06:01 -
Можаро
Миллат фидойилари билан “бошқалар” ўртасидаги МОЖАРА
"Можаро" фильми (mojara.zip 100 MB)
Ҳар бир мамлакат, ҳар бир миллатнинг тарихида сўнгсизга қадар қоладиган, миллат тарафидан ҳеч бир замон унутилмайдиган буюк воқеалар бор. Бундай воқеаларнинг мисоли сифатида муҳим жанг ёки урушдаги ғалаба ёки мағлубият, мустақилликка эришиш, мамлакатнинг келажагини ўзгартирувчи прогрессив инқилоблар, ёки аксинча, мамлакатни қоронғуликка судрашга йўл очган мағлубият ва сотқинликларни кўрсатиш мумкин.
Аммо, бир қарашда, оламшумулликни қўйиб туринг, эртага бировнинг эсида қолишини ўйламаганимиз оддий воқеалар борки, улар ҳам халқнинг тарихида абадий қолади. Бундай воқеалар, кўпинча, бир одамнинг шахсий мардлиги, миллатниннг юрагида из қолдирадиган бир нечта оддий сўзларидан иборат бўлиши мумкин.
Сиз ҳозир кўрадиган “Можаро” фильми миллатимизнинг яқин тарихига оид муҳим воқеаларга бой. Аммо, уларнинг ичида бир воқеа ўзбекларнинг тарихида умрбод қолади. Миллат бор экан, у ўз фарзандларини шу воқеани эслатиб тарбиялайди.
Бу қандай воқеа?
“Бирлик” халқ ҳаракатининг 1989 йил 1 октябрь куни ўтказилган митингининг талаби битта эди: “Ўзбек тили давлат тили бўлсин!” Бундай бўлишини истамаган, демак, митингни ўзига қарши акция деб ҳисоблаган Ислом Каримов ва унинг ҳукумати ўша куни эрталабданоқ митинг ўтказилиши эълон қилинган ҳозирги Мустақиллик (эски номи – Ленин) майдонини қатор-қатор милиционер ва аскарлар билан ўраб олган бўлиб, улар ҳеч кимни майдонга яқинлаштиришмас, одамларни каттароқ гуруҳларга тўпланишга ҳам йўл қўймасликка ҳаракат қилишарди.
Лекин бу ерга тўпланган минглаб ўзбекларни ҳеч ким тўхтатолмади. Улар милиция ва аскарларнинг қаторларини “Бирлик!”, “Бирлик!” деган ҳайқиришлар остида бузиб майдонга кирдилар. Ўзларини миллатнинг бир қисми деб ҳисоблаган бир қатор милиционерлар ортиқча қаршиликсиз одамларни майдонга ўтказиб юборишса-да, манқуртлари қаршилик кўрсатишди, баъзи митингчиларни калтаклашди, ҳатто, қон тўкишди.
“Можара” фильмини кўраётганда ўша милиция ва аскарларнинг қаторларини ёриб кирганлар орасида бир гуруҳ оппоқ соқолли боболаримизни кўриб, ҳар кимнинг кўзидан ёш келиши табиий.
Улар бу минтингда нима қилмоқдалар?
Савога жавобни кейинги кадрлардан топасиз.
Қаршингизда экранга милиционерлар тарафидан калтакланган мўйсафид чол чиқади ва қуйидаги сўзларини айтади: “Мен бу ерга ўз Тилим, Ватаним, Миллатим учун келдим”.
Қаранг, отахон “Тилимизга давлат тили мақоми берилсин”, “Ўзбек тили давлат тили бўлсин” деган расмий шиорларни айтмайди, балки айтолмайди ҳам, у “Тилим учун келдим”, дейди халос.
Аммо, бундан улуғ сўзлар борми ўзи бу дунёда? Ҳа, отахонамиз тортиб олинаётган тилимизни қайтариб олиш ҳақида оддий сўзларни гапиради. Унинг сўзларини буюклиги уларнинг оддийлигидадир
Машҳур ўзбек кинорежиссери Абдулазиз Маҳмудов тарафидан тасмага туширилган бу кадрлар ўзбекларнинг миллат эканлигини кўрсатувчи рамз сифатида умрбод қолади...
Шу билан бир қаторда фильмда “бошқа” ўзбекларни кўрасиз. Улар, яъни, Салой Мадаминов, Усмон Азим, Зоҳир Аъламларга кўра, Абдураҳим Пўлат ташкил этган бу митинглар миллатни қон тўкишга олиб боради, митинг қилиш – кўча чангитишдир. Каримовга ёлланган бу “бошқаларнинг” фаолияти туфайли, “Бирлик” энг кучга тўлган пайтда парчаланди, натижада, бугун халқимиз ўша Каримовнинг қулига айлантирилди.
Албатта, бу фильмнинг асосий қисми “юқоридагиларга ёқмай қолган Абдураҳим Пўлатовни” бўлғуси эркчилар томонидан халқ ҳаракатидан четлаштириш учун қилган ҳаракатлари ҳақида. Аммо, уни четлаштириш учун қўлларини шимариб Каримовга хизмат қилганлар ўткинчи нарсалардир.
Ҳа, шундай, улар – нарсалар.
“Мен бу митингга ўз Тилим, Ватаним, Миллатим учун келдим” деган отахонлар боқийдир. Новоий кўчасини тўлдириб келаётган “Бирлик”чи намойишчиларни кўраётиб, кўзингизга яна бир марта ёш келиб турган пайтда жаранглаётган Дадхон Ҳасаннинг қўшиғидаги қуйидаги сўзлар боқийдир:
Оқибат адо бўлур,
Ўз тилин йўқотган эл.
Кўзингни оч ўзбегим,
Уйғон энди, ён энди.
Қўшил бизнинг сафларга эй!
Майли кетсин жон энди!
Ҳақиқатдан ҳам, бу фильм бизни “жон кетса ҳам, миллат бўлишга чорлайди”.
Ичимизда исмини ҳам билмадигимиз отахонлар, бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз!
Ҳа, миллатмиз, аммо, минг афсуски, ҳозирча қулликдаги миллатмиз. Шу туфайли бу мазунинг ҳамма томонларини тилга олмасдан бошқа иложимиз йўқ.
Қаддини ростлаш учун кураш бошлаган миллат "бошқалар"нинг хоинлиги туфайли қайтадан қуллика туширилганини гапирар эканмиз, Дадахон Ҳасан ҳам ўша "бошқалар", тўғрироғи, хоинлар қаторига ўтганини айтиш мажбуриятидамиз. Бир томондан халқни "Қўшил бизнинг сафларга эй! Майли кетсин жон энди!" деб майдонларга чақириш, айни замонда, майдонларга чиқишни "кўча чангитиш" деганларга қўшилиш - миллатимиз тарихининг фожевий саҳифаларидан биридир. Шулар туфайли ҳозиргача қулликдамиз.