Актуал мавзу - 03 August 2009
04:01 -
Прокурорлик этувчи судни бозорга қиёслади! Нега? Ёки жомбойдаги жиноятлар очилмаслигидан кимлар манфаатдор? (Ўзбекистон Республикаси бош прокурори эътиборига судланувчи Дилмурод Саййиднинг Баёноти)
Ҳар қандай давлатнинг дарвозаси Қонун ҳисобланади. Ва ҳар бир дарвозанинг ўз посбони бор! Ўзбекистон Республикаси Давлат Дарвозасининг посбони мамлакат Конституцияси (Асосий Қонун) 118-моддасида белгилаб қўйилганлигига кўра, Ўзбекистон Бош Прокурори ва унга бўйсунувчи Прокурорлардир. Бунинг маъноси шуки, қаерда қонунларга аниқ амал қилиниш мезони бузилса, қонундан четлашиш ҳолати юзага келса, прокурор томонидан зудлик билан чора кўрилиши шарт!
Агар қонунбузарлик, қонунни менсимаслик ҳаракатлари айнан Прокурор ёки унга бўйсунувчи ваколат эгаси тарафидан содир этилган бўлса-чи? Буни ким назорат қилиб, барҳам беради?
Бизга нисбатан очиқдан-очиқ уюштирилиб, уйдирмалардангина иборат тарзда тайёрланган “ЖИНОЯТ ИШИ” ҳам айнан прокуратура тизимида ташкиллаштирилганлиги ҚОНУН устуворлиги даражаси қанчалар АЯНЧ аҳволга тушиб қолаётганлигини кўрсатади.
СВОЖЖДЛҚК Департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи И.ШЕРОВ, вилоят прокуратураси катта терговчиси С.МАЖИДОВ тергов ҳаракатлари олиб боришда қонунчиликнинг энг кичик талабларига ҳам риоя этмаганлар. Аксинча, мақсадни фақат қандай йўл билан бўлса-да, айб қўйиш ва қаматишгагина қаратиб иш юритганлар. Бу йўлда ҳатто МАНСАБ СОХТАКОРЛИГИдан ҳам қайтишмаган. Чунончи:
1. Суриштирувчи И.Шеров томонидан сўроқ қилинган холисларнинг ёши “БАЁННОМА”да бир йил катта қилиб кўрсатилган. Ваҳоланки, ҳар икки холис ҳам сўроқ қилинган вақтида ҳали 18 ёшга тўлмаганликлари судда аниқ бўлди.
2. Холислар кўрсатувлари И.Шеров томонидан тайёрланган матн бўлиб, улар фақатгина имзо қўйишганлиги ва ҳақиқий ҳолатга мутлақо тўғри келмаслиги суд муҳокамасида аниқланди.
3. Гувоҳ М.Ёқубовнинг адвокати ордер тақдим этган бўлишига қарамай, гувоҳни сўроқ қилиш вақтида адвокат иштироки атайлаб таъминланмаган. Гувоҳ М.Ёқубовнинг “ҚОҒОЗНИНГ ПАСТ ҚИСМИ ОҚ ЭДИ”, деб берган кўрсатуви И.Шеров томонидан “ОҚ ҚОҒОЗ ЭДИ” шаклида атайлаб нотўғри талқин қилинган.
4. Суриштирувчи И.Шеров 25 феврал куни мени қамоққа олдириш учун санкцияга эришиш мақсадида номи бор, ўзи йўқ “ДИКТОФОН ЁЗУВЛАРИ (АУДИОЁЗУВ)” мавжудлигига судья ТОШЕВни ишонтирди, аммо бу аудиоёзувлар суд тугагунча ҳам топилмади.
5. Суриштирувчи И.ШЕРОВ 24 феврал куни адвокатим Р.КОМИЛОВ менинг айбсизлигимни исботлайдиган ҳужжатлар (33 варақда!) тақдим этса-да, атайлаб “Иш”га қўштирмади.
6. Суриштирувчи И.ШЕРОВ 24 феврал куни Тошкент шаҳрига – уйимга тинтув учун юборган ходимлари
1) Саидов Ўткир Ўктамович (Самарқанд вилоят, Оқдарё туман бўлим суриштирувчиси),
2) Обидов Султонмурод Толибович (Самарқанд туман бўлим инспектори),
3) Аброров Акрамхон Акбархўжаев (Каттақўрғон шаҳар бўлим суриштирувчиси) ни беш ёшли қизчам тарбияланаётган боқчага ҳам тап тортмай жўнатган ва бу билан менга руҳий тазйиқ ўтказди.
Тeрговчи С. Мажидов ҳам қатор сохтакорликларга йўл қўйганлиги суд тeргови даврида ошкор бўлди. Масалан:
1.Д.Саидов ва С.Боймуродов ўрталарида 2009 йил 30 март куни ўтказилган ,,Юзлаштириш ҳаракати“ видеотасвирининг “КИРИШ ҚИСМИ”, “С.Боймуродов кўрсатуви қисми”, “Д.Саидов кўрсатуви қисми” тўлиқ кeсиб ташланган. Тасвирда қолган кичик лавҳа эса, монтаж қилинганлиги ҳам судда аниқланди.
2. Д.Саидов ва Аннақул Раҳмонов ўртасида 2009 йил 30 март куни ўтказилган “Юзлаштириш ҳаракати” видеотасвиридаги гувоҳ А.Раҳмонов кўрсатувлари “Юзлаштириш баённомаси”даги кўрсатув (матн)дан кескин фарқ қилиши ҳам судда ошкор бўлди .
3. Гувоҳ Д.Алимовнинг кўрсатувлари ҳам “Сўроқ баённомаси”да нотўғри ёзилган ўринлар борлиги аниқланди.
Юқоридаги жиҳатларнинг тергов ҳаракатлари нафақат юзаки олиб борганлигини, балки терговчилар тарафидан СОХТАКОРЛИКка йўл қўйилганлигини ва шахсни қамашга қаратилган аниқ ҳаракатлар содир этилганлигини ҳам тасдиқлайди.
Бундан ташқари, жабрланувчи А.Ўринбоевга 2009 йил 18 феврал куни ,,БОҚИЕВ” фамилиялик ходим тарафидан “Диктофон” берилганлиги тўғрисида, “Баённома” мавжуд. Жабрланувчи А.Ўринбоев 25 июн куни суддаги кўрсатувида “Диктофон”ни 18 феврал куни эрталаб олганлигини, кундуз соат 13-15 лар орасида “Юлдуз ресторани”да судланувчилар билан учрашган вақтида суҳбатни “Диктофон”га ёзиб олганлигини, “Диктофон” ёзувини тегишли идорага топширганлигини тасдиқлади. Бироқ мазкур АУДИОЁЗУВ “Иш” жилдида мавжуд эмас, яъни ДИКТОФОН ёзувининг ўзи умуман йўқ! Унинг ўрнига вақти ва куни номаълум бўлган “ТЕЛЕФОН СЎЗЛАШУВЛАРИ” АУДИОЁЗУВИ ва унинг матни киритилган холос. Ҳатто ўтган суд жараёнларида ҳам қайта-қайта “ИЛТИМОСНОМА”лар киритилишига қарамай, назарда тутилаётган “АУДИОЁЗУВ ВА УНИНГ МАТНИ” топилмади, қаерга йўқолганлиги ҳам мавҳумлигича қолаверди.
Терговолди ҳаракатлари (22 феврал)дан бошлаб суд тергови якуни (21 июл)га қадар йўл қўйилган барча ғайриқонуний жиҳатлар юзасидан мен жабрланувчилар С.Боймуродов, В.Хўжақулов, А.Ўринбоевга нисбатан берган кўрсатувларимда; “МУЗОКАРА НУТҚИ”мда ва “ЯКУНИЙ СЎЗ”имда батафсил, конкрет далиллар келтириб тўхталганман, очиқ муносабат билдирганман. Шу баробарида қонуний “ИЛТИМОСНОМА”лар ва АРИЗАлар тақдим этганман. Мен томонимдан келтирилган эътирозларга асос бўлган ғайриқонуний ҳолатлар прокуратура тизимидаги ваколат эгалари томонидан йўл қўйилганлиги суд муҳокамаси давомида тўлиқ ўз тасдиғини топди. Суд жараёнларида прокурорлик этувчи, Тайлоқ туман прокурори катта ёрдамчиси Ў.РАҲМАТОВ бу ҳолатларни ўз кўзи билан кўриб, ўз қулоғи билан эшитди. Ва кўрган эшитганлирини хулосалаб суд муҳокамаларини “БОЗОР”га қиёслади. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонун) 118-моддаси талабига асосан жаноб Ў.РАҲМАТОВ судда аниқланган юқоридаги ҳолатлар юзасидан Прокурор назоратини таъминлаши шарт эди. Бироқ жаноб Ў.РАҲМАТОВ мамлакат Конституцияси томонидан ўзига юклатилган БУРЧга, Инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида Прокурорлик вазифасига ҳам очиқдан-очиқ тупуриб, судланувчиларни қонунга зид равишда асоссиз айблаб, уларнинг ҳар бирига 13, 14 ва 14 ярим йилдан озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлашни сўради. Ҳатто Прокурорлик этувчи сифатида судланувчиларга қўйилаётган айбловлар – ЎзР ЖК 165- ва 228-моддалари “МОҲИЯТАН МУВОФИҚ ҚЎЛАНИЛИШИ ҚОНУНИЙМИ ЁКИ НОҚОНУНИЙ ЭМАСМИ?” – деган мулоҳазани ҳам четлаб ўтди.
КИМлардир айтар: “Прокурорлик этувчи ўз шахсий қарашларидан келиб чиқиб, судланувчиларни айбдор ҳисоблаган!”-деб.
Прокурор ёки унинг вакили суд жараёнида ўз шахсий қарашларига таяниб, судланувчини айбдор ҳисоблашга мутлақо ҳақли эмас!
Прокурор ҳар қандай жиҳатни фақат амалдаги Қонунларга асосланган ҳолда қонун устуворлиги тамойилини таъминловчи нуқтаи назардан ҳуқуқий баҳолаши шарт! Акс ҳолда мамлакат Конституцияси (Асосий Қонун) томонидан ўз зиммасига юклатилган БУРЧга ХИЁНАТ қилган бўлади!
Минг афсуски, бундай нохушликлар бизга нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатларида такрор-такрор содир бўлаверди. Бунинг яна бир аниқ АЯНЧЛИ хулосаси – 21 июл куни ЖИБ Тайлоқ туман судида ўтказилган “МУЗОКАРА ЖАРАЁНИ”да прокурорлик этувчи Ў.РАҲМАТОВ нутқида тўлиқ намоён бўлди.
Самарқанд вилояти Прокуратураси тизимидаги бундай ноқонуний ҳаракатлар оддийгина қонунбузарлик эмас, балки маълум бир жиноий ҳаракатларни яширишга қаратилган аниқ мақсад асосида амалга оширилган конкрет ҳаракатдир. Яъни “ФАРОВОН ҲАЁТ ЙЎЛИ” ММТП ва “Ҳалвойи ҚФЙ”да йиллар давомида уюшган тарзда содир этилиб келинаётган иқтисодий жиноятларни яширишга қаратилган Прокуратура тизимининг ошкора ҳаракатидир. Бундай ҳаракат исботини биз томонимиздан шикоятланган ҳолатлар бўйича Жомбой туман ИИБ ТБда тўпланган №277-сонли материалларнинг қонуний ўрганилмай, ёпиб юборилганлигида янада аниқ кўриш мумкин. Бу борада Анор Пўлатов томонидан шу йил феврал ойи биринчи ўн кунлигида Жомбой туман прокурори Э.РЎЗИЕВ, ИИБ бошлиғи ҲОШИМОВ, ҳоким вазифасини бажарувчи Ф.МАЖИДОВ (эндиликда собиқ!)ларга ноқонуний тарқатилган ер бўлаклари жойма-жой олиб борилиб кўрсатилгач ва мен тарафимдан 16 феврал куни Жомбой туман прокурори Э.РЎЗИЕВга ММТП ҳамда “Ҳалвойи ҚФЙ”га оид масалада ариза топширилгач, 22 феврал куни мен ҳам, А.Пўлатов ҳам сохта, асоссиз айблов билан ҲИБС этилишимиз ЯНА БИР КОНКРЕТ ДАЛИЛ! (Ноқонуний тарқатилган ерлар бўйича ҳужжатлар №277-сонли материаллар тўпламида мавжуд, лекин фотолар олиб ташланган!)
Ҳозирда №277-сонли материаллар тўпламидан олинган қарийб 60 (олтмиш!) варақлик ҳужжатлар кўчирмалари ва бошқа маълумот матнлар (30 варақда!) бизнинг яқинларимиз томонидан ёзилган шикоят хатига иловаланиб, Ўзбекистон Бош Прокуратурасига топширилган. Шу шикоятнинг ўзиёқ холис ўрганилса, ким ЖИНОЯТЧИ, ким ЖАБРЛАНУВЧИ эканлиги тўлиқ маълум бўлишига шубҳам йўқ!
Шу ўринда айнан №277-сонли материаллар билан боғлиқ бир жиҳат:
Биз ҳибс этилгач, бизнинг талабимиз билан №277-сонли материаллар вилоят прокуратурасига чақирилиб олинган ва катта терговчи Суҳроб МАЖИДОВ ихтиёрида бўлган. Айнан ўша вақтда “ФАРОВОН ҲАЁТ ЙЎЛИ ” ММТПда кординацион текширув (13 март – 30 март кунлари!) олиб борилган. Мазкур текширув хулосаси сифатида “ДАЛОЛАТНОМА” тузилган. “ДАЛОЛАТНОМА”да шундай таъкид бор:
“Текширишда корхонанинг хазинасига кирим қилинган нақд пуллар ҳисоби кўрилганда, хазинага транспорт хизмати учун нақд пул топширилмаганлиги аниқланди. Корхона раҳбари А.Ўринбоевдан тушунтириш хати олинганда, 2008 йил ғалла йиғимида барча фермер хўжаликларининг ерларидаги сомонини йиғиштириб олишда корхона транспорт воситаларидан фойдаланиш учун техника ажратилмаганлигини билдирди”.
Ваҳоланки, №277-сонли материаллар жилдида сомон йиғиштириш учун ММТП техникасидан фойдаланилганлиги учун ҳам, металлом учун ҳам НАҚД ПУЛ берилганлиги тўғрисида фермерларнинг Жомбой туман прокурори Э.РЎЗИЕВ, ИИБ бошлиғи ҲОШИМОВ номларига ёзилган “ТУШУНТИРИШ ХАТ”лари мавжуд.
Ёки “Далолатнома”да ММТП томонидан “МЕТАН СЕРВИС”дан 6 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари олиниб, тарқатилганлиги ҳақида қайд бор, лекин 6 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари РЎЙХАТИ, тарқатиш НАКЛАДНОЙлари мавжуд эмас.
Шунингдек, боғлардан олинган даромадлар мутлақо ўрганилган эмас. ММТП раиси А.Ўринбоев ва унинг акаси Н.Ўринбоев томонларидан “ЧИҚИНДИ” сифатида 2008 йил ташиб йўқ қилинган 400 тонна маҳаллий ўғит хусусида аниқлик ҳам, ҳужжат ҳам йўқ!
Самарқанд вилоят прокуратураси катта терговчиси С.МАЖИДОВ №277-сонли материаллар йиғмасини қандай олган бўлса, шундайлигича Жомбой прокуратураси ва ИИБга қайтариб берган. Бу ҳам МАНФААТДОРЛИКдан бошқа нарса эмас! Бундан мисолларни ноқонуний тарқатилган ер бўлаклари бўйича №277-тўпламга тикилган ҳужжатлар асосида ҳам келтириш мумкин!
Ушбуда келтирилган ҳолатлар юзасидан, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси томонидан ҳуқуқий муносабат билдирилиб, аниқ чоралар кўрилишини ШАРТ, деб ҳисоблайман. Яъни:
1. Бизга уюштирилган айблов асосида уйдирма “ЖИНОЯТ ИШИ” тайёрлаган ва МАНСАБ СОХТАКОРЛИГИга йўл қўйган ваколат эгалари (С.МАЖИДОВ, И.ШЕРОВ)га нисбатан ХИЗМАТ ТЕКШИРУВИ тайинланиши;
2. Жомбой туман ИИБ ТБда тўпланган №277-сонли материаллар НАЗОРАТ ТАРТИБИда ўрганилиши;
3. Жомбой туман ИИБ ТБ катта терговчиси ОЛИМ ТОҲИРОВга нисбатан ХИЗМАТ ТЕКШИРУВИ тайинланиши;
4. “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП (раиси А.Ўринбоев!)да шу йил 13 мартдан 30 мартгача “Солиқ қонунчилигига оид текширув ДАЛОЛАТНОМАСИ”га ҳуқуқий баҳо берилиши;
5. “Фаровон ҳаёт йўли” ММТПнинг пул айланмалари текширилиши;
6. Собиқ “Ўзбекистон ширкат хўжалиги” раислари В.Хўжақулов, С.Боймуродов, М.Абдуназаров раҳбарлик қилган даврларда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер бўлаклари ажратиш тўғрисидаги қарорлар “Ҳалвойи ҚФЙ” (раиси Х.Ўринбоева!) қарори билангина ноқонуний тарқатилган ер бўлаклари юзасидан текширув тайинланиши;
7. “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП ташкил этилгандан буён техник воситалар миқдоридаги ўзгаришлар тафтиш қилиниши;
8. “Сетора Тўйчиева ф-х”, “Чалақўрғон карвони ф/х”, “Насиба Эгамбердиева ф/х”, “Нарзиқул Рустамов ф/х”, собиқ “Бобобек Холмуродов ф/х” ҳудудларидаги экин майдонларидан ноқонуний берилган ер бўлаклари алоҳида тафтиш этилиши;
9. Кесиб юборилган тутзорлар (216 та туп тут дарахти!), ММТП балансидаги (“Тўлқин Шодиёров ф/х” ҳудудида!) 300 туп шамшод тераклар кесиб ўзлаштирилганлиги ҳолати текширилиши;
10. Д.Саидов, А.Пўлатов ва Т.Эргашевга сохта айблов уюштирилишида А.Ўринбоев, И.Маҳмудов, С.Боймуродовнинг ижрочилик ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ЗАРУР!
Зеро, “Қонун барчага баробар!” тамойили ҚОНУН УСТУВОРЛИГИнинг асосий шартидир! Мен қарийб ярим йилдан бери ҲИБСдаман. Менга қўйилган айбловлар асоссизлиги, уюштирилганлиги, “ЖИНОЯТ ИШИ” уйдирмалардан иборатлиги аниқ бўлди. Менинг ҳибсда тутиб турилишим ҚОНУНСИЗЛИКдан бошқа нарса эмас! Ва мен ҚОНУНСИЗЛИК ортидаги прокуратура тизимининг айрим ваколат эгалари хоҳишига кўра ҳибс этилиб турибман! Бу – айни ҳақиқат!
Шу баробарида, менга нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатларида ҳам, суд муҳокамасида ҳам Прокурор ваколати амалдаги қонунларга хилоф равишда, фақат менинг айбдор деб топилишимгагина қаратилган бўлганлигини алоҳида эътироф этаман. Эътирофлар жаҳон жамоатчилигини, мамлакат ҳудудида ва хорижда расман фаолият кўрсатаётган Инсон ҳуқуқлари жамиятлари, ташкилотлари, қўмиталари ҳамда бюроларидаги ИНСОНларни ҳам бефарқ қолдирмаслигига ишонаман.
22 июл 2009 йил
Дилмурод САЙЙИД (САИДОВ)
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Сулаймонов Ҳамдам
"Бирлик" Халқ Ҳаракати тузилган 1988 йилдан бери унинг фаоли бўлган Ҳамдам Сулаймонов 2003 йилда "Бирлик" Халқ Ҳаракати асосида тузилган "Би...
Добавить сведения