”Юзга юз минг” кампанияси - 12 February 2010
06:01 -
Абдураҳим Пўлат: Ҳақиқий хабар - “Ҳаракат”да ўқилар, ёки “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилишга яна бир чақириқ
Ал-Хоразмий, Ал-Бухорий, Амир Темир, Мирзо Улуғбек каби улуғларнинг авлоди эканимиз билан фахрланамиз ва тўғри қиламиз. Аммо, улар кўтарган байроқни ундан ҳам баландга кўтармоқдамизми? Йўқ, минг афсуски, байроқ ерга тушиш арафасида. Ўзбекистон ҳатто Марказий Осиёда биринчиликни Қозоғистонга бериб бўлди. Ўзбеклар мардикорлик ролига кўникиб бормоқдалар.
Аҳолни тузатиш керак, буни фақат ва фақат ўзимиз қилишимиз мумкин. Ҳар қандай мураккаб жараёнларнинг, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳам шулар жумласидан, шундай нуқталари борки, ўша нуқталарга уриб, жараёнларни ўта тезлаштириш, уларни керакли йўналишга солиб юбориш мумкин. Шундай нуқталарни, ўша нуқталарга таъсир қилиш механизмларини топиш, уларни бир ғоя атрофида бирлаштириш муҳимдир.
Табиий бойликлари етарсиз, аҳолиси тез ўсиб бораётган Ўзбекистонни Япония каби давлатга “айлантириш” ғояси кўпларнинг ҳаёлида бор. Аммо, бугунги шартлар остида бу утопиядир. Чунки, бугун бундай “айлантириш” учун Ўзбекистонда, бошқа факторларни қўйиб туринг, ижтимоий-сиёсий муҳит йўқ. Демак, биринчи вазифамиз шундай муҳит яратиш бўлиши керак.
Биз бошлаган “Юзга юз минг!” кампаниясининг глобал мақсади - шундай муҳит яратиш ва кейинги ҳамлалар билан Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги мавқеини тиклаш, мамлакатимизни Турк дунёси ва қолаверса дунёда ўзига лойиқ мавқега эриштириш.
“Юзга юз минг!” кампаниясининг биринчи мақсади – бутун дунё учун оддий нарсага айланган, аммо ўзбекларда ҳали бўлмаган, замонавий оммавий ахборот воситаси яратиш, тўғрироғи, “Ҳаракат”ни шундай воситага, агентликка айлантириш ва халқнинг молиявий ёрдами, демак, назорати остида фаолият олиб борадиган кўп партиялик тузум асосларини яратиш.
Бундай тузум МДҲ давлатларининг биронтасида йўқ. Россия, Қозоғистон ва Гуржистондаги нисбатан демократик режимлар Владимир Путин, Нурсултон Назарбой ва Михаил Саакашвиларнинг кучли шахсияти асосига қурилган. Улар 21 аср учун кечаги кундир. Бу давлатларнинг ҳеч бирида, миллатнинг ҳомийлиги асосига қурилган ҳақиқий кўппартиялик йўқ. У режимлар биринчи сиёсий зилзиладаёқ йиқиладилар.
Бизнинг мақсадимиз, асрлар бўлмаса ҳам, ўн йилликларни ошиб, Ғарб типидаги кўппартиялик сиёсий тузум яратиш. Шундай сиёсий тузумгина Япония каби давлатга айланишимиз йўлидаги ҳамлалар учун пойдевор бўлолади.
Бизни яхши тушунмаганларни ҳам бизни қўллаб-қувватлашга чақираман. Аввал Европа Иттифоқи, энди АҚШ ҳам ташқи сиёсатида биз биринчи бўлиб гапирган рецептлар, яъни, нодемократик режимларга қарши санкциялар киритиш ва уларни дунёдан изоляция қилиш ўрнига, уларни мулоқотга тортиш самаралироқ эканлиги хусусидаги таклифларимиз асосида ишлашаётганини кўриб турибсизку. Биз тўғримизда бундан ортиқ қандай тавсиянома, рекомендация бўлиши керак?
“Юзга юз минг!” кампанияси яхшими-ёмонми олға кетмоқда. Менга қолса, секин кетмоқда, лекин кетмоқда. Биз ўзбек тилидаги биринчи замонавий хабарчилик ташкилотининг асосларини яратдик. Уни жаҳон агентликлари савиясига олиб чиқиш учун ёрдамга эҳтиёжимиз бор. Вақти келиб, “Ҳаракат”ни бутунлай реклама ҳисобига яшайдиган ташкилотга айлантирамиз. Аммо, ҳозирги босқичда ёрдамни ўз ўқувчиларимздан кутамиз. Бу йўналишда ҳам яхши хабарлар бор. Масалан, шу йилнинг январь ойида бизга ҳомийлик қилиш ниятидагилардан 550 долларлик ёрдам олдик. АҚШлик уч ўзбекдан 500 доллар ва Канададаги бир юртдошимиздан 50 доллар. Уларга чуқур миннатдорчилик билдираман.
Айни пайтда, биринчи навбатда, чет элларда яшаётган ўзбекистонликларга, миллат тақдирини ўз тақдири, ўз оиласининг тақдири каби ўзлигининг бир парчаси деб ҳисоблайдиган зиёлиларга мурожаат қиламан. Тарихимизда бўлмаган, аммо келажагимизни ўзгартирадиган ишларга бел боғладик. Мамлакатнинг, миллатнинг келажаги учун қилаётган ишимизни миллатнинг ёрдамисиз қилиш қийин, балки, мумкин эмас.
Шунинг учун яна қайтараман - “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилинг, миллатнинг келажагини белгилаш мақсадида бошланган ишларда иштирок этинг.
* * *
“Ҳаракат” таҳриятидан: Бу чақириққа жавобан, бизга ёрдам беришни истаганлар учун қуйидаги маълумотларни эслатамиз.
1. АҚШ, Канада ва Осиё мамлакатларида яшаётганлар ўз ёрдамларини «Uzbekistan Associates – Harakat» номига ёзилган чек ёки «Money order» воситасида ташкилотнинг қуйидаги адресига юборишлари мумкин:
Uzbekistan Associates – Harakat
7318 Fountain Spring Ct
Springfield, VA 22150
2. Европада яшаётганлар ўз ёрдамларини Швециянинг Swedbank банкида «Association Central Asia» ташкилоти номига очилган қуйидаги ҳисоб рақамига ўтказишлари мақсадга мувофиқдир:
Association Central Asia
IBAN = SE18 8000 0821 4999 4259 1562
SWIFT/BIC = SWEDSESS
Швециянинг ўзида яшаб, Швед кронида пул ўтказиш истаганлар учун банк ҳисоби:
Association Central Asia
Clearingnummer 8214-9
Kontonummer 994 259 156 2