06:01 - Абдураҳим Пўлат: Андижондаги қонхўрликнинг 5 йиллигини хотирлаб ва тишни-тишга қўйиб, олға кетишга маҳкуммиз!
Бундан 5 йил муқаддам, Ўзбекистон ҳукумати ўз хавфсизлик хизматининг акромийлар қўли билан қилган провокациясини баҳона қилиб, Андижонда юзлаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўкди. Бу воқеанинг излари миллатимизнинг қалбида абадий қолади. Провокаторлар ҳам, қон тўкканлар ҳам ҳали миллат ва тарих олдида жавоб берадилар. Лекин бугун бизнинг асосий вазифамиз аза тутиш ва кўз ёшлари тўкиб, фарёд қилиш эмас, Ўзбекистонни бундай воқеалар қайта такрорланмайдиган мамлакатга айлантириш, ўткан кунлардан сабоқ чиқариб, олға кетиш, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашоладиган миллат даражасига кўтарилишдир. Ҳозир катта ваъзхонлик қилишга ҳам ҳожат йўқ. Ҳамма нарса аён. Ўтмишдан сабоқлар чиқарилди, вазифаларимиз маълум, иш қилиш керак. Ҳеч шубҳа йўқки, Андижон воқеалари – 2003 йилда қайтадан оёққа турган, 25 минг расмий аъзоси, миллионлаб тарафдорлари бўлган, демократик мухолифатнинг лидери – “Бирлик”ни тўхтатиш учун уюштирилганди. Ҳамма биладики, “Бирлик” Марказий Кенгашининг 2005 йил 30 апрелдаги қарорига кўра, аввал юзлаб, кейин минглаб “Бирлик” аъзоларини Тошкентга митингга эмас, “Бирлик”нинг ташкилот сифатида борлигини кўрсатиш мақсадида Адлия вазирлиги олдига чақириш учун иш бошланганди. Шундай қилинса, ҳукуматнинг “Бирлик”ни рўйхатга олишдан бошқа иложи қолмасди, рўйхатга олинган “Бирлик” биринчи сайловлардаёқ ҳокимиятни қўлга оларди ёки ҳукуматни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қилоладиган куч эканлигини кўрсатарди. 2005 йил май ойида Ўзбекистон ҳукумати ўз халқининг қонини тўкиш эвазига “Бирлик”нинг ва демократик жараёнларнинг ривожланиш йўлини тўсишга эришди. Бундай шароитда ҳамма демократлар ва миллатпарвар инсонлар ҳаммадан олдинда кетаётган “Бирлик” атрофида бирлашиши шарт эди. Аммо, ривожланиш даражаси ибтидоий бўлган ўзбек жамияти буни қилолмади. Турли-туман, майда-чуйда ташкилотларга бирлашган мухолифатчилар ўз-ўзини йиғлаб овутиш ва Ўзбекистондаги диктатурани дунё йиқитишини кутиш йўлини танладилар. Аммо, уларнинг мазохист сайтлардаги дод-фарёдлари ва Ўзбекистонга қарши мудҳиш санкциялар киритиш талабларини ҳеч ким эшитмасди ҳам. Ҳар доим бўлганидек, тўғри йўлни яна “Бирлик” танлади. У ўзининг 2006 ва 2007 йиллардаги Андижон воқеаларининг йиллигига бағишланган ва ундан кейинги баёнотларида дунёни, биринчи навбатда, Ғарб дунёсини, Ўзбекистонга қарши санкциялар киритишга ва уни дунёдан изоляция қилишга эмас, том аксинча, мамлакатимизни демократик дунёга интеграция қилиш орқали Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг олға кетишига ёрдамчи бўлишга, демократик ташкилотларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Ва Ғарб дунёси айнан “Бирлик”нинг таклифларини қабул қилди. Ўзбекистонни демократик дунёга интеграция қилиш янги босқичга кўтарилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати сиёсий маҳбусларни озод қилишга бошлади, мамлакат ичкарисида сиёсий муҳит етралича юмшади. Натижада, шу йил 1 май куни мухолифатнинг сўнгги йиллардаги ҳаётида буюк ҳодиса юз берди. Тошкентда “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси ўтказилди, яқин ойларга мўлжалланган иш стратегияси белгиланди. Шу муносабат билан, Андижон воқеаларидан кейин чет элларга чиқиб кетиб, фақат йиғи-сиғи қилиш билан овора бўлиб қолган ўзбекларга мурожаат қилиш лозим. - Ўн йиллардан бери Куба, Ироқ, Эрон, Хитойдаги диктатураларга қарши кураш йўли сифатида Ғарбда пикет, митинг ва турли-туман конференция каби тадбирлар ўтказиш билан овора бўлган ўша мамлакатларнинг мухолифатчилари сариқ чақалик натижага эришолмаганларидан сабоқ чиқаринг. - Ўзбекистон ичида мухолифатнинг фаолиятини жонлантириш учун ҳар қандай имкониятдан усталик билан фойдаланаётган “Бирлик”дан ибрат олинг, унинг қаторига қўшилинг. - Фақат ва фақат Ўзбекистон ичида демократик мухолифатнинг фаолиятини жонлантириш ҳисобига мамлакатдаги диктатурани заифлаштириш ва охир-оқибат уни эволюцион йўл билан ўзгартириш мумкинлигини англанг. Бугун Андижондаги қонхўрликнинг 5 йиллигини хотирлаб ва тишни-тишга қўйиб, “Бирлик” таклиф қилаётган йўл билан олға кетишдан бошқа иложимиз йўқ!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону