Актуал мавзу - 11 January 2016
01:01 -
Юсуф Жума: Сийратнинг суврати, Ёхуд Ўликшоҳ (Сўнги, 8-қисм)
(Турон қаҳрамони Эврил Турон (Мамадали Маҳмуд) га бағишлайман)
Шоир Шўрлик Бош шаҳарни пиёдалаб кезди. Тунни кўчада ўтказди. Четроқдаги скамейкаларнинг бирида тонгни оттирди. Сўнгра якин дўстларининг уйларига йўл йўлакай кириб ўтишга қарор килди. Тўғри дўстлари, сафдошлари унга аввал ҳам сохта илтифот қилар, кўнгли сезиб турарди. Бироқ энди Шўрлик бошқа Шўрлик. Ҳар бирининг асл қиёфасини кўрмокчи эди. Мана таниш бекат, таниш уй, таниш хонодон.. Шўрлик эшик қўнғирогини босди. Бу ўзини халқ қаҳрамони деб биладиган, фидойи миллатнинг зўри Эрбургут эди.
- Ким?
- Шўрликман!
Эшик очилди, Шўрликнинг рангги учиб кетди. Фақат овоз ўша-ўша, киёфа эса, ё тавба, ўзини эрларнинг эри, миллатнинг шери деб биларди. Калтакесак экан, урғочи калтакесак экан. Ҳақиқий калтакесаклар об ҳавога қараб ўзгарса, бу вазиятга қараб ўзгарар, шайтоний қиёфаси эр эди. Ё фалак бир очофат калтакесак эди.
- Кани Шўрликжон, киринг ичкарига, киринг Шўрликжон!
- Шўрлик ҳайратдан саломни ҳам унутди. Эрбургут калтакесакнинг боши тулки бош эди. Тулки бош сайрарди.
- Киринг Шўрликжон, киринг! Қайси шамол учирди. Роса соғинтирган эдинггиз!
Шундай деб жой ҳозирлаш учун ичкарига кириб кетди. Шўрликнинг кўзлари ичкарини ҳам кўриб турарди.
- Ким келибди, дада?!- суради, Эрбургутдан ўғли.
- Шўрликжон келибдилар!
- Шўрлик, Сассиқ қишлоқи нима қилиб юрибди. Бизникида бало бормиди?!
- Сассиқ қишлоқими, бошқами, шоир. Унга эшик ёпсак маломатга қоламиз. Келажак олдида тавқи лаънатга коламиз.
- У келса биздан Илон Кўрим хафа булади. Бизга барча йўллар ёпилади.
Илон Кўрим букун подшо, эртага йўқ. Шўрлик эса шоир. Йўқса ўзимнинг ҳам кўзим учгани йўқ эди.
- Ўзинггиз биласиз, сиёсатинггизга тупурдим.
Эрбургут ўғлининг киёфаси илон эди. Кўрмол илони, ё фалак, йўқ, йўқ. Кўзойнакли илон. Кўзойнаги бор эди.
- Сиёсатнинг нони керак, болам, йўқса мен хам тупурардим. Сиёсат деб грант оламан. Одамлар бурда нонга зор, бизда мўл кўлчилик, - деди Эрбургут.
Гарчи ота бола уч девор орқасида пичирлашиб гаплашса ҳам Шўрлик уларни кўриб турарди. Уларнинг гап сўзини эшитиб турарди. Сиёсатнинг нони ширин, ўзи эса пуф сассиқ, деб ўйларди Шўрлик. Майли, яхшими ёмонми, итми илонми бир пайтлар тузини тотганман, хайрлашиб жўнаб қоламан. Шўрлик Эрбургут таклифини рад этди, хайрлашиб кета бошлади.
- Кирсанггиз бўларди! Мириқиб суҳбатлашардик. Уч тўрт кун меҳмон бўлардинггиз. Ўғлим ҳам кўпдан буён суҳбатинггизни олмоқчи эди, хафа бўлади, - деди Эрбургут.
- Хайр, бошқа вақт имкони бўлар, - хайрлашди Шўрлик.
Шўрлик Бобомурод Ғарабдулланинг уйига йўл олди. Бобомурод Ғарабдулла тинимсиз муқаддас китоблардан гапирар, ҳадисларни оғиздан қўймасди. Унинг гапларига Шўрлик узоқ вақт алданиб юрди. Бобомурод Ғарабдулла шоир Шўрликнинг ишончига кириб, унинг номидан фойдаланди, грантлар олди. Мана унинг уйи. Юқори қаватлардан бирида турарди, эшигу деворлар ортида Бобомурод Ғарабдулланинг оиласи овкатланарди. Ё фалак боши тулки бўлган улкан каламуш эди. Стол устидаги бор нарсани бир бошдан еб бошлади. У ҳаддан ташқари тез ер мана у ўзининг олдини бўшатди. Хотининг олдидаги овкатга қўл чўзди, мана бир яшар ўғилчасининг олдидаги ширинликни ҳам олиб еди. Боланинг ризқини ҳам еди. У каламуш эди, кетқуртлардан иборат каламуш эди. Бироқ тулки бош тилидан худони куймасди. Турли номлар билан Шўрликка қарши туҳматномалар ёзарди, у ҳатто Шўрликни худосизликда айблади.
Шўрлик эшик қўнғироғини хаёл билан босиб юборганини билмай колди. Бобомурод хадик билан эшикка қаради. Хотинига қани қарачи ким экан деб эшикка имо килди. У қўрқоқ эди. Кусхарий СНБсига хизмат қилса ҳам Кусхарийдан қўрқарди. Грант илинжида Шўрликка эргашиб юрганини Кусхарий жаллодлари кечирмайди деб ўйларди. Аслини олганда Шўрликнинг гапларини олиб туриш учун СНБ унинг ўзини танлаганди. Шундоқ бўлса ҳам Кусхарийдан қўрқарди. Хотинининг панасида эшик томон келди. Бу жиранч каламуш эшиги қўнғироғини босгандан кўра ортга қайтиб кетаверсам бўларди деб пушаймон килди Шўрлик.
- Ким? - деди хотини
- СНБданман очинг эшикни! - бир оз овозини ўзгартириб гапирди Шўрлик.
- Бобомурод йўқ! - деди аёл. Бобомурод Ғарабдулла хотини ортида туриб сийиб юборди. Бу ғалати каламуш уйида овоз ўчди колди. Шўрлик бундан севинди. Улар билан юзма юз туришга тоқати йўқ эди. Шуни ҳам, шу бесақол каламушни ҳам инсон деб йўллар юрибмана ўкинди, Шўрлик.
Кейин Толиб Теракнинг уйига борди. Толиб Терак қизларга балиқ пиширтираётган экан. Шўрлик эшик ўнғироғини босди, ичкари кўриниб турарди.
- Ким? - деди Толиб Терак.
- Менман, Шўрликман!
- Ҳозир!
Толиб Терак шундай деб қизларига секин пичирлади.
- Балиқни совутгичга қўйинглар, эртага пиширамиз. Шўрлик келибди. Бизникида ётиб қолса керак. Чой пой қўйинглар бўлади. Кўзим учиб тургандек қайси гўрдан пайдо бўлди.
Қизларига шундай деб Толиб Терак эшикни оча бошлади.
- Хуш кўрдик Шўрлик, хуш кўрдик! Қайси шамол учирди?
Шўрлик унинг асл қиёфасини кузата бошлади. Ғоятда даҳшатли: Толиб Терак семиз тўнғиз эди. кетқуртлару гўнгқўнғизлардан иборат тўнғиз эди. Ҳар бир ҳужайрасининг ярми кетқурт, ярми гўнгқўнғиз эди. Бахтга қарши Толиб Терак қучоқ очиб келарди. Шўрлик ортга тисланди, кейин қоча бошлади. Толиб Терак бу ҳолдан ҳайрон эди. «Нима бўлди, тинчликми, Шўрлик?». Шўрлик қочиб қолди. «Жинни бўлибди шоир, қочиб қолди. Бир ҳисобдан яхши балиқни пишираверинглар» - деди Толиб Терак қизларига.
Шўрлик Бошкентнинг марказий кўчаларидан биридан пиёдалаб борарди. Атрофга назар ташлади ҳамма тамонда Илон Кўрим Кусхарийнинг сувратлари осилган эди. Биноларнинг деворларида ҳам, йўл ёқаларида сувратлар учун махсус ўрнатилган, мармар билан безатилган суврат осгичларда ҳам Илон Кўрим Бесақолий сувратлари осилганди. Навбатдаги сайловга тайёргарлик кўриларди. Тағин мамлакат президентлигига Ўликшоҳ—Илон Кўрим Кусхарий номзоди қўйилганди. Яна Илон Кўрим! Ягона номзод. Кусхарий қиёфадошларидан бири чиқиб, халққа қучоқ қучоқ ваъдалар беради. Шоир Шўрлик ғазаб билан тез-тез қадам ташларди: «ўликка овоз берадилар баттар бўлсинлар бу қавм ҳозир Кусхарийнинг ўлигига овоз беради. Юз йилдан сўнг ўлик тупроққа айланса, Кусхарийнинг тупроғига ҳам овоз беради. Илон Кўрим Кусхарийнинг тупроғи ҳам бу халқни юз йил бошқаришга қодир. Ё фалак! Бу дунё одамзотнинг тубанлигини намойиш этадиган саҳнангми?!...»
Шундоқ ўйлар билан Бошшаҳарнинг бош бекатига йўл олди.
Шоир шўрлик Бошшаҳар яқинидаги шаҳарчага келди. Шаҳарчада турма – зиндон бўлиб дўсти Мамадали шу зиндонда эди. Шоир аввал ҳам бу шаҳарчага келган, зиндонни қидириб топган, бироқ унга Мамадалини кўришга рухсат беришмаганди. Букун Мамадалини кўриш имкони бор. Энди рухсат сўраб ўтирмайди. Кўзлари ҳар қандай девор ортини кўра олади. Қатор-қатор деворлар ортини кўра олади, қат-қат ер остини кўра олади. Шўрлик турма яқинига борди. Турманинг асосий қисми, маҳбуслар сақланадиган қисми ер остида эди. юқори қисмида қўриқчилар, турма маъмурияти жойлашган эди. зиндоннинг камералари зах, тор бетон катаклардан иборат бўлиб, не-не йигитлар шу камераларда жон беришди. Тоғдек-тоғдек йигитлар, асл инсонлар тариқдай тариқдай бўлиб, парча-парча бўлиб, эзилиб, чириб бу зиндондан чиқиб, оммавий оммавий қабристонларга кўмиб ташланарди. Ҳар куни бесаноқ йигитлар ўлдирилар, ҳақ деганлар ўлдирилар, шайтоний қиёфали нокаслар уларнинг қонини ичарди. Шўрлик камераларни кузата бошлади. Кўпгина маҳбуслар ўлдирилган, лекин камералардан ҳали олинмаган, айримлари зах сувларда чириб ётарди. Ё фалак, асл инсонлар бу ерларда ўлиб ётибдилар, чириб ётибдилар, ё қийноққа солинмоқдалар, разиллар, нокаслар ялло қилмоқдалар, ё фалак, нега жим турибсан, нега бир чорасини топмайсан, нега …
Э мана Мамадали! Қонга бўялган Мамадали, неча йиллардан буён кўрмаганди. «Мамадали» деб юборди. Бироқ унинг овозини Мамадали эшитмасди. Мамадалини бадбашара кетқуртлардан яралган миршаблар, киндигидан пастки қисми қанжиғу, юқори қисми илону тулкидан иборат айғоқчилар қийнашарди. Бу ғалати маҳлуқлар инсон Мамадалини қийноққа солишмоқда. Ҳар бир ҳужайраси кетқурту гўнгқўнғиздан иборат аҳли разолат ҳар бир ҳужайраси шер бўлган Мамадалини қийнашарди. Кўзи оламни мукаммал кўра оладиган бўлгандан кейин ойнайи жаҳонда чечинларни кўрганди. Уларнинг ҳар бир ҳужайраси шер эди. асл инсон эдилар. Мамадали ҳам шундоқ инсон эди. ҳар бир ҳужайраси шер эди. ё фалак, ҳар бир ҳужайраси шер бўлган эр йигитни ҳар бир ҳужайраси кетқурту, гўнгқўнғиз бўлганлар, қанжиқлар азоблашарди, хоинлар, озодлик душманлари қийнашарди. Мана унинг тирноқларини қўпора бошлашди. Аввал қўлининг тирноқларини қўпориша бошлади. Биринчи – бош бармоғининг тирноғини қўпоришди. Бироқ Мамадали додламади, ҳатто оҳ ҳам демади. Жаллодлар унинг додлашини кутишарди. Бироқ у додламади. Ғазабланган жаллодлар бошқа тирноқларини қўпора бошладилар, бироқ Мамадали додламасди, оҳ демасди. Ҳар бир азобдан сўнг Шўрлик додларди. Мамадалига берилаётган ҳар бир азобдан сўнг дод деб юборарди. Шўрлик додларди. Кўчадагилар, ўтиб қайтаётганлар ҳайрон эди. «бу телба нега додлаяпди?» - сўрарди бир биридан, оломон. «Мамадалини қийнашяпди, қўлларининг тирноқларини қўпоришмоқда, оҳ, мана оёқларининг тирноқларини қўпоришяпди, дод, дод…», - бақириб додларди Шўрлик. Атрофига оломон тўплана бошлади, оломон куларди. «Жинни, одамлар, жинни, кўринглар. Жиннини кўринглар», - дерди бир бирига оломон. « Мамадали ким бўлди, ўзига ўхшаган бир жиннидирда», - дейишарди оломон.
Мамадалини қийноққа солиш давом этарди. Қўлу оёқларининг тирноқлари қўпорилган, энди оёқларининг остида ўт ёқишди. Мамадалининг оёқлари куя бошлади, шоир дод деб юборди, бироқ Мамадалидан овоз чиқмасди. Унинг шер ҳужайралари куяр, бироқ қилт этмасди. Фақат шоир Шўрлик додларди. Ахир дўстининг кўраётган азобларини тоғу тошлар кўрса ҳам додлашарди. «Мени шундоқ қийнашганда Мамадали менинг ўрнимда бўлганда мендан ҳам баттарроқ додларди, тоқат қилолмасди. Бироқ ўзини қийнашганда қилт ҳам этмади», - деб ўйлади Шўрлик, - дод-деб ҳушидан кетди.
Миршаблару айғоқчилар етиб келишиб Шоир атрофидаги оломонни ҳайдаб юборишди. Айғоқчилар беҳуш Шўрликни машинада кулбаси олдига ташлаб кетишди. Шоир ўзига келганида атрофида итлари бор эди. Итларидан бири оёғига бошини қўйиб олган, бошқа бири қўлларини ялар, яна бири юзларини ялар, қолганлари атрофини ўраб, кўзларида ёш билан унга термулишарди. Шоир бу ҳолда қанча ётганини билмасди. Ҳушига келгач яна Мамадалини ўйлай бошлади. Кўзидан ёш қуйила бошлади. Итлари кўз ёшларини ялар, ўзлари ҳам кўз ёш тўкардилар. Итларининг бошларини силай бошлади. Итлари Шўрликни, Шўрлик итларини соғинганди. Шоир судралиб кулбасига кирди. Бир оз ёнбошлаб ўзини ўнглаб олди. Сўнг ювинишга уринди. Ювиниб бир оз енгил бўлди. Бироқ оёқлари қалтирай бошлади. Ёстиққа бош қўйиб оёқларини узатди. Аммо оёқларининг қалтирашини унитиб тағин Мамадалини ўйлай бошлади. Узоқ ўйлади, ўйламасликка уринди, эплолмади. Кўзи илиниб туш кўра бошлади. Тушида жаллодлар Мамадалини қийнашарди. Тирноқларини қўпоришарди. Остидан ўт ёқиб томоша қилишарди. Шўрлик дод деб юборди, уйғониб кетди. Уйи чароғон эди. Гарчи ярим тун бўлса ҳам, чироқ ўчирилган бўлса ҳам кулбаси чароғон эди. Овозлар эшитилди, Шўрлик ҳайрон бўлди. «Кимлар келди экан, менинг бола чақамдан бошқа йўқлайдиганим йўқ, улар хорижда», - овозга қулоқ солди. Асадулла Ортиқнинг овози эди. «Ё тавба, раматлик оламдан ўтган эдику».
- Нималарни ўйлаяпсиз, шоир! Мен оламдан ўтганим йўқ, фақат жасадимни ерга қўйишди, руҳим тирик, мана мен, ҳолинг қандоқ?
Шўрлик бошини кўтариб атрофида асл инсонларнинг руҳларини кўрди. Энди Шўрликнинг кўзлари руҳларни ҳам кўра бошлади. Чиндан ҳам Асадулла Ортиқ ёнида эди. Асл инсон, ундан - Асадулла Ортиқ руҳидан нур ёғиб турарди. Шовруқ руҳидан нур ёғиб турарди. Эмин Усмон руҳидан нур ёғиб турарди. Тағин Шўрлик танимайдиган, Кусхарий зиндонларида ўлганлар руҳларидан нур ёғиб турарди.
- Ассалому алайкум,биродар, - деди Асадулла Ортиқ.
- Ассалому алайкум , биродарлар, - деди Шўрлик.
Энди шўрлик кўзлари руҳларни ҳам кўра бошлаган, қулоқлари руҳлар овозини эшита бошлаган эди, кулбасини Илон Кўрим зиндонларида шаҳид бўлган у таниган ва танимаган сафдошлари руҳлари тўлдириб турарди. Асадулла Ортиқдек фидойилар руҳлари тўлдириб турарди. Асадулла турмада ўлмаган бўлса ҳам, Илон Кўрим зулмидан оғир дардга чалиниб, шаҳид бўлганди. Бу хокисор инсон асл инсон эди. сирти ва сийрати ҳам асл инсон эди. Кулбасидаги руҳларнинг бариси асл инсонлар руҳлари эдилар. Шўрлик кўзларига ёш қуйилди, тили сўзга келмай қолди. Кўз ёши тимасди, оқаверарди, оқаверарди. Қонга тўлган юраги тез-тез урарди.
- Нега йиғлайсиз, биродар! – деди Асадулла Ортиқ, - Бизни кўрганингиздан севинмайсизми?!
- Бу севинч ёшлари, биродарлар! Сизларни соғингандим. Тангрининг инояти билан сизларни кўрадиган, Сизлар билан суҳбатлашадиган бўлдим. Тириклар ичида Мамадалига ўхшаган эрлар зиндонда, очиқда фақат сотқинлар қолган. Бу оламда итларимдан бошқа дўстларим қолмаганди. Мана сизларни кўра бошладим, севинганимдан йиғлаяпман, биродарлар!
«Биродарлар» сўзи Асадулланинг энг кўп ишлатадиган сўзи эди. у сафдошларини, дўстларини биродарлар дерди. У бор жойда бошқалар ҳам шундоқ қилишарди.
- Биродар, Шўрлик, - деди Шовруқ, - Ахир биз сендан бир зум ҳам йироқ кетмаганмиз. Доим сен билан эдик, афсуски, буни кўрмасдинг, тинглай олмасдинг. Ҳеч қачон сендан айрилган эмасмиз, бекорга тушкунликка тушгансан.
- Мамадали ёнига борганингда ҳам сен билан бирга эдик, сен ўртанганда биз ҳам ўртандик, - деди Эмин Усмон руҳи.
- Рўзи маҳшаргача биргамиз! Биз биродарларни ҳеч ким ажрата олмайди. Ҳатто ўлим ҳам ажрата олмадику! – деди Асадулла
- Қара биз бутун бир лашкармиз, биз қудратлимиз, биз золимлардан ўч оламиз! Мамадалиларни озод этамиз! Юртни озод этамиз! Зулмдан, золимлардан, Кусхарийлардан, Кўрзинолардан озод этамиз! – деди Шовруқ..
Улуғ руҳлар навбати билан сўйлашарди. Буюк руҳларни тўрга чиқариб, ўзи пойгакда ўтирган шоир Шўрлик энди унсиз йиғларди. Негадир юраги эзилиб йиғларди. Унинг унсиз йиғлаётганини сезган итлар ташқарида нола чекардилар, увлардилар…
(Тамом)
2007 йил