Актуал мавзу - 21 May 2010
06:01 -
Баҳром Шокиров: намойишчиларнинг ўққа тутилишини билсак, уларни майдонга чиқармас эдик
10 май 2010 йил
Ўзбекистон ҳукумати Баҳром Шокировни Андижондаги исёнчилар раҳбари, деб атаган
Ўзбекистон ҳукумати Баҳром Шокировни 2005 йил 13 майида Андижонда расман 187 кишининг ўлимига сабаб бўлган қонли воқеаларнинг ташкилотчиларидан, деб атаган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси 2005 йил сентябрида тарқатган расмий хабарда Баҳром Шокиров ва ўғиллари - Шарифжон, Ҳасанбой ва Ҳусанбой Шокировлар 2005 йилнинг январ-апрел ойларида Қирғизистон жанубидаги ҳарбий жамлоқда жанговар тайёргарликдан ўтганликлари даъво қилинади.
Ҳозирда Швецияда бошпана топган Баҳром Шокиров бу иддаоларни рад этади ва Андижондаги юзлаб намойишчиларнинг ўлимида ҳукуматни айблайди.
Баҳром Шокиров 1941 йил 3 январда Андижон шаҳрида таваллуд топган.
1972 йилда Андижон Давлат педагогика институтининг тарих бўлимини сиртдан битирган.
Хўжаобод туманидаги интернат-мактабда дарс берган.
Институтни битириб, Тошкентдаги "Спортлото" филиалида хизмат қилади.
1988 йилда Андижонга қайтиб, бир йил Андижон вилоят ички ишлар бошқармасида инспектор лавозимида ишлаганидан сўнг, "Маяк" кооператив уюшмасини очиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлайди.
1991 йилда "Раҳбар" кичик корхонасига асос солган.
1990-йиллар охирига келиб, корхона фаолияти кенгайиб, қандолатчилик, қурилиш, мебел ва бошқа ишлаб чиқариш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида 300 дан ортиқ одамни иш билан таъминлаган.
1997 йилда "Акромийлар" диний оқими асосчиси, деб кўрилган Акромжон Йўлдошевнинг қамалаши ортидан Баҳром Шокиров фаолияти юзасидан ҳам текширувлар бошланган ва у жаримага тортилган.
1998 йилда у ва ўғли Шарифжон Шокиров ҳибсга олиниб, Акромжон Йулдошевнинг тарафдорлари сифатида айбланади ва 4 йилга озодликдан маҳрум этилади.
2001 йилда Баҳром Шокировнинг жазо муддати яна икки йилга узайтирилган.
2003 йил сентябрида қамоқдан озод этилганидан сўнг, тадбиркорлик фаолиятини давом эттиради.
2004 йил ўрталарида яна текширувлар бошланади ва бу сафар унинг икки ўғли - Шавкатбек ва Шокиржон Шокировлар ҳибсга олинади.
Баҳром Шокиров ва яқинлари унинг ўғиллари дохил диний экстремизмда айбланган 23 нафар тадбиркорни озод этиш талаби билан ўтказилган норозилик намойишларида фаол иштирок этадилар.
2005 йилдаги қонли воқеалар чоғида ўғилларидан бири Шарифжон Шокиров ҳалок бўлади, Ҳасанбой ва Ҳусанбой Шокировлар эса, кейинроқ Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудларида қўлга олинадилар.
Ҳозирда уч ўғли Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатларини ўташмоқда.
Аёли ва 20 дан ортиқ набиралари Андижонда қолган Баҳром Шокиров уларнинг доимий назорат остида эканликларини айтади.
Ўзбекистон ҳукумати Андижонда исломий жангариларнинг ҳужуми содир этилгани ва аксарияти террорчилар бўлган 187 инсоннинг ҳалок бўлганини даъво қилиб келади.
Президент Каримов воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш ҳақидаги халқаро талабларни рад этган.
Би-би-си: Саволларга ўтишдан аввал Андижон воқеаларининг қисқа тарихчасига тўхталсак. 12 май куни, яъни қонли воқеалардан бир кун олдин Андижонда нималар содир бўлаётган эди?
Баҳром Шокиров: Раҳмат, яхши савол. 12-куни мени Андижон район РОВД га чақирганди. Андижон РОВД сига борганимда, бизнинг уч-тўртта болаларни уйларидан ушлаб, шуни танийсанми, деб турган вақтида, Маҳмуд Худойбердиев Андижон УВДсининг бошлиғи Оқмирзоев билан кириб келишди.
Би-би-си: Тожикистонлик исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиевни айтаяпсизми?
Баҳром Шокиров: Ҳа, полковник.
Би-би-си: Қаердан билдингиз унинг Маҳмуд Худойбердиев эканлигини?
Баҳром Шокиров: Мен УВДнинг замначальниги Носир билан бирга турувдим. Полковник Носир, аввалги турма начальниги. У билан биз мулоқот қилиб турардик, алоқа қилиб турардик. Унга битта капитан келиб, доложить қилди, "Маҳмуд ака келди, тўртта броневик келаяпти Наманганнинг йўлида, деди. "Одамлар тайин ўртоқ начальник", деб доложить қилворди, нимага деганда, мен ҳам у билан бирга галстуклар тақиб, одамга ўхшаб турган эдим-да. Шундан кейин бир зумда ҳаво айниб, дўл ёғворди ўша ерда. Ана шу гапдан кейиноқ, шундай бўлди... Мен адвокат билан бирга борувдим, Дилором, адвокат қизимиз бор эди. Мен адвокатга "сен шу ерда, болалар билан бўлиб, улар билан суҳбат қилиб тургин, мен бўлган гапларни болаларга етказай", деб, кейин Боғишамолга бориб, Шарифжон, Қобилжон Парпиев, Жасурбек бирга туришган экан, мен воқеаларни айтдим, шунақа-шунақа, кечқурун облава бўлар экан, девдим, Шарифжон айтдики, "сиз Ўшга кетаверинг дада, турмадан чиқадиганларни Ўшда кутволасиз", деди...
Би-би-си: Турмадан чиқадиганлар, яъни қамоқдагиларни озод қилиш режаси бормиди сизларда?
Баҳром Шокиров: Йўқ, йўқ, йўқ, йўқ. Бу режа, нима десангиз, мен кейин тушундимки, мен гапиришаётган одам, УВДнинг замначальниги олдин турманинг начальниги эди. Кейин улар Шарифжон, Қобилжон Парпиевлар билан келишиб олганми...
Би-би-си: Бир нарсага аниқлик киритсангиз. Сиз РОВД да тожикистонлик исёнчи полковник, Тожикистон президенти гвардиясининг собиқ қўмондони Маҳмуд Худойбердиевни кўрганингизни айтдингиз. Маҳмуд Худойбердиев у ерда нима қилаётган эди. У билан милиция мулозимлари ўртасида бирон-бир гап сўз бўлиб ўтдими? Ёки сиз билан милиция ўртасида, батафсилроқ гапириб берсангиз.
Баҳром Шокиров: Менга айтган йўқ. "Бу одам Тошкентдан келди, -деди, бу одам билан суҳбат қилганимиздан кейин сизни ўзимиз топиб, гаплашамиз", деди. Шундан кейин мен адвокатни ташлаб, уйга қайтаверганман.
Би-би-си: Сизнинг ўзингиз милиция билан нимани гаплашмоқчи эдингиз?
Баҳром Шокиров: Мен уйдан ушлаб кетган бир-иккита болаларни ҳимоя қилиш учун боргандим. Уларда ҳеч қандай айб йўқ, деб ҳимоя қилиш учун бордим.
Би-би-си: Кейин нима бўлди?
Баҳром Шокиров: Кейин мен Боғишамолга бориб, бўлган гапларни айтиб бердим. Шарифжон менга "сиз Ўшга боринг дада, ишларингиз бор", деди. Шу билан Ўшга кетдим.
Би-би-си: Бу 12-май куни кечга томон бўлаётган воқеалар, шундайми?
Баҳром Шокиров: Ҳа.
Би-би-си: Ўшга кетганингиздан кейин Андижонда нималар бўлганидан хабарингиз бўлдими?
Баҳром Шокиров: Андижонда нима бўлганини мен билмадим. Мен Ўшда, Ўш телевидениесидан Андижонда у бўпти, бу бўпти, деган хабарларни эшитдим. Ҳеч алоқа қилолмадим, ҳеч ким билан.
Би-би-си:"Турмадан чиққанларни кутиб оласиз, деб юборишди Ўшга", дедингиз. Ким чиқиши керак эди турмадан?
Баҳром Шокиров: УВД нинг начальниги суд пайтида менга айтган эди. "Баҳром ака, сизларда айб йўқ экан, бизнинг вазирлик сизларнинг болаларингни қўйиб юборамиз, деди. Шунинг учун тартибни чиройли сақлаб туринг," деб суднинг олдида менга шу ваъдани берувди. Бир кун бурун. Кейин эртасига келиб айтдики, "СНБлар, деди, милиция ҳам акромийларга ўхшаб кетибди, қўшилишиб кетганга ўхшайди, деб бизга туҳмат қиляпти, энди, деди эҳтиёт бўлинг, мен Шарифжон билан, ўғлингиз билан гаплашаман, алоҳида гапларимиз бор, деб гапни тугатиб кетди. Мен кейин гапни болаларга етказдим, шу...Менимча, ана шу Носир, турманинг начальниги, турмани қанақа қилиб очиш масаласида СНБ билан келишолмаган бўлса, бир иш қилишган, деб биламан мен.
Би-би-си: Ўзбекистон Бош прокуратураси сиз ва ўғилларингизнинг 2005 йил январ-апрел ойларида Қирғизистон жанубидаги ҳарбий лагерда тайёргарликдан ўтганликларингизни даъво қилган. Ўшда қандай алоқалар бўлган?
Баҳром Шокиров: Дурадгорлик цехидан ўшлик бир асаларичига 100 та уй қуришиб берган. (Шарифжон) ўша пулни олиб дада, деди, агар болалар бориб қолса, уларга ҳам қараб турасиз, ҳаммаёқ яхши бўлиб кетгандан кейин қайтасиз, деди. Ҳеч унақа, Ўшда тайёргарлик, деган нарсалар ёлғон, туҳмат булар. Зокиржон Алматов Қобилжон Парпиев билан гаплашган пайт Алматов айтаяптики, болаларингни Ўшга олиб чиқиб кетгин, деяпти. Демак, бу олдин келишиб олинган. УВД билан келишиб олган бизнинг болалар.
Би-би-си: Бу келишув ҳақида ўғлингиз Шарифжон ёки Қобилжон Парпиев сизга ҳеч нарса дейишмаганми?
Баҳром Шокиров: Йўқ, йўқ, йўқ. Мен улар билан кўришганим йўқ кейин. Шарифжон ҳам ўлиб кетди, Қобилжон ўша ердан ушланиб, қамалиб кетди. Мен улар била кейин алоқа қилолмай қолдим.
Би-би-си: Нима учун улар ўртасида қандайдир келишув бўлган, деб ишонасиз?
Баҳром Шокиров: Энди агар иккита жамоа бир-бирига қарши бўлган бўлса, бир тўнтариш қиламиз, деган нарсалар бўлган-да. Нимага деганда мен УВДнинг начальниги билан гаплашганимда "анави келгинди СНБ, деди, бу бизга ҳукмдорлик қиляпти, бориб, ўша билан гаплашсангиз, деди, биз болаларингизни қўйиб юборамиз, СНБ ушлаб турибди, бориб гапиришинг, деди. Кейин мен Нурулло билан кириб, СНБ билан гапиришсам, "ҳе, Баҳром ака, бўлди, битта қора қўчқорни тайёрлаб қўяверинг, сўйдираверинг, биз болаларингизга жавоб берамиз, деб мени қучоқлаб, СНБ начальниги, ёлғон гапларни гапириб, чиқариб юборган. Кейин ҳукм қилмасдан, мана шунақа воқеаларни содир қилиб берди-да у.
Би-би-си: Андижонлик ўқувчимиз сўраяпти: "сизлар ҳақиқатда 13 май куни ҳарбий қисм ёки турмага ҳужум қилганмисизлар?".
Баҳром Шокиров: Биринчидан, мен 12 -куни Қирғизистонга ўтиб кетганман. У нарсага бизнинг ҳеч тайёргарлигимиз ҳам йўқ эди, биз улар билан курашамиз, деган тадбиримиз ҳам йўқ эди. Биз фақат холислик билан ана шу қамалган 23 та болани қўйиб юборади, деб суд олдида ўтирганмиз, чиройли, тартибли равишда. Бизга қарши унақа бўларкан, бунақа бўларкан, деган гапни мен 12-куни, соат 5-6 ларда эшитдим, холос.
Би-би-си: Қўйиб юборишмагани тақдирда, нима қилмоқчи эдингизлар? Қуролли қўзғолон режаси бормиди?
Баҳром Шокиров: Йўқ. Қўйвормаганда ана шу судда, суднинг ичидан йўлларни беркитиб қўймаймиз, машиналарни қўймай, туриб оламиз, деганмиз, холос.
Би-би-си: Ундай бўлса, ҳарбий қисм ва қамоқхонага ким ҳужум қилган?
Баҳром Шокиров: Ҳеч ким у нарсани, ҳужум тўғрисида гапирган ҳам эмас, бошқа ҳам қилмаган. Қандай қилиб бу болалар ҳарбий қисм га ҳужум қила олади, нимаси билан қилади? Улар пряник қилса, дурадгор бўлса, қандолатчи бўлса?.. Қўлида қурол бўлмаса, у ҳарбий қисм бўлса...Бир ўйлаб кўрмайдими?.. Бу ерда давлатнинг режаси бўлган, турмани очиб бериш, қуролни тарқатиш. Менинг фикрим шунақа, нимага деганда, УВД начальниги аввал турманинг начальниги бўлиб ишлаган. Турмани қандай очишни билади у одам, пароллари бор у одамнинг... Кейин у қуролларни ким оп келиб берган,.. СНБга қарши улар, бир-бирига қарши қилган нарсалар, деб биламан мен буларни.
Би-би-си: Воқеалар акс этган видео тасвирларга қараладиган бўлса, намойишчиларнинг атрофида қуролли одамларни кўриш мумкин. Бу одамлар кимлар?
Баҳром Шокиров: Мен ана шу расмда кўрдим, тўғри, бир-иккита тадбиркор болаларда бор экан. Келган солдат болаларни қуршаб олиб, деяпти Навоий кўчасида, шундай қуролларни олиб қўйганмиз, ўзлари шундай топширган, деяпти. Қуролларни оп қўйганмиз қўлидан, отишмаган, шундай ташлаб қочишган, дейишади. Пожарнийлар ҳам, бошқаси, ҳаммаси биз тараф бўлган.
Би-би-си: Вашингтондан Мирзо Бобур ёзибди: "Кейинги пайтларда сизнинг сафдошларингиз биз МХХ билан ҳамкорлик қилган эдик, уларга ишонган эдик, деган гапларни айта бошладилар. Бу нарса 2005 йил воқеаларидан олдин бошланганми ёки кейинми?". Марҳамат.
Баҳром Шокиров: Олдин бошланган бу. Олдин бошланган. СНБдаги ходимлар кўпи биз тараф бўлиб, маълумотларни бериб турган, айбинглар йўқ сизларни, сизларни қўйишворади, анақа қилиш керак, манақа қилиш керак, деб, ичидаги одамлар, болалар билан шунақа суҳбатлар ҳам бўлиб турган.
Би-би-си: Нима учун бундай қилишган, деб ўйлайсиз? Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати одатда бундай қилмайди?
Баҳром Шокиров: Энди, мана суд даврида ҳам ичимизга одам кирди-ку. Биздаям шунча қуролли одам бор, деди, ёрдам берамиз, деди, қаерда учрашайлик, қаерда нима қилайлик, деб туриб кирувди, биз расмларини олиб, ушлаб, УВДга берсак, у айтдики, "э, бу СНБ бу, Тошкентдан келган Баҳром ака", деди. Қаранг!. Бизнинг орамизга киргизган-да, қани, буларнинг ичини билайлик-чи, деб. Бу ташвиқот, бу туҳматларни, биз ҳам одаммиз-ку ахир, тушунамиз.
Би-би-си: Миллий хавфсизлик хизмати, деяпсиз. Яъни МХХ ёки ҳукумат жосуслари қайсидир маънода сизларни йўналтирган, бошқарган, деб ўйлайсизми?
Баҳром Шокиров: Менимча, УВД орқали бўлган бўлса керак. Нимага деганда, Алматовнинг Парпиевга гапирган гапи, "болаларингни Ўшга олиб чиқиб кет, деган нарса, менга ҳам Шарифжон Ўшга боринг, дегани, бир келишиб олган бўлса керак, УВД ана шу нарсаларни йўлга солган бўлса керак, деяпман мен. Менинг фикрим бу, бундай қарасангиз, худди шундай келиб чиқаяпти. Нимага ундай дейди бўлмаса Қобилжонга, турмани қандай очади, СССР даврида ҳам ҳеч нарса қилолмаган...
Би-би-си: Қон тўкилишининг олдини олиш мумкинмиди?
Баҳром Шокиров: Қандай қон тўкилишининг олдини олиш мумкин, бунақа воқеаларни биз биринчи марта кўрган бўлсак. Шундай чиқиб туриб, ичимиздаги нарсани айтмоқчи бўлганмиз. Каримов келаркан, келса шу гапларни айтамиз, деб бутун қамалганларнинг қариндош-уруғ-ю, ота-онаси, бола-чақаси ҳаммаси йиғилган. Ҳатто ҳомиладор оилалар ҳам чиққан. Агар уларнинг отилишини ёки бир нарса қилинишини билганимизда, уларни биз чиқарармидик ёки чиқинглар, дермидик. Бу бўлмаган гап-ку, ахир.
Би-би-си: Яна бир тингловчимиз Акром Йўлдошев ҳақида сўраган. Ўзбекистон ҳукумати Акром Йўлдошевни "Андижондаги экстремистларнинг ғоявий раҳнамоси, деб таърифлаган. Йўлдошевнинг Андижон воқеаларидаги роли қандай бўлган?
Баҳром Шокиров: Акромжон ниҳоятда зўр одам, ақлли, тартибли ўқитувчи бўлган. Уни мен жуда яхши биламан, менинг болаларимга дарс берган мактабларда. Менда ишлаган, бригадаси билан менда ишлаб туриб, кейин айтдики, "Баҳром ака шундай нарса борки, инсонларга ўзимизни шундай кўрсатишимиз керакки, ҳаёт манақа бўлади, деганда мен ҳайрон қолганманки, яна қанақа ҳаёт бўлиши мумкин, мен бир ўзига тўқ, бойвачча йигит эдим. Лекин у одамнинг гаплари мазмунли, шунақа мени эритиб юборганки, бўлди, деганимдан кейин, ҳақиқатда унинг гаплари, бир йўла бутун инсониятни ўзига жалб қилиб олди. Бизга шунақа қўшилишиб кетидки, инсонлар, шунақа ҳалоллигимизни, поклигимизни, холислигимизни, хиёнатимиз йўқлигини кўриб, инсонлар ёмғир ёққандай қўшилиб борди.
Би-би-си: Акромжон Йўлдошев айтган гапларнинг орасида, унинг таълимотида дунёвий давлатни қурол йўли билан ағдариб, исломий давлат қуриш ғояси бормиди?
Баҳром Шокиров: Йўқ, йўқ, ҳеч бунақа гап бўлганмас. Акромжон Ўзбекистоннинг бутунг неъматлари Оллоҳники, унга хиёнат қилиб бўлмайди, уни еган одам оловни еган билан баравар бўлади, деган гапларни гапирардики, мен унақа гапларни умримда эшитганмасман. Шундан кейин бутун борлиғимни берганман. Давлатга қарши бир нарса қилайлик, деган гаплар. "Иймонга йўл" деган брошюрасини ўқисангиз, биронта ҳам ундай гапни топмайсиз. Буни эскпертлар ҳам топиб беришолмаган.
Би-би-си: "Найингиз садосидан баҳраманд бўлган зонадошингиз" деб исм қўйган ўқувчимиз савол йўллабди: "Андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтишига муносабатингизни билмоқчи эдим. Дилором Абдуқодироқанинг тақдири бизларга ибрат эмасми? Муслима опа-сингилларимизни бу зулмлардан ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак?".
Баҳром Шокиров: Жуда зўр савол. Дилоромхон таваккал қилиб кетган эди. Эри ундан ўпкалайверганидан, чидолмасдан, таваккал қилиб кетворган. Биз ҳозир бориб бўлмайди, деб айтганмиз. Ҳозирча қайтиш мумкин эмас. Худо хоҳласа, бориш ниятимиз бор. Албатта, ниятимиз бор. Бу-бизнинг кураш йўлимиз. Худо хоҳласа, бу ерларда қолиб кетмаймиз. // ББС ўзбек хизмати
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Анвар Усманов
"Бирлик" фаоли, журналист. Ҳозир Германияда яшайди.
Добавить сведения