Актуал мавзу - 06 March 2009
05:01 -
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 120 ёшда
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 6 март 1889 йили туғилган ва бугун унинг таваллудининг 120 йиллиги. Бундан йигирма йил аввал Ҳамзанинг 100 йиллигига бағишланиб, 17 сериялик «Оловли йиллар» телевизион бадиий фильми яратилиб, Иттифоқнинг марказий телевиденияси орқали намоиш этилган эди.
Холбуки, айтиш мумкин, Ҳамзанинг номи Алишер Навоийнинг номи билан баробар турар эди, баъзи жихатлардан эса, ҳатто, ундан хам юқорироқ эди. Бугун эса Ҳамзанинг номи, ҳатто, тилга олишга арзимас ном даражасига тушириб юборилди, ҳудди-ки, Ҳамза умуман ҳеч қачон бўлмагандек.
Бу албатта, унга нисбатан жуда мудхиш адолатсизликдир. Зеро, Ҳамзанинг ўзбек ҳалқига қилган хизматлари жуда-жуда катта. Абдулла Қодирий ва Абдулхамид Чўлпон ўзбек романчилиги ва ХХ аср ўзбек миллий шеъриятининг асосчилари бўлсалар, Ҳамза шаксиз ўзбек драматургиясининг асосчисидир. Хоҳласак-хоҳламасак, «Бой ила ҳизматчи», «Паранжи сирлари», «Майсаранинг иши» каби Ҳамзанинг саҳна асарлари ўзбек драматургиясининг классикасидир, ва бу асарларни ҳар қандай мафқуравий қарашдаги, ҳар қандай нозик феъл томошабин хам, ҳудди Шекспирнинг асарларини томоша қилгандек, мириқиб томоша қилиши мумкин. Буни Ҳамзадан ҳеч ким ва ҳеч қачон олиб қўя олмайди.
Ҳамзани шўролар бизга, аввало, оташин инқилоб куйчиси деб, кўрсатиб келган. Дархақиқат, ўспиринлик чоғидан Ниҳоний тахаллуси билан ғоят мохирона калам юритиб келган Ҳамза, шўролар инқилобини олқишлаб кутиб олди ва унинг куйчисига айланди. Лекин жуда кўп бошқа зиёли замондошлари каби, Ҳамза хам бу инқилобни адолатли тарихий жараён, деб тушунган эди.
Мисол учун, Завқий:
… Хуррияту мусовот ёндирурлар чироғин,
Махкам тутунг бу фурсат шаръи шариф яроғин,
Истанг амаллик олим фатвосининг суроғин,
Очинг ахолиларнинг ғафлатда кар қулоғин,
Бас эмди сустдинлик, журъатға кўз очайлик!...
деб, ёзган бўлса, Чўлпон:
… Эски Шарқнинг бўйнидаги қуллиқнинг
Занжирларин узуб ташлар «Янги Шарқ».
Шарқ халқининг бўйнидаги зўрлиқнинг
Асосларни бузуб ташлар «Янги Шарқ»…
деб, ёзган. Ҳамза ўзи эса инқилобни «Хой ишчилар», «Яша Шўро», «Берма эркингни қўлдан» каби қўшиқлар битиб, кутиб олди. Холбуки, халқпарвар, адолатпарвар ва тараққийпарвар Ҳамза, миллатнинг бошига ёғилаётган барча жабру жафолар эски тузумдан ва унинг гумашталаридан, деб биларди. Чиндан хам унинг мустахкам эътиқоди шундайлигини, инқилобдан етти-саккиз йил аввал:
...Агарчи фосиқ ўлса давлат аҳли эътибор ўлди,
Қолур ҳар ерда дониш аҳли бўлди кўз ёши дарё.
Ниҳон йиғлаб дегай аҳли замона кўп ёмон ўлди,
Бу хикматни Ҳудодин ўзга йўқдур билгучи доно.
деб, битган байтларидан, ёки камбағалларнинг болалари учун, ўзи очган мактабидаги болаларга:
... Оламнинг ҳуршиди кундир, одамнинг ҳуршиди илм,
Оламнинг зулмоти тундир, одамнинг – нодори илм...
- - -
…Олим бўлсак дунёда,
Келур ҳар иш бунёда,
Биз хам сув ости кезиб,
Хам учгаймиз хавода…
деб, ёзган шеърларидан билса бўлади.
Ҳамза 1929 йили Шоҳимардонда, мафкуравий тортишувлар натижасида, чуқур мутаасиблашган рухонийлар содир этган тошбўрондан, 40 ёшида фожеали халок бўлди. Бу воқеадан шўролар тузуми, Ҳамзанинг номини санамлаштирган холда, узоқ йиллар давомида тарғибий мақсадларда усталик билан фойдаланиб келди. Лекин бу воқеа содир бўлмаганда, Қодирий ва Чўлпонлар сингари, Ҳамза хам 37 – 38 йилларга бориб «ҳалқ душмани» бўлиб қолмасмидийкин? Аҳир у хам шўролар тузимини, хамда унинг дохийларини тинмай улуғлаш ўрнига, бу тузумдан ҳалқ учун сидқи дилдан бахт-саодат умид қиларди:
... Шўро хокимияти кўп яшасин,
Қўлу оёқ асоратдан бўшасин.
Чин маорифнинг эшиги очилди,
Ишчи ўғли хам маданий яшасин...
Бундан ташқари, Ҳамзанинг истеъдоди ва мехнатсеварлиги, шўролар тузуми билвосита белгилаган ўлчовлардан, жуда-жуда юкори эди.
Нима бўлганда хам, Ҳамзанинг «Тошбақа ва чаён» масалидаги, чақмаса яшолмайдиган чаён каби, иштрокиюнзодалар хам ўзининг садоқатли дўстларини қатағон қилмасалар яшолмайдилар. Қодирий, Чўлпон, Фитратлар ўттизинчи йилларда қурбон бўлган бўлсалар, Ҳамза ўзининг юз йиллиги Иттифоқ миқёсида кенг нишонлангандан сўнг, ўзимизнинг миллатимизга, гўё, керак бўлмай қолди.
Бир хавасманд шоир тариқасида бугун Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни эслаб, хамда 8 март арафаси бўлгани боис, устознинг «ўзбек хотин-қизларига» номли ғазалига мухаммас ёзишга журъат этдим. Уни эътиболарингизга хавола этаман. Вақтингизни аямай, ўқиб чиққанингиз учун, миннаддорман!
ЎЗБЕК ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг
ғазалига мухаммас
Ай, ким деди нафис бу жисмингни пахлавон қил?
Ай, ким деди ўзингни бозорларда сарсон қил?
Ким деди мардикор ўл(?), тортинма ҳеч, аён қил,
Келди очилур чоғи, ўзлигинг намоён қил,
Парчалаб кишанларни хар томон паришон қил.
Қаро бир қоп ун учун жонингдан кечиб гоҳи,
У сархаддан бу сархад, миршабдан чўчиб гоҳи,
Ботмонлаб ташийсан юк, ўқлардан қочиб гоҳи.
Мактаб анжуман боргил, унда фикр очиб гоҳи,
Илму фан тиғи бирлан жаҳл бағрини қон қил.
Ҳуснинг ажиб беқиёс, бўйларинг ажиб мавзун,
Назму навойинг ноёб оламни қилди мафтун,
Илло бўлай қурбонинг, кўзларинг мунча махзун,
Сояларда сарғайган юзларинг қилиб гулгун,
Сен хам аҳли донишлар базмини гулистон қил.
Айрилиқ ва жудолар сенга қилдилар тақрир,
Машақат ва жафолар сенга қилдилар тақрир,
Кетмон, этак, далолар сенга қилдилар тақрир,
Чўриликни муллолар сенга қилдилар тақрир,
Кел, бугун бу заҳминга маърифатни дармон қил.
Хаққингни еб, ўзингни иззат этмаганларни,
Жонингни ҳўрлаб асру, шафқат этмаганларни,
Чин эркинг бермоқни ҳеч ният этмаганларни,
Оналик ҳуқуқингни ҳурмат этмаганларни,
Юзларин қаро айлаб, феълидан пушаймон қил.
Идрокинг сохта жаннат зулмидан қутилтирғил,
Нон-чойга нуқул миннат зулмидан қутилтирғил,
Оғзаки, қуруқ химмат зулмидан қутилтирғил,
Ой юзинг қаро чиммат зулмидан қутилтирғил,
Чиқ қоронғи турмушдан, нур ичида жавлон қил.
Излабон боғу чаман, ногох тақир чўл топсанг,
Мехру вафолар айлаб, бемурувват қўл топсанг,
Тушмагил таназзулга, эрур толе мўл топсанг –
Сен қачон маорифнинг даргохига йўл топсанг,
Нурларин олиб кўзга сурмайи Сулаймон қил.
Саиджаҳон Равоний
Андижон
6 март 2009 йил
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Сулаймонов Ҳамдам
"Бирлик" Халқ Ҳаракати тузилган 1988 йилдан бери унинг фаоли бўлган Ҳамдам Сулаймонов 2003 йилда "Бирлик" Халқ Ҳаракати асосида тузилган "Би...
Добавить сведения