05:01 -
Саиджаҳон Равоний: Висоцкий асл курашчи санъаткор эди
(Таҳлил ва тасвиф, буюк ижодкорнинг туғилган куни муносабати билан)
Мустақилликнинг биринчи йилида туғиллган кенжа ўғлим, яқинда Висоцкийнинг қўшиқлари ёзилган компакт дискни олиб келиб:
- Дада, Сиз ёқтирган қўшиқчини янги қўшиқлари ёзилган диск олиб келдим, мана, - деб, қолди.
Мен ўғлимга, бу қўшиқлар янги эмаслигини, Висоцкий сал кам 30 йил аввал оламдан ўтганлигини айтганимда, ўғлим:
- И, мен бу қўшиқчи ҳозир хам тирик дебман, қўшиқларидан хеч ўлганга ўхшамайди. Дискни сотган болаям менга, қўшиқларни янги деб, сотди, - деди.
Мен, “Сотувчи болаям сенга ўхшаб билмагандир-да”, дедим-у, ўзимнинг ўспиринлик чоғимдаги бир воқеа эсимга тушди:
Радиодан Лутфийнинг “Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма” ғазалини, буюк сухандонимиз Қодир Мақсумов ўқиганини тинглаб, мен бу ғазалга мафтун бўлган эдим. Чархий, Чустий ва Хабибийлар каби Лутфий хам хозирги шоирлардан бири бўлса керак, лекин зўр ёзар экан, дегандим. Кейин билсам, Алишер Навоийнинг устози бўлган Мавлоно Лутфий, 500 йил аввал яшаб, ижод қилган экан. Мен лол-у ҳайрон бўлиб, ишонгим келмасди. Чиройли бир қизга, мен айтолмай юрган дилдаги гапларимнинг ҳаммасини, Мавлоно Лутфий бундан 5 аср (!) илгари қандай қилиб билган экан, деб, тушунолмасдим. Ахир, у замонларда ҳаёт бутунлай бошқача эди-ку, дердим.
Бугун Висоцкий ҳақидаги мазкур иншони ёзар эканман, буни бир оз тушунгандай бўляпман. Чунончи, Лутфий билан Висоцкий бутунлай бошқа-бошқа замонларда яшаб ва бутунлай бошқа-бошқа усулларда ижод қилган бўлсалар-да, уларнинг ўртасида бир якдошлик бор экан. Яъни, уларнинг яратган асарлари йиллар ва асрлар оша, худди бугунги кунда ва худди сиз учун ёзилгандек тураверар экан! Бошқа ҳар бир асл санъаткор ҳам шу омилга мувофиқ инсониятнинг ардоғига мушарраф бўлар экан!
* * *
Тахлил ва тавсифга ўтишдан олдин, жамоага узрли изох бермоқчиман-ки, ушбу иншодан, Владимир Висоцкийнинг таржимаи ҳоли ва ижоди ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадда эмасман. Зеро, Висоцкийнинг серқирра ижодидан фақат шеър ва қўшиқларидан бирмунча танишман, ва шу борада келиб чиқувчи мулохаза ва таъсиротларимни баён этмоқчиман. Қуйидаги Висоцкийнинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар – Владимир Новиковнинг “Шоир шундай яшаши хам керак” (Так и надо жить поэту) номли китобидан олинди. Ижодкорнинг шеър ва қўшиқларидан келтирилган мисол ва намуналар – шахсий таржималаримдан. С. Р.
* * *
Владимир Семёнович Висоцкий (Высоцкий) 1938 йили 25 январь куни Москвада таваллуд топган. Онаси Нина Максимовна Серёгина референт-таржимон, отаси Семён Владимирович Высоцкий ҳарбий алоқачи бўлганлар.
Болалигида уни эркалатиб “Волчок” (Бўривой) деб, чақиришган. Мактабда у, бошқа болалардан деярли ажралмаган. Хулқи қоникарлидан баланд бўлмаган, фанларни ўрта бахоларга ўзлаштирган. Лекин унинг хотираси мустахкам бўлиб, у адабиёт ва тарихга жуда чанқоқ бўлган. 10 ёшида аккордион чалишни ўрганган. 14 ёшидан шеърлар ёза бошлаган, 15 ёшидан мактабдаги бадиий тўгаракка қатнай бошлаган, 17 ёшида эса, онаси унга гитара совға қилган ва бу соға унга кеча-ю кундуз ажралмас ошно бўлган.
Мактабни тамомлагач, 1955 йили Висоцкий Москвадаги мухандислик-курилиш институтининг механика факультетига ўқишга кирди. Бу соха унинг ички дунёсига мутлақо тўғри келмаганлиги боис, бу ўқишни у 3 ойдаёқ ташлайди. Келаси йили у Москва Бадиий-академик театр қошидаги Мактаб-студияга қабул қилиниб, у ерда актёрлик касбини ўргана бошлайди. 1960 йили Мактаб-студиянининг дипломини олиб, Москванинг Пушкин номидаги драма театрда ишлай бошлайди.
Висоцкий дастлаб Сергей Кулишов тахаллуси билан шеърлар ёзиб, уларни ўзи қўшиқ қилиб ижро эта бошлаган. Ўзи хақида у жуда камтарона фикрда бўлган. Мен яқин дўстларим учун ёза бошлагандим, холос деган эди у. Лекин ноёб истъедоди ва тинимсиз ўзининг устида ишлаши туфали, тез орада бутун мамлакат унинг яқин дўстларига айланди.
Висоцкий оддий сўзлашув тилда ижод қилган, ва, айнан, шу туфайли мунаққид ва мухаррирларнинг тинимсиз дашномлари ва қаршиликларига гирифтор бўлган. Лекин у ҳеч нарсага қарамай, ўзи билгандай ижод қилаверган. Висоцкий бу қаршиликларни енгиб, охир оқибат, унинг ишлаш тили адабий тил эмаслигига бирон бир мунаққид, танқидий фикр билдиролмайдиган бўлди.
Висоцкийга табиат бир гурух инсонларга бўлиб берса етиб ортадиган истеъдодни инъом этган. У бир ўзида хам шоир-у хам бастакорни, хам хофиз-у хам артистни, хам ёзувчи-ю хам тахлилчини мужассам этган саънат арбобига айланди.
Висоцкий дўстликнинг фидокори бўлган. Лекин шеър ва қўшиқларининг мазмунларидан келиб чиқади-ки, унинг хақиқий дўстлари оз, ғанимлари эса кўп бўлган. Боз устига, уни совет хокимияти хам даставвалдан ёмон кўрди. Чунки, Высоцкий 500-дан ортиқ шеър ва қўшиқлар ёзган бўлса-да, партия хақида, Ленин хақида, ёки тузумдаги сохта бахтли хаёт хақида бирор нарса ёзиб, ижро этмади. Хатто, ўзининг химояси учун хам, эркин ижод қилишга йўл беришлари учун хам, маддохлик қилмади. Шунинг учун унинг ижодига турли хил тааррузлар яратишди, ўзига кўп таазйиқлар ўтказишди, кирдикорларга мубтало қилишди, ишдан қайта-қайта хайдашди ва х. к.
Лекин таажжуб-ки, уни яна театр ва киноларга бош ролларни ижро этиш учун таклиф қилишаверган. Чунки, “олтин зангламас” деганларидек, Высоцкийнинг ноёб истеъдоди ва халқда қозонган шон-шўхрати у иштирок этган сахна ва кино асарларининг мувофақиятини юз фоиз кафолатлар эди.
Висоцкийнинг шеър ва қўшикларининг аксари монолог жанрида яратилган. Гох у хар хил тоифадаги одамлар тимсолига кириб, гох жониворлар тилидан, гох нарсалар шаклида ўзининг кечинмаларини ифода қилган. Бу усулдан у шу қадар мохирлик билан фойдаланарди-ки, ихлосмандларига у чексиз завқ бағишлаб, тасаннолар айттиради.
Масалан, “Қирувчи-самолёт қўшиғи” (Песня самолёта-истребителя)ни олайлик. Унда самолёт шундай хасрат қилмоқда:
… Ёвни лек айланиб ўттирди кескин,
Қиска бир ўт очиб, уни тутатдим!
Ичимдаги эса ўтирган худбин,
Деяпти: рақибни ўзим қулатдим.
Тоқатни хам, ахир, чегараси бор,
Илма-тешик қилди мени яна ўқ.
Ичимда ўтирган лек шумни зинхор
Ахволдаман қандай, яна иши йўқ!
Ана, ўлди, чоғи, ўзи хам ўқ еб,
Ётибди штурвалга боши эгилиб.
Мен хам, мана, нетай, шу ўжарни деб,
Портлайдиган бўлдим ерга урилиб!
Эътибор беринг, самолёт, гўё, учувчидан шикоят қилмоқда. Уни шум, худбин, ўжар деб, у билан жанжаллашмоқда. Аслида эса Высоцкий шундай услуб билан учувчининг қахрамонлигини мадх этмоқда. Унинг бу услуби ва ижросига қоил қолмасликнинг иложиси йўқ.
“Бўриларга ов” (Охота на волков), “Бўриларга овнинг якуни” (Конец охоты на волков) қўшиғларида муаллиф бўрининг тилидан гапирмоқда:
... Тирикман хануз, лек қуршади итлар,
Бизга шу ҳайвонлар қариндош эмиш,
Озодлик сурурин билмас палидлар,
Сарқитлардан бошқа тотмаган емиш.
Ёвларга куляпман бўриларга хос,
Чирик тишимдан ҳам титрашяпти зир.
Бўримасман, деб, ха-а, мажбурман, холос,
Оқ қорга қон билан ёзгани хозир.
Яъни, ўзбекча қилиб айтганда, бу - “қон билан кирган, жон билан чиқади” деганидир. Тузумнинг узлуксиз тазйиқларига гирифтор бўлган, хозирда оламга машхур хайкалтарош-рассом Михаил Шемякинга бағишлаб ёзган бу қўшиғида Висоцкий нафақат довюраклик, олижаноблик ва эрксеварлик каби фазилатларни куйламоқда. Нафакат ёвузлик, ғирромлик ва қўрқоқлик каби иллатларни қораламоқда. Бу ерда шоир аввалам бор табиат инъом этган эътиқодга садоқатни мадх этмоқда.
“Олий суддан сўрайман” (Я прошу верховный суд) қўшиғида эса Висоцкий қамоқдаги чаласавод бир махкумнинг тилидан, даврнинг қонунчилиги такомил эмаслигидан, оддий инсонлар қамоқларда нохақдан азият чекаётганларини, хокимият тепасидагиларни эса изза қилган холда, кўрсатиб бермоқда:
… Қолган экан орқамдан тушиб
Обихэсэс, хитламабман – а!
Кетган эди ишлар юришиб,
Қамалдим лек, жин урсин, мана:
Бир куни, шу, кўпроқ қулфинай
Сотворибман, қизиқиб роса,
Ярмини нақ фойданинг нўмай
Олиб қолди шайтон мелиса!
Тезда ўтди тергов жараён,
Гувохлар хам дарров топилди.
Судья босди прокурорга ён,
Аммо мени сизлаб гапирди...
Қаранг, давр ва мухит қандай аниқлик билан тасвирланган. Ёши катта одамлар яхши билишади ўша даврни. Томорқаси йўқ киши, бозорда картошка сотгани учун, ёки ховлисида гилос кўчати йўқ киши, гилос сотгани учун “қўлга тушиб”, 4 – 5 йил “ўтириб” келиши оддий хол эди.
Висоцкий ўзининг номидан килган монологлари билан хам минглаб қалблардан жой олган. “Мен хақимда дерлар” (Про меня говорят) қўшиғини у шундай деб бошлаган:
Мен хақимда дерлар: дахомас сира.
Тўғри, фахрланмас мен ила хеч ким.
Интеграл ё бошқа ўлчовга кўра
Ўзимга хам жумбоқ ақл-у идроким
“Уммон – гўё ховуз” деган эдим бир,
Бунга дўстим танбех берди кўп марта.
Эйнштейн хам аммо дунёга машхур,
Тушунчада мендек бўлган-ку ўрта...
Бу қўшиғини ёзган пайтида Висоцкий ўзини буюклигини хам билмаган. Ўзига ишончсизлик ва танлаган йўли тўғрилигидан иккиланиш туйғулари уни қийнаётганлиги билиниб турибди. Лекин шоир бу туйғуларини енгишга харакат килиб, ижодини давом этмокда. Буни шу шеърнинг якуни ўзи кўрсатиб турибди:
... Ғафлатдан ўйғондим яна нихоят,
Алахсирашрдан хам тўхтадим, мана.
Шеърларим кимгадир ёқар, деб, шояд,
Васваса босгунча, ёзяпман яна!
Висоцкийнинг “Мен ёмон кўраман” (Я не люблю), қўшиғини эса умумжахон миқёсда дурдона асар деб, эътироф этса арзийди. Хар бир инсон бу шеърни ўқиганда, ёки қўшиғини эшитганда, матн ўзининг одатий хусусиятига мувофиқ, маълумот бериш ўрнига, аксинча, инсоннинг хотирасини ўйғотиб, ундаги маълумотларни ўзига қўша бошлайди. Яъни, хар бир сатрни ўқиганингизда нималарнидир эслайсиз. Хар бир сатр - хаётингизда бўлган бир воқеани кўз олдингизга намоён қилади:
… Мен ёмон кўраман сурликни совуқ,
Шодликларга сохта ишонмайман-ов.
Мен ёмон кўраман, жим, келиб ёвуқ,
Хатимни орқамдан ўқиса биров.
Мен ёмон кўраман бўлсалар сўзни,
Ё уриб оғизга, беришмаса гап,
Орқангдан отишса, ғалт этиб кўзни,
Қаршиман отишга тўшга хам қадаб...
Йўлингизни тўсиб, сизга хеч ким сурбетлик қилмаганми? Тўйлардаги, байрамлардаги кераксиз ва бачкана хашаматлардан ғашингиз келмаганми? Дил сўзларингизни ёзаётганингизда, ёки кимдандир мактуб олиб ўқиётгангизда, орқангиздан биров хатингизни хуфия ўқиганида, дилхун бўлмаганмисиз? Эхтиросларга берилиб сўзлаётганингизда, сўзингизни бўлишиб, дилингизни хира қилишмаганми? Фикрингизни айтмоқчи бўлиб, ёки дард-у хасратларингизни изхор қилмоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаганингизда, оғзингни юм, ёхуд, овозингни ўчир, деб, шахсиятингизни топташмаганми? Сиз, яхшилигингизни хеч қачон аямайган, ота - онангиздан хам яқинроқ сирдош дўстингиз, сизга хоинлик қилиб, аламдан сизни ёндирмаганми? Ёки кўпчиликни олдида кўзингизга тик қараб, сизга хеч ким тухмат қилиб, вужудингизни карахт қилмаганми?
Албатта, бундай воқеалар хаммамизнинг хаётимизда рўй берган ва кунаро хамон рўй бермоқда. Холбуки, Висоцкийнинг бу қўшиғида виждони пок инсоннинг дунё қараши акс эттирилган. Эртами ё кеч, хар бир инсон шу дунё қарашга эга бўлади. Ха, буни мен қатъий ишонч билан айтаман – ертами ё кеч, хар бир инсон шу дунё қарашга, албатта, ега бўлади.
Мадомики, шу дунё қарашга эртароқ эга бўлган инсон – курашчи бўлади. Қариб, хеч нарсага ярамайдиган бўлиб қолганда эга бўлган инсон, афсус-ки, фақат, донишманд бўлади. Лекин бу хам ёмон эмас. Ёмони – хаётнинг сўнги дақиқасида шу дунё қарашга ега бўлиб, хаётни бехуда яшаганликни тушуниб, бу дунёдан кетишдир.
Айтиш жоиз-ки, ёзуз хукмронлар хам, хуфия кирдикорчилар хам, тағофил ижрочилар хам, сурбет жирракилар хам, сўзомон нодонлар хам, жохил мутаассиблар хам, ва хатто, лоқайд худписандлар хам ўзларини курашчи хисоблайдилар. Асл курашчи эса, айнан, шу тоифаларга, моддий ва маънавий йўқотишларга карамасдан, рухий ва жисмоний азоб-уқубатларга қарамасдан, муросасиз ғаним бўлган инсондир! Висоцкий худди шундай асл маънода курашчи санъаткор бўлган эди:
Мен ёмон кўраман бўлмоқни таслим,
Хаётда чарчашни билмам хеч қачон.
Мен ёмон кўраман йилнинг хар фаслин
Қўшиқлар айтмасам жўшқин ва шодон...
деб, ёзган ва куйлаган Владимир Висоцкий, тили хам, дили хам бир хил эканлигини исботлаб, 1980 йилнинг ёзида, 42 ёшида, юрак хуружидан вафот этди. Ундан бери сал кам 30 йил ўтди. Замон ўзгарди. Совет иттифоқи парчаланиб, мустақил давлатлар барпо бўлди. Улар хар бири ўзининг йўлидан бормоқда. Одамлар ўзгарди, уларнинг тушунчалари ва турмуш тарзи ўзгарди.
Лекин хаётнинг ўзи ва унинг қонунлари ўзгаргани йўқ. Адолат ва хақиқат учун хамон кураш давом этмоқда. Бу жараён хеч қачон тугамайди хам. Умум-жахон классиклар қаторидан урин олган Высоцкий, ўзининг бетакрор шеър ва қўшиқлари билан адолат ва хақиқат учун курашаётганларни қўллаб-қувватловчи сиймо бўлиб, бугунги кунда хам жўшқин ва шодон куйламоқда. Унинг оддий сўзлашув тилда ёзган ва ўзи ижро этган қўшиклари хамон дилларни мафтун этиб келмоқда.
Холбуки, хеч шубха йўқ-ки, Владимир Висоцкий ўз истеъдоди ва мехнатсеварлиги билан, ўзи яшаган мухитнинг хур фикрли эркин ижодга турли хил тусиқлардан иборат тамоилларини енгиб, шундай - хам диларо, хам қахрамонона ижод қила олганлиги билан, ўзининг замондошлари бўлмиш – абадий “Битлз” гурухи ва абадий рокн-рол қироли Элвис Преслиларнинг қаторидан, хақли равишда жой олган дейиш, муболаға бўлмас.
*****
Андижон, Ўзбекистон.
25 янв 2009 йил
Қуйида Владимир Висоцкийнинг Саиджаҳон Равоний таржимасидаги баҳзи шеърлари:
1. МЕН ХАҚИМДА ДЕРЛАР
(янги таржима)
Мен хақимда дерлар: дахомас сира.
Тўғри, фахрланмас мен ила хеч ким.
Интеграл ё бошқа ўлчовга кўра,
Ўзимга хам жумбоқ ақл-у идроким.
“Уммон - гўё ховуз” деган эдим бир,
Бунга дўстим танбех берди кўп марта.
Эйнштейн хам аммо дунёга машхур,
Тушунчада мендек бўлган-ку ўрта.
Ха, шеърлар ёзаман. Содда бўлса-да,
Бир куни, денг, ўқиб берганимдан сўнг,
Рахматли, бир йигит касалхонада,
Кечаси ёнимда йиғлади, хўнг-хўнг.
Ёзаман турли хил мавзуда, балки,
Аёлларнинг бўлиб сал муштарийси.
Бунга мухаррирлар шундай қарар-ки,
Кечдим сендан, кечир, илхом париси!
Бормовдим Ниццага, зерикарлиман,
Ёзгандим сув ва буғ хақида хам лек.
Эх, холис фикрини айтарди дейман,
Ўлмаганда ўша, арақхўр шўрлик!
Ғафлатдан ўйғондим яна нихоят,
Алахсирашрдан хам тўхтадим, мана.
Шеърларим кимгадир ёқар, деб, шояд,
Васваса босгунча, ёзяпман яна!
2. ҚИРУВЧИ-САМОЛЁТ ҚЎШИҒИ
(янги таржима, қисқартирилган)
Мен қирувчи «Як»ман, моторим сайрар,
Осмон менга кичик черковдек худди.
Ичимда учувчи керилиб яйрар,
Ким кирувчи - уми, менми(?), унутди.
Бу жангда «юнкерсни» туширдим уриб,
Мен уни бопладим, хохлаганимдек.
Жонимга тегди лек хар ёнга буриб,
Ичимдаги анов, ўтирмасдан тек.
Илма тешик бўлдим аввалги жангда,
Ямоқ солди талай менга чилангар.
Бугун хам ичимда ўтирган банда,
Дабдала қиляпти мени бешбаттар.
Тузуроқ бошқаргин ундан кўра сан,
Бас, етар, бўйсунмам хеч энди санга!
Хайронман, намунча яхши кўрасан
Кучинг тенг бўлмасдан, киришни жанга?
Оркадан «миссершмитт» тушиб олди-ёв,
Кетиш керак тезроқ, чарчадим ахир!
Ёқилги хам нолга тушиб колди, хўв,
Ишлаяпти аранг мотор хам, хир-хир.
Ёвни лек айланиб ўттирди кескин,
Қисқа бир ўт очиб, уни тутатдим!
Ичимдаги эса ўтирган худбин,
Деяпти: рақибни ўзим қулатдим.
Тоқатни хам ахир чегараси бор,
Илма-тешик қилди мени яна ўқ.
Ичимда ўтирган лек шумни зинхор
Ахволдаман қандай, яна иши йўқ!
Ана, ўлди, чоғи, ўзи хам ўқ еб,
Ётибди штурвалга боши эгилиб.
Мен хам, мана, нетай, шу ўжарни деб,
Портлайдиган бўлдим ерга урилиб!
3. ОЛИЙ СУДДАН СЎРАЙМАН
Мен ичмасдим, ўғирламасдим,
На шим, на пул ўмармаганман.
Сўзлашни ҳам сира билмасдим
Фене билан, ўлай агар ман!
Майли, қўйинг кўзимга фонар,
Ўгра лағмон қулоққа илсам,
Ифлос бўлай, бирор марта гар
Сариқ чақа ўмарган бўлсам!
Эшитгандим – олибсотарлар
Бошқачароқ, қандайдир, яшар,
Совдадан кўп фойда топарлар,
Данғиллама уйлар қуришар.
Мен хам совда қилсамми, дебман,
Гап йўқ бошқа, дўстлар, онт ичам!
Чатоқ бўзак гўштини ебман,
Но, халолман, қўрқмайман ҳечам.
Қолган экан орқамдан тушиб
Обихэсэс, хитламабман – а!
Кетган эди ишлар юришиб,
Қамалдим лек, жин урсин, мана:
Бир куни, шу, кўпроқ қулфинай
Сотворибман, қизиқиб роса,
Ярмини нақ фойданинг нўмай
Олиб қолди шайтон мелиса!
Тезда ўтди тергов жараён,
Гувохлар ҳам дарров топилди.
Судья босди прокурорга ён,
Аммо мени сизлаб гапирди!
Фармоишга асосан кейин
Шу зонага қилдилар этап.
Майли, фонар кўзимга қўйинг,
Қўшган бўлсам бирор ёлғон гап!
Унутдим мен ота-уйимни,
Онамга хам сўнар мухаббат.
Ўтирибман териб қўйимни*,
Муддатимга қўшилиб муддат.
Олий суддан сўрайман иқрор,
Мени озод этишларини,
Инобатга олиб, интизор
Болаларим кутишларини!..
--------
*қўйимни - битимни маъносида
4. БЎРИЛАРГА ОВНИНГ ЯКУНИ
Тилди тонг кўзларни устара янлиғ,
Хўв, келар одамлар кўтарган милтиқ
Етаклаб итларни учта-тўртадан.
Темир ниначи хам дарё ортидан,
Учиб чиқди бизни қиргани кўкдан.
Тишларни яшириб, қапишдик ерга,
Қиш, аёз бўлса хам, ботяпмиз терга.
Қўрқувдан бўрилар титрар хаммаси,
Иш бермайди ҳозир тиши, хамласи,
Воҳ, ана ёғилди ўқлар жаласи.
Толе ёр бўлмаган бўрига ҳеч вақт,
Не учун севамиз ҳаётни тахир.
Шерикларим, аё, бўрилар бебахт,
Ўлим хақ бизларга намунча ахир.
Ёвларга кулайлик бўриларга хос,
Берилмади хали итларга таъзир,
Бўрилармасмиз, деб, мажбурмиз, холос,
Оқ қорга қон билан ёзгани хозир.
Олазарак бўлиб, думларни қисиб,
Эмакладик хар ён, итлардек писиб,
Нима хам қилардик, ширин экан жон,
Шу тонг келди, чоғи, охири замон,
Бу темир ниначи мунча беомон.
Беландик қонга бу қўрғошин дўлдан,
Чиқаришмас, билдик, бу сафар қўлдан,
Қорларни эритди қорнимиз нимтўқ,
Қирғинга Тангрининг сира дахли йўқ,
Ахир, одам ўзи ёғдирмоқда ўқ.
Олишма биз билан итлар галаси,
Халол жангда, зеро, ташлаймиз ғажиб,
Дурустдур бўрингинг озод яшаши,
Қулликда яшамоқ сенларга вожиб.
Ёвларга кулайлик бўриларга хос,
Гап-сўзга не ҳожат, тушмаймиз асир.
Бўрилармасмиз, деб, мажбурмиз, холос,
Оқ қорга қон билан ёзгани хозир.
Шерикларим тезроқ қочинг ўрмонга,
У ерда қийинроқ олмок нишонга,
Кучукларни асранг энг биринчи гал,
Чалғитиб тураман ўқчиларни сал,
Бари-бир мен учун яқиндир ажал.
Ўрмонга қочганлар қолгандур тирик.
Не қилай бир ўзим тиш ила чирик,
Хиралашди кўзим, қолмади дармон,
Қайдасиз бўрилар, эй аҳли ўрмон,
Сариқ кўз аймоғим, бермоқдаман жон.
Тирикман хануз, лек қуршади итлар,
Бизга шу ҳайвонлар қариндош эмиш,
Озодлик сурурин билмас палидлар,
Сарқитлардан бошқа тотмаган емиш.
Ёвларга куляпман бўриларга хос,
Чирик тишимдан ҳам титрашяпти зир.
Бўримасман, деб, ха-а, мажбурман, холос,
Оқ қорга қон билан ёзгани хозир.
5. МЕН ЁМОН КЎРАМАН.
Мен ёмон кўраман бўлмоқни таслим,
Хаётда чарчашни билмам хеч қачон.
Мен ёмон кўраман йилнинг хар фаслин
Қўшиқлар айтмасам жўшқин ва шодон.
Мен ёмон кўраман сурликни совуқ,
Шодликларга сохта ишонмайман-ов.
Мен ёмон кўраман, жим, келиб ёвуқ,
Хатимни орқамдан ўқиса биров.
Мен ёмон кўраман бўлсалар сўзни,
Ё уриб оғизга, беришмаса гап,
Орқангдан отишса, ғалт этиб кўзни,
Қаршиман отишга тўшга хам қадаб.
Нафратим қўзғатур миш-миш назарий,
Чувалчанг шубхалар, таъзимлар бигиз.
Чидолмам, силашса сочинг тескари,
Темир билан ойна чизсалар, ғиз-ғиз.
Мен ёмон кўраман кибрни биқ тўқ,
Узилгани яхши тизгин-у абзал.
Куяман, ор-номус бўлиб кетди йўқ,
Тухмат ва ғийбатлар бўлмоқда афзал.
Синган қанот кўрсам лоқайд тураман,
Гоҳ не наф қилишдан бехуда низо.
Зўрни хам, гўлни хам ёмон кўраман,
Афсус, хочга нохақ михланган Исо.
Мен ёмон кўраман ўзимни, тағин,
Қўрқсам гар кимнидир уришса нохақ.
Чидолмам қалбимга суқсалар бурун,
Қалбимга туфлашса чидолмам мутлақ.
Мен ёмон кўраман хар жойни бирдек,
Кайда-ки қадрсиз чақа юзтуман.
Ўзгаришлар бўлсин кўп олдинда, лек
Айтганларим ушбу ёмон кўраман.