Актуал мавзу - 25 November 2011
06:01 -
Нотинч давлатларда ҳарбийларнинг ўрни ва Ўзбекистоннинг келажаги ҳақида
“Нотинч” иборасининг аниқ тарифини бериш билан иш битмайди. Биз бу ерда давлат структураларини яратиш охирига етказилмаган Марказий ва Жанубий Осиё, Араб ва бошқа бир қатор Африка мамлакатларини назарда тутишимиз керак. Ўзбекистон бу рўйхатда бўлгани учун, бу мавзу биз учун ҳам муҳим.
Араб мамлакатларининг ҳаммаси ва Покистонда ҳарбийлар мамлакатнинг хўжайинларидир. Бундай бўлишининг сабаби – ҳарбийларнинг бирдан бир мақсади давлатни қўлда тутишдир, яъни ўзига хос аскарлар диктатурасини яратишдир, дейиш хато бўларди. Чунки, ақли расо одам тушунадики, бу мамлакатларда ҳарбийларнинг сиёсатдан чекиниши - ўрта асрлардаги каби исломий фанатизмга асосланган, ҳар қандай замонавийликни қабул қилмайдиган, демак қолоқликка маҳкум бўлган давлатларга айланиш бўларди. Бировга ёқадими ёки ёқмайдими, тан олиш керакки, ҳарбийлар бугун муллалардан прогрессивроқ кучдир.
Бу масалада Туркиянинг ўрни биз учун жуда муҳим. Чунки, Туркияда ҳарбийлар сиёсий саҳнада катта роль ўйнашади, баъзи вақтлар ҳукмрон ҳам бўлишган, аммо ҳеч қачон демократиянинг афзалликларини унутишмаган, исломнинг илдизлари чуқур бўлган жамиятга демократияни қадамма-қадам айнан улар олиб киришган. Бу ишнинг бошида улуғ Отатурк турган. Фақат турган эмас, ўзи яратган механизмнинг ишлаш моторларини ҳам яратиб кетган. Бу механизм ва моторлар ҳали ҳам ишламоқда.
Очиқча айтиш керакки, бу механизм мукаммал бўлмаган, ҳозир ҳам мукаммал эмас. Аммо, турклар бундан бошқасини яратолмадиларку. Ҳозир ҳокимиятда бўлган исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси эски механизмларни бузмоқчи эканлигини ортиқча яширмаяпти ҳам. Аммо, янги мехнизм таклиф қилолаётгани йўқ. Очиқча айтмаса ҳам, ҳамма нарсанинг давоси сифатида Ислом динини кўраётгани ҳам сезилиб турибди. Бу мутлақо хато йўл бўлиб, Туркия бу йўлга ўтолса, секин-аста Эрон каби чаламуллалар давлатига айланади.
Туркия ўз муаммоларини ўзи ҳал қилади. Шубҳа йўқки, у ерда Ғарб моделига асосланган давлатчилик оёқда қолади ва мустаҳкамланади.
Хўш, Ўзбекистон қайси йўлдан кетиши керак. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат биз учун намуна Туркиядаги каби давлатчилик яратишдир деб, мустақилликнинг биринчи йилларидан бери гапириб келади. Ҳозир бу масала устида чуқурроқ ўйлаш вақти келди. Кўриб турибмизки, Ўзбекистода 20 йилдан бери ҳокимиятда ўтирганлар ислом фанатизмнинг олдини олиш учун демократиядан мутлақо воз кечиб, қонли репрессив тузум яратишдан, бошқа йўл топишолмади, кўринишидан, уларнинг юқорироқ савияда ўйлаш қобилияти ҳам йўқ.
Демак, бу масала устида ўйлаш ҳам демократик мухолифатнинг вазифаси бўлиб қолаверади.
Ҳозир ҳеч қандай шубҳа йўқки, мавжуд режим ўзгартирилгандан кейин ҳам, Ўзбекистонда демократияни қонунлар йўли билан чеклаш орқалигина фанатизмнинг олдини олиш мумкин бўлади. У ҳолда армиянинг сиёсатдаги роли ортадими? Армиянинг ўзини фанатиклардан асраб бўладими? Масалан, Туркияда асраб бўлди, аммо Покистонда асраб бўлмади.
Саволлар кўп, бироқ жавоблар ҳали аниқ шакллантирилмаган. Яъни, жавобнинг борлигидан ташқари, уни жамият ҳозирги аҳволида тушуноладиган даражада шакллантирилиши ҳам муҳим нарсалигини эсадан чиқармайлик.