04:01 - Абдураҳим Пўлат: Инсонга бахт учун кўп нарса керакмас (“Бирлик”нинг митингларидан бу кунги сиёсий хайриячиликка)
Машҳур рус шоирларидан ёки Рождественский ёки Евтушенконинг бир шеъри ёдимда. Инсон ўзини бахтли ҳис этиши учун унчалик кўп нарса керак эмас, деган ғоя асосида ёзилган шеър шундай сўзлар билан тамомланади: Человеку надо мало. Лишь бы кто-то дома ждал. Табиий, бу ерда «мало» сўзи, таъбир жоиз бўлса, ижобий киноя билан ишлатилган. Чунки, уйда кимнингдир, яъни севган одамнинг кутиши, аслида, энг катта бахтдир. Севгини мадҳ қилиш йўлида ишлатилган “Человеку надо мало”сатрларини мен бошқа ҳолларга кўчирмоқчиман. Биринчи ҳикоямни узоқдан бошлайман. 1. Ўзбеклар митингга чиқди 1988 йил сентябрь ойида ўзим ишлайдиган Кибернетика институтида олдимга бир йигит кириб келди. Институтимиз катта бўлгани учун ҳаммани танимасдим, аммо бу йигитни кўриб юрардим. Бизда ишлайдиган ака-ука профессор Абуталиевларнинг бирини аспиранти эди. У Таллинда командировкада бўлгани ва ўша ердан менга бир газета олиб келганини айтди. Эстония халқ фронтининг газетаси экан. Совға учун раҳмат айтиб, нима учун у менга бу газетани олиб келганини сўрадим. Унинг жавоби шундай бўлди: “Мен ўйлайманки, Сиз бундай нарсалар билан қизиқасиз”. Билмадим, у йигит буни қандай билди-ку, лекин қизиқиш ҳам гапми, мен Болтиқбўйи жумҳуриятларида бўлаётган воқеаларни ҳаёт-мамот масаласидек кузатиб борардим. Хусусан, ўша йили Таллин яқинидаги Қўшиқлар майдонида 300 минг кишилик митинглар ўтказилганидан ҳайратда қолганман ва уларга ҳавас қилганман. Нимага ҳавас қилганимни ҳамма тушунса керак-ку, ҳайратимнинг сабабини тушунмаганлар бўлиши мумкин. Гап шундаки, мен СССРдаги демографик вазиятни яхшигина ўрганиб борардим. Эстонларнинг ўз мамлакатларидаги сони 900 минг атрофида эди. Демак, ҳар уч эстондан бири митингга келибди. Ҳайрат эмасми? СССРда Компартиянинг яккаҳокимлиги конституцияга михлангани сабабли мамлакат сиёсатига таъсир этабилиш, тилимиз ва мустақиллигимиз учун курашнинг бирдан бир йўли митинглар эканини яхши тушунардим. Аммо, шуни ҳам билардимки, бизнинг ўзбекларга қуллик руҳи шунчалик сингдирилганки (масалан, пешонангга ёзилганини кўрасан деб), митинг сўзидан ҳам қўрқардик. Москвада ўқиб юрган йилларимда (60-чи йиллар) мустақиллик учун урушгача тайёр бўлган ўзбек студентлари етарлича бор эди. Уларнинг баъзилари билан 1988 йили гаплашиб, Оролни сақлаш комитети асосида Пирмат ака Шермуҳамедов билан тузмоқчи бўлганимиз Экологик Фронтга (кейин уни Халқ фронтига айлантириш режамиз бор эди) таклиф қилиб кўрганимда, эс-песлари чиқиб кетишгани ҳам ҳақиқат. Октябрь ойида Оролни сақлаш комитетининг мажлисига Ўзкомпартиянинг собиқ биринчи котиби, кейинчалик КПССнинг котиби ҳам бўлиб, ўзбеклардан чиққан энг юксак даражали давлат арбоби Нуриддин Муҳиддинов таклиф қилинди. У кишининг нутқида биронта пичоққа илинадиган жойи борлиги эсимда эмас. Мен муҳокамаларда чиқиб, шундай дедим: “Биз бу ерда тўпланиб олиб дод-фарёд қилаберганимиздан фойда кам. Ҳукумат барибир бизга қулоқ солмайди. Келинг, бугун ҳукуматга Очиқ хат билан мурожаат қилиб, ундан Орол денгизи муаммоси билан шуғулланишни бошлаши ҳақида ваъда талаб қилайлик. Жавоб бўлмаса, Комитетнинг кейинги мажлисини Ленин майдонида (ҳозирги Мустақиллик майдони) ўтказишимизни ҳаммага эълон қилайлик". Табиий, бу каби мажлис Ленин майдонида ўтказилмаслигини тушунардим. Мамлакатнинг бош майдонида митинг ва намойишларгина ўтказилади. Асл мақсадим, ўзбекларни тариихимизда илк марта митингга чақириш эди. Аммо, ўша пайтда одамлар митинг сўзидан ҳам қўрқишини билганим учунгина “мажлис” сўзини ишлатгандим. Мажлис президиумида ўтирган Нуриддин Муҳиддинов дарҳол минбарга югуриб келди. Мана унинг ўта эҳтирос билан айтган сўзларининг, балки, чақириқларининг қисқа маъноси: “Бу ёш фан докторини (исмимни ҳам билмасди – А.П.) огоҳлантирмоқчиман. Бундай гаплар билан келажагингизни барбод қилманг. Майдонда мажлис бўлармиди? Сиз халқни митингга чақирмоқдасиз. Ўзбек халқи ҳеч қачон митингга чиқмаган, чиқмайди. Бундай гапларни тўхтатайлик”. Мен ўйлайманки, Нуриддин ака кабиларнинг фикрича, “Ҳамма нарса Оллоҳдан, пешонангга ёзганини кўрасан” дея асрлар бўйи тарбияланган ўзбеклар митингга чиқмаслиги, мен кабилар ўзбекнинг букилган қаддини кўтартира олмаслиги аниқ эди. Мен эса, “Оллоҳдан баракат, биздан ҳаракат” деганлардан эдим. Орадан бир неча ойгина ўтди, “Бирлик”ни туздик ва 1989 йилнинг 19 март куни ўзбекларни ўз тилимизга давлат тили мақоми бериш талаби билан ўтказилган ўзбекнинг тарихидаги биринчи оммавий митинга олиб чиқа олдик. Олиб чиқа олдим, дейишга ҳам уялмайман. Мен ўзимни ўта мард инсон қилиб кўрсатиш ниятим ҳам йўқ. Ўша куни эрта саҳарда ҳеч кимга билдирмасдан уйдан чиқиб кетар экан, хотиним ва ўғлимнинг пешонасидан ўпдим. Чунки, бугун кулгили кўринса керак-ку, аммо, митингдан уйга қайтиб келаманми келмайманми деган савол бор эди ҳаёлимда. Ўша куни менинг энг бахтли кунларимдан бири бўлди. Қаранг, бахтли бўлиш учун қанчалик оз нарса керак. Миллат қаддини кўтарса бас. Аммо, минг афсуски, бахтимиз узоққа бормади. Халқим учун ўлимга тайёрман деб айюҳаннос солиб келган Салой Мадаминов, Дадахан Ҳасанов, Аҳмад Аъзам, Зоҳир Аълам, Дилором Исоқова, Сафар Бекжон каби ёзувчилар миллатга хоинлик қилдилар. Улар “митинг қилиш кўча чангитишдир, Абдураҳим Пўлатов халқимизни қон тўкиш йўлидан олиб кетмоқда”(булар видеотасмларга олинган) деб ва “Бирлик” раҳбарияти ичида кўпчилик эканликларидан фойдаланиб митинларни, демак, миллатнинг курашини тўхтатдилар, тахти тебраниб турган Каримовга катта хизмат қилдилар. Бунинг натижаси ўлароқ бугун халқимиз қулликда. 2. Сиёсий хайриячиликни йўлга қўймай олға кетолмаймиз Бугун менинг яна бир бахтли кунларимдан бери. Бахтли бўлиш учун кўп нарса керак эмаслигига яна бир марта амин бўлмоқдаман. Иккинчи ҳикоям шу мавзуда. Юқорида айтилган хоинликдан кейин “Бирлик” парчаланди, ўзимизни ўнглаб олишимиз учун вақт керак бўлди. Аммо, Каримов бу замон ичида тахтини мустаҳкамлаб олди ва энди керак бўлмай қолган хоинларни бир тепиб улоқтирди. Улар ҳали ҳам мухолифат ичида асосан бузғунчилик билан шуғулланаётганлари бу лавҳанинг мавзуси эмас. Мавзу ўз курашини ўта оғир шартлар остида ҳам давом эттираётган мухолифатнинг фаолияти билан боғлиқ бир кичик масалада. Ҳозир миллатнинг қаддини тиклаш, унинг келажаги учун мустаҳкам демократик пойдевор яратиш милат фидоийларининг молиявий ёрдамисиз самарали бўлолмайди. Биз бундан уч йилча аввал сиёсий хайриячилик, замонавий тилда айтсак, спонсорлик ҳаракати бошлашга бел боғладик. Спонсорлик системаси яратиш осон эмаслиги, Ғарб давлатларида бундай иш билан фондрайзер деб ном олган мутахассислар шуғулланишини аввал ҳам ёзган эдим.. Бизда бундайлар йўқ бўлгани учун, бу соҳадаги биринчи қадамни ўзимиз қилиб, фондрайзерликни ҳам бўйнимизга олдик. Тўғрироғи, мен ўзим бўйнимга олдим. Сайтимизда мен ёзган чақириқ ва хабарлардан маълумки, охирги сал кам бир йил ичида 2 минг долларга яқин хайрия тўпланди. Шуни очиқ айтиш керак, бизга ёрдам берганларнинг ҳаммаси шахсан танийдиган одамларим эди. Мен улар билан шахсан гаплашиб, сиёсий хайриячилик анъаналарини яратишда иштирок этиш ва бошқаларга ўрнак бўлиш учун молиявий ёрдам беришларини сўрадим. Бу йўналишдаги фаолиятнинг натижалари маълум, уни эълон қилиб бормоқдамиз. Аммо, шу кунгача биронта таниш бўлмаган одамдан, қайтариб айтаман, нотаниш одамдан ёрдам олмадик. Мен доим ўйлардим “Сайтимизни минглаб ўзбеклар ўқиётганини яхши биламан. Наҳотки, уларнинг ичида бизнинг ишимизни аҳамиятини тўғри баҳолай оладиган, миллатнинг ёрдамисиз узоққа бориб бўлмаслигини, диктатурадан қутулиш мумкин эмаслигини тушунадиган одамлар йўқ. “Томчи томчи кўл бўлур” мақолини эслатиб, одамларни томчилар томдиришга чақирдик-ку. Наҳотки, бизни тушунадиган, бизга ишонадиган одмлар йўқ?… Лекин, ахир бир кун келиб бундай одамлар пайдо бўлади. Миллат фидоийлари ўртага чиқади. Шундай кун келса мен ўзимни яна бир марта бахтли деб ҳисоблаган бўлардим”. Бугун шундай кун келди. АҚШнинг Теннесси штатидан келган 100 долларлик Money Order чекига менга нотаниш кишининг қуйидаги хати илова қилинган: Ассалому Алейкум! Ушбу конвертда “Бирлик” Партияси ва унинг “Ҳаракат” журнали учун арзимаган ёрдам пули. Ишларингизда омад тилаб қоламан! Ростдан ҳам бахтли бўлиш учун кўп нарса керак эмас экан одамга. Мени қанчалик тўлқинланганимни айтиб тушунтириш қийин.Эҳтирос билан тилимга келаётган баландпарвоз, лекин самимий сўзлар маржонини қоғозга тушириб улгуролмайман ҳам. Шунинг учун қисқа бўлмоқчиман: Азиз синглим, Сизнинг бу ҳимматингизни ҳеч қачон унутмаймиз. Катта қийинчликлар билан замонавий миллат бўлиш учун қилаётган ҳаракатларимизга Сиз ҳам ҳиссангизни қўшдингиз. Булар ахир бир кун мевасини беради. Миллатимиз ҳуррият ва фаровонликка эришади. Оллоҳ Сизга бахт ва омад беришини тилаб қоламиз. Абдураҳим Пўлат

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону