Актуал мавзу - 22 March 2010
06:01 -
Ислом ислоҳотларга муҳтожлигини тушунганлар ҳар доим бор ва бўлган
Мусулмон мамлакатларининг сўнгги асрлардаги қолоқлиги, қолоқлик туфайли уларнинг мутлақо кўпчилиги мустамлакага айланишининг Ислом динига алоқаси йўқлигини гапириш ўта ножиддийликдир. Буни Ислом уламолари ичида ҳам тушунганлар ҳар доим бор бўлган.
Аввалроқ cайтимизда шундай уламолардан бири Муҳаммад Абдо ҳақида маълумот берган эдик. У Қуръонни аввалги таҳлиллари ўтган замонларининг дунёвий билимларига асосланганини урғулар экан, очиқча бўлмаса ҳам, янги таҳлиллар лозимлигига, дунёвий билимларга эътиборни кучайтиришга чақирган. Балки, шундай эҳтиёткорлиги туфайли, у умрининг охирги йилларигача Мисрнинг Бош муфтиси лавозимида ишлаган.
Афғонистонда туғилиб ўсган Жамолиддин Ал-Афғоний эса кескинроқ ҳаракатлар қилди, мусулмон мамлакатларининг қолоқлигида Исломнинг ролининг айтишдан қочмади, дунёвий давлат тарафдори эканлигини ортиқча яширмади. Натижада, ҳамма ерда қувғинга учради.
Аммо гап Исломда ислоҳотлар лозимлигини тушунган Муҳаммад Абдонинг эҳтиёкорлигида ёки Жамолиддин Ал-Афғонийнинг кескинлида эмас, гап – Ислом ислоҳотларсиз яшашни давом эттирар экан, яна юз йил ўтиб ҳам Ислом дунёси ўша-ўша қолоқлигида.
“Ҳаракат” қолоқликдан чиқиш, демак, Исломда чуқур ислоҳотлар ўтказиш тарафдори. Қолаверса, ислоҳотлар қочиб бўлмайдиган келажагимиз. Аммо, ўтмишни ҳам яхши билиш зарур. Шу фикрдан келиб чиқиб, ўқувчиларимиз эътиборига номи тилга олинган икки Ислом уламосининг ҳаёти ҳақидаги икки қисқа лавҳани ҳавола қиламиз.
Жамолиддин Ал-Афғоний ҳақидаги лавҳа рус тилидаги исломий энциклопедиядан бирликчи Акбарали Орифнинг таржимаси бўлса, Муҳаммад Абдо ҳақидагиси “Ҳаракат” журналининг 2008 йилга оид 6(75) сонидан олинган.
Исломда ислоҳот истаганлардан бири - Жамолиддин Ал-Афғоний
Мусулмонларнинг диний-сиёсий арбоби Ал-Афғоний (1839-1907) шарқий Афғонистонда туғилди. Унинг болалик ва ёшлик йилларии шу мамлакатда ўтди, у анъанавий диний таълимни Қобулда олди. Афғон амирларининг хизматида бўлиб, уларнинг ҳокимият учун курашларида иштирок этди.
1869 йилда муҳожиратга кетишга мажбур бўлди. Қисқа муддат Ҳиндистон ва Истамбулда бўлиб, 1871 йилдан бошлаб Қоҳирада яшади. Унинг либерал-ислоҳатчилик ва мустамлакачиликка қарши руҳ билан суғорилган ваъзлари, муҳофазакор руҳонийлар ва европалик консулларда норозилик уйғотди ва уларнинг талаби билан Ал-Афғоний Коҳирадан чиқариб юборилди.
У мамлакатдан бу мамлакатга кўчиб юрар экан, 1882-1885 йилларда Парижда Муҳаммад Абдо билан биргаликда «ал-Урва ал-вукса» (Энг мустаҳкам алоқа, яъни Ислом) номли маҳфий ташкилот тузди. Шу номли газета ҳам чиқарди, бу газета мусулмон зиёлиларининг онгини уйғонишига катта таъсир кўрсатган. 1892 йили Турк султонининг таклифи билан Истанбулга қайтди ва умрининг охиригача, яъни 1907 йилгача шу ерда яшаб, шу ерда вафот этди. 1944 йилда қабри Афғонистонга кўчирилди.
Ал-Афғонийнинг ғояларини энг қиска шаклда қуйидагича изоҳлаш мумкин.
1. Мусулмон мамлакатларини Европа мустамлакачилиги ҳокимиятидан озод қилиш, шу мақсад йўлида барча мусулмонларни бирлаштириш.
2. Мусулмон давлатларида кониститутцияга асосланган бошқарув жорий этиш, подшоҳларнинг ҳокимиятини парламент йўли билан чеклаш.
Ал-Афғонийга кўра, бу ғоялар асрлардан бери нотўғри талқин қилишга бошланган Қуръоннинг аслига асосланиши керак. Исломнинг сўнгги асрлардаги шакли - жамият, фан ва маданиятнинг ривожланиши йўлида тормоз бўлди. Демак, Исломнинг ўзида ўзгаришлар бўлиши керак. “Диний намоёндаларимиз ўз ақл-идрокларини ислоҳат қилиб, фан ва маданият ютуқларининг фойдасини англаб етмас эканлар, мусулмон мамлакатларида ҳеч қандай ислоҳот қилиб бўлмайди”, дейди Ал-Афғоний.
Э.Ренноннинг1983 йили Сорбон Университетида ўқиган лекциясига муносабат билдирган Ал-Афғоний, Э.Ренноннинг муаммо соҳасини торайтиришига, фақат Ислом билан чекланишига эътироз билдирди. У мусулмон халқларининг қолоқлигида Исломнинг ҳам роли борлигини тан олди. “Ислом қаерга келмасин, у фанни бўғиб ташлашга интилди, мавжуд деспотизм унга ёрдамчи бўлди”, деди. Лекин Ислом бу йўналишда ягона ўрнак эмас. Мусулмонлар жамиятининг тушкунликка тушишига ҳақиқий Ислом эмас, саводсизликка асосланиб, диннинг бузилиши бўлди. Айнан ривожланмаган ёки хато талқинларга асосланган дин доимо инсон учун оғир ва ҳатто уни хўрловчи юк бўлган, аммо айнан ҳақиқий дин инсонни қолоқликдан олиб чиқади. Илм билан дин (жумладан, Ислом дини) орасидаги кураш бундан кейин ҳам давом этади. “Айнан илм, универсал билимлар мажмуаси сифатида, диннинг юксалишига, одамзодни қолоқлик, жоҳиллик ва талваса каби иллатлар ботқоғидан қутқариб, баркамоллик ва фаровонликка олиб чиқади.”
У Мисрга келгач, ангилияликлар таъсиридан қутулишда Миср ҳокимининг кучига ишонди ва панарабизм ғоясини тарғибот қила бошлади. 1878 йилда “Миллий кенгаш”га асос солди, бу ерда буржуа ислоҳотлари мухокама қилинди, конститутцион бошқарув ғояси олға сурилди. Александрияда “Миср мисрликлар учун!” шиорига асосланган “Ёш мисрликлар жамияти”ни тузди.
Кейинроқ Мисрдан қувғин қилинган Ал-Афғоний “панисломизм” ғояларинининг тарғиботчисига айланди: “Мусулмонларда диний бирликдан бошқа миллат йуқ.” Фақатгина қувватли Усмон императорлиги атрофида бирлашибгина, мусулмонлар озодликка эришишлари мумкин. Ал-Афғоний “Озодлик олинади, берилмайди” деган фикрга қаршилик кўрсатмас, баъзида “Мустақиллик қуруқ гаплар билан қўлга киритилмайди” деб, халқ қуролли қаршиликка ҳам тайёр бўлиши кераклигини сўзларди.
Аммо у авваламбор маълумотлилар синфига, яъни давлат мулозимларига, зиёлиларга, дин арбобларига мурожаат қиларди. 20 асрга келиб, унинг ғоялари кўпгина мусулмон мухолифатчи ҳаракатлар тарафидан ўзлаштирилди, ривожлантирилди.
Ислом динининг ислоҳотчиларидан Муҳаммад Абдо
Ислом динини ислоҳ қилиш лозимлигини, у доимо ислоҳ қилиб борилиши кераклигини айтган илм одамлари ҳар доим бўлган. Булардан бири Муҳаммад Абдодир.
Муҳаммад Абдо 1849 йилда туғилиб, 1905 йилда Мисрнинг Александрия шаҳрида оламдан ўтган.
У Қоҳирадаги Ал-Асҳар Университетини битирган, 1879-82 йиллари миллий-озодлик ҳаракатида иштирок этган. Кейинчалик шу университетда домлалик ҳам қилган. 1899-1905 йиллари Бош муфтий лавозимини эгаллаган.
Унинг 5 жилдлик “Қуръон таҳлили” китоби муқаддас китобни рационал таҳлил қилиш принципига асосланиб ёзилган. Муҳаммад Абдонинг асосий мақсади – Қуръонни замонавийликка мослаштириб таҳлил қилиш бўлган. У олим сифатида Қуръонни аввал таҳлил қилганлар ўз замонларининг билимидан келиб чиққанларини яхши ҳис қилган ва билимнинг ошиб бориши Қуръонни янгича ўқишга мажбур қилишини тушуниб етган. Уни Ислом модернизмининг лидери деб ҳам айтишарди.
Унинг ўқувчиси Муҳаммад Рашид Ридо (1865-1935) аввал ўз устозининг изидан кетган, аммо кейинчалик 180 даражага ўзгариб, Исломни пайғамбар ва унинг ўқувчилари замонидан кейин пайдо бўлган ҳамма янгиликлардан тозалаш ғоясини байроқ қилиб кўтарган.
* * *