Актуал мавзу - 15 September 2007
04:01 -
Дилмурод САЙЙИД: Рауф Парфи шахси ҳимояга муҳтож эмас! ёки Абдураҳим Пўлат марҳумларни ҳам қоралашга ўтибди
Дилмурод САЙЙИД: Рауф Парфи шахси ҳимояга муҳтож эмас! ёки Абдураҳим Пўлат марҳумларни ҳам қоралашга ўтибди
Ёраб! Кўзингни оч! Ҳиддат суринди,
Тилсиз мозоротда ғимирлар оқшом.
Яланғоч ёбонда бир инс кўринди.
Сариқ алвастилар бўлди намоён,
Сен-да чибин каби чирпандинг.
Сен ёвуз бандасан-кирдоринг аён,
Сен ўлаксахўр, эй ирганч одам!
(Рауф Парфи ЎЗТУРК, 2003 йил)
Муҳаммад Мустафо (С.А.В.) ҳадиси шарифда: “Марҳумларни фақат яхши сифатлари ила эслангиз!”-дея марҳамат қилганлар. Ҳақиқий мўъмин Расули Акрам (С.А.В.)нингмуборак ҳадиси шарифу қудсийларига, васиятларига ҳеч бир истисносиз амал қилади.
Мен Абдураҳим Пўлатнинг 9 сентябр куни “Harakat” сайтида марҳум Рауф Парфи (алайҳи-р-раҳма)ни хотирлаб ёзган “Ёднома”сини ўқиб, “Бу одам (Абдураҳим Пўлат) нафақат Ўзбекистондан, балки мусулмончиликдан ҳам чиқиб кетиб бўлган экан”, деган мулоҳазага бордим! (Наузанбиллаҳи минҳу!)
Бу зотга аввалги битикларимда бир неча зид мулоҳазалар билдирганим рост. Ва яна бир-икки жумла шундай муносабатлар баёнига эҳтиёж сездим.
Абдураҳим Пўлат шундай ёзади: “Тошкентдалигимда Рауф ака “Бирлик”дан чиққани “Эрк”ка киргани ва боягина айтилган гапларига хиёнат қилганларини эшитганим йўқ эди. Демак, бу бир неча кун ичида бўлган. У киши бир неча кун ичида ўзлари нафрат билан қараб келган “Эрк” партиясига ўтиб, унинг Марказий Кенгаши аъзоси ҳам бўлиб улгурибдилар.”
Бу-БЎХТОН! Бу-Рауф Парфи дунёқарашига нисбатан Бўхтон! Чунки Рауф Парфи ҳеч маҳал бирор сиёсий оқимга нафрат билан қараган эмас! Балки бу оқимлар мавжудлиги уни қувонтирган. Айниқса, “Эрк”ка нисбатан Шоир нафрат билан қараши мумкин эмасди, бунинг сабаби “Эрк” раиси ва Шоир ўртасидаги муносабатларда кўринади. Чунки Шоир умрининг охиригача ҳам Муҳаммад Солиҳ шахсига ҳурмат билан қараган, Шоирни яхши билган одамлар айтар балки, унинг табиатида бир масала юзасидан икки қарама-қарши қутб бўлмаган. Демоқчиманки, Муҳаммад Солиҳ шахсига бўлган ҳурмати ҳеч маҳал “Эрк”ка нисбатан нафрат уйғотмаганлиги аниқ! Фикримизга аниқ далил сифатида Рауф Парфи ЎЗТУРК “Иймон Асири” шеърий тўплами (Уч китобнинг “Ғариб оғоч” 3-китоби)га ўз қўли билан ёзиб қўйган сўзбошини топиб ўқишликни тавсия қиламиз!
Мен Шоир билан умрининг кейинги уч йилида жуда кўп ҳамсуҳбат бўлдим. Ҳатто 2003 йил 17 июл куни Рауф Парфи билан суҳбатимиз “Даракчи” газетасида чоп этилди. Кўпчилик Шоирнинг шароб ичиши ва шу билан овуниши хусусида ўзаро суҳбатларда жуда саёз мулоҳа-залар билдирарди, аслида-чи? Аслида ЖАМИЯТДАГИ ЭНГ ҲУШЁР ИНСОН РАУФ ПАРФИ ЭДИ! Айнан шу ҳушёрлиги боис ҳам ғанимлари уни хўрлай олмадилар, мухлислари сира тарк этмадилар! Нимаики азият кўрган бўлса, фақатгина дўстларидан кўргани рост! Ҳатто ўлимидан кейин ҳам ўзини дўст билган айримлар Шоир хотирасини пулга чақиш илинжида юрибдилар, десам мен ҳақ чиқарман! Тириклигида ҳукумат очиқ босим қилолмади, аксинча УНГА БЕРИЛГАН ФАХРИЙ УНВОН ГУВОҲНОМАСИ ШОИРНИ КЎП КЎНГИЛСИЗЛИКЛАРДАН ҲИМОЯЛАДИ. Ўлимидан кейин ҳам ҳукумат бирор тўсқинлик қилмади, аммо унинг ижодини, ижодий меросини тилло тўплагандек тўплаб олаётганлар ва ҳеч ерда чоп этмаётганлар ҳам ўзини дўст ҳисоблаб юрганлардир! Лоақал биз каби мухлиси буюк инсонни хотирлаб қўлдан келганча кичик мақола ёзсак, биринчи бўлиб эътироз билдирган кимса ҳам ўзини Шоирга дўст санаганлардан бўлса, ажабмас…
Шу кунгача неча одам “Бирлик”дан “Эрк”ка ёки аксинча“Эрк”дан “Бирлик”ка ўтгани менга номаълум. Бу икки фирқа таъбир жоиз бўлса, бир-бирига нисбатан карвонсаройдек бўлиб ҳам қолганди анча йил олдин.
Майли, фирқаларни тинч қўяйлик, Абдураҳим Пўлатнинг “Ёднома”сига қайтайлик. Услуб бир хил: муҳтарам Ватандошлар хотирида бўлса, мен шу йил бошларида “Бирлик”ми ё кўнгли кирлик?..” сарлавҳали мақола ёзгандим. Унда “Harakat”да берилаётган мақолалар мазмуни далилларда танқид қилинганди. Ўша мақоламга туртки бўлган ва “Harakat”да эълон қилинган Суҳроб Исмоилов хусусидаги фикрлар мазмунан ҳеч бир ўзгаришсиз Рауф Парфи Ўзтуркка нисбатан баён қилинган, десам, ишонмаган одам солиштириб олар! Бу-фақат Абдураҳим Пўлатга хос услуб бўлиб, бошқа ҳеч ким бундай шаклда ёза олмайди! Бу матнларни қиёслаган одам унинг муаллифи учун тирикнинг ҳам, марҳумнинг ҳам фарқи йўқлигини билиб олади!
Беихтиёр Рауф Парфидан мисралар ёдимга келди:
Бош уриб тонглардан тонгларгача то
Виждон шевасига ташбеҳ излаймиз.
Одамда виждон ҳам бўлмасми, ҳатто!
Сўзлаймиз, жигархун бўлиб сўзлаймиз.
Сен, эй сен ҳилқатнинг ёвуз бандаси,
Не бало солгайсан маъсум бошларга,
Бўғилиб ётгандир виждонинг саси,
Бошингни ёрсанг-чи уриб тошларга…
Тўғри, мақола муаллифи Абдураҳим Пўлат, “Бирлик” фирқаси эмас! Аммо бу муаллифнинг бугунги мақомидан келиб чиққан одам у раислик қилаётган фирқадан оёқ тортса, ажаб йўқ!
Қизиқ-да, кимдир бирор фирқага аъзо бўлмоқчи бўлса ёки аксинча-фирқани тарк этиб, бошқасига ўтса, бу- ўша одамнинг шахсий иши-ку! Масалан, ўз вақтида компартия ва унинг мафкурасини кислород ёстиғидек эъзозлаган бир одам, ХХ аср 80-йиллари охирига келиб, нотўғри йўналишда эканини англаб қолдию, халқ номига боғлаб ҳаракат тузди! Бунинг учун энди уни иккиюзламачиликда ёки маънавий нособитликда айблаш керакми?
Дейлик, Рауф Парфи (алайҳи-р-раҳма) “Эрк”дан чиқиб, “Бирлик”ка аъзо бўлганида, Абдураҳим Пўлат уни қабул қилмасмиди? Агар бугунги иддаоси чин бўлса, қабул қилмаслиги керак! Аммо ҳозирда собиқ “Эрк”чилардан қанчаси “Бирлик”ка аъзо бўлганлигини эсласак ва А. Пўлат иддаосига қўшилишсак, бу “кўчманчи”ларнинг ҳаммаси қайсидир жиҳатдан ХИЁНАТЧИ эканларда, а?!
Яна беихтиёр Шоир мисралари хаёлга келади:
Мармарнинг майини йўқ,
Овқатнинг тайини йўқ.
Сен асли керакмидинг,
Сен бизга тиргакмидинг.
Алвидо, Ялпоқ Тувак,
Оғзингга қалпоқ Тувак!
Бу мисралар 1993 йил 15 сентябрда ёзилган. Шоирнинг буюклигини кўрингки, орадан 14 йил ўтиб ҳам “Тувак”(Унитаз)га ёзган “марсия” ҳатто сиёсий етакчилар фикрига жавоб бўлоладиган даражада экан!
Яна қайтараман, мақолани Абдураҳим Пўлат ёзган, “Бирлик” фирқаси эмас! Агар бу ҳолни бугунги аҳволи ночор мамлакатларга қиёсласак, жаҳон статистикасидаги қатор аянчли рақамларда мамлакат номини кўрамиз, холос! Аслида ҳар бир йўналишдаги аҳвол учун жавобгар шахс аниқ! Лекин негадир жавобгарнинг эмас, мамлакатнинг номи қайд этилади ва бундан жавобгари қандай бўлса, аҳволи шундай деган тушунча англашилади!
Яна Шоирдан сатрлар ўқисак:
Соқолимни юлма, ёқамдан олма,
Писиб оғу солма, чўнтагим йиртиқ.
Оқ-моқингни тиқма, йўлингдан қолма,
Ўзингнинг ошингни ўз мешингга тиқ…
Кимсан? Ялоғи ҳеч тўлмаган сагим?!
Аммо қонга тўлди менинг юрагим!
Мен ўз мулоҳазаларимни давом эттиришим мумкин эди, бироқ Рауф Парфи хотираси ҳимояга мутлақо муҳтож эмаслиги ҳақиқати бунга изн бермади! Фақат Абдураҳим Пўлатнинг 9 сентябр куни ўз сайти-“Harakat”да марҳум Рауф Парфи (алайҳи-р-раҳма)ни хотирлаб ёзган “Ёднома”-сини имконим кўтарар даражада кўпайтириб, Устозни таниган ва эъзозлаган инсонларга тарқатаман. Ижод билан сиёсатни ноўрин қориштирадиган ЛИДЕР хусусида одамларнинг ўзлари хулоса чиқариб олишар. Ва ўз номзодини Президентликка лойиқ ҳисоблаётган бу шахсга Рауф Парфи (алайҳи-р-раҳма)нинг чин мухлислари, ҳаётлигидаги чин дўстлари холисона муносабатларини билдиришар, албатта! Зеро, Абдураҳим Пўлат ўз мақоласида шундай таъкидлаган: “сиёсат болалар боғчаси эмас, миллат ва ватан тақдири ҳал қилинадиган майдондир”. Дарҳақиқат, шундай! Шу нуқтаи назардан ҳам шахсан мен МИЛЛАТ ва ВАТАН тақдирини Абдураҳим Пўлатга ўхшаш кимсалар ҳал этишига сира ишонмайман! Сиз-чи, Ватандошим?
Шу ўрнида яна бир фикрни алоҳида таъкидлаш жоиз кўринди: мен Абдураҳим Пўлатнинг бунгача ёзганлари ҳамда ушбу “Ёднома”сидан унинг дунёқарашини тушуниб етгандек бўлдим. Яъни, бу дунёқарашга кўра КИМ “БИРЛИК”ДА БЎЛСА, ФИДОЙИ ҲИСОБЛАНАР, КИМ “БИРЛИК”-ДАН ЧИҚСА, ХОИН АТАЛАР ЭКАН! Бу - Иосиф Сталиннинг фалсафасига ҳамоҳанг! Қолаверса, айнан Сталин даври қатағонларида энг кўп жабр кўрганлардан бири ИЖОД АҲЛИ эди! Мен Абдураҳим Пўлатнинг “Ёднома”сидан истибдоднинг аччиқ исини туйгандек бўлдим!
Хулоса ўрнида Ўзбек халқининг шоири Рауф Парфи (алайҳи-р-раҳма) сатрларидан келтираман:
Абадий коинот бирла қоламан,
Ўлсам чирқирайди овозим танда.
Энг янгроқ юлдузни узиб оламан.
Эзилган, хўрланган баргман тубанда,
Ёлғиз, ўзим-халқман, ўзим-оломон,
Мен шоирман ахир, шоҳман, эй банда!