Актуал мавзу - 07 June 2007
04:01 -
Самад Мурод: Дарча ортида
Самад Мурод
“Эрк” партиясининг раиси
Ўзбекистонда айни пайтда юзага келган ижтимоий-сиёсий вазиятни тақозо қилган омиллар ҳақида гап кетганда мухолиф қутбдаги аксарият сиёсатчиларнинг кайфиятларида якдиллик бўлмаса-да, қутб нуқтаи назаридан умумийликни кузатиш мумкин. Бу табиий, албатта. Ҳамманинг кўзи олдида кечаётган муайян жараённи ҳар ким ўз дарчасидан кўриб, ўз билганича талқин қилишга уринмоқда.
Талқинлар орасидаги тафввут эса кўпинча дарча ортидаги шахснинг тирикчилик тарзини белгилаб турган омиллар, ўраб турган ҳаётий муҳит таъсирида шаклланиши шубҳасиз.
Мамлакат ичкарисидан туриб билдирилган муносабат билан хориждан туриб билдирилган муносабат орасидаги фарқ худди довул чоғида хавфсиз қирғоққа чиқиб олган йўловчилар билан жунбушга келган уммонда кемани сақлаб қолишга уринаётган йўловчилар тушиб қолган икки хил муҳитни, муносабатлар эса, ҳар иккала гуруҳнинг юз берган вазиятга муносабатлари орасидаги нисбатни эслатади.
Ўзбекистон қонунлари амал қилмайдиган, хавфсизлик хизмати ходимлари қўли етмайдиган дахлсиз соҳилда яшаётган, айниқса тирикчилик даражаси мавжуд ҳукумат олиб борётган сиёсатга нисбатан ёғдираётган иддаолари оҳангидаги кескинлик даражасига боғлиқ бўлган «халоскорлар» қалбида «аланга олаётган жасорат тафтини» биз ҳам ҳис этиб турибмиз.
Ушбу «жасорат» намоён бўлган саҳналар ҳали ўтган асрдаёқ сиёсий мавзудаги юморга, кўнгилочар латифаларга айланиб бўлганини, рицарлар даври Дон Кихот вафотидан кейин бутунлай мозийда қолиб кетганини ижрочиларга тушунтиришнинг имкони йўқлиги афсусланарли, албатта.
Аммо, кемада қолиб, халқ билан бирга миллатнинг гирибонидан бўғиб турган бўҳронлар фаслидан чиқиб кетишга баҳоли қудрат уринаётган; нафақат, жамиятдаги мавқеи, балки ҳаёт-мамоти сиёсий хулқининг мўътадиллигига боғлиқ бўлган демократик мухолифат вакиллари енгиб ўтган, яна ва яна дуч келаётган муаммолар асло кулгили эмас.
Дахлсиз соҳилда, дарча орқасидаги ҳаётий муҳит билан бўҳронлар оралаб сузиб келаётган кема ичидаги ҳаётий муҳит орасидаги нисбатни томонларнинг тўғри баҳолай олмаслиги кўп ҳолларда муносабатларда жиддий англашилмовчиликларнинг келиб чиқишига ва тобора бачканалашиб бораётган сиёсий тарқоқликка сабаб бўлмоқда.
Cохта халоскор
Усти очилмаган саволлар ҳали жуда кўп:
- Советлар режими қулаб, ит эгасини таниёлмай қолган бир фурсатда турли сабабларга кўра миллий озодлик ва демократик эркинликлар учун кураш майдонига кириб, амалдаги ҳукумат сиёсий вазият тизгинини ўз қўлига киритиши билан муҳожиротга кетишга шошилган мухолифат вакиллари ҳаракати ҳақиқатдан ҳам жасоратмиди?
- Нечоғли оғир (таъқиб, тазйиқ, муҳтожлик, ҳуқуқсизлик) бўлмасин, Ватанда қолиб, баҳоли қудрат курашни давом эттирган, яъни шу шароитда яшаётган демократлар қарорини журъатсизлик деб баҳоланса, тўғри бўлармикин?
Дейлик, сиёсий қарашлари, эркин фикрлари учунмас, (асло) бор-йўғи қайсидир газетанинг бош муҳаррирлигидан бўшатилганидан иззат нафси оғриб, хорижга чиқиб кетган Исмат Хушев каби тадбиркор шахсларни (умумлашма тип сифатида мисол келтирдим. Шахсан Исматга ҳеч бир адоватим йўқ) мухолифат қаҳрамони деса адолатсизлик бўлмасмикин?
90-йилларнинг бошида ўзининг босинқирашга ўхшаш алмойи-алжойи қарорлари билан партиянинг сиёсий обрўсини тўкиб, фидойилар сай-ҳаракати билан эгалланган сиёсий позицияларни бой бериб бўлгач, партия, Ватан ва миллат манфаатларига тупуриб чиқиб кетган «Эрк» партиясининг собиқ раҳбари ўша дахлсиз хорижда ҳам ўзининг тўлақонли лидер бўлишига халал бераётган «қора кучлар» - дейлик «Бирлик» партияси раиси билан олиб бораётган кураш, наҳотки миллат озодлиги учун давом этмоқда?
Жаҳонгир Муҳаммаднинг таъбири билан айтганда Салой Мадаминов ўзининг пойинтар-сойинтар ҳаракатларини маъқулламаган ёки танқид қилган кишиларни иккиланмай «Ватан ва миллат хоини» деб эълон қилаверади. Наҳотки, у Ўзбекистон ва ўзбек халқини бир ўзида мужассам деб билса?
Ўзбекистонда маҳаллий ҳукумат, (буни тушунса бўлади) «Эрк» партияси бутун таркиби билан, кўзга кўринган «Бирлик» партияси фаоллари, «Эзгулик» каби нисбатан фаол иш олиб бораётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамиятлар ва ҳоказо...
Яқинда у бутун ўзбек халқини Ватан хоини деб эълон қилиб юборса, шахсан мен сира ажабланмаган булардим.
Буни қарангки, хорижда ҳам «миллат душманлари» кўп экан. Абдураҳим Пўлат, Жаҳонгир Муҳаммад, Бобур Маликов ... Бу рўйхатни ҳали давоми эттириш мумкин.
Энг муҳими, тилга олинган шахслар ўзбек демократик мухолифати фаолияти тарихида ўз ўрнига эга бўлган таниқли шахслардир.
«Эрк» партиясига дахли бўлмаган уч-тўрт нафар дордан қочиб ўтган «фидойи»лар иштирокида ўзича шайка тузиб, баландпарвоз номлар бериб, сал кам глобал кўламдаги «ташкилот»лар «тузиб» юрган бу шахс аслида ким деган саволга партиянинг 5-Съезди ўз жавобини берганди.
Бу саволга уни кўпдан бери ва яқиндан билган «Бирлик» раиси ҳам муносиб жавоб берган эди. Аммо ўз хатосини эътироф этиш учун инсонда қатор инсоний фазилатлар билан бирга озгина виждон ҳам бўлиши керак.
«Анойи» хориж сиёсатчиларини ўзининг ҳақиқатдан ҳам «буюк шахс», «миллат ва давлатнинг ягона халоскори» деган чўпчакка ишонтириш илинжида партия эҳтиёжи учун халқаро инсонпарварлик ташкилотлари томонидан ажратилган маблағларни тайинсиз «ижодкор»ларни ёллаб, ўзи ҳақида мадҳиялар ёздириб тарқатишга, қимматбаҳо меҳмонхоналарда маишат қилишга сарфлаб юрган кишининг амалларини миллат манфаатларига боғлашнинг сира иложи йўқ.
Бу ишларни сиёсатчининг роҳатбахш хатоси дейиш мумкин, қачонки мақсади ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонни фуқаролик жамиятига олиб ўтишдан ибрат бўлса.
Аммо, унинг асл мақсади шуҳрат орттириш, бойлик тўплаш ва маза қилиб шоҳона ҳаёт кечириш бўлса-чи? У ҳолда миллат ва партия манфаатларини пуллашнинг уддасидан чиқа олган УЧАРга тан бермай илож йўқ. У бу мақсадига эришди, ҳисоб.
«Буюк шахс»ларга жўн кишиларга хос бўлган имон, лабз, оқибат туйғулари ётдир
То ўзбек мухолифатининг таниқли вакили Жаҳонгир Муҳаммад ўз мемуарларидан боблар эълон қилгунча, С.Мадаминов шахсининг баъзи томонлари сирлилигича қолиб келарди. Аммо энди унга қисман обрў келтириб турган ушбу қоронғулик тубигача ёришди.
Коммунистлар доҳийси В. Лениннинг атрофдагиларга нисбатан «Кто не с нами, тот против нас» қабилидаги қатъий муносабатини ўзига ҳаётий қоида қилиб олган бу даҳонинг «миллатпарвар»лиги аслида ошхонада тугашини айтишга биз ҳам шу пайтгача андиша қилиб келгандик.
1991 йил сайловдан кейин раис билан менинг орамга чинакам совуқчилик туширган туркмани гилам воқеаси мени анчайин эсанкиратиб қўйганди. Вақти келиб бу воқеага қайтишга тўғри келади. Акс ҳолда муносабатлардаги чалкашлик чалкашлигича қолаверади.
Ўзбекистонда демократик ҳаракатларни жонлантириш учун хорижий инсонпарварлик фондлари ажратган маблағлар эвазига айнан шу В. Илъич таомилга киритган формула бЎйича бизга қарши, нафақат ёнидаги штатли иғвогарлари, ҳатто «Озодлик», «Би-би-си» каби бутун бошли радиостудияларнининг айрим лўттибоз мухбирларини сафарбар этган чоғларда ҳам, азбаройи унинг хатоларини такрорламаслик учун тилимизни тишладик. Биз бундай ҳаракатни партия номига номус деб билгандик.
Унда дўстлик, оқибат ва лабз каби ўзбек миллий менталитетига хос бўлган иммунитетларнинг йўқлиги ўзи билан бевосита бирга ишлаган, уни яқиндан биладиган фозил бир инсон томонидан ҳеч бир эътирозга ўрин қолдирмасдан аниқ далиллар асосида очиб ташланди ва энди бизнинг андиша қилиб ўтиришимиздан маъни қолмади.
«Бирлик» партияси раиси Абдурахим Пўлатнинг ушбу мавзуга билдириб келган муносабатига баъзи доираларда шу пайтгача хусусий адоват, ғараз маҳсули бўлиши ҳам мумкин, деган андиша билан ёндошиб келганлар ҳам бўлди. Аммо, энди ўша баъзилар унинг нақадар самимий бўлганлигига амин бўлишди.
Экстремистлар ва демократлар орасида жарлик
У жарлик аввалдан мавжуд. Бу жарликни тезроқ белгилаб қўймоқ керак, токи унга миллат қуламасин.
Биз - ўзбек демократик мухолифатининг мамлакатда ва хорижда турли номлар остида, аммо муштарак мақсад йўлида иш олиб бораётган вакиллари эндиликда аниқ биламиз:
- Амалдаги ҳукуматга нисбатан мухолиф кайфиятда бўлган соғлом конструктив кучлар етарли, аммо демократик об-ҳавони юзага келтириш учун жуда, жуда заиф.
- Ушбу заифликни юзага келтирган асосий омил эса бутун ўзбек мухолифатининг ягона лидерлигини қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган; жипслаша бошлаган гуруҳлар орасига суқилиб кириб, фуқаролик жамиятига ўтиш мақсадида бошланган демократик курашни умумхалқ исёнига, фуқаролааро қирғинга буриб юборишга уринаётган «Эрк» партиясининг собиқ раисидир.
У бор имкониятини ишга солиб, мавжуд ҳукуматга мухолиф кайфиятда бўлган барча кучларнинг демократлар атрофида бирлашишига тўсқинлик қилишга уринмоқда.
Мисол тарзида аввалига 2003 йил октябрида ташкил топган ва самарали иш бошлаган «Ўзбекистон демократик кучларининг Давра Кенгаши» таркибига қўшилиш учун, кейин эса уни амалда парчалаб ташлаш учун курашганини келтириш мумкин.
Навбатдаги ҳолатга қаранг: аслида эндигина иш бошлаган «Демократик конгресс»нинг имкониятидан бир мартага фойдаланиб, кейин эса уни йўқ қилиб ташлаш мақсадида унга келиб қўшилган ва бир кечада қандайдир глобал «ташкилот» тузиб, ўзини «Бутун ўзбек мухолифати”га ягона лидер этиб сайлангани ҳақида баёнот тарқатган бу даҳонинг асл мақсадини бошқача тушунишнинг иложи йўқ.
Наҳотки, у томга чиқиб олиб содир этилган бундай хиёнатдан кейин пастдагиларнинг нарвонни олиб қўйишлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган?
Кўр ҳассасини бир марта йўқотади дейдтлар. Аммо Ўзбек мухолифати ҳасса йўқотишдан негадир сира чарчамаётир.
Шубҳасиз, бу тарқоқ кучлар ягона қутбда бирлашмоқлари ва муштарак мақсад йўлида демократик табиатли курашни давом эттирмоғи керак. Бу курашдан қандайдир самарага эришиш учун эса, аввал унга халал бериб келаётган факторлардан қутулиши керак.
Дўстимиз, таниқли сиёсатчи Жаҳонгир Муҳаммад бу масалага кўп жиҳатдан ойдинлик киритди. Келинг, ҳар бир гуруҳни унинг мақсади ва табиатига мос ном билан атайлик.
Ҳокимиятни фуқаролар уруши орқали қўлга киритишга умид боғлаганлар ўзларига мос жангари тўдалар билан истаган мақомда уюшмалар тузиб олаверсинлар. Энди улар учун демократик шиорлар ортига бекинишдан фойда йўқ.
Бировлар тузган ташкилотларни ўғирлаш, тасодифий ҳодисалардан фойдаланиш, баландпарвоз баёнотлар тарқатиш, ўзгаларнинг обрўсини тўкиш орқали обрў орттиришни мўлжаллаган таваккалчи учарлар ҳам энди ўз тоифасини топиб, бир бирларини чув тушириб юраверишсин.
Демократ биродарлар, биз қачонгача шундай беқарор тоифаларга емиш бўлиб юраверамиз. Келинг, биз ҳам бегоналарни орамиздан сиқиб чиқариб, қатъий демократик тамойиллар асосида иш олиб борадиган барқарор бир ташкилот атрофида бирлашайлик.
Бўлгинчи гуруҳларнинг ҳаракати билан кейинги пайтларда ҳаракати бир қадар сусайган, аммо фаолиятда давом этаётган сиёсий уюшмалар: хорижда «Демконгресс» Ватанда эса «Давра кенгаши» сиёсий блокнинг ички ва ташқи бўлимлари сифатида демократик кайфиятдаги барча дўстларимизни ўз бағрида жамлаши мумкин.
Албатта, аввал муваққат бўлса-да мувофиқлаштирилган стратегия ишлаб чиқилиши ва барча субъектлар томонидан маъқулланиши керак. Акс ҳолда, яна иззатнафс масаласи кун тартибига қалқиб чиқиб, ишнинг белига тепиши мумкин.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
УСМАНОВ Ахмад Тугилович
Родился 14 января 1957 года в Кушрабатском районе. Имеет высшее юридическое образование. В 1981 году окончил Самаркандский государственный у...
Добавить сведения