Актуал мавзу - 22 August 2008
04:01 -
Ўзбекистон келажаги буюк давлатми?
(Шоҳруҳ Низомхўжаев)
(Шоҳруҳ Низомхўжаев)
Ўзбекистоннинг мустақил бўлиши иқтисодиётининг ривожланишига, хусусан, янги иш ўринларнинг яратилишига, маҳаллий кадрларнинг хорижда таълим ва тажриба орттириб қайтишига, булар эса ўз навбатида ишчи кучи рақобатининг шакллланишига олиб келди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан бандлиги мустақилликнинг илк даврларида сезиларли даражада ўсди. Кичик ва ўрта бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг маълум қисмини аёллар ташкил қила бошлади. Ҳатто, Ўзбекистон иқтисодиёти худди ривожланган малакатлар иқтисодига ўхшаб порлагандай туюлди.
Афсуски, 1999 йил 16 февраль воқеалари Ўзбекистонда орқага кескин бурилиш сабабчисига айланди. Қўшни давлатлар билан чегара муносабатларида кескинлик мавжудга келиб, товарларнинг эркин ҳаракатига путур ета бошлади. Давлат бюджетига бож ва солиқлар орқали тушадиган маблағ маълум кишиларнинг ўз шахсий бойлигига айлана бошлади.
Мамлакатда фаолият юритаётган хорижий фирма-ташкилотлар синкичлаб текширувлардан ўтказила бошлади, охир-оқибатда кўпчилик фирмаларнинг фаолияти тугатилди, хориждан янги сармоя кириши кескин қисқарди. Ҳамма масалаларга бюрократик ёндашув, коррупция ва порахўрчилик Совет замонидагидан ҳам юксалди.
Натижада, Ўзбекистоннинг табиий бойликлари-ю ишчи кучининг мўллиги ҳам сармоядорларнинг бизга бўлган қизиқишининг камайишини тўхтатолмади. Бу ўз навбатида ишсизлик сонини ошишига, меқнатга лаёқатли аҳолининг мигарациясига ва турмуш шароитининг салбий тус олишига сабаб бўлди. Меҳнат миграцияси билан шуғулланувчи “ишбилармонлар” аёллар савдосини ривожлантириб юборишди. Иш истаб қўшни малакатларга равона бўлган ўзбекларнинг сони миллионларга улашгани гапирилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ичида аҳолиси, иқтисодий имкониятлари ва табиий бойликларининг кўплиги жиҳатидан етакчи ўринни эгаллайди. Ахолимиз деярли 28 млн кишини ташкил қилмоқда. Мамлакат табиий бойлик заҳираларида Менделеев жадвалининг деярли барча элементлари мавжуд. Олтин, уран, мис, табиий газ, ва бошка қимматли метал ва табиий бойликлар заҳираси бўйича Ўзбекистон нафақат минтақадаги балки жаҳондаги етакчи ўринда туради. Олтин қазиб чиҳариш бўйича Ўзбекистон жаҳонда 8-ўринда, олтиннинг сифати бўйича эса энг юқори ўринларда туради.
Бундан ташқари, мамлакатда кумуш, платина, мис, молибден, уран каби моддаларнинг катта ҳажмдаги заҳиралари мавжудлиги аниқланган. Шуниси эътиборлики, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Масалан, пахта ва пиллачиликда. Пахта экспорти бўйича жаҳонда 3-уринни эгаллаймиз. Мамлакат экспортининг асосий қисмини ҳам пахта эгаллайди.
Шунча табиий бойликларга эга бўлган мамлакатнинг иқтисодий аҳволи бугунги кунда танг ҳолатга келган. Бунининг асосий сабаби - президент ва ҳукумат томонидан амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг самарасизлиги ва кўп соҳада профессионал ёндашув эмас, балки, юқорида айтилгандек, қабул қилинаётган қарорларнинг бозор иётисоди тамойилларига номутаносиблигидадир.
Ўзбекистонда аҳолиси ичида ёшлар юқори салмоққа эга. Аҳоли умумий миқдорининг 39 фоизи меҳнатга лаёқатли давргача бўлган ёшлар, 54 фоизи меҳнатга лаёқатли кишилар ва 7 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталарни ташкил этади. Малакатда иш кучининг ички потенциали жиҳатдан четдан ишчи ёнлаш у ёқда турсин, иш кучини экспорт қилиш имконимиз бор. Бугунги кунда мамлакатда ишсизликнинг ошиши ва аҳоли даромадларинг камлиги ва нарх-навонинг баландлиги сабабли кўпгина ёшлар Ўзбекистондан четга чиқиб ишлашга мажбур бўлмоқда. Ўзбекистондан қўшни Россия ва Қозоғистон мамлакатларига бориб ишлаётган ва яшаётган ватандошларнинг ижтимоий аҳволи, жуда ёмон, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳеч ҳимояланмаган. Кўпгина ватандошларимизни қулликда қолганини ҳам эшитиб тубмиз.
Мухолифатдаги “Бирлик” Партияси ишчи кучини экспорт килишни давлатлараро даражада амалга ошириш лозимлигини гапирмоқда, бу хусусда ўз таклифларини ҳукуматга бермоқда. Нега ҳукумат уларни қабул қилмаяпти ёки ўзининг альтернатив дастурлари борлигини кўрсатмаяпти?
* * *
Табиий, аҳоли сонининг кўплиги мамлакатдаги истеъмол бозори ҳажмининг ҳам катталигини билдиради. Афсуски, малакатда озик-овқат ва халқ истеъмоли молларнинг катта қисми ханузгача четдан валюта хисобига импорт қилинмокда. Давлат томонидан ушбу махсулотларга бож ва акциз тўловларининг юқорилиги сабаб ушбу маҳсулотларнинг нархи ички бозорда янада ошишига олиб келмоқда.
Шундай аҳволда, мамлакатда ишлаб чиқариш нимага рағбатлантирилмаяпти, хусусан, бу соҳада фаолият юритувчи корханларни солиқни камайтириш ва бошқа тўлов имтиёзлари орқали рағбатлантириш нимага амалга оширилмаяпти, деган саволлар туғилиши табиий. Очиғини айтиш керак, бундай сиёсат юритиш маълум доирадаги кишиларнинг манфаатларига хизмат қилмоқда. Импорт маҳсулотларига юқори акциз ва бож тўловлари давлат хазинасига фойда бўлмоқда, аммо асосий истеъмолчи халқ даромаднинг барчасини озиқ-овқат ва халқ истеъмоли молларини харид килиш ва коммунал тўловларни амалга ошириш учун сарфламоқда.
Ўзбекистонда иқтисодий ва сиёсий ноаниқлик хорижий инвесторларнинг мамлакатга бўлган қизиқишини кундан кунга пасайтириб бормоқда. Мамлакат ташқи сиёсатини бир вектордан иккинчи векторга доимий оғиши ва ўзини барча давлатлар билан бир маромдаги сиёсатини олиб бормаслиги инвестиция қилиш хоҳишида бўлган хорижий сармоядорлар ҳаракатини тўхтатилишига олиб келмоқда.
Кўпгина хорижий инвесторлар 1996 йил ҳукумат томонидан конвертация тўхтатилиши оқибатида ўз фаолиятларини Қозоғистон ва бошқа қўшни малакатларга кўчиришларига сабаб бўлди.
Барқарор инвестицион климатни барпо этиш учун авваломбор сиёсий жиҳатдан мутаносиб муҳитни ташкил этиш, барча сиёсий партияларнинг эркин фаолиятини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини поймол қилинишини тўхтатиш, мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатида барча билан тенг шерикчилик асосида сиёсат олиб бориш, иқтисодий соҳада мутаносиб пул-кредит ва солиқ сиёсатини олиб боришлик ва хорижий сармоядорларга қонун асосида берилган кафолатларни амалда таъминлаш керак эди. Аммо булар қилинмади.
Ўзбекистон иқтисодиёти жуда ҳам кенг тармоқли бўлиб, собиқ Иттифоқ даврида асосан қишлоқ хўжалигига асосланган эди. Тан олиш керак, мустақилликни илк даврида Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган «Бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш» тамойили мамлакатда илк маротаба кичик ва ўрта хусусий бизнесни ривожланишига замин яратди. Бу ўз навбатида малакат иқтисодиёти нафақат қишлоқ хўжалигига асосланган иқтисодиёт, балки хизмат кўрсатиш соҳаси ва кичик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналарининг яратилишига олиб келди.
Аммо, ўша яхши ташаббуслар кейин ривожланмади. Иқтисодиётнинг оқсаган соҳаларида инвестициялар деярли тўхтаб қолган. Уруғ-аймоқчилик ришталарининг оқибати ўлароқ, мамлакатда иқтисодиёт бошқаруви Президент Ислом Каримов ва унинг атрофидаги яқин инсонлар томнидан амалга ошириб келинмоқда. Бу тажриба ўз навбатида маълум қатламнинг кескин даражада ривожланиб боришига, рақобатчиликнинг эса, уюштирилган молиявий жиноятлар ёки сиёсий айбловлар орқали барбод этилишига сабаб бўлмоқда. Уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик мамлакат бошқарувига иқтисодий соҳадан умуман узоқ бўлган шахсларнинг жалб этилиши ва шу каби шахслар томонидан фақат маълум қатлам фойдасига хизмат қиладиган қарорлар қилинишига олиб келмоқда. Албатта бу каби қарорлар оддий аҳоли ўртасида норозиликни кескинлаштириб, мамлакатда ҳам иқтисодий ҳам сиёсий климатни ёмонлашишига олиб келмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиётини бошқараётган кишилар собиқ иттифоқ давридан қолган йирик фабрика-заводларни сунъий банкрот ҳолатига олиб келмоқдалар ва уларни ўзлари томонидан хориждий мамлакатларда ташкил этилган фирмаларга, яъни ўзларига сотмоқдалар. Бунинг устига кўр-кўрона қабул қилинаётган қарорлар мамлакатда ишсизлик сонини кескин ошишига, бой ва камбағал қатлами ўртасидаги тафовутнинг салбий ривожланишига замин яратмоқда.
* * *
Шуниси ачинарлики, нафақат бошқарув ва қарор қабул қилишда, балки суд ҳокимиятида ҳам маҳаллийчилик ва уруғ-аймогчилик ривожланиб кетган. Катта ташкилот ёки вазирлик раҳбарининг ўз мансабини суистеъмол қилиши, лекин унга нисбатан ҳеч қандай жазо қўлланмаслиги, айни пайтда айбсиз бегоналарнинг узоқ муддатларга қаматиш одатлари натижасида иқтисодий бошқарув лаёқатсиз шахсларларнинг қўлига ўтиб қолди.
Ўзбекистонда хусусий мулкдорлар фаолиятини ташкил қилиш, кафолат ва уни таъминлаш бўйича қонунлар ишлаб чиқиш соҳасида ишлар унчалик ёмон эмасдек кўринади. Бироқ, амалда у қонунлар ишламайди. Ҳамма нарса ҳукумат одамларининг қўлида, улар ҳамма ишни ўзлари ва яқинларининг фойдасига олиб борадилар. Натижада, бошқаларнинг иши чилпарчин бўлмоқда, ишлар бекитилмоқда.
Норасий маълумотларга кўра, мамлакатда фаолият юритаётган хусий фирма ва компаниялар сони охирги йилларда деярли 25%га қисқарган, бунинг окибатида эса, давлат бюджетига тушумлар микдори ҳам қисқарди, аҳолининг иш билан банд бўлган кисми ҳам қискарди.
Иқтисодий фаолиятни текшириш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар томонидан хусусий ташкилотлар фаолиятига ноқонуний аралашув кескин даражада ошиб бормоқда. Мулкдорлар томонидан қилинаётган арзлар эса, прокуратура ва суд ҳокимияти томонидан систематик равишда эътиборга олинмай келинмоқда.
Бундан ташқари, қонунлар билан кафолатланган бўлсада, хусусий ташкилотларни барпо этишга бюрократик ёндашув, ҳужжатларни узоқ муддатда, бунинг устига пора эвазигагина тасдиқлаш жуда кенг тарқалган. Натижада, етарлича маблағ сарфлаб, мамлакат иқтисодига оз бўлсада ўз улушини қўшиш истагида бўлган хусусий мулкдорлар, ўз фирмалари фаолиятини бошламай туриб, хафсаласи пир бўлган ҳолда сарсонгарчиликдан чарчаб, фирма очилишини тўхтатиб қўймоқдалар. Ўз манфатини кўзлаган мансабдор шахслар эса, фақат пора эвазига ишлайдиган бўлиб қолганлар ва хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари, кафолатларини оёқ ости қилиб келмоқдалар.
Ўзбекистон иқтисодиётида сезиларли ҳиссаси бўлган корхона ва ташкилотларнинг деярли 100% давлат томонидан бошқарилади. Бу ўз навбатида рақобатнинг йўқолишига, молиявий тубанликка юз тутган корхона ва ташкилотларнинг солиқ тўловлари муддати кечиктирилишига ва вақтинчалик имтиёзларга эга бўлган ҳолда, ушбу корхона раҳбари томонидан давлат мулкини ўзлаштириш ҳоллари кенг тарқалишига олиб келмокда.
Бунга яққол мисол коммунал ташкилотлардир. Ушбу ташкилотларни назорат қилувчи вазирлик раҳбари ва ҳукумат аъзолари, бундай ташкилот мулкларини ўзлаштириш фаолиятини ўзларининг асосий бизнеслари қаторига қўшиб олганлар. Энг ачинарлиси – ушбу ташкилот ва корхоналар раҳбарлари эски ва яроқсиз бўлиб иттифоқ давридан қолган асбоб–ускуналарни ўз панохлари остида фаолият юритаётган фирмалардан сотиб олаётганлари ҳеч кимни ажаблантирмайди. Аксинча, ушбу ҳолат ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан асосий даромад манбаи сифатида қабул қилиниб, қўллаб-қувватланмоқда.
* * *
Мамлакатда авторитар тузум давом этар экан на иқтисодий на ижтимоий ва на сиёсий соҳаларда олиб борилаётган реформалар ўз самарасини бермайди. Умуман вазиятни яхшилаш учун Ўзбекистонда бугунги кунда бир қатор иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий реформалар амалга оширилиши лозим.
Бунинг учун авваломбор оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини эркин қилиш, цензурани олиб ташлаш лозим. Чунки мамлакатда совет давридан колган цензура институти ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Барча жойларда Президентнинг улуғпарвор гаплари совет даврига ўхшаб осиб ташланган. Буни йўқ қилиш керак.
Фикримизча, дарҳол қилиниши керак бўлган бошқа ишлар қуйидагилардир:
- коррупция ва порахўрликка нисбатан аёвсиз кураш амалга оширилиши лозим, бу энг аввало қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш билан амалга оширилади.
- вилоят ва шаҳар ҳокимликларига раҳбарларни сайлов орқали танлаш, халқнинг ишончини қозонган профессионал кадрларни ҳокимиятга келишини таъминлаш керак. Ҳозирги кунда вилоят раҳбарлари Президент кўрсатмасига биноан вилоят депутатлари томонидан тасдиқланади.
- озиқ-овқат ва аҳоли истеъмоли молларини ишлаб чиқариш бўйича кичик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишни қўллаб-қуватлаш керак, бунинг учун уларга хом ашё ресурсларини эгаллашга бўлган имкониятни ошириш, солиқ ва бошқа тўловларни камайтириш керак. Агарда озиқ-овқат ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқарувчи корхоналар давлат томонидан қўллаб-қуватланса, бу турдаги маҳсулотларнинг импорти қисқаради, валютанинг хорижга оқими камаяди, бу эса, маҳсулот нархини камайишига ва аҳоли турмуш даражасини кқтарилишига сабаб булади.
- “Бирлик” таклиф қилаётгандек, ишчи кучини хорижга экспорт қилишни давлат миқёсида амалга ошириш, хорижга бораётган ватандошларни манфаатларини давлат миқёсида ҳимоя қилиш лозим. Чунки, ишчи кучининг хорижга бориб ишлаши давлат сиёсати даражасида олиб борилмас экан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилиниши, яъни ишлаш ва яшаш шароитининг нормал ҳолатдан узоқлиги давом этиб қолаверади.
- барча сиёсий-ижтимоий партия ва ҳаракатларни давлат томонидан рўйхатга олиш ва уларнинг эркин фаолиятини таъминлаш давлат томонидан амалда кафолатланиши лозим. Ҳукуматга мухолиф бўлган партиялар институтини ривожланиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни таъминловчи асосий факторлардан бири ҳисобланади. Ўз навбатида, Андижон воқеаларини мамлакат миқёсида такрорланишини олдини олади.
- сиёсий, диний фаолияти учун шахсларни қувғин ва репрессия қилишни тўхтатиш лозим. Шундагина ҳукуматга мухолифатда бўлган «Бирлик», «Эрк» партияларининг раҳбарлари ва бир қатор етакчилари хорижда яшамай, мамлакатга қайтиб келадилар ва мамлакатимиз равнақи учун фаолият оли борадилар.
Хуллас, агарда бугунги кунда Ўзбекистон раҳбарияти мавжуд аҳволни ўзгартириш учун реформаларни амалга оширмас экан, фақат ўзини ўйлаб, ўз бойлигини кўзлаб сиесат олиб борар экан, унақада Ўзбекистон келажаги буюк давлат бўлолмайди.