Актуал мавзу - 25 June 2018
01:01 -
Ҳуқуқ ҳимоячиси Исроил Ризаевнинг Ўзбекистон Президенти, БМТ ва ЕХҲТ ваколатхоналарига МУРОЖААТНОМАСИ (Шикоят тартибида. Очиқ хат) - 1-чи қисм
O’zbekiston Inson Huquqlari «Ezgulik» Jamiyati
Human Rights Society of Uzbekistan «Ezgulik»
Toshkent 100011, Usta Olim ko chasi 3 A uy
Tel: (+99897)131-48-72, (+99894) 581-44-42
E-mail vasila/iva@.com Website: http://www.ezgulik.org
№ Э/34
22.06.2018-йил
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.М.Мирзиёевга
БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига
ЕХХТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига
ва барча ОАВ.ларга
М У Р О Ж А А Т Н О М А
(Шикоят тартибида. Очиқ хат)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси-Т.Худойбергеновнинг ўқиши шарт эмас...
...Ҳар бир Инсон эътиқод эркинлигига ва уни эркин
ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз
ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот
ва ғояларни ҳар қандай восита билан давлат
чегараларидан қатъий назар, излаш, олиш ва тарқатиш
эркинлигини ўз ичига олади.
(Инсон Ҳуқуқлари умумжахон Декларацияси, 19 модда)
...Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан
биргаликда ваколатли давлат органларига...
ариза таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш
ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар
қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб
чиқилиши шарт.
(Ўзб. Респ. Конститутсияси 8-боб, 35-модда)
...Мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш
ва профилактикаси, айбдор шахслар жавобгарлигининг
муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни
ишлаб чиқиш: Давлат органлари... ҳамда уларнинг
мансабдор шахслари мурожаатлар тўғрисидаги
қонунчилик талаблари ва нормаларини бузганликлари
учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган
жавобгарлик хусусида қатъий огоҳлантирилсин.
( Ўзб. Респ. Президентининг “ Жисмоний ва юридик
шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини
тубдан такомиллаштиришга доир чора - тадбирлар
тўғрисида”ги Фармони.28.12.2016-йилдаги)
...Жисмоний ва юридик шахсларга, Давлат органларига,
ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка
тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи
кафолатланади. ...Мурожаат этувчига кўриб чиқиш
натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида
мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон
шаклда дарҳол хабар қилинади...
( “ Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари
тўғрисида ” ги Ўзб. Респ. Нинг янги таҳрирдаги
Қонуни )
... Ўзбекистонда жамиятни демократиялашувига ўз
ҳиссасини қўшиш, Инсонларнинг сиёсий ва фуқаролик
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Эзгулик” Жамиятининг
бош мақсадидир. Вазифаси: Инсон ҳуқуқлари соҳасида
аҳборот тўплаш, уни таҳлил қилиш (мониторинг) ва
тарқатишдир...
(Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти
Низоми 2-боб.)
Сирдарё вилояти прокуратурасининг Ўзбекистон Республикаси
Президентига ҳиёнати
1.Ўзбек давлатчилиги узоқ тарихга эга. Мустақилликка эришганимизга яқинда 27 йил тўлади. Давлатимиз Конституция бўйича суверен демократик республика деб эълон қилинган. Демак, давлат раҳбари-Президент Ҳалқ тарафидан тегишли муддатда умумий овоз бериш йўли билан сайланади. Давлатнинг бирдан-бир манбааси бу-ҳалқ ҳисобланади. Демак, амалдаги Ҳокимият (Давлат, Хукумат) ҳам Ҳалқ иродасига тегишли. Президентлик бошқарув шакли мутлоқ ҳукумрон (гегемон) бўлиб қолмаслиги учун Давлатчилик бир-бирини тийиб туриш мақсадида 3 мустақил тизимга (ҳокимиятга) бўлинган. Улар;
- Қонун чиқарувчи орган; (2 Палатали Олий Мажлис)
- Ижро этувчи орган; (Президент Девони, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳокимликлар, вазирлик, Давлат қўмиталари, агентликлар, корпорациялар ҳамда Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳоказолар)
- Суд ҳокимияти; (Вилоят, туман ва шаҳар судлари, Олий Суд ҳамда унинг таркибий тузилмалари)
Ушбу Давлат тузилмалари орасида ижро ҳокимиятчилигига тегишли Қонунийликни ҳимоя этувчи, ўз функциясига кўра, Республика бўйича амалдаги қонунларни бир хилда бажарилишини назорат қилувчи, қонунларнинг ва унинг ижросини барча (Инсонлар, фуқаролар) учун тенглиги принцпини амалга оширувчи орган бу-Прокуратура ҳисобланади.
Шу сабабдан ҳам биз ҳуқуқ ҳимоячилари жамиятимизга ўз бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш борасида ёзма мурожаат этишган фуқаролар манфаатида амалий ёрдам сўраб, асосан Прокуратура органларига тегишли тартибда мурожаатлар йўллаймиз ва асослантирилган жавоб кутамиз...
Хўш, тартиб шундай экан, Ўзб. Респ. Бош Прокуратурасига бўйсунувчи Сирдарё вилояти прокуратурасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига муносабат қандай?
2. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Сирдарё вилояти фаоллари 2016/2018-йиллар давомида фуқароларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида дастлаб Сирдарё вилояти прокуратурасига, сўнгра натижа 0 (ноль) га тенг бўлгач, тартиб бўйича Ўзб. Респ. Бош прокуратурасига, бир вақтнинг ўзида эса, республика Президентининг 2016-йил 28-декабрь кунги Фармонига асосан ташкил этилган Ҳалқ қабулхоналарига жами 102 та йўлланган асосли мурожаатларимиздан бирортаси ижобий ечим топмади!!! (3 тагина мурожаат тақдири шахсан ўзимизнинг иштирокимиз натижасида масала жойида ижобий ҳал бўлди)
3. Бу мурожаатлар замирида Халқаро ва миллий қонунчилигимиз томонидан ҳам оғир жиноят деб эътироф этилган жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан содир этилган жиноятлар ва бошқа турдаги жиноятлар;
- Одам ўлдириш, (қотиллик)
- Номусга тажоввуз этиш,
- Босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик ва ўғирлик,
- Коррупция, мансаб сохтакорлиги, меҳнат қонунчилиги,
- Фуқаролик паспорти олишдаги коррупция, Ҳокимият ва Прокуратура ҳаракатсизлиги,
- ИИБ тизимидаги, МИБ фаолиятидаги босқинчилик ва зўравонликлар ҳамда шу каби жамиятимиз учун ҳавфли бўлган иллатлар ташкил этади... (Биз муқаддам ҳам бир-неча марта республика Президенти виртуал қабулхонасига ва ижтимоий тармоқлар орқали “Сирдарё вилоятида очилмай қолган жиноятлар” сарлавҳаси остида асосли мақолалар чоп этган эдик)
Қуйида эса жиноятчилик, қонунбузарлик ва ҳуқуқбузарликлар аҳволининг мониторинги ҳамда Сирдарё вилояти Прокуратурасининг бу вазиятга нисбатан муносабатини янги далиллар асосида шарҳлашга ҳаракат қиламиз.
4. Яқин тарихга назар: Бундан 7, 8 йиллар аввал вилоят ёки Республика Прокуратурасига йўлланган мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқиларди, Прокурор (ва бошқа мансабдорлар) қабулига бемалол кириларди. Мурожаат муаллифларига қандай Қарор қабул қилинганлиги, иш назоратга олинганлиги, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки протест киритилганлиги тўғрисида ўз вақтида асослантирилган жавоб хатлари йўлланарди. Хатто ўзимизга кўплаб “муаммоларни ҳал этилишида мурожаат муаллифи иштирокини таъминлаб, маҳкама кучи билан муаммони бартараф этиб, қонуний қабул қилинган Қарор нусхасини илова этган ҳолда Республика Бош Прокуратурасига фалон йили фалон ойининг фалон кунигача юборилишини таъминлаш сўралади” деган жавоб хатлари олинар эди. (Архивимизда сақланмоқда)
5. Ҳозир аҳвол қандай?.. Биз ушбу навбатдаги мурожаатнома ва очиқ хатимиз орқали 2016-йилдан шу кунгача жамиятимизга неча нафар ҳақ-ҳуқуқлари Давлат органлари ва уларнинг мансабдорлари тарафидан бузилган фуқаролардан тушган ёзма мурожаатлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ баён этмоқчи эмасмиз. Бу ўта зерикарли жараён. Биз қуйида Президентимизга ҳамда кенг жамоатчилигимизга фақат 2018-йилнинг 5 ойи давомида ёзилган мурожаатлар ҳамда уларга нисбатан вилоят Прокуратураси ва Ҳуқуқ-тартибот органларининг муносабати қай аҳволда эканлиги бўйича айрим далилларнигина келтириб ўтамиз.
6. ...2012-йилда бир гуруҳ шахслар томонидан аввал номусига тажоввуз этилиб, сўнгра олган оғир тан жароҳатлари натижасида вафот этган, Гулистон туманида яшаган 1982-йилда туғилган И.Холиқназарова ўлими ва уни содир этганликда гумонланувчилар хозиргача муқаррар жазога тортилмаганлиги факти юзасидан (эксгумация натижасига кўра, марҳума ўлими олдидан жинсий зўрланганлиги илмий исботланиб, Ўзб. Респ. ЖК.нинг 118-моддаси бўйича иш қўзғатилса-да, бироқ вилоят МХХБ (ДХХ) аралашуви натижасида иш ёпиб юборилгач, биз жараённи давом эттириб, 2017-йилда ҳам Президентнинг виртуал қабулхонасига такроран мурожаат йўллаган эдик. 2017-йил 1-июнда аввалги қарор бекор қилиниб, Сирдарё вилоят ИИБ ТБ томонидан жиноят иши янгитдан иш юритувига олиниб, гўёки барча тергов ҳаракатлари олиб борилиб, (?) натижаси ўлароқ 22.06.2017-йилда ЖПК.нинг 364-моддаси 1-қисми, 1-бандига кўра, гўёки иш бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахс аниқланмаганлиги сабаб, жиноят иши яна ёпиб юборилган эмиш....)
Қизиқ, гумонланувчилар кимлигини, исми-шарифини, марҳуманинг яқин қариндошлари, маҳалла-кўй, улар орқали биз ҳам яхши биламиз-ку? Нега жаноб “ғўддайган” (Президент ибораси) Прокурорлар, ИИБ ходимлари бирров марҳумани яқинларидан ёки мурожаат муаллифи-бизлардан бир-бор сўраб кўришга журъатлари етмади экан?..
...2018-йил 9-июнь куни гўёки бизнинг манзилга жўнатилган Ўзб. Респ. ИИВ Тергов департаменти Бошқарма бошлиғи-Б.Э.Бердалиев томонидан тайёрланган жавоб хатини ўз ташаббусимиз билан интернетдан олиб танишсак, юқорида қайд этилган Сирдарё вилояти ИИБ ТБ томонидан муқаддам гўёки “кўриб чиқилган” ноқонуний, юзаки (сохта) текширув хулосаларидан айнан кўчирма сифатида кўчириб қўяқолганлигига амин бўлдик...
7. Яна шу туманда яшовчи фуқаро-С.Абдуалимовани Ўзб. Респ.Бош Прокуратураси хузуридаги СВОЖ ва ЖЛҚКД.нинг собиқ ходими-М.Бадиев номусига тажоввуз этганлиги ҳолати юзасидан у республикамизнинг барча Қонунийлик ва Ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этгач, гарчи гумонланувчи-М.Бадиев 2013-йил 6-июнь куни буйруқ асосида вазифасидан четлатилса-да, фуқаро-С.Абдуалимованинг номусига тегиш жинояти аломатлари аниқланмаганлиги сабаб, ЖПК.нинг “машҳур” 82-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган...
Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, жавоб йўллаган масъул-Б.Э.Бердалиев бизга “гумонланувчи-М.Бадиев Департамент ходими бўлганлиги учун ушбу ҳолат бўйича Прокуратура органларига мурожаат қилишимиз”ни маслаҳат берган!..
8. Яна шу каби оғир жиноят-номусга тажоввуз этиш жинояти юзасидан ташкилотимизга мурожаат этган Боёвут туманида яшовчи-И.Миррабиевани Сирдарё вилояти Молия Бошқармаси масъул ходими-О.Сувонов томонидан Гулистон шаҳар 3-мавзе, “Боғишамол” (собиқ Т.Ахмедов) МФЙ, 7-уй, 25-хонадонга олиб кириб, зўрлик ишлатиб номусига текканлиги, бунинг оқибатида жабрланувчи-И.Миррабиева ўзининг чап билагини 2 жойидан венасини лезвия билан кесиб юбориши ҳолати юзасидан 2015-йил 14-июль куни ЖИБ Мирзаобод туман Суди (С.Расулов) қарорига кўра, “гумонланувчи” Ўзб. Респ. МЖтК.нинг 41-моддасига (?) кўра маъмурий жавобгарликка (?) тортилиб, энг кам иш ҳақининг бир баробари (?) миқдоридаги жарима жазоси тайинланганлиги тўғрисидаги Сирдарё вилояти ИИБ ТБ томонидан муқаддам ёпиб юборилган иш жилдидаги айни жумлалар Б.Э.Бердалиев томонидан ҳеч бир таҳлилсиз кўчириб қўя қолинган...
9. Жамиятимизга навбатдаги оғир таркибли жиноят юзасидан 2015-йилда мурожаат йўллаган Гулистон шағрида истиқомат қилувчи фуқаро-Ф.Орзиқуловани унинг собиқ турмуш ўртоғи-П.Худойназаров сурункали маст ҳолда уйига бостириб келиб ғайри оддий усулларда жинсий эҳтиёжини қондиришлиги, хаттоки уни кўчада бир неча бор йўлини тўсиб, “орқанг оғримаяптими?” деб инсоний шаьни, қадр-қимматини, ор-номусини хўрлаётганлиги, энг асосийси “Мени қамайдиган хали онасини қорнидан туғилгани йўқ” деб, нафсониятига тегаётганлигини, бу ҳақда Прокуратура, ИИБ органларига мурожаат этиши ортидан экспертиза тайинланиб, хулосасига кўра жиноят аломатлари аниқланиб, унга нисбатан Ўзб. Респ. ЖК.нинг 119-модда, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилсада, ушбу жиноят иши бир-неча марта очилиб, яна ёпиб юборилган...
10. Шу каби жиноят туркумларидан яна бири-ташкилотимизга дастлаб 2018-йил 18-апрель куни, сўнгра такроран 09.06.2018-йилда шикоят йўллаган Сардоба тумани, Пахтаобод шаҳарчасида яшовчи фуқаро-Ж.Шодмонқулов ўз мурожаатида унинг синглиси-Л.Шодмонқуловани фуқаро-О.Бегматов 2017-йил февраль ойида Гулистон шаҳрининг 5-мавзесида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирига алдов йўли билан олиб бориб, унга куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказиб, номусига текканлиги жинояти бўйича Гулистон шаҳар ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиши натижасида фуқаро-О.Бегматовга нисбатан Ўзб. Респ. ЖК.нинг 118-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганлиги (2 та Судга оид тиббий экспертиза хулосаси мавжуд. Тан жароҳати етказиш ҳамда номусга тегиш бўйича) бироқ муаллифнинг баён этишича фуқаро-О.Бегматовнинг Прокуратура, ИИБ органларида ишлаган яқин қариндоши “аралашуви” натижасида иш ёпиб юборилганлигидан норози бўлган Ж.Шодмонқуловнинг такрорий шикоятида таъкидлашича, шу кунларда ушбу жиноят юзасидан иш қайта қўзғатилиб, (ташкилотимиз мурожаатидан сўнг) натижасига кўра 2018-йил 20-май куни гўёки “Л.Шодмонқулова фуқаро-О.Бегматов билан ўз хохишига кўра (?) жинсий алоқада бўлганлиги аниқланганлиги сабаб,” (?) ЖПК.нинг “машур” 83-моддаси 2-бандига асосан иш ёпиб юборилганлигидан жабрланувчи қўлида бир эмас, 2 та тиббий экспертиза хулосаси бор Л.Шодмонқулова ва унинг яқин қариндошлари тушунолмай, ҳайратда?!.
Энг қизиғи 20.05.2018-йилдаги ИИБ хулосаси бизнинг ташкилотга 1 ойлик муддатда ҳам келмагач, биз ўз ташаббусимиз билан 2018-йил 20-июнь куни (орадан 1 ой ўтиб) тасодифан Интернет кафелардан бирида мурожаат ҳолатини текшириб кўргач, ҳабардор бўлдик! Шикоят муаллифи эса, яқинда телефон орқали Гулистон шаҳар ИИБ ТБ терговчиси (ушбу жиноят ишини 1 ярим йилдан бери “ўрганаётган”) Музаффар исмли ходимдан вазиятни сўраса, у “ишни қайтадан ўзи ўрганаётганини”айтган. Ваҳоланки, мазкур жиноят иши бу вақтда аллақачон яна ёпилиб, юқорига ҳисобот кетган бўлган...
Бу ҳақдаги Сирдарё вилояти Прокурори 1-ўринбосари-О.Қўлдошев бизнинг номимизга 15.05.2018-йилда ёзган, бироқ манзилимизга жўнатилмаган юзаки жавобини ҳам тасодифан интернетдан олдик... (бир ой аввал гўёки жўнатилган...)
(Давоми бор)