Актуал мавзу - 17 April 2008
04:01 -
Абдулла Қуватовнинг ОЗОДЛИК радиосига хати
Абдулла Қуватовнинг ОЗОДЛИК радиосига хати
Ассалому алайкум ОЗОДЛИК радиосининг ходимлари,
Мен Абдулла Қуватов Самарқанд университети табиий фанлар факультетининг кимё бўлимида доцент лавозимида ишлайман, Озодликда ҳам уч марта чиқиш қилганман, Тошкентда Барно Исоқова (Нодира) билан гаплашганман. Энди мақсадга ўтсам.
Мана сайловга ҳам старт берилди. Жамиятда сиёсий ўзгаришлар бўлса, одатда шу вақтда бўлади, бошқа вақтда бўлиш эҳтимолияти кам.
Мухолифатнинг тайёргарлиги қандай ва у сайлов олди ташвиқотларини қандай ўтказмоқчи? Менимча мамлакат ичида тайёргарлик йўқ, (бўлиши ҳам мумкин эмас, унга ҳеч қандай шароит йўқ) миллионлаб сайловчи ўртасида сайлов олди ташвиқоти ўтказиш учун на ташкилот на матбуот бор. Ҳозир Абдурахим Пўлатов ёки бошқа йирик арбоб келгани билан у уйидан чиқа олмайди. Ҳатто ҳозирги чиқишларидан ҳам маҳрум бўлади. У, уй қамоғига ҳукм қилинса, уни озод қилиш учун, бу ердаги халқ, чет эл ҳукуматлари қўйингки бирор кимсаю мамлакат ёрдам бера олмайди. Энг яхши ҳолда самолётга миндириб орқага қайтариб юборишади.
Ҳеч бўлмаса аҳолининг 10 фоизи қўрқмасдан мухолифатни очиқ қўллайдиган бўлсагина мухолифат лидерларининг мамлакатга қайтиши маънога эга бўлади.
Ҳозир ҳукумат нимадан қўрқади? Ҳақ айтилган бир оғиз сўздан қўрқади. Шунинг учун ҳам, унинг асосий зарбаси айнан шундайларни йўқ қилишга қаратилган. Мана охирги мисол, самарқандлик Комил Ашуров диктофонга ҳақ гапни ёзиб олганлиги учун судга тортилди, икки киши эса унга ҳақ гапни айтганлиги учун СНБнинг зарбасига учраб ёлғон гапиришга мажбур бўлаяпти. Уни тергов ва суд қилаётганлар эса бу оддий масалани яхши билган ҳолда виждонини сотиб бўлса ҳам (ҳатто, энг бемазага ҳам худо, у инсон бўлгани учун, озроқ бўлса-да виждон ҳам берган) буюртмани бажаришаяпти. Бажармаса, бу урчиб кетмасин деб унинг ўзини қамайди, қамаш эса қийин эмас, чунки, уларнинг ичида ўғри бўлмагани йўқ.
Қўлида қурол тугул, ҳатто отишга тоши бўлмаган, ёш фарзандли оналар ҳукуматга қандай хавф солади, уларни ҳам фақат битта айби, яъни ҳақ гапи учун қамоққа тиқишаяпти. Бутун мамлакат ёлғон гапиришга, ёзишга мубтало қилинди. Ҳатто бир киши хориж матбуотига тўғри гапни айтса, уни жим қилиш учун бутун бир лашкар ташланади. Телевидениянинг камераси йўналтирилиб микрофони ушланганда ўзбекнинг фақат битта «ҳуқуқи» яъни ёлғон айтиш ҳуқуқи бор холос. Эркин Воҳиди, Абдулла Орифию, депутатидан бошлаб то қоровулигача фақат шу ҳуқуқга эга. Такрор айтаман, бу «томоша»лар ҳақ гапдан қўрқишнинг ёрқин мисолидир. Бу эса энг ожизлик кўрсатгичидир.
Сиёсат масаласида радио ёки ТВ орқали қўрқмасдан, маъноли ҳақ гапни айтадиган одамлар сони ҳам бармоқ билан саналарли даражада оз. Албатта ташқарида туриб айтадиганлар бунга кирмайди. Бундай гапларни айтадиган ўзбекнинг зиёлилари ва мухолифати оз бўлса ҳам бор, лекин уни билганлар ва эшитадиганлар афсус жуда ҳам оз. Хўш, нима қилиш керак?
Ҳукумат қўрқадиган шу ҳақ гапни халққа етказиш учун катта аудитория тўплашга имкон берадиган алоқа воситасидан фойдаланиш керак холос.
Менимча, шундай алоқа воситаси бўлган йўлдош телевиденияни ишга тушириш ва ундан ҳақ гапни айтиш энг долзарб масала бўлаяпти. Ҳатто партияларнинг ташвиқотисиз шунинг ўзи ҳам вулқон бўлади. Бу, мухолифат учун энг хавфсиз, халқ учун энг таъсирли, хукумат учун энг дахшатли унумли қуролдир. (Мен, мухолифат деганда 2-3 та партия раҳбарларию унинг сафдошларини эмас, балки сизларга ва менга ўхшаган миллионлаб ўзга фикрловчиларни назарда тутаяпман). Ҳозир, мамлакат ташқарисида мухолифатга ёрдам бераман деганлар кўпаяпти, уларни бу ишни долзарб эканлигига ишонтириб молиявий имкониятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Менимча уларни ишонтиришни қийинчилиги йўқ, эркин матбуотни ролини улар ўзимиздан кўра яхши билишади. Бунинг учун фақат бирлашиб ҳаракат қилиш керак холос. Чунки, мамлакатда мухолиф матбуот нари турсин, ҳатто озгина бўлсин матбуот эркинлигининг ўзи ҳам йўқ. Шу аҳволнинг ўзи бу ишни бошлаш учун ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий асос бўлади. Шунинг учун, бу ишга мамлакат ички ишига бошқа мамлакатларнинг аралашуви деган айб қўйиш ҳам мутлақо асоссиз бўлади. Чунки, бу ТВ да мамлакат ичида ўз фикрини айтиш имкониятидан маҳрум қилинган ўзбекнинг ўзи чиқиш қилади. Озодлик радиоси ҳам шу миссияни бажараяптику. Мамлакат ичида ўзгача фикрни айтиш учун имконият туғилгач бу кўрсатувлар ўз-ўзидан тугайди.
Нима учун айнан йўлдош ТВ зарур. Чунки ижтимоий сўров натижаларига кўра биринчидан, аҳолининг қарийб 85 фоизи ахборотларни фақат ТВ дан, қолган 15% бошқа матбуот воситаларидан олади. Иккинчидан, халқимизнинг кўпчилиги сиёсий томондан саводсиз ва пассив (қанчалик оғир бўлмасин бу бор гап). Бундай оммага радио ва газета орқали таъсир қилиб бўлмайди, уларга Ленин айтганидай «кино» керак. Бу, ўзимизни халқ учун энг таъсирли воситадир. (Менимча бошқалар учун ҳам ТВ нинг роли шундай). Радио сигналларини «бўғиш» осон йўлдош ТВ нинг сигналлари йўналтирилган бўлганлиги учун уни бўғиш имконияти деярли йўқ шекилли.
Мен ўйлайман бу иш бошланса «бошимни олса ҳам ҳақ гапни айтаман, уни эшиттирингизлар кўрсатингизлар, қани шундай хабарни етказадиган ТВ, мухбир» - деганлар кўплаб топилади. Бу бир акс садо бергандан сўнг, ёлғон айтиб ҳукуматнинг тегирмонига сув қуяётганлар эса аксинча камайиб қолади. Гапирганларни олиб қамашнинг умуман иложи йўқ, чунки уларнинг асосий қисми четда бўлади, тингловчи ва томоша қилувчиларни олиб қамаш учун турмада жой ҳам етмайди. Энг асосийси эса мамлакат ичида ҳақ гапни очиқдан очиқ айтадиганларни сони кўпаяди.
Такрор айтаман ҳукуматнинг энг қўрқадиган жойи айнан шу. Ҳукуматнинг эса ёлғондан бошқа қуроли йўқ. Қисқа муддатда унинг шов-шуви тарқаб бутун мамлакат кўриб бошлайди. Фақат шундай қилингандагина нафақат сайловларнинг натижасига балки мамлакатнинг барча соҳаларига, бошқача қилиб айтганда муҳитнинг ўзгаришига реал таъсир қилиш мумкин.
Унинг эшиттиришларини кўришга мамлакатда қандай имконият бор? Ҳар сафар Тошкетга борганимда кўп қаватли уйларнинг томидан, балконидан кўриниб турадиган «тарелка»ларнинг кўплигига эътибор бераман. Қишлоқларда ҳам аҳвол шундай, тарелкалар кўп. Баъзи қишлоқларда 20-25% уйларда тарелка бор. Уни ўчириш учун республика бўйича электр энергиясини бир вақтда ўчириш керак. Ҳамма жойда бўлса ҳам Тошкентда бунинг имконияти йўқ. Эшиттириш вақти хукуматнинг асосий ахборотлари кўрсатилаётган вақтга тўғриланса, хукуматнинг ўзидан бошқа уни кўрадиган бўлмайди, чунки бошқалар йўлдош телевиденияни кўради. Шу вақтда ўз ёлғонини эшиттириш учун электр энергияни ҳам узмайди. Тарелкаларни эса ҳаммадан йиғиштириб олишни имконияти ҳам йўқ.
Ҳозир йўлдош антенна орқали Озодликнинг овози Тошкентда жуда яхши эшитилади. Фақат унга тасвирни қўшиш керак холос. Балки Озодлик раҳбарлари ТВ учун материалларни, яъни тасвирларни Ўзбекистонда олишнинг имконияти йўқ, бусиз эса телевидение, ТВ га ўхшамайди дейиши мумкин.
Ҳақиқатан ҳам бу эътироз ҳозирча тўғри. Тошпўлат Йўлдошов ёки Юсуф Жумага ўхшаган ўзи рози бўлганларни ҳам тасвирга тушириб Прагага юбориш ҳозирча қийин (бошқа воқеалар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади). Лекин ҳозирча Озодликнинг Прагадаги мухбирлари, четдаги мухолифат аъзолари ва бошқа 3-4 миллион хориждаги ўзбеклар эшиттиришларни тасвир билан таъминлайди. Ҳозир халқ уларнинг ўзини кўриб овозини эшитса ҳам албатта қарайди. Чунки, биринчидан, байрам тантаналарини кўриш унинг жонига теккан, иккинчидан, ҳақ гапнинг, мантиқли фикрнинг ва ўзгача қарашнинг «гадоси» ҳам бўлиб қолган. Касал организм дармон талаб қилгани каби, халқимизнинг онги ҳам хақ гапга мухтож. Пулингиз бўлса ҳамма нарса мавжуд Ўзбекистонда, ҳақ гап пулга ҳам топилмайди.
М.С.Горбачев перестройкаси ва гласности вақтида матбуот мамлакатимиз ҳаётини тез ўзгартирганидай йўлдош телевидение ҳам тез таъсир қилади. Бу ғоявий курашда хукумат томони тез ва тўлиқ мағлуб бўлади, сабаби, уларнинг хизматида саводли ўзбекнинг ўзи йўқ, энг саводли одамларимиз четда ва мухолифатда. Вазият озроқ ўзгарса, ишонган яқинлар ҳам саройдан қоча бошлайди ва Тошкентдан ҳам тасвир юбориш имкони пайдо бўлади.
Халқнинг ҳеч бўлмаса 10 % ўз ҳақ ҳуқуқини талаб қила бошлагач мухолифат партия тузишни бошласа бўлади ва уни рўйхатдан ўтказиш эҳтимолияти ортади.
Бу ишга ташкилотчилик ва раҳбарликни Озодлик қилса мақул бўлади. Чунки ТВ четдаги мухолифатнинг бирор қисмига тегса улар бир-бирини шарманда қилиш учун фойдаланиши мумкин. Улар бу ишни ҳеч бўлмаса вақтинча қилмаймиз деб навбатдаги қасамни ичганда ҳам, ҳукумат албатта уларни гиж-гижлайди. Мухолифат бир-бирига нисбатан шунчалик кўп тош отганки, (улар архив ва интернетда турибди) уларнинг ичидан, аниқ тегиб ўзининг бошини ёрадиган «тош» танлашга хукуматда катта имконият бор.
Халқимизнинг 70% дан кўпи қишлоқларда яшайди (республика аҳамиятидаги шаҳарга айлантирилган баъзи район марказлари қишлоқлардан фарқ қилмайди). Ўзбекнинг энг қийналган табақаси ҳам ҳозир қишлоқларда. Ҳозир у ерларда яшовчи янги авлод рус тилини ҳам билмайди. Мана шу 70% аҳоли (уларнинг 99,9% асосан ўзбек ва қисман тожик, у ерларда рус нари турсин ҳатто татар ҳам қолмади) учун йўлдош ТВ она тилида ахборот олишнинг ягона воситаси бўлади. Тасаввур қилаяпсизми бу жуда катта куч. Шаҳарликлар асосан ҳар жойдан борган одамлардан ташкил топган, менталитетимиз шундайки улар ўзининг «земляк»ини ахтаради, бошқаларга эса қўшилмайди. Иккинчидан, уларнинг «қорни тўқроқ» (кўпинча қишлоқ ҳисобига) ва ниманидир йўқотишдан қўрқишади. Менимча қишлоқларда бирикишнинг имкони каттароқ. Албатта бунинг учун, олдин уларнинг онгига нима-яхшию нима ёмон, нима учун биз бошқалардан ёмон яшаяпмиз, сайлов нима, хукуматнинг функцияси нимадан иборат ва ҳоказо оддий саволларга оддий ва тушунарли жавоблар сингдирилиши керак. Албатта, булар ТВ ишга туширилгандан кейинги «режалар», олдин уни ишга тушириш керак. Агар бу иш амалга ошса унинг эффективлигини ошириш бўйича кўплаб таклифлар бўлади.
Жисмонан касал инсонни ҳозирги вақтда тўлиқ даволаш мумкин (агар касалликни даволаш усули маълум бўлса). Маълумотларга қараганда иккинчи жаҳон уруши тугаган вақтда Япония аҳолисининг қарийиб ярми сил касали билан оғриган. Отмишинчи йилларнинг бошларида Япония дунёнинг иккинчи ривожланган мамлакатига айланган, касаллик қисқа вақтда тугатилган эди. Касалликнинг сабаби ва даволаш усуллари маълум бўлган. Шуни ҳисобга олиб япон жамияти тўйиб овқат ейиш учун, даволаниш учун шароит яратган, касал эса тузалиши учун ўзи ҳаракат қилган.
Ўзбекнинг касали эса жуда оғир. Унинг қўл-оёғи бутун, телевизорда кўрсангиз хурсандчилигидан рақсга тушиб жилмайиб турибди. Лекин у касал, унинг диагнози, инсонни инсон қилиб турадиган ахлоқий фазилатлари йўқ (бўлса ҳам бу «организм» ишдан чиққан). Бу фазилатларнинг энг зарурларини йўқотмасликка ҳаракат қилаётганларга эса «касаллик» турли хил йўллар билан «юқтирилаяпти». Миллатнинг «олди» бўлиб юрган лавозимли (кичкинагина лавозимча бўлса бас) одамларнинг деярли барчаси бу фазилатлардан маҳрум қилинади. Лавозим қанча юқорилашиб борса ахлоқий фазилатлар бунга пропорционал равишда камайиб боради. Бизнинг касални физиологик аломатлари ташқаридан кўринмайди. Касалсан деб айтиб кўрингчи, ўзингизни тухматчига, ахлоқсизга, нафақат шахсий душманга, балки ҳалқ душманига айлантиради.
Мамлакат рулини бошқараётганлар бу касалликни даволашдан эмас, балки янаям кўпроқ одамларга юқтиришдан манфаатдор. Энг ёмони касалнинг ўзи тузалишга интилмайди, агар интилса, амал пиллапоясидан кўтарилиш нари турсин, балки боридан ҳам айрилади. Шунинг учун ҳам мен, бирор ўзбек амалдорини норозилик билдириб амалдан кетганини эшитганим йўқ. Ҳақорат эшитса ҳам, мушт еса ҳам амални олмагани учун рахмат айтиб ўтираверади. Ҳеч ким йўқида кўнглини очиб шу нарсани катта айб эканини тан олганда ҳам, бола-чақамни ўйлаб шу ишни қилаяпман деб ўзини оқлайди (бу қисман тўғри ҳам).
Озодликни АҚШ молия билан таъминлайди. Озодликни йўлдош ТВ га айлантириш масаласида Америка ҳукуматига мурожаат қилиши мумкин бўлганлардан М.Солихнинг Америкага таъсири деярли йўқ шекилли, А.Пўлатов эса, Озодликни ёмон кўради, 4-5 йил олдин уни Замира Эшонова яхшилаб «савалаган» эди. Аччиқ қилибми ёки таклиф бўлмагани учунми анча вақт Озодликда чиқмади. Ж.Маматов группасида ким бор-йўқлигини билмайман, лекин унинг ўзи А.Пўлатовдек Озодликни «яхши кўради» ва ўзидан бошқани журналист деб тан олмайди. Шунинг учун, йўлдош ТВ билан боғлиқ ҳамма ишни фақат Сизлар ўз зиммангизга олсангиз бўлади. Лекин, иложи бўлса уларни ҳам ҳеч бўлмаса шу иш атрофида бирлаштириб имкониятларидан фойдаланиш керак. Яна бу ишга ёрдам бериши мумкин бўлганлар жумласига, менимча, ҳар хил халқаро журналистлар уюшмаларини киритиш мумкин. Уларнинг ўзида матбуот бўғилган жойларга озроқ молиявий ёрдам кўрсатиш фондлари ҳам бўлса керак. Энг асосийси, улар матбуот хомийлари топиб бериш имкониятига эга.
Яна бир муҳим фактор бор, унга ҳозир кам эътибор берилаяпти. У қуйидагидан иборат: Совет вақтида саводли одамлар сони кўп эди, улар нафақат Ўзбекистонда балки бошқа республикаларнинг олий ўқув юртлари ва техникумларида ҳам ўқишарди. Таълимнинг сифати ҳам баланд эди. (Мен ўз касбимга кўра ўша вақтда ҳам, ҳозир ҳам уни ичкаридан кўриб турибман). Одамларнинг умумий маданияти баланд эди, чунки улар кўплаб китоб, газета ва журналлар ўқишарди. Масалан, мен 8-синфда ўқиганимда фақат шахсий китобим 100 дан ортиқ эди, бундан ташқари колхозда ва мактабда яхши кутубхоналар бор эди. Юқори даражада ёзилган бадиий адабиёт ва турли жанрлардаги санъат асарлари оз бўлса ҳам бор эди.
Бундан ташқари М.Горбачев ва А.Яковлевга ўхшаган демократик муҳит яратишга имкон берганлар ва ундан қонун-қоидани бузмасдан унумли фойдаланган болтиқ бўйиликлар билан бир мамлакатда эдик. Муҳитдан фойдаланиб илғорлардан ўрнак, билим ва кўмак олиб бу ҳаракатга онгли қўшилган ўзбек ҳам кўп эди. Ҳозир ўзбеклар ичида оз бўлсада уларни танийдиган ва улар танийдиганлар бор.
Агар, сиёсат ўзгармай вақт шундай ўтаверса саводли одамларнинг сони камайиб боради (мен билган талабалар ичида умуман китоб ўқимаганлари ҳам кам эмас). Умумий маданият даражасини юқорида кўп айтдим, уни қай даражада тубанлашганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Бундай шароитда раҳбариятдан «Горбачев, Яковлев» ҳам чиқмайди, Қорақалпоғистон шимолий-ғарбда жойлашгани билан Прибалтикага ҳам айланмайди (албатта демократия масаласида). Бизда уларни, уларда эса бизни биладиганлар ҳам тугайди. Ҳозир хукумат бизни бўғизлаб урса, ҳеч бўлмаса мурожаат қилганда, таниганидан ичи ачиб, ҳеч бўлмаганда «нега ураяпсан» деб сўрайди. Яна 10-15 йилдан сўнг бу имкониятларнинг барчаси йўқолади.
Айниқса ҳозир ҳукумат атрофидаги одамлардан ҳамма нарсани кутиш мумкин. Улар ҳокимиятни қўлларида ушлаб қолиш учун сиёсий саводи кам бўлган халқдан ҳам фойдаланиши мумкин (ҳокимият йўлида улар ҳеч нимадан қайтмайди). Раҳбарларининг ақл кўзи кўр бўлганда, халқнинг олдига чиқиб, масъулиятни ўз зиммасига олиб, уни тўғри йўлга бошлай оладиган озроқ сиёсий саводга эга бўлган арбобларни ҳам тайёрлаш керак. Бундай вақтда ташқаридан бирор киши келаолмайди, демак бу кишилар ичкарида бўлиши керак, ичкаридаги одамларни залга тўплаб гапхона қилишнинг эса мутлоқо имконияти йўқ. Ягона хавфсиз йўли мана шу ТВ бўлади. Партия тузишнинг имкони бўлмаса, лидерларни тайёрлаб бўлмайди деб қўлни қовуштириб ўтириш керакми, албатта йўқ партиясиз ҳам сиёсий ёки жамоат арбоби бўлиш мумкин. Партиялар эса кейин имкони бўлганда тузилаверади. Демак вақтни бой бермаслик факторини ҳам унутмаслик керак.
Мен бу масалани қарийб уч йилдан бери Холиқназар Ғаниев орқали мухолифатга айтиб келаман (чунки, у кишидан бошқани танимайман), лекин ҳеч қандай силжиш бўлгани йўқ. Ҳозир эса бу ишни мухолифат қилмаслиги керак деган хулосага келдим ва бунинг сабабини юқорида айтдим.
Лекин охирги вақтда бу ишни фақат ОЗОДЛИК радиоси қилиши мумкин ва керак деган хулосага келдим ҳамда ушбу хат орқали Сизларга мурожаат қилаяпман. >Ҳеч бўлмаганда сайлов ўтгунча йўлдош ТВ ни ташкил қилиш ўзбек жамиятига сув ва ҳаводек зарур>.
Салом билан Абдулла Қуватов
12-август 2007 йил
P.C. Фурсатдан фойдаланиб кўп йиллик тингловчи сифатида қилаетган фидоий ишларингиз учун раҳматлар айтиб миннатдорчилигимни билдираман. Ишларингизга омад, ўзларингизга соғлик ва эсон-омонлик тилайман.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Абдураҳим Пўлат
"Бирлик" халқ ҳаракатининг асосчиларидан, унинг Ташаббус Гуруҳининг, кейин Ҳаракатнинг раиси, Ҳаракат партияга...
Добавить сведения