Актуал мавзу - 06 January 2016
01:01 -
СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУРНИНГ УЗУГИ
Абдулла Тошқин
Хайит Ғафур
Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг ҳайратомуз ва бебаҳо узуклари ҳақидаги маълумотлар йигирманчи асрнинг сўнги чорагида Афғонистон, Туркия ҳамда ғарб мамлакатлари - Франсия, Италия, Буюк Бритария, Австрия ҳамда Америка Қўшма Штатлари матбуотлари саҳифалирида кенг ёртила бошланди.
Ўз навбатида Соҳибқирон Амир Темурнинг узуклари ҳақида Жанубий Туркистон ўзбекларининг марифатли кишилари - шоиру ёзувчилари, дунёвий илм вакиллари ўз қўлёзма асарлирида бу ҳақда кенг қамровли маълумотларни ёзиб қолдирганлар.
Бир минг тўққиз юз олтмиш бешинчи йилда, Афғонистонда ислом дунёсининг таниқли мутасаввуф олими Ҳирот шаҳрида туғилиб яшаб ўтган Хўжа Абдулла Ансорий таваллуд топганининг минг йиллигини нишонлаш учун халқаро қўлёзмалар илмий анжумани ўтказилади.
Муҳаммад Зохиршоҳ илмий анжуман иштирокчиларига мурожаат қилиб Султон Ҳусайн Бойқаро ва Мир Алишер Навоий қабрларини очиб, тадқиқотлар олиб боришни бюради. Қарорга биноан Ризо Моил Хировий, ота боболари Бухоролик бўлган, шоир ва адиб, аллома Устод Халилулло Халилий, академик Салоҳиддин Салжўқий, Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идораси бошқармаси бошлиғи Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ва бошқа бир қанча ҳорижий экспертлар иштирокида ҳайъат тузилиб қабрлар очилиб, тадқиқотлар олиб бориш ишлари бошлаб юборилади. Ўйлаб кўрилса, аслида Ҳусайн Бойқаро ҳамда Алишер Навоий қабрларининг очилиши зарурати бўлмаган, лекин шунга қарамай Мухаммад Зохиршоҳ таниқли мутасаввуф олим Хўжа Абдулла Ансорий таваллудининг минг йиллиги баҳонасида қабрларни очтиради.
Албатта, Зохиршоҳ аждодлардан авлодларга етиб келган, аслан Соҳибқирон Амир Темурга тегишли бўлган узук ҳақидаги оғзаки ривоятларни эшитган, шунингдек тарихий қўлёзмаларда Ҳусайн Бойқаронинг бу узук билан кўмилгани ҳақида ўқиган бўлишлиги эҳтимолдан холи ҳам эмас.
Шундай тарихий асарлардан бири, йигирманчи асрнинг биринчи ярмида Афғонистонда туғилган дунёга машҳур тарихчи олим Мирмуҳаммад Ғубор "Афғонистон тарих оқимида" (Афғонистон дар масири тарих) китобида Амир Темурнинг ўз фарзандларига қолдирган васиятномаси, шунингдек узуги, оти ва қиличи ҳақида малумотлар келтириб ўтган.
Муҳаммад Ғубор ўз китобида Амир Темур ўлими олдидан оти ва муҳрли узугини Ҳиротдаги суюкли ўғли Шоҳрух Мирзога васият қилиб қолдиради. Бу китобда васият иштирокчилари орасида Мироншоҳ ва Сароймулкхоним ҳам бўлганлари ҳақида малумотлар бор.
Қабрларни очдиришдан эса Зохиршоҳнинг мақсади узукни қўлга киритиш эди. Халқнинг кўз ўнгида, ўз даврида ва келажак авлодлар назарида ҳам бир узук учун Султон Ҳусайн Бойқаронинг қабрини очтирибди деган маломатдан ўзини асраш учун илмий анжуманни сабаб-баҳона қилиб кўрсатган.
Султон Ҳусайн Бойқаронинг қабрини очишда иштирок этган ҳайъат азолари, марҳумнниг чап қўл кўрсатгич бирмоғидаги ғаройиб узукга кўзлари тушади. Ушбу ноёб узукни таниқли афғон олими Ҳалилулло Халилий ўша пайтдаги Афғонистон подшоси Муҳаммад Зохиршоҳга совға қилган(?).
Узук Муҳаммад Зохиршоҳда то минг тўққиз юз етмиш учинчи йилга қадар сақланиб келган. Аммо, Зохиршоҳ Италияга расмий ташриф билан борган пайтда, қулай фурсатдан фойдаланган унинг жияни Муҳаммад Довуд сарой тўнтаришини амалга ошириб Афғонистон тахтини эгаллайди.
Римда истиқомат қилиб қолишга мажбур бўлган Муҳаммад Зохиршоҳ минг тўққиз юз етмиш тўртинчи йилнинг йигирма еттинчи майида Муҳаммад Довудга ушбу мазмунда мактубни йўллайди.
"Олийқадар Муҳаммад Довудхон жаноби олийларига". "Ниҳоят самимий қизғин саломларимни сизга йўллаб, барча аркону давлатларингиз билан Сизга соғлик-саломатлик, узоқ умур ва келажак ишларингизда ўлкан ютуқ, омадлар тилаб, қон-қариндошларингиз номидан қуйидаги илтимоснома билан мурожат этаман.
Албатта, каминангизнинг ҳурмат ва илтимосини бажо этгайсиз. Менинг иш жойимда Султон Ҳусайн Бойқародан қолган бир дона нодир қўлёзма ва бир дона қимматбахо узукни менга юборсангиз бас деб умид қиламан. Менга бошқа мулку давлат керак эмас. Сизга ҳурмат ва эъҳтиром билан Муҳаммад Зохиршоҳ. Рим, 1353 ҳижрий-шамсий йил, 7 жавзо".
Ўз навбатида омма орасида, узук хақида бахслар юритилиб улар томонидан, нега Хусайн Бойқаро бирмоғидаги узуги билан кўмилди дея берадиган саволларни кутиш табиий. Бу саволларга жавобан Темурийлар тарихининг билимдони Али Файзийнинг "Хусайн Бойқаронинг сирли ўлими" рисоласида бу ҳақида етарлича малумотларни ўқиш мумкин.
Рисолада Султон Ҳусайн Бойқаронинг Шайбонийга қарши курашга отланиши, йўлда Бобо Илоҳий мавзейига етганида қўшинни тўхтатишга қарор қилиниши, бунга сабаб Ҳусайн Бойқаронинг кутилмаганда ахволи оғирлашиб сўнг вафот этгани борасида маълумот берилади.
Ҳусайн Бойқаронинг кутилмаган ўлими ҳаммадан сир тутилиб, ўша ерни ўзида тупроқга берилади. Кўмишдан олдин унинг қўлидаги узукни харчанд харакат қилсаларда ечиб оломайдилар. Айримлар бармоқни кесиб узукни олишликни айтсаларда аммо қўшиндаги уламолар бундай ҳаракатга қарши бўладилар ва ўз-ўзидан узук Султон Ҳусайн Бойқаро қўлида қолган ҳолида кўмиб юборилади.
Жаҳондаги кўпчилик асори-антиқалар билан шуғулланувчи олимлардан базилари бу узукни Амир Темурнинг узуги десалар, баъзи олимлар, "Йўқ, бу узук Султон Ҳусайин Бойқаронинг шахсий муҳридир" деб ўйлайдилар. Олимлар ва тадқиқотчиларнинг қандай фкирда эканликларидан қатъий назар, Темурийлар давлатининг муҳри сифатида бу узук халқимиз тарихидаги энг ноёб ва бебаҳо бойликдир.
Муҳаммад Зохиршоҳ билан Муҳаммад Довуднинг ёғишмалари давом этаётган бир пайтда Қобулдаги "Арки Шохий" саройининг бош қўриқчиси, генерал Муҳаммад Зиё бу қимматбаҳо узукни ўғирлаб, яширин равишда Австрияга жўнайди.
Орадан кўп вақт ўтмай узук Австрия музейларининг бирида пайда бўлиб қолади. Бу ҳақида газеталарда бирин-кетин мақолалар эълон қилинади. Лекин бу жараён узоқ давом этмайди. Узук ҳам, уни Австрияга олиб келган генерал Мухаммад Зиё ҳам изсиз йўқолади.
Газеталарда берилган хабарларга асосланиб Австрия политсия изқуварлари бир ой давомида узукни топиш ниятида чора-тадбирлар излайдилар. Лекин бу уринишларнинг ҳаммаси самарасиз якун топади. Узукни топа олмайдилар.
Айнан шу пайтларда франсуз газеталарида Амир Темур узугининг Лувр музейида пайдо бўлиб қолганлиги ҳақида ёзишади. Мақолалар билан танишган санъат мухлислари узукни томоша қилиш ниятида музейга киришади. Лекин улар музей залларининг ҳеч қаеридан узукни топишолмайдалар.
Бироз вақт ўтиб матбуотда яна шов-шув кўтарилади. Гўёки "узукни Британия музейи қўлга киритган эмиш". Бу хабар ҳам ўз тасдиғини топмайди. Шу билан Амир Темур узуги ҳақидаги турли хил гап-сўзлар тинчиб қолгандек бўлади.
Орадан яна бир икки йил ўтади. Санъат мухлислари узукнинг Нью Йоркдаги "Метрополитен" музейида пайдо бўлиб қолганлиги ҳақида хабар топишади. Бу ҳақда газеталар ҳам ёзишади.
"Мен деб эслайди, - филология фанлари доктори, халқаро Юнеско мукофоти лаурияти Пирмат Шермухаммедов, - 1990 йилнинг июнь ойида Вашингтонда бўлганимда Бухоронинг сўнги амири Сайид Музаффар Олимхоннинг қизи, "Америка овози" радиосининг сухандони Шукрия хоним билан тасодифий равишда танишиб қолдим. Суҳбат орасида мен ундан "Метрополитен" музейида сақланаётган Амир Темур узуги ҳақида сўрадим.
- Хабарим бор. Ҳақиқатдан ҳам буюк бобомиз Амир Темурнинг узуги "Метрополитен" музейида сақланмоқда. Мен уни ўз кўзим билан кўрдим. Вақт топсангиз сиз ҳам музейга тушиб кетинг!
- Бу қимматбахо ёдгорлик қайси йўллар билан Нью Йоркга келиб қолган? - сўрайман Шукрия хонимдан.
Шукрия хоним бир зум жим қолди. Сўнг ҳикоясини бошлади.
- Аслида бу узук ҳозир "Метрополитен" музейида эмас, Афғонистоннинг собиқ подшохи Муҳаммад Зохиршоҳнинг қўлида бўлиши керак эди. Нима учун дейсизми? Шунинг учунки, Султон Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротдаги сағанасини текширган афғон олимлари унинг ўнг кўрсатгич бармоғидаги шу узукни Муҳаммад Зохиршоҳга совға қилишган.
Давлат тўнтарилиши туфайли ёдгорлик Муҳаммад Довуднинг ихтиёрига ўтган. Узук Муҳаммад Зохиршоҳга қайтариб берилмаган. Мен бу ҳақда Италиянинг пойтахти Римга сим қоқиб, Муҳаммад Зохиршоҳдан интервю олдим.
Унинг айтишича, генерал Муҳаммад Зиё ва унинг одамлари узукни ўғирлашиб, яширинча Австрияга олиб келишиб қимматга сотишмоқчи бўлишган. Шу орада қимматбахо ёдгорликдан хабар топган Лувр ва Британия музейлари маъмурияти узукни сотиб олмоқчи бўлишган. Лекин улар айтган баҳо генерал ва унинг одамларига маъқул бўлмаган. Ана шундан кейин генерал Нью Йоркга йўл олади ва бу ерда бадавлат бир ҳомийни топади.
Самимий суҳбати учун Шукрия хонимга миннатдорчилик билдириб, кунинг иккинчи ярмида Нью Йорк томон йўл олдим. "Мана рўпарамда "Метрополитен" музейи. Секин музейнинг эшигини очаман ва чуқур ҳаяжон билан залга кираман".
"Экспонатларни бирма-бир кўздан кечира бошлайман. Ва ниҳоят узукни топдим. Ойнаванд қути тагида сақланаётган узукни томоша қилар эканман дунё тарихидаги энг буюк, энг доно шахс бўлган бобом Амир Темур Соҳибқиронни ва унинг авлоди Султон Ҳусайн Бойқарони кўргандек, улар билан бевосита мулоқот қилгандек бўламан. Ахир бу узук Темурий подшоҳларнинг яхши кунларида ҳам, оғир кунларида ҳам ҳамиша уларга ҳамроҳ бўлган. Бу узук не-не воқеаларнинг жонли шоҳидидир".
Энди Амир Темур ва Султон Хусайн Бойқаронинг узуги ҳақида айрим илмий манбаларда тилга олинган фикрлар билан танишиб кўрайлик. Люсен Керен ва Акмал Саидовнинг "Амир Темур ва Франсия" китобида ҳам бу узук ҳақида сўз юритилган: А.Саидов: - "Амир Темурга тегишли турли ашёвий далиллар дунёнинг кўп бурчакларига сочилиб кетган. Шулардан бири Соҳибқироннинг узугидир". "Айтишларича Амир Темур бармоқларининг изи қолган муборак ва мўътабар олтин узук муҳр Нью Йоркнинг машҳур "Метрополитен" музейи экспонатлари орасида Марказий Осиё Санъатининг ноёб намуналари қаторидан ўрин олган".
Санъатшунос Э.Грюбенинг "Ислом санъати" номли китобида узук муҳрнинг рангли тасвири берилган. Олтин узук ўймакор исломий нақшлар билан безатилган. Халқа кўзига нефрит тоши ўрнатилган. Халқа хошиясида хатти насх ёзуви бор, тош жойлашган кўзи тагида қандайдир куфий хати битилган. Ҳозирча ёзувларни ўқиш имкони бўлмаган, чунки хошиянинг катта қисми кўринмайди. Муҳр шакли ҳам номалум.
Тарихий манбаларда ёзилишича, Сильвестер де Саси Франсия қироли Шарл тўртинчига ёзган хатида Соҳибқирон Амир Темурнинг муҳрли узуги борлиги ҳақида ёзиб ўтган.
Люсен Керен: "Темурбекнинг муҳрига келсак, ҳақиқатдан ҳам Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшох ва Клавихоларнинг айтишларича, унинг узук муҳрида уч кичик халқа ва форс тилида "Рости-Русти" (Куч адолатдадир) шиори битилганлиги ҳақида маълумот беришган. Амир Темурнинг Карл тўртинчига ёзган хатига ҳам ана шу муҳр босилган. Лекин унинг сиёҳи ўчиб кетиб текширишнинг иложи бўлмай қолган".
"Уч ҳалқа масаласига келсак, бу кўп мамлакатларда илоҳий ва сирли саналган уч рақамига иловадир. Муғуллар бу рақамни зафар ва бахт рамзи сифатида ишлатишган. Уч рақамини ўзини ўзига кўпайтирилса самовий "тўққиз" рақамини олиш мумкин деб ҳисоблаганлар. Бу муҳрдаги уч ҳалқа ва ундаги ёзувлар Соҳибқирон Амир Темур зарб эттирган тангаларида ҳам учрайди, лекин барча тангаларда ҳам эмас. Амир Темурнинг туғида (гербида) бу муҳридаги уч ҳалқа ва бошқа сўзларни топа олмадим".
Афғонистоннинг собиқ Маданият Вазири, Зохиршоҳнинг яқин дўсти Абдулҳамит Мубориз "Афғонистон беш аср орасида" (дарий тилида, "Афғонистон дар панж қарнахир") номли беш томлик тарихий китобида Султон Ҳусайн Бойқаро қабридан топилган узук ҳақида ҳам анча маълумот бериб ўтган.
Айрим манбаларда қайд этилишича Соҳибқирон Амир Темурнинг қўлларида бўлган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган олтин қиличлари Эрон мамлакатининг Машхад шаҳридаги музейида, салобатли совут кийимлари эса Туркияда, "Темур тузуклари" ва Мирзо Улуғбекнинг "Зижжи Жадиди Курагоний" қўлёзмаларининг асл нусхалари Франсиядаги Ротшильд музейида сақланиб келинаётган экан.
Шу ўринда Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли фарзанди Султон Шоҳрух Мирзо вафотидан сўнг узук илк бор кимни қўлига ўтган ва қай ҳолда сақланган? Узук қандай қилиб Султон Ҳусайн Бойқаро қўлига тушиб қолган деган саволлар ҳали ўз ечимини топмаган?
Бу саволларга жавоб беришни ўтмиш Туркистон тарихидан изланишлар олиб борадиган татқиқотчи олимларимизнинг ҳукумларига ҳавола этамиз. Албатта умид қиламизки келажакда, тарихчи олимларимизнинг изланишлари оқибатида узукнинг тарихига доир саволлар ўз ечимини топади.
Энди диқатингизни яна бир асосий масалага қаратмоқчимиз. Яъни, тарихий манбаларга асосланиб узукни Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсий мулки деб билсак, ўз навбатида ҳукумдорнинг давлатни ички ва ташқи сиёсатидаги бошқарувида ҳар қандай қонунларни, ўзга мамлакатлар ҳукумдорларига ёзилган хатлар ва мамлакатлараро тайинланган элчилар номига берилган ёрлиқларни тасдиқлашда узук муҳр базифасини ҳам бажарган.
Демоқчимизки узук Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсий мулки бўлиш баробарида ундаги муҳр у бунёд этган давлатнинг асосий рамзларидан бири бўлиб ҳам хизмат этган. Демак узукдаги муҳр Соҳибқирон давлатнинг мулки ҳисобланади. Шундан экан ҳар икки ҳолатда ҳам ҳозирдаги Ўзбекистон давлати Темурийлар салтанати бойликларининг ҳақли вориси эканлигини инобатга олиб Буюк Темурга тегишли бўлган узук муҳр, совут хамда қилич ва унинг саройи ҳисобидаги бўлган моддий бойликлар Ўзбекистонга қайтарилишини амалга ошириш керак.
Бундай дейишимизга сабаб, ўтмишда яшаб ўтган аммо турли жараёнлар натижасида, шунингдек жангу жадалларда буткул қириб ташланган скифлар, лотин ва бошқа халқлардан қолган ёдгорликлар умумбашарий бойликлар ҳисобланади. Умумбашарий бойлик ҳисобланишига сабаб эса, бу бойликларни ўз мулки сифатида даво қилувчи ва тасаруфига олиш ҳуқуқига эга бўлган халқларнинг ўзи қолмаганлигидадир. Биз ўзбеклар (Туркистон турклари) эса ҳали бормиз.
Шунинг учун ҳам бу мақолада келтириб ўтган даволаримиз беўрин эмас. Сабаби ўтмиш аждодлардан бизларга тегишли бўлган ҳудудлар, тахт, туғ, рамз, муҳр, шунингдек бошқа моддий ва маданий ёдгорликлар бу тарихимизнинг бир парчаси бўлибгина қолмай миллатимизнинг ва келажак авлодларимизнинг бедахл мероси-мулки ҳам ҳисобланади.
05.01.2016
Шведсия