиб юбориш ва обрўсизлантириш билан қўрқитиш” дейилган иддао ҳам тўлиғича туҳмат. Чунки “Фаровон ҳаёт йўли”ММТПдаги ҳамда унинг раиси А.Ўринбоев фаолиятидаги жиҳатлар хусусида Д.Саидов 2008 йил 3 сентябардан 2009 йил 17 февралга қадар Жомбой туман ва Самарқанд вилоят ҳокимликларидан бошлаб, Республика миқёсидаги маъмурий-ҳуқуқий ташкилотларга; “Постда”, “Солиқ ва дунё”, “Куч – адолатда!” газеталари таҳририятларига шикоят, ариза, мақола шаклидаги матнлар (фотолавҳалар ва тегишли ҳужжатларни иловалаган ҳолда!) киритган. Бунинг исботи сифатида киритилган шикоятлар юзасидан Д.Саидов номига ЎзР Вазирлар Маҳкамаси, Давлат Солиқ Қўмитаси. Самарқанд вилоят ва Жомбой туман прокуратуралари, вилоят ДСБдан келган жавоб-хабарномаларни келтириш мумкин А.Ўринбоев иши юзасидан келган энг охирги хатлар Д.Саидов қамалганидан сўнг 24-25 феврал кунларида келган. Шунингдек, номлари юқорида кўрсатилган таҳририятларда рўйхатга олинган мақола шаклидаги матнлар топширилган саналарни эътироф этишлик кифоя!
Шу ўринда аниқ воқеликни маълумот тарзида келтирсак:
Д.Саидов томонидан 2009 йил январь ойида ЎзР Давлат Солиқ Қўмитасига киритилган шикоят асосида Самрарқанд вилоят ДСБ бошлиқ ўринбосари Л.Баракаев 2009 йил 17 феврал санаси билан Д.Саидов номига юборилган жавоб хатида “Фаровон ҳаёт йўли” ММТПнинг хўжалик-молиявий фаолияти юзасидан 2009 йил июн ойига белгиланган текширув 2009 йил МАРТ ойига кўчирилганлиги кўрсатилган. Шу жиҳатдан ҳам Д.Саидовга нисбатан А.Ўринбоев томонидан 2009 йил 17 февраль куни ёзилган ариза ҳамда шу ариза асосида сохта айблов билан Д.Саидовни ҲИБС эттириш ҳолати аниқ ғаразли мақсадларни кўзлаб, ҲМҚОни чалғитишлик учун қилинганлигига яна бир тўлиқ далил бўла олади. Д.Саидов, А.Пўлатов ва М.Жўраева фақатгина 2009 йил 18 феврал куни аризачи А.Ўринбоев билан унинг илтимосига кўра учрашганлар. Учрашув жуда қисқа, таклиф ва талаб аниқ бўлган. Яъни Д.Саидов ўзига “Ишончнома” берган фермерлар номидан, фуқаро А.Пўлатов эса ўз номидан А.Ўринбоевга ишдан кетишлик талабини қўйганлар. Бу учрашувгача ҳам, учрашув чоғида ҳам пул ёки бирор моддий манфаат хусусида умуман гап ҳам, мунозара ҳам бўлган эмас! 2009 йил 16 март куни Д.Саидов билан юзлаштирилган А.Ўринбоев ҳам, гувоҳ И.Маҳмудов ҳам буни тўлиқ тасдиқлаш билан бирга, ҳатто учрашувдан кейин М.Жўраева билан алоҳида қолганларида А.Ўринбоев пул ҳақида гап бўлмаганлиги учун М.Жўраевадан норози бўлганлигини эътироф этиб, кўрсатув берганлар.
Юқоридагиларга кўра, Д.Саидовга нисбатан қўйилаётган айбловни ва унинг ҳибс этилишини Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига тўлиғича зид, деб ҳисоблаймиз. Чунончи:
1. Қўйилаётган айблов асоссиз бўлишлиги билан бирга ғаразли мақсадларни кўзлаб, орттирма даражада малакалантирилган.
2. М.Жўраеванинг Д.Саидовга мутлақо номаълум ҳаракатлари оқибатида 2009 йил 22 феврал куни қўлга олиниши ҳамда ўша куниёқ спиртли ичимлик таъсирида берган ва эртаси куни инкор этган илк кўрсатувидаги “Д.Саидов топшириғи билан А.Ўринбоевдан пул талаб қилганлиги” ҳолати Д.Саидовга айблов қўйилиб, ҳибс этилиши учун асос бўла олмайди. Чунки аризачи А.Ўринбоев билан Д.Саидов ўрталарида пул, моддий манфаат масаласида мутлақо гап ҳам, бирор келишув ҳам бўлмаганлигини А.Ўринбоев ҳам, гувоҳ И.Маҳмудов ҳам 2009 йил 16 март куни берган кўрсатувларида аниқ билдирганлар.
3. 2009 йил 16 март куни Д.Саидов билан юзлаштирилган А.Ўринбоев ва И.Маҳмудов берган кўрсатувларнинг ўзиёқ фуқаро М.Жўраева билан айнан А.Ўринбоевнинг ўзи (ғаразли мақсадларда!) ўзаро тил бириктирганлигини тўлиқ исботлай олади, деб ҳисоблаймиз. Бу эса ўз ўрнида М.Жўраева ҳеч маҳал Д.Саидов топшириғи билан ҳаракат юритмаганлигини кўрсатади.
II қисм: ЁЛҒОН ГУВОҲЛИКЛАР ВА ТУҲМАТЛИ АРИЗА
ОРТИДАГИ МАНФААТ
Д.Саидовга нисбатан ноҳақ, ғаразли мақсадларда асоссиз иддао қилишлик давом этмоқда. Чунончи:
1. Жомбой туманида яшовчи фуқаро Сайдулло Боймуродов 2009 йил 18 март куни Прокуратурага ариза билан мурожаат қилган. Унинг кўрсатишича, гўёки Д.Саидов С.Боймуродовдан 2004 йили май ойида (санаси номаълум!) 5та “кўк”ида пора сўраган эмиш. Бироқ аслида бўлмаган воқеани қарийб беш йил ўтиб эслаб қолиш сабабини С.Боймуродов аниқ изоҳлаб бера олмади. С.Ш.Боймуродовнинг ўзи ким ва Д.Саидовга нисбатан қандай хусумати бор?
С. Боймуродовнинг айни чоғда Д.Саидовга нисбатан туҳматдан иборат ариза билан мурожаат қилишида ХУСУМАТдан ташқари ўз вақтида содир этилган маълум бир қилмишни яширишга уринишлик мавжуд.
АВВАЛО ХУСУМАТ ҲАҚИДА:
С.Ш.Боймуродов Жомбой туман собиқ “Ўзбекистон ширкат хўжалиги”нинг 2003-2004 йилларда бошқарув раиси бўлган. (Ҳозирги “Фаровн ҳаёт йўли”ММТП айнан шу хўжалик негизида ташкил этилган!) С.Боймуродовнинг раислик даврида содир этган қилмишлари юзасидан фуқаролар О.Аноров, А.Пўлатов, Д.Алимов шикоятлари асосида Д.Саидов 2004 йил май ойида Самарқанд вилояти ва Жомбой туман ҳокимликлари вакиллари иштирокида журналистик суриштируви ўтказган. Тўпланган далиллар асосида “Адолат” газетасида битта, “Қишлоқ ҳаёти” газетасида иккита танқидий-таҳлилий мақоласи чоп қилинган. “Қишлоқ ҳаёти”даги мақола газетанинг ҳуқуқ бўлими мудири А.Каримов билан ҳаммуаллифликда берилган. Бу мақолалар маъмурий-ҳуқуқий ташиклотлар томонидан ўрганилиб, Жомбой туман ҳокимининг ўша вақтдаги биринчи ўринбосари В.Хўжақулов лавозимидан кетган. Раис С.Боймуродов ЎзР ЖК 205-моддаси билан жавобгарликка тортилиб, вазифасидан бўшатилган. Бу ҳақда тегишли тартибда жавоб хати олинган.
ЭНДИ МАЪЛУМ БИР ҚИЛМИШНИ ЯШИРИШГА УРИНИШ ҲАҚИДА:
Д.Саидов 2008 йил сентябр – 2009 йил феврал ичи “Фаровон ҳаёт йўли” ММТПдаги ғайриқонуний ҳолатларни ўрганиш давомида “Ҳалвойи Қ.Й.Ф.” (Раиси Хурсаной Ўринбоева!) қарори билан 2002 йилдан буён қонунга зид ҳолда қуришлик учун берилган ер бўлакларига оид ҳужжатлардан ҳам кўчирмаларни қўлга киритган. 2009 йил 12 феврал куни бу кўчирмаларни Жомбой туман ҳокимлигдан ҳам қиёсий суриштириб чиққан. Бундай ғайриқонуний тарзда ер бўлаклари тарқатишлик С.Боймуродов раислиги даврида собиқ “Ўзбекистон ш/х”га қарашли ҳосилдор жойлардан ҳам амалга оширилган. Юқоридаги икки жиҳат: хусумат ва маълум бир қилмишни яширишга уриниш иллатлари бирлашиб, С.Боймуродовни Д.Саидовга нисбатан туҳматдан иборат ариза ёзишига сабаб бўлган.
Жомбой туман собиқ “Ўзбекистон” ш/х нинг С. Боймуродовдан кейинги раиси, ҳозирда “Чалақўрғон ф/х” раҳбари М.Абдуназаров ҳам 2009 йил 30 март куни Д.Саидов билан юзлаштирилганида терговни чалғитишга уриниб, ёлғон кўрсатув берган. Чунончи:
М.Абдуназаров ўз кўрсатувида Д.Саидовни фақат 2008 йил июнидан танишлигини, ҳеч қандай “Ишончнома”га имзо ва муҳр қўймаганлигини билдирган. Аслида-чи? Д.Саидов ва М.Абдуназаров 2005 йил бошидан бери таниш бўлиб, бунгача, яъни, 2005 йили “Ўзбекистон ш/х”га раислигида ҳам Д.Саидовга хўжалик бошқаруви номидан “Ишончнома” берган. М.Абдуназаровнинг аризасига кўра, “Адвокат пресс” газетасида 2005 йил Д.Саидовнинг “Ёнмаган чироққа 68 миллион сўм” сарлавҳали мақоласи берилган. Шунингдек, М.Абдуназаров раислик даври – 2005 йил “Ўзбекистон ш/х” ва Д.Саййид (Саидов) махсус мухбир бўлган “Адвокат пресс” таҳририяти ўртасида ўзаро шартнома имзоланиб, ш/х ҳисобидан обуна учун таҳририятга 280 минг сўм ўтказилган. 2006 йили ҳам “Чалақўрғон ф/х” раҳбари сифатида М.Абдуназаров газета ҳисобига 75 минг сўм ўтказган. 2008 йил 24 август куни Д.Саидов номига берилган “Ишончнома”ни М.Абдуназаров шахсан ўқиб чиқиб, имзо ва муҳр қўйган.
2009 йил 30 март куни Д.Саидов билан юзлаштирилган “Боғи флестра” раҳбари А.Раҳмонов ҳам бўш қоғозга имзо ва муҳр қўйганлигини, 2008 йил ёзидан кейин Д.Саидовни кўрмаганлигини билдириб, ЁЛҒОН кўрсатув берган. Аслида-чи? “Фаровон ҳаёт йўли” ММТПга оид терговолди ҳаракатларини олиб борган Жомбой ТИИБ ТБ катта терговчиси О.Тоҳиров 2008 йил ноябрь ойида А.Раҳмоновни гувоҳ сифатида сўроқ қилганида, Д.Саидов сўроқ жараёнида А.Раҳмоновнинг ишончли вакили бўлиб қатнашган. Ўшанда А.Раҳмонов 2008 йил 24 август куни Д.Саидовга “Ишончнома” берганлигини тасдиқлаб, сўроқ жараёнида Д.Саидов иштирокига розилик берган.
III қисм: ХУЛОСА ЎРНИДА
Юқоридагилардан Д.Саидовга нисбатан туҳмат орқали сохта айблов уюштирилишидан, терговни чалғитишликка уринишликдан аниқ кўзланган ғаразли мақсад мавжудлиги кўринади. Ва бу ҳаракатлар ортида нафақат туман, балки вилоят миқёсидаги айрим ваколат эгаларининг ҳам шахсий манфаатлари борлигига шубҳа қолмаяпти... Шунингдек, Д.Саидов, А.Пўлатов, Т.Эргашевга нисбатан уюштирлган мазкур ҳолатларнинг нафақат ғайриқонунийлиги, балки Ўзбекистон Президенти ва Ҳукуматининг Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасидаги бугунги давлатчилик сиёсатига ҳам тўлиғича зид эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Бундан кўринадики, Самарқанд вилоят Прокуратурасидаги, Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасидаги айрим ваколат эгалари нафақат Д.Саидов, А.Пўлатов, Т.Эргашевларнинг ғайриқонуний ҳибс этилишидан, ҳатто вилоятда қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги учун тўсиқлар яратишликдан ҳам манфаатдордирлар. Буни Д.Саидов билан бирга ҳибс этилган жомбойлик собиқ фермер Анорбой Пўлатовга нисбатан сохта айблов қўйилиши мисолида кўриш мумкин. Яъни:
А.Пўлатов кўп йиллардан бери тумандаги ноҳақлик,талон-тарожлик, қонунбузарликларга қарши курашиб келади. Оддий одамлар орасида обрўси баланд.
А.Пўлатов 2009 йил феврал ойи бошларида туман прокурори Э.Рўзиев, туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Мажидов, вилоят ер ресурслари идораси масъулларидан иборат мутасаддиларга фақатгина “Ҳалвойи Қ.Й.Ф” (раиси Хурсаной Ўринбоева – А.Ўринбоевнинг туғишган опаси!) қарори билан 2002 йилдан бери ғайриқонуний тарқатилган ер бўлакларини жойма-жой кўрсатиб, КИМ томонидан, КИМГА ҚАНЧА нархда сотилганлигигача аниқ кўрсатиб берган. Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, Д.Саидовнинг шериги сифатида ҳибсга олинган. Бу ўринда ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак!
Агар Самарқанд вилояти ва Жомбой туманидаги айрим ваколат эгалари ўз шахсий мафаатларини давлатчилик сиёсати ва Қонунлардан юқори санамаганларида эди, яқиндагина Олий минбардан туриб айтилган қуйидаги таъкиддан хулоса қилиб, иш юритардилар:
“Юртимизнинг яна-да обод. Халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлиши... ҳеч шубҳасиз, қишлоқларимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ...Қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод. Ҳаётимиз янада фаровон бўлади!”
Бироқ Жомбой туманида техник воситаларнинг талон-тарож қилиниши; ҳосилдор ерлар ва тутзорлар ҳисобидан уй-жой қуришлик учун ер бўлаклари ҳаттоки, “Ҳалвойи Қ.Й.Ф” қарори билан ҳам тарқатилиши; 40-ихтисослашган мактаб стадиони чегирилиб, шахсий уй-жойларга пойдевор қўйилганлиги; фермерлар ҳисоб рақамидан “Пахта заводи”га пул кўчиртирилиб, “турли хизматлар учун” деган сохта ҳужжат ёрдамида ўзлаштирилиши; давлат томонидан паррандачиликни ривожлантириш мақсадида берилган қарийб 25 миллион сўмлик ссуда “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП раиси бошчилигида ўзлаштирилиши; 68 гектар боғдан олинадиган ижара даромади давлат ғазнасига кирим қилинмай, ўзлаштирилиши каби ғайриқонуний ҳолатларни нафақат қонунбузарлик, балки қишлоқ тараққиёти ва фаровонлигига ҳам очиқдан-очиқ тўсқинлик, деб кўрсатиш мумкин.
Бундай ғайриқонуний ҳолатларни кенг оммага ва маъмурий-ҳуқуқий ташкилотларга ЎзР Фуқаролар мурожаатига оид Қонун асосида маълум қилаётган шахслар (Д.Саидов ва А.Пўлатов!) ни сохта айблов уюштирилиб, ҳибсга олдиришлик эса, мамлакат равнағи учун жон куйдирувчи оддий фуқароларга нисбатан ЗЎРАВОНЛИК ва очиқча ТАҲДИДДИР!
Хулоса ўрнида эса, ноҳақ ҳибс этилган Д.Саидов, А.Пўлатов, Т.Эргашевга қўйилган сохта айбловнинг бекор қилиниши нафақат Адолатнинг тикланиши, балки ҚОНУН устуворлигининг ҳам амалий кўриниши бўлишини алоҳида таъкидлашни истар эдик. Қолаверса, бу борада Адолат қарор топиши мамлакатда қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасида эътибор мавжудлигига одамлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаган бўлар эди.
PR’s Law
(Public Relation’s Law)
Ушбу матн эълон қилиш учун тайёрланаётган вақтда Самарқанд вилоят прокуратурасидан хабар олинди. Хабарда таъкидланишича, Д.Саидовга нисбатан ЎзР ЖК 228-моддаси (ҳужжат сохтакорлиги) ҳамда С.Боймуродовнинг асоссиз аризаси бўйича ҳам яна бир карра 165-моддаси билан қўшимча айблов эълон қилинган. Бизни бир нарса таажжубга солади.: Ўзбекистонда жаҳон жамоатчилиги томонидан эътиборга тушган бир қатор ижобий ишлар қилинди. Шулардан бири 2001 йил 21 октябрдаги жиноий жавобгарликни либераллаштириш; 2008 йил 1 январдан кучга кирган Ўлим жазосининг бекор қилиниши ҳамда 2009 йил – Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили деб эълон қилиниши мамлакатда инсон ҳақлари ҳимоясига, оддий фуқаро ҳаётига қаратилган муҳим эътиборлардан саналади. Бироқ, жойлардаги, хусусан, юқорида баён этилган Самарқанд вилояти маъмурий-ҳуқуқий идораларидаги ҳолатлар моҳиятан инсон ҳақлари ҳимояси ва қишлоқ тараққиёти, фаровонлиги борасидаги ички сиёсатга тўлиғича зиддир. Шунингдек, БМТ аъзоси бўлмиш Ўзбекистоннинг вилоятларидаги бундай ҳолатлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси таъкидларига ҳам хилофдир.
Шунга кўра, биз барча ҳамфикр, адолатталаб ва Ўзбекистонда мутлоқ қонун устуворлиги таъминланишини чин дилдан истовчи дўстларимиз – Ватандошларимизни Д.Саидов (Дилмурд Саййид) ҳуқуқини ҳимоялашларига ва Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатларидаги ваколатхоналари олдида “Жаҳон сўз эркинлиги куни”да тинч намойиш ва Пикетлар ташкил қилишларига умид ва ишонч билдириб қоламиз.